ЙИРИНГЛИ МЕНИНГИТ


Мия пардаларининг йирингли яллиғланишига йирингли менингит деб айтилади. Ушбу жараён, асосан, юмшоқ ва ўргимчак тўрисимон пардаларда кечади.
        
Этиологияси. Йирингли менингит турли инфекциялар, яъни менингококк, пневмококк, гемофил таёқчалар, стрептококк, стафилококк, салмонелла, ичак таёқчалари, замбуруғлар ва шу каби бошқа микроорганизмларнинг мия пардаларига бевосита таъсири остида ривожланади. Бундай менингитларга бирламчи йирингли менингитлар дейилади.
      
Баъзан йирингли менингитлар организмда кечаётган сурункали яллиғланиш ўчоқларидан етиб келган инфекциялар сабабли ривожланади ва улар иккиламчи йирингли менингитлар деб аталади. Масалан, йирингли отит, стоматит, ринит, синусит, абсцесс, зотилжам, бронхит, фурункулез, бактериал эндокардит, сепсис каби организмдаги ҳар қандай йирингли жараён йирингли менингитлар ривожланишига сабабчи бўлиши мумкин. Демак, юқорида тилга олинган инфекциялар аввал бошқа аъзоларда йирингли касалликларни юзага келтиради, кейин эса ушбу касалликлар сабабли менингит ривожланади. Бундай ҳолатларда иккиламчи йирингли менингит ҳақида сўз кетади. Бунда инфекция мия пардаларига гематоген ва лимфоген йўллар орқали йетиб боради. Баъзан иккиламчи йирингли менингит контакт йўл орқали ривожланади. Масалан, йирингли отитларда яллиғланиш жараёни мастоидитни юзага келтириб, у орқали мия пардаларига ўтиб олади ёки ички қулоқдаги йиринг мия қутисига ички эшитув йўли орқали ўтади.
      
Шунингдек, иккиламчи йирингли менингитни септик эмболия, мия абсцесси, қаттиқ парда синуси тромбози ҳам ривожлантиради. Баъзида эса калла суягининг очиқ жароҳатлари сабабли мия бўшлиқларига тушган инфекциялар йирингли менингит ривожланишига олиб келади. Юз соҳасидаги фурункул ёки говмиччаларни бармоқ билан эзиш ёки йирингни сиқиб чиқаришга уриниш ҳам инфекциянинг гематоген йўл орқали мия пардаларига ўтиши оқибатида йирингли менингит ва менингоэнцефалитлар ривожланади. Чунки юздаги қон томирлар мия қон томирлари билан умумий анастомозга эга. Масалан, кўз косаси соҳасидан веноз қон v. ophthalmica superior орқали бевосита синус каверносусга қуйилади. Шунинг учун ҳам юз соҳасидаги ҳар қандай кичик йирингли ўчоқлардан инфекция тўғридан-тўғри мия пардаларига ўтиб кетиши ва иккиламчи менингитни юзага келтириши мумкин. Менингитнинг бу тури кўпинча ўсмирларда учрайди.
       
Патогенези. Йирингли менингит патогенезини 2 та хавфли омил белгилаб беради: бири – микроблар фаолияти натижасида юзага келган йирингли жараён, иккинчиси – эндотоксинлар. Шунинг учун ҳам мия пардаларидаги кучли яллиғланиш жараёни организмнинг кучли интоксикацияси билан намоён бўлади.
Менингит чақирувчилари ГЭБ дан ўтиб мия пардаларини зарарлайди. Менингит қўзғатувчисига қараб яллиғланиш жараёни турлича кечади. Яллиғланиш жараёни арахноидал ва юмшоқ пардада кучли намоён бўлади, айниқса, қон томирларга бой бўлган юмшоқ парда ва мия пўстлоғининг устки қисми кўпроқ зарарланади. Йирингли жараён мия эгатчалари ва бош мия нервларининг периневрал бўшлиқлари бўйлаб ҳам тарқалади. Худди шундай яллиғланиш жараёни орқа миянинг юмшоқ ва ўргимчак тўрисимон пардаларида ҳам кечади, унинг илдизчалари ҳам зарарланади.
         
Менингит патогенезида яллиғланиш жараёни билан биргаликда эндотоксемиянинг салбий таъсири ҳам катта ўрин эгаллайди. Яллиғланиш жараёни қанча кучли бўлса, эндотоксемия ҳам шунча тез пайдо бўлади ва қисқа вақт ичида сепсис ривожланади. Эндотоксемия менингококкларнинг жуда катта миқдорда парчаланиши ҳисобига юзага келади. Бунинг натижасида инфекцион-токсик шок ривожланади. Эндотоксемияда микроциркулясия издан чиқади, капиллярларда қоннинг ивиш жараёни кучаяди, периваскуляр шишлар пайдо бўлади ва, охир-оқибат, нерв тўқималарида моддалар алмашинуви бузилади. Мия томирларининг мўртлашуви ва ўтказувчанлигининг ошуви ҳисобига периваскуляр геморрагиялар пайдо бўлиб, томир деворлари некрозга учрайди. Худди шундай ҳолат мия қоринчаларининг хориоидал чигалларида ҳам рўй беради. Мия қоринчалари хориоидал чигалларининг ортиқча таъсирланиши натижасида ликвор ишлаб чиқарилиши кучаяди. Бунинг оқибатида миянинг ички босими ошади, яъни интракраниал гипертензия ривожланади.
       
Мия шиши ва бўкиши нейронларда ва уни ўраб турган тўқималарда электролитлар алмашинуви бузилиши, хусусан, натрий ва сувнинг ҳужайра ичига кириб олиши ва параллел тарзда мия қоринчалари кенгайиши ҳамда ликвор айланишининг бузилиши билан боғлиқ. Бир-бирига алоқадор ушбу патологик жараёнлар мия ҳажми катталашуви ва дислокацион синдром ривожланишига олиб келади. Ҳаётий муҳим марказлар жойлашган узунчоқ мия ва мияча пастга, яъни катта энса тешиги (foramen magnum) томон силжийди. Натижада мия устуни сиқилиб қолади, унинг ўзи ҳам, ундаги йирик томирлар ҳам қаттиқ эзила бошлайди ва охир-оқибат мия тўқималари ишемияси ривожланади, веноз қон айланиши издан чиқади ва интракраниал гипертензия янада кучаяди. Бош миянинг аксарият қисмида микроциркулятор бузилишлар ва ишемик ўчоқлар пайдо бўлади. Ушбу патофизиологик жараёнлар чуқур кома ривожланишига олиб келади ва беморнинг ҳаёти хавф остида қолади. Бу пайтда йирингли менингит менингоэнцефалитга ўтган бўлади.
        
Клиникаси. Йирингли менингитлар этиологияси турлича бўлишига қарамасдан, уларнинг деярли барчаси тана ҳароратининг 40–41°С гача кўтарилиши билан ўткир бошланади. Бемор титрай бошлайди ва кучли бош огриги пайдо бўлади. Тана ҳарорати кўтарилиши мия устунидаги вегетатив марказлар, хусусан, тана ҳароратини бошқарувчи марказлар қўзғалиши билан боғлиқ. Вегетатив марказлар қўзғалиши кўнгил айниши ва кетма-кет қусишни ҳам юзага келтиради. Бундай қусишлар овқат қабул қилишга боғлиқ бўлмаган ҳолда кузатилаверади ва буни церебрал қусиш деб аташади.
       
Аксарият ҳолларда бош оғриғи шу қадар зўрайиб кетадики, бемор икки қўли билан бошини қаттиқ ушлаб олади ва оғриққа чидолмай инграб бошлайди. Ёш болалар эса чинқириб йиғлайверади. Ўта кучли оғриқ калланинг барча, яъни кўз косаси, пешона, чакка ва энса соҳаларини қамраб олади. Ҳатто хонадаги ёруғлик ва соатнинг чиқиллаши ҳам бош оғриғини кучайтириб юборади. Шунинг учун ҳам бемор кўзларини чирт юмиб, қулоқларини кафти билан бекитиб олади. Миянинг юмшоқ пардаси (pia mater) рецепторлари ҳар хил патологик таъсирларга жуда сезгир. Кучли бош оғриғи дастлаб уч шохли ва сайёр нервларнинг юмшоқ пардада жойлашган рецепторлари қўзғалиши ҳисобига юзага келади, кейинчалик ИКГ сабабли кучайиб боради. Бундай беморнинг танасига қўл билан сал тегилса, у сапчиб тушади. Кучли бош оғриқ, ёруғлик ва шовқинга чидай олмаслик ва ташқи таъсиротларга бўлган ортиқча қўзғалишларга умумий гиперестезия деб айтилади. 
Умумий гиперестезия бош мия ва орқа мия пардаларидаги сезги рецепторлари, спинал илдизчалар ва симпатик ганглияларнинг механик ёки рефлектор таъсирланиши ҳисобига рўй беради. Бир неча соат ичида менингеал симптомлар ривожланади. Демак, мия пардаларининг қўзғалиши (зарарланиши) нафақат кучли бош оғриқ, балки менингеал симптомларни ҳам юзага келтиради. Дастлаб энса мушаклари ригидлиги ва Керниг симптоми вужудга келади, кейинчалик Брудзинский симптомлари ривожлана бошлайди. Энса мушаклари ригидлиги ва Керниг симптомлари мия пардаларининг енгилроқ зарарланишларида ҳам кузатилаверса,   Брудзинский симптомлари, асосан, мия пардаларининг оғирроқ зарарланишларида пайдо бўлади. Демак, касаллик зўрайган сайин менингеал симптомлар кучайиб боради: энса мушакларини деярли олдинга букиб бўлмайди, яъни энса-бўйин мушаклари қотиб қолади, Брудзинский симптомларининг барчаси (юқори, ўрта, пастки) мусбат бўлади.

          
Менингеал симптомларни текшириш усуллари
        
Энса мушаклари ригидлиги. Бемор текис ва равон жойда тепага қараб ётади. Врач унинг бошини қўли билан ушлаб олдинга эгади. Нормада бош олдинга яхши букилади ва беморнинг даҳани кўкракка тегади. Агар бош олдинга эгилмай қотиб турса, бунга энса мушаклари ригидлиги деб айтилади. Энса мушаклари ригидлиги турли даражада ифодаланган бўлади: агар бошни олдинга эгганда даҳан кўкраккача 1–2 см га етмай қолса – енгил, агар 3–5 см етмай қолса – ўрта даражадаги ригидлик деб айтилади. Агар бош умуман олдинга эгилмаса ёки орқага қайрилиб турса – унда кучли даражали ригидлик ривожланган бўлади. Энса мушаклари ригидлигини Нери симптоми билан адаштирмаслик керак. Нери симптоми ҳам худди шу тарзда, яъни бошни олдинга эгиб текширилади. Бошни олдинга эгаётганда спинал илдизчалар тортилиши сабабли бўйиннинг орқа қисмида рефлектор оғриқ пайдо бўлади. Демак, Нери симптоми ҳам патологик симптом бўлиб, у спинал илдизчалар таъсирланиши (зарарланиши) ҳисобига ривожланади. Менингитда энса мушаклари ригидлиги деярли ҳар доим Нери симптоми билан биргаликда намоён бўлади.
       
Керниг симптоми. Бемор текис жойда тепага қараб ётади. Бу симптом иккала оёқда ҳам галма-гал текширилади. Врач беморнинг оёғини тос ва тизза бўғимларида ўткир бурчак (90°) ҳосил қилиб букади (1-босқич). Кейин врач беморнинг букилган оёғини тизза бўғимида ёза бошлайди (2-босқич). Соғлом кишиларда оёқ тўла ёзилади. Агар оёқ тизза бўғимида ёзилмаса, демак, Керниг симптоми мусбат ҳисобланади. Керниг симптоми касаллик даражасига қараб турлича ифодаланган бўлади: енгил, ўрта ва оғир даража. Агар букилган оёқ тизза бўғимида озгина қаршилик билан бўлса-да, ёзилса – бу енгил, бироз ёзилса – ўрта, умуман ёзилмай ўткир бурчак ҳолида қолса – кучли даражадаги Керниг симптоми дейилади. Бу симптомни В. Керниг (1840 – 1917) талабалик давридаёқ менингит билан касалланган беморларда кузатиб юрган ва институтни тугатганидан сўнг бу ҳақда мақола ёзган (1882 йил). Кейинчалик бу симптомни унинг номи билан аташган.
      
Юқори Брудзинский симптоми. Бошни олдинга эгаётганда иккала оёқ тос ва тизза бўғимларида букилади. Демак, бу симптом худди энса мушаклари ригидлигини текширганга ўхшаб текширилади. Уни полшалик педиатр Ж.Брудзинский аниқлаган.
      
Ўрта Брудзинский симптоми. Қориннинг киндикдан пастки қисми мушт билан чуқурроқ босилса, иккала оёқ тос ва тизза бўғимларида букилади.
      
Пастки Брудзинский симптоми. Худди Керниг симптомига ўхшаб текширилади. Беморнинг битта оёғи тос ва тизза бўғимларида ўткир бурчак ҳосил қилиб букилади. Бунга жавобан иккинчи оёқ ҳам тос ва тизза бўғимларида бироз букилади.
Эрта ёшдаги, яъни 1 ёшга тўлмаган болаларда менингеал симптомларни текшириш усулларини келтириб ўтамиз. Ҳали 1 ёшга тўлмаган болаларда Лессажнинг “осилиб турувчи” симптоми менингитни аниқлашда жуда катта аҳамиятга эга. Бу симптомни текшириш учун врач иккала қўли билан боланинг қўлтиғидан ушлаб кўтаради, бош ва кўрсаткич бармоқлари билан унинг энсаси ва иягидан ушлаб туради. Бу пайтда боланинг иккала оёғи сон ва тизза бўғимларида букилиб қорнига тортилади ва шу ҳолатда узоқ вақт қимирламай осилиб туради. Соғлом болада бу симптомни текширмоқчи бўлсангиз, у эркаланиб ёки йиғлаб оёқ-қўлларини қимирлата бошлайди. Лессаж симптомини кўз олдингизга келтирмоқчи бўлсангиз, машҳур “Қирол Шер” мултфилмини эсланг ёки яна бир марта кўринг. Унда маймун энди туғилган шер боласини “оломон”га кўрсатиш учун иккала қўлтиғидан ушлаб кўтаради. Мултфилмдаги бу эпизод Лессажнинг осилиб турувчи симптомини жуда эслатади. Шунингдек, калла суягидаги лиқилдоғи битмаган болаларда калланинг тепа қисми бўртиб туради. Бунинг сабаби гипертензион-гидроцефал синдромдир.
Ёши 3 ойга тўлмаган болаларда Керниг симптоми физиологик симптом эканлигини эсда тутиш лозим. Демак, ҳарорати кўтарилган болада унинг мавжудлиги ҳали менингит ривожланди, дегани эмас ва қўшимча текширувлар ўтказишни талаб қилади. Агар Керниг симптоми ёши 3 ойдан ошган болаларда аниқланса, у патологик симптом ҳисобланади.
       
Агар энса мушаклари ригидлиги жуда кучли бўлса, бунда беморнинг боши орқага қайрилиб қолади. Бу симптом, одатда, касалликнинг 3–4-кунлари кузатила бошлайди. Агар тана ҳарорати кўтарилган бола кўзини юмиб бошини орқага қайириб ётса ва танасига тошмалар тошган бўлса, унда менингит аниқланиш эҳтимоли жуда юқори. Мана шундай ҳолатда ётган беморга кўзи тушган ҳар қандай шифокорнинг хаёлидан “Унда менингит эмасмикан?” деган фикр ўтади.
       
Бундай болалар, одатда, оёқ-қўлларини букиб ёнбошлаб ётиб олади. Бўйнини тўғрилаб қўймоқчи бўлсангиз, унинг юз-кўзида оғриқли бужмайишни кўрасиз, яна уриниб кўрсангиз, у қусиб юбориши мумкин. Орқа миянинг субарахноидал бўшлиғида ликвор босимининг ошиши ва спинал илдизчаларнинг таъсирланиши сабабли умуртқа атрофидаги мушаклар ҳам таранглашади. Бунинг натижасида гавданинг тос қисми орқага чиқиб қолади. Бундай болани ўтқизмоқчи бўлсангиз, у шалпайиб яна ётиб олади.
       
Психомотор қўзғалишлар менингитнинг ўткир даврида жуда кўп учрайди. Одатда, касалликнинг 2–3-кунидан бошлаб психомотор қўзғалишлар ривожланади. Баъзида улар бир ҳафтадан кейин пайдо бўлади. Бу, албатта, менингитнинг этиологияси ва қай даражада ўткир бошланишига боғлиқ. Психомотор қўзғалишлар делирия, галлюцинация ва ихтиёрсиз ортиқча ҳаракатлар билан намоён бўлади.
      
Краниал нервлар ҳам, одатда, касалликнинг дастлабки ҳафтасида зарарлана бошлайди. Кўзни ҳаракатлантирувчи нервлар (III, VI нервлар) зарарланиши птоз ва ғилайлик каби симптомларни юзага келтирса, VII нерв зарарланиши сабабли мимик мускулларнинг бир томонлама фалажлиги ривожланади. Эшитув нервининг (VIII нерв) зарарланиши ва йирингли лабиринтит ривожланиши эшитиш пасайиши ва қулоқда кучли шовқиннинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Айниқса, эрта болалик даврида ўтказилган йирингли менингитдан сўнг баъзан икки томонлама карлик ривожланади. Авваллари буни менингитни даволашда кўп қўлланиладиган ототоксик таъсирга эга антибиотиклар, яъни канамисин ва гентамисин билан боғлашган. Ушбу дорилар билан даволанган беморда ҳақиқатан ҳам икки томонлама кохлеар неврит кўп кузатилган. Бироқ сепсис билан кечувчи йирингли менингитларда ототоксик антибиотиклар қилмаса ҳам кохлеар неврит ривожланиши мумкин. Бунинг сабаби кучли интоксикациядир.
Шунингдек, мия пардаларида кечаётган йирингли жараён краниал нервларга субарахноидал бўшлиқ орқали тарқалади. Маълумки, мия пардалари краниал нервлар илдизчаларини ҳам ўраб туради, уларнинг бошланғич қисмида субарахноидал бўшлиққа ўхшаш бўшлиқ бор. Йиринг эса мана шу бўшлиқда ҳам тўпланади ва нервни босиб зарарлайди.
Йирингли менингитда тутқаноқ хуружлари кузатилиб туради ва улар пўстлоқ марказларининг йирингли жараёнлар сабабли таъсирланиши билан боғлиқ. Шу боис, тутқаноқ хуружлари, асосан, Жексон типида намоён бўлади. Тутқаноқ хуружлари кузатилиши мия шиши (бўкишининг) янада кучайишига сабабчи бўлади ва кома ривожланишини тезлаштиради.
Йирингли менингитда марказий типдаги пирамидал бузилишлар ҳам кузатилади: пай рефлекслари ошади, патологик симптомлар (кўпинча, Бабинский) пайдо бўлади, бироқ гемипарезлар кузатилмайди. Гемипарез ва гиперкинез каби неврологик симптомлар пайдо бўлиши мия пардаларидаги йирингли жараённинг мия паренхимасига ўтганлиги ва менингоэнцефалит ривожланганлигидан далолат беради

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma. Toshkent, 2017., 404 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © asab.cc

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича