Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси СЕКСУАЛ БУЗИЛИШЛАР ПСИХОЛОГИЯСИ

СЕКСУАЛ БУЗИЛИШЛАР ПСИХОЛОГИЯСИ


Сурункали ва ўткир стресслар деярли ҳар доим сексуал бузилишлар билан намоён бўлади. Бундай беморларни албатта сексопатолог ва тиббий психолог даволайди. Айниқса, истерия, меланхолия, депрессия, ипохондрия ва хавотирли-фобик синдромларда жинсий бузилишлар жуда кўп учрайди.
    Жинсий бузилишларга таъриф беришдан олдин одамда жинсий функцияларнинг нерв системаси томонидан бошқарилиш механизмларини кўриб чиқамиз. 
   Одамнинг жинсий фаолиятини бошқаришда қуйидаги марказлар иштирок    этади:
       1)    Бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи – жинсий фаолиятни онгли тарзда бошқаради ва умумий назорат қилади.
      2)    Гипоталамус – жинсий фаолият пайтида кузатиладиган вегетатив реакцияларни таъминлайди.
      3)    Орқа мия – бу ерда эрекция (S2-S4) ва эякуляция (L2-L4) марказлари жойлашган.
     Спинал марказлар гипоталамус ва  пўстлоқ марказлари ҳамда жинсий аъзоларда жойлашган рецепторлар билан икки томонлама афферент ва эфферент алоқаларга эга. Жинсий марказларнинг ўзаро иши юқори даражада мувофиқлаштирилган. Жинсий майл (либидо) ва оргазм цереброспинал марказларнинг мураккаб фаолияти натижасида юзага келадиган мураккаб психофизиологик жараёндир. Эрекция ва эякуляция спинал рефлекслар сирасига киради, шунинг учун ҳам бел-думғаза сегментларидан юқорида жойлашган жароҳатланишларда бу функциялар сақланиб қолади. Бироқ жинсий фаолиятни бошқаришда иштирок этувчи марказлардан бири издан чиқса, қолганларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. 
      Жинсий гормонлар жинсий марказларнинг шартсиз рефлектор қўзғатувчиси ҳисобланади ва жинсий майлнинг кучини белгилаб беради.  Бу жараёнда простата, гипофиз ва  буйракусти бези гормонларининг аҳамияти жуда катта. Простата бези гормонлари мунтазам қонга тушиб туради: улар кам миқдорда тушса, уруғдон секрециясини фаоллаштиради, кўп миқдорда тушса, сусайтиради. Агар эркак киши бир неча кун жинсий алоқасиз яшаса, унда жинсий майл (либидо) сусайиши мумкин ва аксинча, яна жинсий алоқа қила бошласа, либидо пайдо бўлади. Бу ҳолатни қуйидагича изоҳлаш мумкин: тез-тез бўладиган жинсий алоқада эякуляция билан ташқарига кўп миқдорда простата секрети чиқарилади ва унинг жуда оз миқдори қонга сўрилади. Секретнинг қонга тушишининг камайиши уруғдон фаолиятини оширади, унинг гормонлари эса либидони кучайтиради. Аксинча, жинсий алоқа қанча камайиб кетса, унга бўлган талаб ҳам янада кам бўлади, чунки простатанинг секрети қонга кўп миқдорда тушади ва уруғдон фаолиятини сусайтиради. Мабодо, 50 дан ошган эркакда жинсий майл кучайса, бу, одатда, простата аденомаси билан боғлиқ бўлади, чунки аденома безнинг фаолиятини пасайтиради.
      Жинсий гормонлар секретор функцияни бошқаришда катта аҳамиятга эга бўлса-да, либидо, эрекция ва эякуляция кастрация қилинган эркак ва аёлларнинг деярли 50 фоизида у ёки бу даражада сақланиб қолади. Лекин фақат балоғатга етгандан сўнг қилинган кастрацияда жинсий функция сақланиб қолиши мумкин. Битта уруғдоннинг халтачасига тушмай қолиши ёки яллиғланиши ҳам жинсий қобилиятни пасайтирмайди.
      Аёлларда либидони нафақат аёллар, балки эркаклар гормони ҳам кучайтиради. Аёллар либидоси буйракусти безининг пўстлоқ ҳужайраларида ишлаб чиқариладиган андрогенларга, яъни эркаклар жинсий гормонларига ҳам боғлиқ. Шунинг учун ҳам тухумдонларни олиб ташлаш, одатда, либидо сўнишига сабаб бўлмайди, буйрак усти безлари фаолиятининг сусайиши эса аёлларда либидони пасайтиради. Эркаклар жинсий гормонлари аёлларда эротик тусдаги ҳис-туйғулар уйғотади, организмга фаоллаштирувчи таъсир кўрсатади, эроген соҳалар сезгирлигини оширади. Бундан фарқли ўлароқ, эркакларга юборилган аёллар гормони эркаклик функциясини сустлаштиради.
      Аммо жинсий қўзғалиш нафақат гормонлар таъсири остида, балки эроген соҳалардан мияга келувчи сигналлар орқали ҳам пайдо бўлади. Энг сезгир эроген соҳалар – эркакларда пениснинг калласи ва унинг асоси, камроқ сезгир соҳа мояк халтаси бўлса, аёлларда кучли эроген соҳа – бу клитор, сўнг кичик лаблар, ундан сўнг эса қиннинг кириш жойидир. Аксарият аёлларда кўкрак безининг учи ҳам кучли эроген соҳа ҳисобланади ва уни таъсирлантириб, оргазмни чақириш мумкин. Лекин кўкрак безининг учи ва қиннинг орқа қисми сезгирлиги суст ривожланган аёллар ҳам бор.
      Гинекологлар уқтиришича, 86 % аёл қинига киргизилган нарсанинг ҳажмини айтиб бера олмайди. Бироқ аксарият аёллар жинсий алоқа пайтида қиннинг тубида пайдо бўладиган тўлқинларни яхши сезишади. Лекин коитус (жинсий алоқа) пайтида кузатиладиган оргазм олатнинг қин деворига ишқаланишидан ҳосил бўладиган импулслар ҳисобига пайдо бўлади, деб қаралади. Жинсий алоқадан сўнг оргазм кузатилмаса, клиторни қўл билан таъсирлантириш орқали оргазмни чақириш мумкин. Бу, албатта, вагинал оргазмдан кўра, клитор оргазми кучли ривожланган аёлларда осонроқ. Лекин оргазм келишини фақат тананинг маълум бир эроген соҳалари билан узвий боғлаш хато бўлур эди. Ваҳоланки, оргазм келишида жинсий қовушиш пайтида кузатиладиган бошқа (ўпишиш, қучоқлашиб ётиш, эркалаш) омиллар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, оргазмнинг қайси усулда ва қачон келиши, аёл кишининг биринчи бор эркак киши билан жинсий яқинликни қандай бошлаганига ҳам боғлиқ.
     Жинсий қўзғалиш шартли рефлектор қўзғатувчилар (кўриш, эшитиш, ҳид билиш ва ҳ.к.) таъсири остида ҳам юзага келади. Лекин у ҳар кимда ва турли ёшда ҳар хил ривожланган: эшитиш ёки кўриш аъзолари орқали келган таъсиротлар орқали жинсий қўзғалиш ҳосил бўлиши мумкин. Бундай жинсий қўзғалишлар  айниқса, ўспиринларда кучли ривожланган. Улар яланғоч аёллар сурати ёки эротик тусдаги расмларни кўриб, кучли таъсирланиши ва бу ҳолат оргазм билан тугаши мумкин. Бироқ эркакларнинг яланғоч сурати ҳамма вақт ҳам аёлларда эротик қўзғалишни чақиравермайди. Баъзан ташқи таъсирлар жинсий ҳирсни сусайтириши ёки тўхтатиб қўйиши мумкин (масалан, ҳадеб эротик филмлар кўравериш). Эротик фантазияларга берилиш эркакларда жинсий қўзғалишга сабабчи бўлса, одатда, аёлларга бу кам таъсир қилади. Жинсий алоқа бошланаётган пайтда эркаклар аёлларга қараганда кучлироқ қўзғаладилар. Шунинг учун ҳам уларда баъзан жинсий алоқа бошланмасдан туриб, эякуляция рўй беради. Лекин жинсий қўзғалиш даражаси жинсий мизожга ҳам боғлиқ.
     Жинсий қўзғалишларда аёлларда ҳам, эркакларда ҳам жинсий аъзолар қон билан тўлишади. Бунинг натижасида эркакларда олат анча катталашади, яъни эрекция пайдо бўлади; аёлларда эса кичик лаб ва клиторда гиперемия юзага келади. Аёлларда жинсий аъзо безларидан чиққан суюқлик қинни намлаштиради ва бу билан қинга олатнинг киришини осонлаштиради. Фрикция пайтида (lot. frictio – ишқаланиш) жинсий аъзоларда жойлашган периферик нерв толаларида жуда кўп ёқимли қўзғалишлар пайдо бўлади ва жинсий алоқа охирида эркакларда сперма отилиб чиқади, яъни эякуляция содир бўлади, аёлларда бартолини безлари ва бачадоннинг бўйин соҳасида жойлашган безлардан суюқлик қин бўшлиғига ташланади. Бу пайтда қин тўлқинсимон қисқара бошлайди, бачадон қинга томон бироз тушади ва цервикал найдан унча кўп бўлмаган суюқликни қинга йўналтиради.   Бунда бачадон тубининг бир маромда тўлқинсимон қисқариши қиндаги спермани бачадонга сўради. Бу жараёнларнинг ҳаммаси уруғланишни, яъни ҳомиладор бўлишни осонлаштиради. Уруғланиш оргазм бўлмаса ҳам кузатилаверади.    Эякуляциядан сўнг эркаклар жинсий аъзоларида ҳам, аёлларда ҳам таранглашиш пасаяди, гиперемия ҳам тезда орқага қайта бошлайди, эрекция йўқолади. Эякуляция барвақт бошланиб кетса, уни тўхтатиш қийин. Жинсий алоқа пайтида эркакларда эякуляция оргазм билан тугайди, аёлларда жинсий алоқа ҳамма вақт ҳам оргазм билан тугайвермайди. Оргазм, яъни ўта ёқимли туйғунинг пайдо бўлиши, жинсий алоқадан сўнг эркакларда бор-йўғи бир неча сония давом этса, аёлларда бу жараён бироз чўзилади. Оргазм пайтида кучли вегетатив ўзгаришлар кузатилади: юрак уриши тезлашади (150 гача), АҚБ кўтарилади (200/100 мм.сим.уст.гача). Бундай вегетатив ўзгаришлар фақат жинсий алоқадан сўнг келган оргазм пайтида эмас, сексуал тасаввурлардан кейинги оргазмда ҳам кузатилиши мумкин.
     Одатда, оргазмнинг икки хил тури фарқ қилинади: қин ва клитор оргазмлари. Биринчиси, олатни қинга чуқур киргизганда рўй берса, иккинчиси клиторни таъсирлантирганда кузатилади. Айтиб ўтганимиздек, баъзи аёлларда қин оргазми, бошқаларида эса клитор оргазми кучли ривожланган. Баъзи муаллифлар алоҳида вагинал оргазм борлигига шубҳа билан қарашади, чунки олатни қинга чуқур киргизиб чиқазаётган пайтда бир йўла клитор, кичик лаблар, қиннинг ўзи ва ташқи жинсий аъзолар биргаликда таъсирланади. Шунингдек, аёл танасининг турли қисмларидаги тактил таъсиротлар ҳам ёқимли туйғулар пайдо бўлишида иштирок этади. Бунда эркак билан қўшилганлик сабабли пайдо бўлган руҳий қўзғалиш ҳам катта аҳамиятга эга. Соғлом аёллар сўров қилинганда, уларнинг 20 % клитор оргазмини, 36 % вагинал оргазмни ҳис қилган бўлса, 44 % эса оргазм нимадан пайдо бўлганини айтиб бера олмаган. Лекин бу кўрсаткич жуда нисбий бўлиб, ҳар хил сўровномаларда ўзгариб туради. Шунинг учун бу масалага индивидуал ёндашиш зарур. 
    Эркакларда учрайдиган сексуал бузилишлар. Ҳайвонлардан фарқли ўлароқ, инсонларда жинсий яқинлик нафақат биологик, балки онгли жараён ҳамдир. Ҳар қандай жинсий жараён асаб марказлари орқали бошқарилишини айтиб ўтдик. Жинсий ожизлик кўпинча асабий-руҳий сиқилишлар натижасида ривожланади. Бирор марта бўлса-да, сексуал потенцияси камаймаган эркак кишини учратиш қийин. Жинсий фаолият бузилишига бош ва орқа миянинг органик касалликлари, урологик ва эндокрин касалликлар, турли интоксикациялар, астенияга олиб келувчи соматик касалликлар, ароқхўрлик ва гиёҳвандлик сабаб бўлади.
    Ўсмирлик даврида жинсий ривожланиш жадал кечади. Улар эротик тушларни кўп кўришади, ухлаб ётганда эякуляция тез-тез кузатилади. Бу даврда аксарият ўспиринлар жинсий ҳирсини қондириш учун четдан мижоз излаб, венерик касалликларни юқтириб олишади. Демак, ўсмирлик даврида нафақат жинсий аъзолар тўла шакллана бошлайди, балки руҳий ривожланиш ҳам жиддий ўзгаришларга учрайди. Бу даврда ҳар қандай ташқи стресс уларнинг руҳиятида оғир из қолдиради ва жинсий фаолиятга салбий таъсир кўрсатади.
     Эркакларда учрайдиган жинсий заифликка импотенция дейилади. Потенциянинг меъёрда қандай бўлиши кўп жиҳатдан ёшга ва кишининг ҳаёт тарзига боғлиқ. Жинсий бузилишлардан шикоят қилувчи эркакларнинг 50-60 %  жинсий алоқанинг давомийлигидан қониқмаган кишилардир.
    Г.С.Василченко (2000) маълумотларига кўра, жинсий алоқа даври (коитус) энг ками 1 дақ. 14 сония (68 фрикция) бўлса, энг узоғи 3 дақ. 34 сония (100 фрикция) ҳисобланади. Унинг фикрича, коитуснинг ўртача давомийлиги 2 дақ. 2 сония (62 фрикцияда). Лекин сунъий йўл билан жинсий алоқа даврини 10 дақиқа ва ундан ортиқ ҳам чўзиш мумкин («қуруқ» фрикциялар). Баъзи маълумотларга кўра, 30 ёшгача бўлган эркакларда жинсий алоқа ҳафтасига ўртача олганда 3 марта, 30 ёшдан сўнг 2 ва 50 ёшдан сўнг эса 1 марта кузатиларкан. Сексологларнинг фикрича 30-45 ёш орасида бўлган эркаклар ҳафтасига 2-3 марта жинсий алоқа қилиш қобилиятига эгадирлар.
     Жинсий ҳирснинг умуман бўлмаслиги фақат туғма бўлиши мумкин, қолган вазиятларда у албатта сақланган бўлади. Бу ҳирсни фақат уйғота олиш керак, холос. Умуман олганда, «Эркак киши ўртача бир кунда ёки бир ҳафтада неча марта жинсий алоқа қилиш қобилиятига эга?» деган саволга сексолог олимлар шундай жавоб қилишади: «Ҳар ким ўзига ўзи индивидуал меъёрни аниқлаб олмоғи керак. Бу масалага индивидуал ёндашиш лозим. Жисмонан ва руҳан соғлом кишиларда организмнинг ўзи меъёрни топиб олади».
      Жинсий фаолликнинг доимо ўзгариб туриши мутлақо соғлом одамларда ҳам кузатилади ва бу кўпинча кайфиятга боғлиқ. Аксарият ҳолларда кайфиятнинг аҳамияти эътиборга олинмай, «импотенция» ёки «простатит» ташхиси қўйилади ва бунинг оқибатида бемор ятропатиядан даволаниб юради. Бу эса инсон руҳига қаттиқ зиён (баъзан тузатиб бўлмас) етказади. Масалан, ҳаётда кўпчилик эркакларда ҳам жисмонан, ҳам руҳан зўриқиб ишлашни талаб қиладиган даврлар бор. Бу давр бировда бир ҳафта, бошқа бировда бир ойга чўзилиши мумкин. Бундай пайтларда жинсий фаолият бироз сусайиши ёки «эсдан чиқиши» мумкин. Шунинг учун ҳам мутахассисларнинг фикрича, жинсий алоқа нормада бир кунда 1-2 мартадан, ойига эса 2-3 мартагача бўлиши мумкин ва бу кўрсаткич, албатта, кўпроқ одамнинг руҳий ва жисмоний фаолиятига боғлиқ. Ҳар бир одам жинсий алоқа ҳақидаги барча маълумотларни ўзи ҳам мукаммал билиши керак. Бунинг учун кенг оммага мослаб ёзилган адабиётлар етарлидир. Акс ҳолда ҳиссий ва жисмоний зўриқиб ишлаш (айниқса, тунлари) даврида кузатиладиган ва бир-икки кун дам олгандан сўнг ўтиб кетиши мумкин бўлган жинсий қувватсизлик ва врач томонидан тўла текширмасдан туриб қўйилган ташхис оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.   Бу ерда эркак ва аёл орада пайдо бўлган муаммонинг сабабларини биргаликда ўрганиб чиқиб, бир-бирини тушуниб иш тутиши жуда катта аҳамиятга молик. «Тинчликми, сизга нима бўлди?» қабилидаги аёлнинг эътирозлари эркак кишининг қалбини жароҳатлаши ва аҳволини янада оғирлаштириши мумкин.
     Сўнгги маълумотларга кўра, жинсий заифликнинг деярли 80 % функционал хусусиятга эга, қолганлари органик касалликлар сабабли ривожланади (2018). Лекин беморларнинг аксарияти сексопатолог ёки тиббий психологга учрамай, урологларга мурожаат қилишади ва аксарият ҳолларда дастлабки қўйиладиган ташхис простатит бўлади. Простатитнинг импотенцияга олиб келиши тушунарли, бироқ импотенция аниқланган беморларнинг ҳаммасида ҳам простатит аниқланавермайди. Эректил дисфункциянинг ҳар қандай кўринишида беморнинг ҳаёт ва касаллик анамнези, ижтимоий аҳволи, касби, ишлаш услублари, аёли ҳақида маълумотлар ўрганилиши ва аниқланиши зарур. Улар тиббий-психологик текширувлардан ўтиб, махсус психотерапевтик ёрдам олишлари шарт.
    Айтиб ўтилганидек, неврастенияда жинсий заифлик тез-тез кузатилиб туради. Уларда нафақат рафиқасига, балки бошқа аёлларга ҳам жинсий майл сусаяди ёки йўқолади. Аёл кишига яқинлашганда эрекция пайдо бўлмайди ёки суст бўлиб, тез сўнади. Авваллари аёл кишининг ёнида ечинишнинг ўзи эрекцияни юзага келтирса, энди эса бу фойда бермай қўяди. Бундан хавотирга тушган эр турли йўллар билан эрекцияни келтиришга ҳаракат қилади ва бутун фикру зикрини жинсий ҳолатига қаратади. У бора-бора жаҳлдор ва жиззаки бўлиб қолади. Ишга қўли бормайди. Ҳеч ким билан борди-келди қилмайди. Қуйидаги воқеа бунга мисол бўла олади.
     Бемор И. 24 ёшда, талаба. Ҳар нарсани кўнглига оладиган шахс. Ўқиши пасайиб кетган, сал нарсага асабийлашадиган, тез чарчайдиган бўлиб қолган. Бунгача рафиқаси билан ҳафтасига 2-3 марта жинсий алоқа қилиб яшаган, кейинчалик бир ойда бир марта, унда ҳам аёли томонидан фаоллик кўрсатилсагина. Эрекция узоқ давом этмайдиган ва тез сўнадиган бўлиб қолади. Тўсатдан ўз-ўзидан пайдо бўладиган эрекциялар ҳам йўқолган. Рафиқаси бунга тўғри муносабатда бўлган ва турмуш ўртоғини тинчлантирган. «Бу ҳаммаси чарчаш аломати, докторга учранг», деб маслаҳат берган.
   Бемор докторга учрайди. Доктор томонидан мукаммал текширилади ва унинг жинсий заифлиги чарчаш аломати эканлиги айтилади. Ўз фаолиятини тартибга солиб, бироз дам олиш зарурлиги тавсия қилинади. Фақат кучли жинсий майл пайдо бўлгандагина жинсий алоқа қилиши мумкинлиги тайинланади. Бемор 3 ҳафта мобайнида асабни тинчлантирувчи ва умумий қувватлантирувчи дориларни қабул қилади. Бу вақт ичида жинсий қобилият яна тўла тикланади.
    Импотенциянинг алоҳида тури бўлмиш вазиятли импотенцияни кўп учратиш мумкин. Бунда импотенция аниқ бир вазиятда ёки аниқ бир шахсга нисбатан кузатилади. Бошқа пайтлари эса жинсий қобилият сақланиб, хатто эрталабки эрекциялар ҳам мавжуд бўлади. Вазиятли импотенциянинг сабаблари қуйидагилар: рафиқасининг жинсий муносабатга совуққонлик билан қараши (фригидлик), узоқ давом этувчи жанжаллар; бир хил шаклда (ҳолатда) жинсий алоқа қилавериш; жинсий яқинликка рафиқаси томонидан аниқ бир вақтнинг белгилаб қўйилиши; рафиқасига хиёнат қилганидан виждони қийналиб юриши; аёл кишидан келадиган ёқимсиз ҳид ёки унинг ўзига яхши эътибор бермаслиги; рафиқасини унга ёқмайдиган жинсий усулларга мажбур қилиш ва шунга ўхшаш ҳолатлар. Шуни таъкидлаш лозимки, вазиятли импотенция руҳан тетик ва соғлом одамларда кузатилмайди. У меланхолик, тез таъсирланувчан ва жиззаки эркакларда кўп кузатилади. Қуйидаги воқеа бунга яққол мисол бўла олади:
    Бемор Н. 28 ёшда, муҳандис, ўта таъсирчан, тез хафа бўладиган, ўзига унча ишонмайдиган йигит. Жинсий қобилияти унча кучли бўлмаганлиги боис бутун диққатини шунга қаратган, ўзини доимо камситиб юрган ва доимо аёллар устида «жасорат» қилишни орзу қилган. Рафиқаси жинсий алоқа пайтида қониқса ҳам, буни алоҳида кўрсатиб бера олмаган, тўшакда жинсий муносабатлар пайтида ўзини суст тутган. Рафиқасини «Мени эркак ўрнида кўрмайсан», деб, тез-тез койиб юрган. Жинсий муносабатлар борган сайин совуқлашиб борган. Турмуш қуришганига 3 йил тўлгандан сўнг, йигит битта ёш аёл билан танишади ва жинсий яқинликда бўлади. Жинсий алоқа пайтида Н. бу аёлнинг бор овозини чиқариб инграшлари, бўронли оргазмига ҳайрон қолади, аёл ҳам ўз вақтида уни «Ҳақиқий йигит экансан!» деб мақтайди. Н. рафиқасини ташлаб, ўша аёлга уйланади.
    Турмуш қуришгандан сўнг бироз вақт ҳам ўтмасдан, сезадики, янги рафиқаси унга эътибор қилмайдиган бўлиб қолади. Орада тез-тез жанжал бўлиб турса-да, бу аёл билан бир ярим йил бирга яшайди. Кейинги пайтларда Н.нинг иши юришмайди, тез чарчайдиган ва жаҳлдор бўлиб қолади. Кунлардан бир куни рафиқаси меҳмондан жуда кеч ва маст бўлиб келади. Орада жанжал чиқади. Жанжал пайтида рафиқаси: «Жонимга тегди ўзимни гўлликка солиш, тўғрисини айтсам, сен билан бир тўшакда ётганимда мен сира ҳам жинсий яқинликдан қониқмайман. Сени эркак ўрнида кўрмайман!» Бу сўзларни биринчи бор рафиқасидан эшитаётган Н. карахт бўлиб қолади. Бўлиб ўтган бу жанжалдан сўнг нафақат рафиқасига, балки бошқа аёлларга ҳам қизиқиши мутлақо йўқолади. Жинсий ҳирснинг йўқолганидан хавотирга тушади. Жуда асабий бўлиб қолади, уйқуси бузилади. Докторларга мурожаат қилади, даволанади. Даво натижаларидан ўзи қониқмайди. Ҳақоратланганидан ва аввалги рафиқасини ташлаб кетганидан азият чекаверади. Биринчи рафиқаси ёнига боради. У болалари билан Н. ни илиқ кутиб олади. Ўша кечаси биринчи бор рафиқасига нисбатан яна кучли жинсий қўзғалиш пайдо бўлади. Тез орада иккинчи рафиқасини ташлаб, биринчисига қайтади. Нормал жинсий ҳаёт кечира бошлайди.    Бошқа аёлларга қизиқиши мутлақо йўқолади.
    Бу кузатувдан шундай хулоса қилиш мумкинки, бемор ўзининг жинсий қобилиятини ўта паст баҳолаган ва бундан ҳам ортиқ қобилиятга эга бўлишини орзу қилган. Бу «етишмовчиликни» тўғрилашга уриниши эса муваффақиятсиз тугаган. Айниқса, иккинчи рафиқасининг айтган ҳақоратомуз сўзлари унинг эркаклик қадрқимматини ерга урган. 
    Сексологлар таъбири билан айтганда, эр-хотин орасидаги сексуал бузилишларнинг асосий сабабларидан бири – бу  хоҳиш билан имкониятнинг бир-бирига тўғри келмаслигидир. Жинсий имкониятларни тўғри баҳолай олмаслик бу ерда вазиятли импотенцияга олиб келади. Бу феномен асосида шартли рефлектор боғланишлар ётади. Аксарият ҳолларда аёлдаги фригидлик эркакда вазиятли импотенция сабабчиси бўлади.
      Бемор Г. 30 ёшда, ўқитувчи, бурчга садоқатли, лекин журъатсиз киши. Жаҳлдорлик, уйқусизлик ва тез-тез бўладиган бош оғриғидан шикоят қилиб, невропатологга мурожаат қилади. Маълум бўлишича, Г.нинг уйланганига 6 йил бўлган. Рафиқаси ва болаларини ҳаддан ортиқ яхши кўради, рафиқасини қаттиқ ҳурмат қилади. Жинсий алоқага эса рафиқаси қизиқмайдиган бўлади, турмуш ўртоғи бирга ётишни талаб қилса, турли баҳоналар (бошим оғрийди, ҳолим йўқ) билан жинсий яқинликдан бош тортади. Рафиқасининг жинсий алоқани яхши кўрмаслиги ҳисобига Г. рафиқаси билан жинсий муносабатларни камайтира бошлайди ва натижада унда жинсий қувватсизлик ривожланади. Бошқа аёлларга ҳам қизиқиши йўқолади. «Касал бўлиб қолдим», деб қўрқади. Турли хил стимуляторлар қабул қилади, улар ҳам вақтинча ёрдам беради. Бу давр ичида жинсий томондан ўта фаол аёл билан танишади ва шу аёлнинг илтимосига биноан бирга қўшилишади. Кучли оргазм пайдо бўлади, ҳеч қандай стимуляторларсиз жинсий алоқа яна такрорланади. Шу билан бирга, ўз аёлига болаларининг онаси сифатида бўлган ҳурмати сақланиб қолади. Бу воқеалардан сўнг рафиқаси билан жинсий алоқа қилмоқчи бўлиб кўради, лекин жинсий қўзғалиш пайдо бўлмайди.
    Бу мисолда эркак кишида либидо сусайишида рафиқасининг жинсий алоқага қизиқиши йўқлиги сабаб бўлган. Шундай бўлса-да, бошқа аёлга жинсий қобилияти сақланиб қолади. Жинсий алоқа пайтида аёл киши ўзини эркак кишига руҳий жароҳат келтирадиган ҳолда тутиши ҳам либидо йўқолишига олиб келади. Буни қуйидаги мисолда кўриш мумкин.
      Бемор В., 34 ёшда, техника институтларининг бирида доцент лавозимида ишлайди, хулқ-атвори яхши, журъатсиз. Докторга жинсий заифлик, умумий ҳолсизлик, асабийлашиш ва иш фаолиятининг сусайганидан шикоят қилиб келади. Рафиқаси ўзидан 8 ёш кичик бўлиб, аввал ўз қўлида ўқиган талаба қиз. Турмуш қургандан сўнг 2-3 ой мобайнида жинсий қобилияти унча кучли бўлмаса-да, сақланган бўлади. Жинсий муносабатлар пайтида рафиқаси ўзини жуда суст тутади ва кейинчалик турмуш ўртоғидан қониқмаётганини очиқчасига айтиб, уни импотент деб ҳақорат қила бошлайди. Бунинг оқибатида В.нинг жинсий фаоллиги кескин пасайиб боради ва тез орада сўнади. У рафиқаси олдида ўзини жуда айбдор сезиб, «гуноҳини» ювиш учун аёлининг барча хархашаларини сўзсиз бажара бошлайди. Бундан фойдаланган аёл турмуш ўртоғини уй хизматкорига айлантиради ва барча уй юмушларини унга юклайди. Қийинчиликларга чидамаган эр рафиқаси билан ажрашмоқчи бўлади, лекин бошқасини ҳам «қониқтира» олмасам-чи, деб ўйлаб, бу фикридан воз кечиб, чидашга қарор қилади.
    В. бир куни докторга мурожаат қилади. Беморнинг тиббий-психологик ва урологик статуси текширилгандан сўнг унга неврастения ташхиси қўйилади ва сўнгги гал рафиқаси билан бирга келиш буюрилади. В. нинг рафиқасидан алоҳида унинг жинсий алоқалари ҳақида сўралади. У турмушга чиққунга қадар бошқа йигитлар билан ҳам жинсий яқинликда бўлганлиги ва ҳеч қандай қониқиш ҳис қилмаганлигини айтади. Шундай қилиб, аёлда фригидлик, яъни жинсий совуққонлик аниқланади. Бу аёлга турмуш ўртоғидаги неврастениянинг сабаби унинг фригидлиги ҳисобига, турмуш ўртоғида эса жинсий ожизликка олиб келувчи ҳеч қандай урологик касаллик йўқлиги айтилади. Унга ажрашиш ёки жинсий алоқадан ўзини ўта қониққандек кўрсатиши зарурлиги уқтирилади. Аёл иккинчи маслаҳатни қабул қилади. Бемор В.га эса умумий қувватни оширувчи, тинчлантирувчи дорилар берилади ва 1 ой даволаш курси ўтказилади. Бир ойдан сўнг В.нинг жинсий қуввати яна кучайиб, тузалиб кетади. Беморнинг рафиқаси докторга чақирилиб, улар ораси
даги муносабат сўралганда, турмуш ўртоғида жинсий қувват тўла тиклангани, ўзи эса аввалгидек жинсий яқинликка совуқлиги ва буни эрига сездирмаётганини айтади.
    Бу мисолда биз эркакда ривожланган импотенциянинг асл сабабини аёл кишининг фригидлигидан эканлигини кўрдик. Қуйида ўзимиз гувоҳи бўлган бир воқеани келтирамиз.
    Бемор О. 23 ёшда, талаба, ҳиссиётга берилувчан ва таъсирчан йигит. Уйланади. Ҳамма воқеа тўй кечаси бўлиб ўтади. Тўй тугагандан сўнг келин-куёв ўзлари учун тайёрланган хонага киришади. Йигит аввал бир аёл билан жинсий яқинликка уриниб кўрган, лекин кучли ҳаяжонланганидан эякуляция бошланиб кетган. Ундан сўнг аёллар билан жинсий яқинликка интилмаган. О. тўй кечаси ечиниш олдидан жуда ҳаяжонланади. Қиз «Бугун шу ишни қилмай қўя қолайлик» дейди. Бироқ йигит удум бўйича ўз вазифасини адо этиб, янгалар олдида юзи ёруғ бўлиши керак эди. Узоқ баҳсдан сўнг йигит келинни жинсий яқинликка кўндиради. Йигитда эрекция пайдо бўлади. Лекин унинг олати келиннинг қинига ҳеч қандай тўсиқсиз киради ва бунда қин атрофида қон пайдо бўлмайди. Эрекция шу заҳоти сўнади. Йигит ёрининг қиз эканлигини исботлаш учун жинсий алоқа қилишга яна уриниб кўради. Лекин йўқолган эрекция қайтадан пайдо бўлмайди. 
      Қиз фурсатдан фойдаланиб, йигитни «Сен импотентсан, жинсий алоқа бошламасдан туриб, сенда эрекция йўқолди (қиз тиббиёт институти талабаси), аввал қизлар билан юриб, ўзингга касал юқтиргансан, сенда захм бўлса керак», деб йигитни ҳақорат қилади. Йигит аввал жинсий яқинликка уриниб кўрганлиги эсига тушиб, «Ҳақиқатан ҳам захм юқтирган бўлсам керак», деб хавотирга тушади. Қиз йигитнинг эътирозига қарамасдан, ташқарида пойлаб турган опаларини чақиради. Вазият шу даражада кескин тус оладики, йигит нима бўлаётганини ҳам англамай қолади. Ҳам қўрқиб, ҳам уялиб кетган йигит учта аёлнинг ичида қолиб кетади. Қиз опаларига бўлган вазиятни оқизмай-томизмай гапириб беради. Қизнинг опалари гинеколог эди ва улар йигитнинг эсанкираб қолганлигидан фойдаланиб, уни тинчлантиришади, таниш докторлари борлигини ва уни албатта даволатишларини айтишади. Қиздан эса қон чиқмаганлигининг сабаби, унинг олати қинга кирмаганлигидан деб тушунтирилади (кейинчалик йигитнинг яна бир бор эслашича, битта фрикция аниқ бўлган). Даволаш бир ой давом этишини, бу давр ичида рафиқаси билан жинсий яқинликни умуман тўхтатиб туришни, акс ҳолда ундаги «захм» рафиқасига юқишини, сўнг эса бола бўлмаслигини тайинлашади. Йигит рафиқасининг опалари топиб берган докторда аслида йўқ бўлган «захмдан» яширин даволанади. Унда яшашга ҳам, жинсий яқинликка ҳам ҳеч қандай қизиқиш қолмайди, чунки даволаш натижа ҳам бермаётганди. Бунинг устига рафиқаси ҳам унга совуқ муносабатда бўлади, эркаклик шаънига тегувчи ҳақоратомуз сўзларни ҳар кечаси айтади, соғайиб кетмаса, ундан кетиб қолиши, ўртоқлари олдида шарманда бўлишини эслатиб туради. Йигит эса, албатта, даволаниш учун энг кучли докторларга бориши, тузалиб кетиши ва ажралмасликни рафиқасидан ҳар гал илтимос қилади. Бора-бора йигитда уйқу йўқолади, жаҳлдор бўлиб қолади, иш фаолияти пасаяди, унда  ипохондрия  ва депрессияга хос симптомлар пайдо бўлади.  Даволаниш натижа  бермагач, йигит тақдирга тан бериб, асабини даволатишга Тошкентга келади. Бемор бош оғриғи, уйқусизлик, тез асабийлашиб кетишдан шикоят қиларди (аввалига у жинсий заифликни биздан яширди), қўллари қалтираб, кўзига тез-тез ёш оларди. Беморнинг асаб тизими ҳар томонлама текширилиб, унда ҳеч қандай оғир касаллик белгилари йўқлигини, лекин неврастения касаллиги борлиги, бу эса сабаби йўқотилса, бутунлай тузаладиган дард эканлиги айтилди. Бемор 2-3 кундан сўнг бизга бўлиб ўтган воқеани батафсил айтиб берди. Беморнинг эътирозига қарамасдан, уни қайтадан урологга ва дерматовенерологга кўрсатдик. Лаборатор ва параклиник текширувлардан сўнг қуйидаги хулосага келинди: беморда аввал ҳам, ҳозир ҳам ҳеч қандай венерик касаллик бўлмаган. Бу хулосалар беморнинг кайфиятини кўтариб юборди. У бизнинг барча маслаҳатларимиз ва тавсияларимизга тўла амал қилди. Икки ой Тошкентда юрди. Аёллар билан яқинлашганда жинсий майл ва эрекция пайдо бўладиган бўлди. Унга ҳаётда эркак киши тетикроқ ва зийрак бўлиши, ҳамма алдовларга учавермаслигини таъкидлаб, ўз юртига – уйига юборилди.
     Бемор билан бир неча ойдан сўнг учрашганимизда, рафиқаси билан ажрашгани, бошқа қизга уйлангани ва у ҳомиладор эканлиги, жинсий муаммолар энди йўқлигини хурсанд бўлиб гапириб берди. Кейин маълум бўлишича, беморнинг аввалги рафиқаси суюқоёқ бўлган, ўқиб юрган пайтида ҳомиладор бўлиб қолган ва боласини олдириб ташлаб, опаларининг маслаҳати билан О.га турмушга чиққан экан.
    Бу мисолда турғун жинсий заифликнинг кучли стрессдан сўнг бир кечада пайдо бўлганининг гувоҳи бўлдик. Хўш, бу беморда жинсий ожизликнинг бирдан йўқолиши механизмлари нималардан иборат? Танадаги камчиликларга доир ўта салбий маълумотлар бош мия пўстлоқ тузилмаларида турғун ўчоқ пайдо қилади ва доминанта принтсипига асосан пўстлоқнинг бошқа қисмларида янги қўзғалишларни «босиб» туради. Бунинг оқибатида бош мия фаолияти аввал пайдо бўлган доминант ўчоқ таъсири остида бўлади. Бу пайтда невроз (асосан, ипохондрия ва истерия) касаллиги шакллана бошлайди. Мия пўстлоғида катта қўзғалиш кучига эга бўлган бу доминант ўчоқнинг фаолиятини пасайтириш ёки йўқотиш учун пўстлоқда ундан ҳам кучли таъсирга эга янги «ижобий доминант  ўчоқ»ни пайдо қилиш керак.    Ана шундагина аввалги қўзғалиш кучи пасаяди ёки йўқолади. Бу янги қўзғалишни қандай пайдо қилиш мумкин? Бу қўзғалишни одамга кучли таъсир қиладиган вербал таъсирлар ёки гипноз орқали, даволаш мобайнида ишлатиладиган антиқа усуллар орқали пайдо қилиш мумкин. Бизнинг мисолимизда пўстлоқ фаолиятини ўзига бўйсундириб турган “салбий доминант ўчоқ” – бу тўй кечаси келиннинг йигитга айтган сўзлари “Сен импотентсан, жинсий алоқа бошламасдан туриб, сенда эрекция йўқолди, аввал қизлар билан юриб, ўзингга касал юқтиргансан, сенда захм бўлса керак”, бўлса, бироз фурсат ўтгандан сўнг мия пўстлоғида пайдо қилинган янги доминант қўзғалиш – бу «Сизда ҳеч қандай венерик касаллик аломатлари йўқ», деган ибора. Бунинг натижасида беморда З. Фрейд таъбири билан айтганда, «катарсис» (руҳий покланиш) рўй берди.
     Энди эякуляциянинг келиш механизмлари тўғрисида сўз юритамиз. Эякуляциянинг тез келиши кўп омилларга, лекин энг аввало, жинсий марказларнинг умумий сексуал қўзғалиш даражасига боғлиқ. Узоқ вақт жинсий алоқа қилмай юрган ва онанизм билан шуғулланадиган ёш ва соғлом йигитларда эякуляция тез келиши физиологик ҳодиса. Уларда жинсий алоқани бошлагандан бир неча сония ўтгач, дарров эякуляция рўй бериши мумкин. Бундай пайтларди эякуляциядан сўнг эрекция бироз сўнмай туради. Уларда жинсий алоқа бир неча соат ёки бир-икки кундан сўнг такрорланса, эякуляциянинг келиш даври бир оз чўзилади.
     Баъзан жинсий алоқадан олдинги ўзаро эркалатишлар аёлга қараганда, эркакка кўпроқ таъсир кўрсатади. Жинсий алоқа қилишдан олдин аёл  томонидан эркакнинг эроген соҳаларини кўп таъсирлантириш, тез қўзғалувчан эркакларда эякуляцияни тезлатиши мумкин. Сексологлар фикрига кўра, 30–35 ёшдан сўнг умумий жинсий қўзғалиш бироз бўлса-да сусаяди. Бунинг натижасида эрекция пайдо бўлиши қийинроқ бўлса-да, жинсий алоқа даври бироз чўзилади. Агар эркак кишида оргазм 15-20 фрикциядан сўнг келса, вақтли эякуляция ҳақида сўз боради. Узоқ жинсий алоқа қилувчиларда кейинчалик коитус даври қисқарса ҳам вақтли эякуляция ҳақида сўз юритиш мумкин. Биринчи  бор  жинсий алоқа қилаётганларда, баъзан олатни қинга киргизмасдан туриб эякуляция пайдо бўлади.
     Неврастенияда тез пайдо бўладиган эякуляция эрекциянинг сустлиги билан бирга кузатилади. Юқори даражада қўзғалувчан ва тез ҳолдан тоядиган эркакларда кечқурунлари сперма ўз-ўзидан отилиб кетиши мумкин (бундай пайтда киши уйғониб кетади). Хоҳиш-иродага қарамасдан сперманинг ўз-ўзидан отилиб кетиши поллюция деб аталади. Поллюция кўпинча тунда, ухлаб ётганда кузатилади. Поллюция ўсмир ёшида кўп учрайди. Бундай пайтларда, одатда, эркак киши эротик тушлар кўраётган бўлади.
   Хўш, поллюция қачон  ва нега кузатилади? У қандай жараён ва унинг механизмлари нималардан иборат?
    Поллюция уруғ пуфакчаларида катта миқдорда сперма тўпланганда рўй беради. Бундай пайтларда эякуляция маркази рефлектор тарзда таъсирланади, яъни ўз-ўзини бошқариш механизми ишга тушади. Поллюциядан сўнг сексуал қўзғалиш пасаяди. Неврастенияда уруғ пуфакчаларида озгина сперма тўпланишининг ўзи поллюцияни юзага келиши учун етарлидир. Чунки уларда тсеребрал ва спинал марказлар юқори даражада қўзғалувчан бўлади. Астеник беморда тез-тез бўладиган поллюциялар баъзан чарчаш аломатлари, уйқунинг йўқолиб қолиши, кайфият бузилиши билан кечади. Улар поллюция бўлганини иложи борича ёнида ётган рафиқасидан яширишга интилишади. Чунки юқорида айтиб ўтганимиздек, сперманинг «берухсат» отилиб чиқиши, узоқ вақт жинсий алоқа қилинмагандан бўлади. Шунинг учун ҳам поллюция эр-хотин орасидаги жанжаллар сабабчиси ҳам бўлиши мумкин («Тушингда мендан бошқани афзал кўрдинг» ва ҳ.к.).
     Неврастенияда кузатиладиган поллюциялар даволангач ва сиҳатгоҳларда дам олгандан сўнг ўтиб кетади. Бунда жисмоний тарбия ва спортнинг аҳамияти катта. Ўсмирлик пайтида онанизм билан шуғулланиб, сунъий равишда эякуляцияга эришувчиларда уйлангандан сўнг жинсий алоқанинг биринчи кунида эякуляция тез пайдо бўлиши мумкин. Кўпинча эркаклар ўсмирлик давридаги онанизмни касаллик аломати деб тушуниб, ўзининг жинсий соҳадаги муваффақиятсизликларини онанизм асорати деб ўйлашади. Ўсмирлик давридаги онанизм – бу физиологик жараён бўлиб, у кейинчалик жинсий ожизликка олиб келмайди.
Тиббий адабиётларда қуйидаги воқеа ёзиб қолдирилган.
     Бемор У. 26 ёшда, техник ходим, васвасага бериладиган, ўта раҳмдил йигит. Эякуляция тез кузатилишидан шикоят қилиб, докторга маслаҳатга келади. Ўсмирлик даврида тез-тез поллюциялар бўлиб турган. 17-18 ёшида қизлар билан дискотекаларда рақсга тушганда кучли эрекция ва баъзан эса эякуляциялар кузатилган. 19 ёшида биринчи бор жинсий яқинлик пайтида дарров эякуляция бўлган. 20-22 ёшида бўлган жинсий алоқаларда иккита фрикциядан сўнг эякуляция кузатилган. Энг узоқ чўзилган коитус 10 сония. 24 ёшида уйланган. Бевақт эякуляция сақланиб қолган. Жинсий алоқадан рафиқаси ҳаммавақт ҳам қониқавермаган. Сўнгги пайтларда жинсий алоқа пайтида рафиқасининг қини қуруқ бўлиб қолаётгани жинсий алоқани қийинлаштиради. Бу воқеалар унинг кайфиятини тушуриб юборади, бор фикрини мана шу қийинчиликларга қаратади. Урологда олган даволаш муолажалари (простата массажи, физиотерапия) ва гормонал дорилар натижа бермайди. ОбЪектив текширувларда беморнинг жинсий аъзоларида камчилик топилмаган. Урологик патология ҳам аниқланмаган. Шундан сўнг бемор невропатологга юборилган ва унда неврастения аниқланган. Самарали даволаниш учун унга эрекцияни мустаҳкамловчи ва коитус даврини узайтирувчи даволаш муолажалари ўтказилган. Бу муолажалар тафсилоти беморнинг рафиқасига ҳам тушунтирилган. Рафиқасига турмуш ўртоғидаги муаммолар асаб зўриқиши билан боғлиқ, деб айтилган. Беморга бир ой мобайнида жинсий алоқадан ўзини тийиб туриш буюрилган. Бу давр ичида рафиқаси билан бирга ётишни давом эттиравериш ва эрекция бўлса-да, жинсий алоқа қилмаслик тавсия қилинган.   Рафиқасига ҳам шундай маслаҳат берилган ва 2 ҳафтадан сўнг турмуш ўртоғи жинсий алоқа қилишни хоҳлаб қолса, буни рад этмаслик буюрилган. Эякуляция тез содир бўлиб қолмаслиги учун жинсий алоқа пайтида турмуш ўртоғини бироз бошқариб туриши, фрикцияни вақти-вақти билан тўхтатиб туриши зарурлиги тушунтирилган. Эрига эса эрекция пайдо бўлган заҳоти жинсий алоқани бошлаб юбормаслик ва ўзаро эркалатишларни давом эттириш тавсия қилинган. Орадан бир ой ўтгач, бемор доктор қабулига келиб, эрекция даври узайганлиги, бу натижага 2 ҳафтадан сўнг эришгани ва 1 ойгача кутмай, рафиқаси билан жинсий яқинликни бошлаб юборгани ва аввалги муаммолар ҳам йўқолганини айтади.
    Бу беморни кузатган докторнинг фикрига кўра, мана шу йўл билан тез пайдо бўладиган эякуляцияни бартараф этиш мумкин. Бироқ баъзи муаллифлар бу фикрга қўшилмайди ва бундай машқлар доимо яхши натижа билан тугашига шубҳа билан қарашади.
    Бевақт эякуляция неврастениядан ташқари, бош ва орқа мия жароҳатланишида, яллиғланиш ва дегенератив касалликларда, зўр бериб жинсий алоқа билан шуғулланаверишда, урологик касалликларда, простата бези атониясида кузатилади. Шунинг учун вақтли рўй берадиган эякуляцияларда бемор албатта тиббий-психологик текширувдан ўтиши керак.
    Аёлларда учрайдиган сексуал бузилишлар. Аёлларда учрайдиган жинсий совуққонликка фригидлик деб аталади. Либидоси йўқ ва оргазм кузатилмайдиган аёллар фригид ҳисобланишади. Фригидликнинг 3 даражаси фарқланади: 1-даража – жинсий алоқа озгина бўлса-да, ёқимли таассуротлар остида рўй беради, қин ҳўлланади, лекин оргазм кузатилмайди; 2-даража – жинсий алоқага бефарқ, жинсий қўзғалиш ва ёқимли таассуротлар йўқ; 3-даража – жинсий алоқани ўта ёмон кўради, жинсий алоқадан қочишга интилади, жинсий алоқа пайтида кучли оғриқ сезади.
      Мутахассислар шартли равишда фригидликнинг 4 турини ажратишган: 1) ретардацион; 2) психоген; 3) симптоматик; 4) конституционал.
    1. Ретардацион фригидлик  жинсий ҳирснинг кеч ривожланиши би

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича