Янгиликлар Янгиликлар НЕВРОЗ ВА УНИНГ ТУРЛАРИ

НЕВРОЗ ВА УНИНГ ТУРЛАРИ


Зарифбой Ибодуллаев, Тошкент тиббиёт академияси

«Невроз» атамаси 1776 йили шотландиялик врач Келлен томонидан таклиф қилинган. Ўша даврда неврозга қуйидагича таъриф берилган: бу касалликда тана ҳарорати кўтарилмайди, бирон-бир аъзо зарарланмайди, танада лат еган жойлар бўлмайди, бироқ беморнинг асаби бузилган бўлади. Кейинчалик неврозга турлича таърифлар берилди ва унинг бир қанча таснифлари яратилди.

Барча асаб касалликлари органик ва функционал турларга ажратилади. Нерв тўқималарида морфологик ўзгаришлар билан кечувчи касалликларга органик, асаб системаси функцияси бузилиши билан кечувчи касалликларга функционал касалликлар деб айтилади. Ҳозирги кунда неврозларга асаб системасининг функционал касаллиги сифатида қаралади. Баъзи олимлар бу фикрга қўшилишмайди ва неврозларда аниқланган турли метаболик ва енгил органик бузилишларни бунга мисол қилиб кўрсатишади. Уларнинг фикрича, енгил органик симптомлар неврозлар учун ҳам хос. Бироқ, бу органик ва метаболик бузилишлар невроз сабабли пайдо бўлганми ёки аввал ўтказилган касаллик ёки метаболик синдромлар асоратими, бунга аниқ жавоб бериш анча мушкул.

Шундай қилиб, неврозга қандай таъриф бериш мумкин? Невроз асаб системасининг функционал касаллиги бўлиб, одамга руҳий жароҳат етказувчи ташқи ва ички омиллар натижасида ривожланади. Демак, невроз психоген касаллик. Неврозда аниқ ифодаланган морфологик бузилишлар бўлмаса-да, унинг аксарият турларида вегетатив белгилар кузатилади. Невроз белгилари узоқ ёки қисқа вақт давом этишидан қатъи назар, беморларни самарали даволаш мумкин. Бироқ, бу даволаш жараёни баъзан узоқ давом этади.

Неврознинг 3 тури фарқланади: неврастения (том маънода невроз), истерия, миядан кетмайдиган фикрлар.

Неврастения

Неврастения (юн. neuron – нерв, аstenia – заифлик) асаб заифлиги деган маънони англатади. Неврастения асабнинг ортиқча зўриқишидан келиб чиқади. Тез асабийлашадиган одамлар неврастенияга тез чалинишади. Ақлий ва жисмоний меҳнатнинг номутаносиблиги ҳам неврастения ривожланишига сабабчи бўлади. Доимий ҳиссий зўриқишлар, яқин кишисидан жудо бўлиш, оила ва ишхонадаги келишмовчиликлар, доимий қўрқув ва хавотир неврастения ривожланишига туртки  бўлади. Неврастениянинг оила аъзоларида учраши унинг ривожланишида наслий омилларнинг аҳамиятини ҳам кўрсатиб беради. Ёш болаларда неврастениянинг ривожланишига уни ўраб турган муҳит, айниқса, ота-она орасидаги жанжаллар сабабчи бўлади. Болалик даврида олинган руҳий  жароҳатлар ҳам бундан мустасно эмас.

Неврастения нафақат жаҳлдор одамлар, балки ўта андишали одамларда ҳам ривожланади. Андишали одам жанжал чиққанда ҳиссиётга зўр бермасликка ва ўзини бошқариб туришга ҳаракат қилади, бировнинг кўнглини оғритиб қўймай дейди. Бу ҳолатлар ҳам невроз ривожланишига туртки бўлади. Шунингдек, витаминлар етишмовчилиги, камқонлик, сурункали ва оғир касалликлар ҳам неврастенияга олиб келиши мумкин.

Неврастениянинг клиникаси турли-туман бўлиб, улар ичида тез-тез асабийлашиш, жаҳлдорлик, уйқу бузилиши, бош оғриши, бош айланиши, умумий ҳолсизлик, юрак уриб кетиши, паришонхотирлик, ақлий ва жисмоний меҳнат фаолиятининг пасайиши каби симптомлар кўп учрайди.

Неврастенияда даволаш муддати ва натижаси кўпроқ унинг тўғри олиб борилишига боғлиқ. Даволашни бошлашдан олдин неврастенияга олиб келувчи сабаблар аниқланиши ва улар иложи борича бартараф этилиши керак. Асосий сабаблар бартараф қилинганда, аксарият беморларда даволашни давом эттиришга ҳожат ҳам қолмайди, улар тузалиб кетишади. Лекин баъзи ҳолларда неврастениянинг сабабини аниқлаш ва уни бартараф этиш анча мушкул.

Беморнинг оилавий аҳволи ва ишлаш шароити билан танишиб, унга дам олиб ишлаш, иш соатларини қисқартириш, овқатланиш тартибига риоя қилиш, театр ва киноларга бориб туриш тавсия этилади.

Неврастенияда беморларни даволаш учун жуда кўп дори-дармонлар бўлиб, уларни танлашга индивидуал ёндашиш керак. Бу мақсадда турли транквилизаторлар, седатив дорилар ва психостимуляторлардан фойдаланилади. Дориларнинг аксарияти седатив таъсирга эга бўлганлиги боис, уларни ишлаб юрган беморларга тавсия қилиб бўлмайди. Ривожланган давлатларда неврозни даволаш билан неврологлар эмас, асосан психологлар (психоаналитиклар) шуғулланишади. Худди психосоматик синдромларни даволашда ишлатиладиган психодинамик терапия неврозларни даволашда кенг қўлланилади. Фрейд назариясининг яратилишига ҳам неврозларни даволашга уриниш туртки бўлган. Шунингдек, беморларга умумий массаж, игна билан даволаш, эрталабки бадантарбия ва спортнинг ўзига маъқул турлари билан шуғулланиш ҳам тавсия этилади. Йилда бир марта сиҳатгоҳларда дам олиб туриш ҳам ўта фойдалидир.

Истерик невроз (Истерия)

Истерия – юн. histeria  бачадон деган маънони англатади. Бу касаллик белгилари ҳақида қадимги рисолаларда кўп ёзилган ва уни дастлаб бачадон функцияси билан боғлашган. Чунки истерияни, асосан, аёлларда кузатишган. Кейинчалик истерик бузилишлар эркакларда ҳам аниқланган бўлса-да, унинг аввалги номи сақланиб қолган. Истерия неврознинг бошқа турлари каби кенг тарқалган касаллик. Бу касаллик, асосан, ёшлик даврида ва кўпроқ аёлларда кузатилади. Унинг нинг келиб чиқишида хулқ-атворнинг болаликдан истерик тарзда шаклланиши катта аҳамият касб этади.

Ортиқча таъсирланиш, ҳар нарсага ҳаддан ташқари эътибор бериш, мустақил фикрлай олмаслик, ортиқча ишонувчанлик, ранг-баранг ҳис-туйғуларга берилиш истерия учун жуда хос белгилар. Улар руҳан ва жисмонан заиф кишилардир. Кўпчилик истерик беморлар феъл-атвори болалар феъл-атворига ўхшаб кетади. Бундай беморлар учун атрофдагилар диққатини ўзига жалб этиш хос. Истерик бузилишлар фақат неврозларда эмас, балки психопатияларда ҳам кузатилади. Истерик невроз симптомлари, аксарият ҳолларда хилма-хил касалликлар аломатларини эслатади. Шу боис ҳам истерияни «катта муғомбир» деб аташади. Уларда барча соматик касалликларга хос белгиларни кузатиш мумкин, аслида эса бу соматик касалликлар уларда аниқланмайди.

Истерик неврознинг турлари хилма-хил. Уларнинг барчаси, одатда, руҳий жароҳатдан (айниқса, жанжал ва хафагарчиликдан) сўнг пайдо бўлади.

Энди истериянинг кенг тарқалган турлари билан танишиб чиқамиз.

Эс-ҳушнинг кирди-чиқди бўлиб қолиши. Бирдан бошланадиган ва аксарият ҳолларда тез тугалланадиган ҳолат бўлиб, бунда бемор атрофдагиларга бефарқ бўлади, қаерда эканлигини фаҳмлай олмайди, ҳозир соат нечалигини, ўзи нима қилаётганини билмайди. Бу ҳолат бир неча дақиқадан бир неча соатгача давом этиши мумкин. Эс-ҳушнинг истерик торайишида бемор атрофда содир бўлаётган воқеалардан қисман воқиф бўлса-да, бўлиб ўтган ҳодисаларни эслаб қола олмайди.

Истерик фуга (лот. fuga қочиш). Бунда бемор жанжал ёки бошқа бир руҳий жароҳатдан сўнг тўсатдан уй, ишхона ёки бошқа жойдан қочиб чиқиб кетади, унинг хатти-ҳаракатлари мақсадсиз бўлади, вазиятни тушунмайди ва атрофда нималар содир бўлаётганини фаҳмламайди. Аммо, четдан қараганда, бошқа бировларга унинг юриш-туриши мақсадга мувофиқдек кўринади. Арзимаган уруш-жанжалдан сўнг бундай шахслар, ҳатто, бошқа шаҳарга ҳам анча вақтга кетиб қолишади. Кейинчалик бемор ўзи билан нималар содир бўлганини эслай олмайди ёки қисман эслайди. Аммо гипноз ҳолатида содир бўлган воқеаларнинг барчасини эслатиш мумкин.

Истерик шахсларда учраб турадиган яна бир синдром – бу Ганзер синдромидир. У одатда, ўткир ривожланади, руҳий жароҳатдан сўнг тўсатдан бошланади. Бу синдромнинг асосий белгиси ақл бовар қилмайдиган тутуруқсиз ҳаракатлардир. Бундай беморлар энг оддий саволларга ҳам тутуруқсиз жавоб беришади. Масалан, «Икки карра икки неча бўлади», деб сўралса, бемор олий маълумотли бўлишига қарамай, «Беш» деб жавоб беради ёки қўлда нечта бармоқ бор деса, хоҳлаган сонни айтади. Унинг белгилари деменцияни эслатади, бироқ бу псевдодеменциядир. Деменция белгилари, одатда, зўрайиб борса, истерик «деменция» белгилари бир неча кун ичида ўтиб кетади.

Руҳий жароҳат ғоят кучли бўлганда одатда  истерик ступор ривожланади. Бундай пайтларда бемор тамомила ҳаракатсиз бўлиб қолади, индамайди ва атрофга бефарқ бўлади, юзида азият чеккан ифода пайдо бўлади. Бу ҳолат бир неча соат ёки кун давомида ўтиб кетади. Даволаш муолажалари ўтказилмаса, бир неча ойлаб давом этади.

Пуэрилизм  катталарда кузатиладиган болалар хатти-ҳаракатини эслатувчи ҳолат.  Болаларга хос бўлган қилиқлар, боладек ингичка товуш чиқариб гапириш, кўзларни катта-катта қилиб очиш, киприкларни пирпиратиш, биров гапирганда, оғзини очиб туриш пуэрилизм учун жуда хос. Бемор шу қилиғи билан бошқаларнинг диққатини ўзига жалб этади. Аммо, бундан олдин орттирилган кўникмалари сақланган бўлади.

Истерик бузилишларнинг яна бир тури – бу истерик депрессия. Бунда бемор ўта паст кайфиятда бўлади ва бу қилиғи билан атрофдагилар диққатини ўзига жалб этишга интилади, уларни ўзига раҳмдил бўлишга чақиради. У нақадар оғир аҳволда эканлигига бошқаларнинг эътибор беришларини хоҳлайди ва ҳоказо.

Истерик тутқаноқ хуружи ҳам кенг тарқалган симптомлардан биридир. Истерияда кузатилувчи тутқаноқлар ҳар хил ва уларнинг эпилепсияда кузатиладиган ҳақиқий тутқаноқлардан фарқ қиладиган томони кўп. Истерик тутқаноқ ҳеч қачон бемор ёлғиз қолганда рўй бермайди, чунки унга доим томошабинлар керак. Хуруж тутганда, бемор бирдан ерга йиқилиб, мушаклари тортишади ва талпина бошлайди, лекин боши билан қаттиқ нарсаларга урилмайди. Бемор истерик хуруж пайтида ўзига қулай жой топиб, бирор жойига қаттиқ шикаст етказмасдан йиқилади. Бу  пайтда у ёй сингари эгилади. Бу ҳолат истерик ёй деб аталади. Бундай феъл-атвор кўпгина инжиқ ва эрка болаларга хос. Масалан, онаси янги ўйинчоқ олиб бермаганда, бола дўконда унинг оёғи тагига йиқилиб, қўл ва оёқларини тапиллатаверади, гоҳо бошини  ерга уриб қаттиқ чинқираб йиғлайди. Агар қўрқиб кетган она боласи сўраган ўйинчоқни олиб берса, бола шу заҳоти тинчланади. Бу одат кейинчалик вояга етган ёшда ҳам намоён бўлиши мумкин.

Истерик хуружда мушаклар тортишуви (буни халқ орасида томир тортишуви деб  аташади) ҳар доим ҳам кузатилавермайди ва хилма-хил бўлади. Уларда сохталик ва атайинлик сезилади. Масалан, бемор киши гўё уни кимдир урмоқчи бўлгандек, юзини қўли билан беркитади, қичқириб юборади, хўрсиниб йиғлайди ва ҳоказо. Истерик тутқаноқда беморнинг эс-ҳуши жойида ва теварак-атрофга идроки сақланган бўлади. Масалан, хуруж тутганини биров мазах ёки калака қилгудек бўлса, бемор дарҳол хуружни тўхтатиб ўрнидан туриб кетади. Хуруж пайтида бемор эпилепсияда бўлгани каби тилини тишлаб олмайди ва бехосдан сийиб юбормайди.

Хафақон касаллиги хуружи ёки юрак хуружини эслатувчи истерик тутқаноқлар ҳам кўп кузатилади. Юракнинг тез-тез уриши, бош айланиши, кўнгил айниши ва ҳушни йўқотиш билан кечадиган вегетатив хуружлар ана шулар жумласидандир. Хуруж пайтида бемор бошдан-оёқ титрайди ва «ҳамма ерим қақшаб оғрияпти», деб нолийди. Меъда спазми билан кечувчи хуружларда қоринда кучли оғриқ пайдо бўлади, бемор тўлғаниб ётиб олади ва қайт қилади.

Истерик неврозда турли хил фалажликлар ҳам рўй беради. Истерик фалажлар баъзан мия инсултидан сўнги клиник манзарани эслатади. Бу манзара мутахассис бўлмаган кишининг фикрини чалғитиши мумкин. Истерик фалажликларда рефлекслар ва мушаклар тонуси ўзгармай қолади, патологик рефлекслар кузатилмайди. Тананинг қоқ ўрта чизиғи бўйлаб фалажланган томонда сезги  бузилади. Мушаклар атрофияси ва мушак кучи пасайиши кузатилмайди. Борди-ю, истерик фалажлик нотўғри даволанса ёки уни даволаш чўзилиб кетса, беморда узоқ вақт давом этаётган оёқ-қўллардаги ҳаракатсизлик мушакларнинг диффуз атрофиясига сабабчи бўлиши мумкин, холос.

Истерияга чалинган беморларда баъзан гиперкинезлар (ихтиёрсиз ҳаракатлар) ҳам кузатилади. Бу ҳаракатлар ҳаяжонланганда кучаяди ва тинчланганда камаяди ёки бутунлай тўхтайди. Гиперкинезлар истерик хуруж тугагандан сўнг ҳам юз бериши мумкин. Баъзан беморда фалажликлар гиперкинезлар билан биргаликда намоён бўлади. Истерик гиперкинезлар бутун гавданинг силкиниши, титроқ хуружлари, бош ва оёқларнинг титраши, айрим мушак гуруҳларининг учиб туриши, қўлларнинг ғайритабиий ҳаракат қилиши билан кечади. Чин гиперкинезлардан фарқли ўлароқ, улар беморнинг ҳиссий ҳолати ва психоэмоционал стрессга кўп жиҳатдан боғлиқ. Бу симптомлар узоқ вақт давом этиши ва арзимаган келишмовчиликларда кучайиб кетиши мумкин.

Истерик астазия-абазия. Бу ҳолат тик тура олмаслик ва юра олмаслик билан намоён бўлади. Бош мия катта ярим шарлари пешона бўлаги зарарланишларида кузатиладиган астазия-абазиядан фарқли ўлароқ, истерияда кузатиладиган бу синдромда беморлар ерга эмас, балки уни ушлаб турган одам устига ағанайди.

Уларда ҳам мушаклар гипотонияси кузатилади, лекин бошқа органик неврологик симптомлар аниқланмайди. Мураккаб ҳолатларда параклиник текширувлар ўтказиш зарур.

Истерик алгиялар (яъни оғриқлар) энг кўп тарқалган бузилишлардан бўлиб, деярли барча истерик синдромларда турли кўринишларда намоён бўлади. Бемор танасининг турли жойлари, яъни орқа, қорин, юрак ва бош соҳаларида ҳар доим оғриқ бўлиб туришидан шикоят қилади. Оғриқ, шунингдек, бўғимларда, қўл ёки оёқда, тилда, хуллас тананинг барча жойида пайдо бўлади. Айни пайтда, бундай оғриқдан шикоят қилувчи бемор турли ихтисосликдаги докторларга мурожаат қилиб юради. Баъзан беморлар жарроҳлик операциясини ўтказишни қаттиқ талаб қилишади.

Истерияда юқорида айтиб ўтганимиздек, турли хил сезги бузилишлари ҳам кузатилади. Органик ва функционал сезги бузилишлари орасидаги фарқни фақат махсус неврологик текширувлардан сўнг аниқлаб олиш мумкин. Ҳар бир нерв танадаги муайян соҳанинг сезгиси ва ҳаракати учун жавоб беради. Истерик анестезияларда бу қоида сақланмайди, яъни пай рефлекслари патологик тарзда ўзгармайди ва сезги бузилишини изоҳлаб берадиган ҳеч қандай органик касаллик топилмайди.

Тарихий адабиётларда туғмайдиган аёлларда истерик ҳомиладорлик ҳақида ёзиб қолдирилган. Бу ҳолатни баъзи мутахассислар ичакларга ортиқча газ тўпланиши билан изоҳлашса, бошқа бирлари қорин мушакларининг вақтинча бўшашиб катталашуви ҳисобига деб тушунтиришади. Истерик ҳомиладорликда қорин жуда катталашмайди.

Классик адабиётларда «сеҳрли шифолар» ҳақида турли маълумотлар учратиш мумкин: бемор сеҳрли туморгача эмаклаб бориб, унга қўл теккизган заҳоти бирдан шифо топган, ўрнидан туриб юриб кетган. Истерияда «сохта ўлим» ҳақида ҳам маълумотлар бор. Бундай беморга табиб «сеҳрли» қўлини теккизганда ёки оғзига сеҳрли гиёҳ эритмасини томизганда, у «тирилган».

Сўнгги даврда истерик бузилишларнинг клиник аломатлари ўзгарди ва бу кишилар ҳаёт тарзининг ўзгарганига ҳам боғлиқ. Бу вазиятни ахборот ҳажми ва тиббиётга оид адабиётлар кўпайганлиги, одамларнинг интернетдан саломатликка оид маълумотлардан фойдалана бошлаганлиги билан  изоҳлаш мумкин. Бу адабиётлар одамларнинг тиббий соҳага оид билимларини бир оз кенгайтирди. Бунинг ижобий томонларидан ташқари, салбий томонлари ҳам кўп, яъни ўзига ташҳис қўйиш ва даволаш.

Аксарият ҳолларда, истерик невроз симптомлари бирмунча хилма-хил бўлиб, унинг кечиши кўп тарқалган касалликларни эслатади: инсулт, менингит, энцефалит, тарқоқ склероз, ўсма касалликлари ва ҳоказо. Баъзи ҳолларда, истерик бемордаги касаллик белгилари унинг бошқа кишиларда кузатган ёки тиббий адабиётларда ўқиб олган касалликларига ўхшаб кетади. Шу боис, ташхисни тўғри қўйиш учун турли ихтисосдаги врачлар нафақат истерик неврознинг классик аломатлари, балки «замонавий» истерик симптомларнинг клиник белгиларини ҳам ўзлаштириб боришлари керак.

Кўрсатиб ўтилган хусусиятлар турли ихтисосликдаги врачларга истерик бузилишларни чин касалликлардан ажратишда ёрдам беради. Айтиб ўтилганидек, истерик неврознинг барча аломатлари сохтадир. Бемор атрофдагиларга шундай деб юборади: «Менга эътибор бермаганингиздан ана шу аҳволга тушиб қолдим-ку! Мен фалаж бўлиб қолдим (ёки овозим бўғилди, эшитмай қолдим, кўрмай қолдим ва б.қ.), сизнинг айбингиз билан  дардим бедаво бўлиб қолган», деб зорланади. Эрка келиннинг эрига ва бошқаларга шу каби сўзлар билан арз қилаётганини кўз олдингизга келтиринг.

Истерик белгиларни бартараф этишни ўта қисқа муддат ичида олиб бориш керак. Даволаш муолажалари қанча кўп чўзилса, ижобий натижага эришиш шунча қийин бўлади. Бемор тўла тузалгандан сўнг ҳам оилавий ва бошқа можаролар сабабли касаллик белгилари яна пайдо бўлиб, бемор доктор қабулига яна келиб қолиши мумкин. Истерик беморлар врач ва табибларга энг кўп қатнайдиган беморлар сирасига киради. Тузалиб кетгандан сўнг ҳам бироз вақт ўтгач уларда «Врач йўқлиги синдроми» қўзғаб, яна ўзи даволаган врач қабулига ташриф буюради. Бу синдром ҳақида “Асаб ва руҳият” китобида батафсил маълумот берилган. Бундай ҳолларда беморга қўлланган аввалги даволаш усулни ўзгартиришга тўғри келади. Агар Сизда муваффақиятли даволаниб, хурсанд бўлиб кетган беморни бир-неча ойдан сўнг бошқа бир врачнинг қабулида кўриб қолсангиз, асло ажабланманг. Чунки истерик беморлар врачларни ўзгартириб туришни хуш кўришади.

Миядан кетмайдиган фикрлар

Неврознинг бу тури қадимдан маълум бўлиб, бу касаллик психастения деб ҳам аталади. Психастения атамасини француз олими Пъер Жане таклиф қилган ва миядан кетмайдиган фикрлар бу касалликнинг асосий белгиси эканлигини таъкидлаган. Агар тарихга бир назар ташлайдиган бўлсак, неврастения, истерия ва психастениянинг клиник белгилари тўғрисида Шарқ олимлари (айниқса, Ибн Сино) рисолаларида кўп бор эслатиб ўтилган. Бир неча асрлардан сўнг деярли барча касалликлар сингари невроз ва психастениялар ҳам Европа олимлари томонидан системалаштирилди, уларга ном берилди ва таснифлари яратилди. Шунинг учун бўлса керак, биз Европа олимлари томонидан яратилган дарсликларда Шарқ (Марказий Осиё, Хитой, Эрон, Ироқ ва ҳ.к.) олимларининг номларини жуда кам  учратамиз.

Миядан кетмайдиган фикрлар неврознинг бир тури бўлиб, унинг учун психастеник белгилар жуда хос, яъни доимий шубҳалар, қўрқув, мияга азоб берувчи ғоялар, турли ҳаракатлар ва интилишлар. Бемор бу фикрларнинг барчасидан қутулишга ҳаракат қилади, интилади, даво чораларини излайди, лекин бу уринишлар, кўпинча, зое кетади, уни мияга ўрнашиб қолган фикрлар қийнайверади. Миядан кетмайдиган фикрларнинг доимийлиги, такрорланувчанлиги ва улардан қутулишнинг ўта қийинлиги беморни қийин аҳволга солиб қўяди. Бу ҳолатларга бемор танқидий нуқтаи назар билан қарайди, уларнинг асосли эмаслигини, ғалати эканлигини тушунади, уларга бардош беришга интилади, лекин азоб берувчи фикрлар унинг иродаси ва хоҳишига боғлиқ бўлмаган ҳолда пайдо бўлаверади. Бемор уларни мустақил равишда енга олмайди.

Миядан кетмайдиган фикрларнинг яққол клиник кўринишлари, булар қўрқув (фобиялар) ва мияга ўрнашган турли ғоялардир (обсессиялар). Фобия – бу хаёлдан кетмайдиган қўрқув. Унинг қуйидаги турлари фарқ қилинади: канцерофобия – ракка чалиниб қолишдан қўрқиш, кардиофобия – тузатиб бўлмайдиган юрак касаллигига чалинишдан қўрқиш, лисофобия – руҳий хасталикка чалинишдан қўрқиш, клаустрофобия – ёпиқ жойдан қўрқиш (масалан, лифт кабинаси, кичик хона), агарофобия – аксинча, очиқ жойлардан қўрқиш ва ҳоказо. Баландлик, метрода юриш, бирор касаллик юқиб қолиши, ифлос бўлиш ва одамлар олдида сўзга чиқишдан қўрқиш каби симптомлар ҳам фобиялар учун хос.

Дастлабки қўрқув муайян вазиятларда пайдо бўлади ва у мияга ўрнашиб қолади. Масалан, бемор ҳамма ёқни кўриш учун томга чиқади ва пастга қараган заҳоти  қўрқиб кетади, боши айланади, гўё пастга қараб, қулаб тушаётгандек хавфсирайди. Бунинг оқибатида баландликдан қўрқиш миясига ўрнашиб қолади ва кейинчалик у бошқа вазиятларда ҳам пайдо бўлаверади. Дастлаб қўрқув баландликка кўтарилиш керак бўлганда, сўнг эса баландликка кўтарилиш эҳтимоли пайдо бўлганда, сўнгра ана шу баландликка кўтарилиш керак, деган хаёлга борганда пайдо бўлади. Беморда баландликдан қўрқадиган вазиятлар борган сари кўпаяди. Эндиликда у лифтда юриш ва деразадан қарашдан қўрқади, ҳатто баландлик унча катта бўлмаганда ҳам чўчиб тушади.

Фобиялар пайдо бўлганда вегетатив симптомлар ҳам вужудга келади, яъни беморнинг юзи қизаради ёки ранги ўчади, оғзи қурийди, юраги тез-тез уради, артериал босим ошиб кетади, тер босади, кўз қорачиқлари кенгаяди ва ҳоказо.

Ички аъзоларнинг оғир касаллиги пайдо бўлишидан қўрқиш, одатда, психосоматик симптомлар билан бирга кечади, яъни бемор ўз саломатлигига ҳаддан зиёд эътибор қаратади. Масалан, бемор кардиофобияда юрак уришини эшитиб туради, томир уришини санайди ёки қон босимини ўлчайверади, ҳар сафар юраги нотўғри ишлаётганидан гумонсираб, терапевтдан ЭКГ қилиш ва пухта текширув ўтказишини илтимос қилади.

Касаллик хуружи қўзғаб қолишидан қўрқиб бемор йўлда одамлар бор жойдан юради, тиббиёт муассасаларига яқин бўлган йўлни танлайди, йўл-йўлакай дорихонага кириб туради, у ерда юрак дорилари ва тиббий ходимлар борлигини кўриб тинчланади.

Обсессиялар  кетма-кет ёғилиб келаверадиган мияга ўрнашиб олган шубҳали хаёллар. Улар беморнинг иродаси ва хоҳишига боғлиқ бўлмаган ҳолда қуйилиб келади. Бу хаёллар беморга оғир ботади, аслида ёқмайди ва улардан врач ёрдамисиз қутула олмайди. Масалан, бемор уйидан ташқарига чиққандан сўнг, унинг миясига эшикни қулфладимми, оловни ўчирдимми, сувни беркитдимми каби хаёллар келаверади. У уйига қайтиб киради, ҳаммаёқни қайта текширади, ҳаммаси жойидалигига ишонч ҳосил қилгач, тинчгина кўчага чиқиб кетади. Уйдан бироз узоқлашгандан сўнг ҳалиги фикрлар яна ёғилиб келади ва у яна уйига қайтади. Бемор сиқилиб кетганидан йиғлаб юборади, ҳеч қаёққа чиқмай қўяди. Ўзида кечаётган бу аломатларга, албатта, бемор танқидий кўз билан қарайди ва улардан қутулишни хоҳлайди, лекин  бунинг иложини топа олмайди.

Баъзан беморда мантиқ жиҳатдан бир-бирига зид бўлган хаёллар пайдо бўлади. Масалан, яқинлашиб келаётган машина тагига ўзини ташлаш истаги пайдо бўлади-ю, машина яқинлашганда бирдан қўрқиб кетиб, орқага тисарилади. Гоҳида беморнинг миясига ўзига ёки бошқа бировга пичоқ санчишдек фикрлар келади ва шу ишни қилиб қўймай деб, пичоққа яқин бормайди ёки уни беркитиб қўяди.

Невроз билан ўз вақтида даволанган беморлар самарали натижа билан тузалиб кетишади. Даволашда психотерапия, физиотерапия, рефлексотерапия, тинчлантирувчи дори воситалари ва гиёҳлардан кенг  фойдаланилади. Баъзи ҳолларда яхши натижага эришиш бир неча ой ва ҳатто, бир қанча йилларгача чўзилиб кетади. Айниқса, ипохондрия билан намоён бўлувчи невроз ва психастенияни бартараф этиш анча мушкул ҳисобланади.  Ремиссия билан кузатиладиган хом хаёллар ҳам бўлади, яъни бемор бир неча ой яхши бўлиб юради ва сўнг миядан кетмайдиган фикрлар яна пайдо бўлади. Неврастения ва истерик невроздан фарқли ўлароқ, миядан кетмайдиган фикрлар сурункали кечишга мойил. Аксарият беморлар тузалиб кетганидан сўнг ҳам хурсанд бўлиш ўрнига, яна ўша касаллик белгилари қачон пайдо бўлишини кутиб яшашади.

 

 

Ушбу маълумот профессор З.Ибодуллаевнинг

“Асаб касалликлари” дарслигидан олинган.

Уни ноқонуний тарзда ўзлаштириш

ва турли манбаларда ўз номи билан

чоп этиш қонун томондан тақиқланган.



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив