Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси Субарахноидал қон қуйилиш

Субарахноидал қон қуйилиш


Арахноидал ва юмшоқ пардалар орасида жойлашган бўшлиққа қон қуйилишига субарахноидал қон қуйилиш деб айтилади. Субарахноидал қон қуйилиши ўткир цереброваскуляр касалликларнинг 4-10% ини ташкил қилади. Субарахноидал қон қуйилиш 35-55 ёшларда кўп учрайди, 60 ёшдан ошганларда эса кам кузатилади.   Инсульт сабабли рўй берадиган барча ўлимларнинг 8% и субарахноидал қон қуйилишга тўғри келади. Субарахноидал геморрагиялар деярли 80% ҳолатларда аневризма ёрилиши ҳисобига рўй беради. Қолган ҳолатларда геморрагия этиологияси бошқа касалликлар ҳисобланади. Кам ҳолларда артериовеноз малформациялар субарахноидал геморрагияга олиб келади.
    Субарахноидал қон қуйилишлар турли вирусли инфекциялардан сўнг ҳам ривожланади. Вирусли инфекцияларда, асосан, пердиапедез геморрагиялар рўй беради ва мия пардаларида кичик-кичик геморрагик ўчоқлар пайдо бўлади. Улар диффуз тарзда жойлашади ёки бир соҳа билан чегараланиб қолади.
    Этиологик нуқтаи назардан бирламчи ва иккиламчи субарахноидал геморрагиялар фарқланади. Бирламчи субарахноидал геморрагиялар аневризмалар ёрилиши сабабли, иккиламчи геморрагиялар гематологик касалликлар, бош мия жароҳатлари ва ўсмалар сабабли ривожланади. Аневризмалар, асосан, Виллизий айланасини ҳосил қилувчи томирларда жойлашади. Шунинг учун ҳам бош миянинг базал қисмида геморрагия кўп учрайди.
   Субарахноидал геморрагиянинг ўткир даврида кетма-кет ўтказилган нейроангиовизуализация текширувлари (ангиография, МРА, дуплексли сканирлаш) мия томирларида ўткир рефлектор спазм кузатилишини кўрсатади. Ангиоспазм сабабли бош мияда ишемик инфаркт ўчоғи ёки ўчоқлари пайдо бўлади. Бунинг натижасида субарахноидал геморрагия учун хос бўлмаган ўчоқли неврологик симптомлар (гемипарез, афазия) вужудга келади. Ангиоспазм тромбоцитларнинг парчаланишидан ҳосил бўлган серотонин таъсири ёки томирларни иннервация қилувчи нервларнинг ортиқча қўзғалиши ҳисобига рўй беради. Ангиоспазм натижасида гемипарезнинг пайдо бўлиши нотўғри ташхис қўйишга ҳам сабабчи бўлади, яъни адашиб «субарахноидал-паренхиматоз геморрагия» ташхиси қўйилади.
    Субарахноидал қон қуйилишнинг асосий симптоми – бошда тўсатдан пайдо бўлган ўта кучли оғриқдир. Оғриқ шу қадар кучли бўладики, бемор бу оғриқни «бошимга қаттиқ зарба билан урилгандек» деб таърифлайди. Оғриқ энса-бўйин соҳасида ўта кучли, пешона соҳасида эса бироз суст ифодаланган бўлади. Бемор тўсатдан ҳушидан кетади. Ҳушдан кетиш бир неча дақиқадан бир неча соатгача давом этади. Бемор ҳушига келгандан сўнг ҳам кучли бош оғриқ давом этаверади.    Бемор оғриқ кучига чидай олмай, бошини икки қўли билан қаттиқ ушлаб ётиб олади, оғриқ қолдирувчи дориларни тезроқ қилишларини сўраб бақиради. Ёруғлиқка чидай олмай, кўзларини чирт юмади, ортиқча товуш ёқмайди. Чунки ҳар қандай ёруғлик ва товуш бош оғриқни кучайтириб юборади. Оғриқ билан биргаликда кетма-кет қусиш ҳам пайдо бўлади ва у беморнинг овқат еган-емаганлигига боғлиқ бўлмайди.
    Артериал қон босим кескин ошади. Агар қуйилган қон гипоталамусга етиб келиб, уни таъсирлантирса, юқори даражага кўтарилган АҚБ касалликнинг ўткир даврида пасаймасдан туради. Тана ҳарорати 40°С га кўтарилади, кўз тубида микрогеморрагиялар пайдо бўлади. Лейкоцитлар бироз ошиши мумкин.
    Касалликнинг дастлабки соатларидаёқ кучли даражада ифодаланган психомотор қўзғалишлар вужудга келади. Турли даражада ва давомийликда ҳушдан кетиш кузатилади. Бироқ ҳушдан кетиш ҳар доим ҳам комага ўтавермайди.        Субарахноидал қон қуйилишлар учун узоқ давом этувчи кома хос эмас. Баъзан субарахноидал қон қуйилиш эпилептик хуружлар билан бошланади. Эпилептик хуружлар, кўпинча, тарқалган эпилептик хуружлар типида намоён бўлади.
   Касалликнинг дастлабки дақиқаларидаёқ менингеал симптомлар ривожланади.   Субарахноидал геморрагияда менингеал симптомларнинг деярли барча турларини аниқлаш мумкин. Бироқ улар геморрагия даражасига қараб турлича ифодаланган бўлади. Гемипарез ва гемианестезиялар кузатилмайди. Мабодо улар кузатилса, мия томирларида рефлектор спазм рўй берган ёки қон мия паренхимасига ўтган бўлади. Одатда, рефлектор ангиоспазм сабабли рўй берган фалажликлар ёки сезги бузилишлари тез ўтиб кетади. Субарахноидал-паренхиматоз қон қуйилишларда эса фалажликлар ва сезги бузилишлари узоқ сақланади.
    Базиляр геморрагияда краниал нервлар, айниқса, кўзни ҳаракатлантирувчи нервлар ҳам зарарланади. Бунинг натижасида птоз, ғилайлик ва диплопия пайдо бўлади. Краниал нервларнинг зарарланиши қоннинг субарахноидал бўшликдан периневрал бўшлиққа ўтиши ёки нерв илдизчасининг бевосита босилиши билан боғлиқ. Агар қон олдинги краниал чуқурчага қуйилса, кўриш кескин бузилиши мумкин.
     Субарахноидал геморрагиянинг оғирлик даражаси ва беморнинг аҳволини баҳолаш учун кўпинча Хант ва Хесс 1974) шкаласидан фойдаланилади (1-жадвал).

                                                                                                                     1-жадвал. 
               Геморрагик инсултда беморнинг аҳволини баҳолаш учун
                                   Хант ва Хесс шкаласи, 1974

Ҳуши    
               Неврологик симптомлар    
                                               Даражаси

Бузилмаган    
Йўқ ёки енгил бош оғриқ ва энса мушаклари ригидлиги
I
Бузилмаган    
Бош оғриқ. Ўрта даражада ривожланган энса мушаклари ригидлиги
II
Карахтлик
Ўчоқли неврологик симптомлар бўлиши мумкин.
III
Сопор    
Енгил ёки оғир гемипарез (рефлектор ангиоспазм ёки қоннинг паренхимага ўтганлиги сабабли), интракраниал гипертензия белгилари.
IV
Кома    
Кучли ифодаланган интракраниал гипертензия
V


       Хант ва Хесс таснифи ёрилган аневризмани оператив даволашга оид масалани ҳал қилиш учун ҳам қўлланилади.
         Субарахноидал геморрагия ташхисини қўйишда люмбал пункциянинг ўрни катта. ЛП пайтида қонга бўялган ликвор катта босим билан чиқади. Ликворда катта миқдорда эритроцитлар ва лимфоцитар плеоцитоз аниқланади. Оқсил миқдори ҳам ошади. Заруратга қараб ЛП қайта ўтказиб турилиши мумкин. Кейинги ЛП да ликвор рангининг очилиб ва ундаги эритроцитлар сони камайиб бориши яхши прогностик белги ҳисобланади. Агар бир неча кун ўтгач ҳам ликвор ранги қизғиш бўлиб қолса ва ундаги эритроцитлар сони камаймаса, унда геморрагия давом этаётган бўлади. Баъзи ҳолларда қон қуйилиш бир ой ичида яна такрорланади.


Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma. Toshkent, 2017., 404 b. 
             © Z. Ibodullayev. Insult va koma. Qo`llanma. Toshkent, 2013., 193 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi    © asab.cc

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича