Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ШАХСИЙ ХАВОТИРНИНГ БЎЛМАСЛИГИ ЁМОНМИ?

ШАХСИЙ ХАВОТИРНИНГ БЎЛМАСЛИГИ ЁМОНМИ?


Ҳа, ёмон! Кунлардан бир куни тиббиёт институтимизнинг юқори курсида ўқийдиган талаба ёнимга хурсанд бўлиб келиб сўради: “Устоз! Мен ўзимда шахсий хавотирни аниқлаш сўровномасини қўллаб кўрувдим, менда сира хавотир чиқмади. Зўр-а?! Демак, мен ўз шахсимдан хавотирга тушмасам бўларкан-да?! Тўғрими, Устоз”. 
       
Мен унга қарадим. Хурсандчилигидан унинг кўзлари чақнар ва ўзидан йўқ бахтиёр эди. Бироқ унинг ўта ғам-хавотирсиз талаба эканлиги юз-кўзидан шундоқ билиниб турарди. 
       
Мен ундан – “Бирон-бир ғаминг борми?”, деб сўрадим. 
   – Йўқ!
   – Бирор нарсадан безовтаям эмасмисан? 
   – Йўқ, устоз, – деди у янада хурсанд бўлиб. 
   – Контрактга ўқийсанми? 
   – Ҳа, отам ўз вақтида тўлаб турадилар. 
   – Баҳолар қандай?
   – Ўртача, – деди кўзларини мендан олиб қочиб. 

Мен унга “Сен ўзингда шахсий хавотир йўқлигидан хурсанд бўлишинг эмас, аксинча хафа бўлишинг керак! Ҳеч нарсадан хавотир чекмай ғам-ғуссасиз яшаш – бу фаол яшаётган инсон, айниқса, сенинг ёшингдагилар учун ёт ҳолат бўлиши керак. Келажакда барча сенга ҳавас қиладиган етук шахс бўлиб етишинг учун сенда ўзига яраша хавотир бўлиши керак. Ўз устида ишлайдиган одамда хавотир бўлади. Куним ўтса бўлди деб яшаш, номига ўзиш, отамнинг шунча маблағи зое кетмаяптими, вақтим беҳуда ўтмаяптими, эртага мендан яхши шифокор чиқадими, деб хавотирга тушмаслик – бу яхши эмас ва хунук ҳолат. Биласанми, буни нимага ўхшатса бўлади? Бундай ҳолатни тузсиз овқатга ўхшатса бўлади. Унда сира мазза-матра бўлмайди ва ҳеч ким тановвул қила олмайди. Демак, хавотир – бу овқатга солинадиган туз. Бироқ у мейёрда бўлиши керак. Умуман, туз солинмаган овқатни еб бўлмагани каби шўр-шарава овқатни ҳам тановвул қилиб бўлмайди. Демак, хавотирнинг бўлмаслиги ҳам, ҳаддан ортиқ хавотир ҳам – бу зиёнли ҳолат ва бундай одамга психологик ёрдам керак. Бирмунча, енгил даражада ифодаланган хавотир – инсонни ўқишга, ишлашга ва бирор бир ишни юқори даражада бажаришга ундовчи куч! Демак, ҳар бир инсонда ўзига яраша шахсий хавотир бўлиши бу ҳимоя реаксияси ва қолаверса муваффақиятга эришиш гарови ҳамдир. Бироқ ортиқча хавотир руҳиятга зиён етказади, соғлом турмуш тарзини издан чиқаради”, дедим. 

Хўш, меъёр қандай? Нормал ёки ортиқча даражадаги шахсий хавотирни қандай аниқласа бўлади? Бу мақсадда жуда кенг қўлланиладиган Спилбергер-Ханин сўровномасидан фойдаланамиз. Бу сўровномани психолог иштирокисиз ҳар бир киши ўзида қўллаб кўриши учун ишлаб чиқилган. Бироқ олинган натижани психологга кўрсатиш мақсадга мувофиқ.


                                  Спилбергер-Ханин сўровномаси
                                 (шахсий хавотирни аниқлаш учун)

   Кўрсатма. Қуйида келтирилган ҳар бир жумлани диққат билан ўқинг ва шу кунларда ўзингизни қандай ҳис қилаётган бўлсангиз шунга мос жавоблардан бирини доирага олинг. Жавоблар устида узоқ ўйламанг ва мияга биринчи келган жавобни белгиланг



Саволлар.Вазиятлар
Хеч качон
Деярли Хеч качон
Тез-тез
Деярли хар доим
1.
Доим кўтаринки кайфиятда юраман                




2.
Менинг жаҳлим чиқиб туради




3.
Менинг хафа бўлишим осон    




4.
Мен ҳам худди бошқалар каби омадли бўлишни хоҳлардим




5.
Мен кўнгилсизликлардан қаттиқ сиқиламан ва узоқ вақт унута олмай юраман




6.
Мен куч-қувват ёғилиб келишини ҳис қиламан ва ишга шўнғигим келади                





7.
Мен тинчман, совуққонман ва ўзимни йиғиб олганман




8.
Мени рўй бериши мумкин бўлган қийинчиликлар хавотирга солади




9.
Мен арзимаган нарсаларга ҳам жуда сиқилавераман.        




10.
Менда ўта бахтиёрлик онлари бўлиб туради




11.
Мен ҳамма нарсани юрагимга яқин олавераман    




12.
Менда ўзимга ишонч етишмайди




13.
Мен ўзимни ҳимоясиздек ҳис этаман




14.
Мен ўта оғир вазиятлар ва қийинчиликлардан четроқ юришга ҳаракат қиламан




15.
Мен ўзимни маъюс ҳис этаман




16.
Менинг кўнглим шод бўлиб туради




17.
Арзимаган нарсалар менинг фикримни чалғитади ва ҳаяжонга солади




18.
Мен ўзимни омадсиздек ҳис қилиб тураман            




19.
Мен вазмин одамман




20.
Ишларим ва режаларим ҳақида ўйласам, мени кучли хавотир эгаллаб олади    





 

Маълумотларни таҳлил қилиш ва ҳисоблаш
∑1 – 2, 3, 4, 5, 8, 9, 11, 12, 14, 15, 17, 18, 20 рақамлар йиғиндиси;
∑2 – 1, 6, 7, 10, 13, 16, 19 рақамлар йиғиндиси. 

Шахсий хавотир даражасини аниқлаш учун қуйидаги оддий формуладан фойдаланилади:

 ∑1 – ∑2 + 35 = натижа (балл)

Хулоса. Агар 30 балгача тўпласангиз, демак Сизда енгил хавотир. Бу одатий ҳол. Мабодо тўпланган баллар йиғиндиси 31-45 балл орасида бўлса, буни ўрта даражадаги хавотир дейишади. Бунинг сабабини билиш учун тиббий психологга мурожаат қилиш керак. Балки Сиз асоссиз равишда хавотирда юргандирсиз. Агар кўрсаткичлар 46 балдан баланд бўлса (баъзида 80 балга ҳам етиб қолади), у ҳолда Сизда кучли хавотир ва фобия мавжуд. Сиз тиббий психолог билан жиддийроқ шуғулланишингиз керак. Бироқ ҳар қандай қўқрув, хавотир ва ваҳимани мутахассис ёрдамида узоғи билан бир-икки ой ичи­да кескин камайтириш ва бартараф этиш мумкин. Шахсий хавотир – ҳар қандай инсоннинг хавотирга бўлган мойиллигини акс эттирувчи ва унинг индивидуаллигини белгилаб берувчи хусусият. Сизга руҳий саломатлик тилаймиз! Чунки асоссиз хавотирга ўрин йўқ!

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
                 © asab.cc

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича