СУИЦИД САБАБЛАРИ ВА ПРОФИЛАКТИКАСИ
Ўз жонига билиб туриб қасд қилишга суицид (lot. sui caedere – ўзини ўлдирмоқ) деб айтилади. Суицид барча давлатларда глобал ижтимоий-психологик муаммога айланган. Айниқса, унинг болалар ва ўсмирлар орасида кўп учраётгани жамоатчиликни қаттиқ хавотирга солмоқда. Ўз жонига қасд қилишга уринган, бироқ тирик қолганларга нисбатан“суицидга уриниш” ибораси қўлланилади. Суицидга уриниш суицидга қараганда 20 баробар кўп учрайди.
Эпидемиологияси. Дунё бўйлаб ҳар йили 1 млн. одам суицид орқали ҳаётдан кўз юмади (ЖССТ, 2016 йил). Бу кўрсаткич 100 000 аҳолига ўртача 16 кишини ташкил қилади. Дунё миқёсида суицид бўйича энг олдинда бораётган давлатлар – Россия (26,5), Литва (25,7) ва Қозоғистон (22,8). Таққослаш учун Жанубий Кореяда 20,2, Белгияда 15,7, Японияда 14,3, АҚШда 13,7, Францияда 12,1, Швейтсарияда 11,3, Германияда 9,1, Исроилда 5,2 суицид кузатилади. Ушбу кўрсаткичлар ҳар йили ўзгариб туради. Масалан, 2012 йили Жанубий Кореяда суицид даражаси 28,9 ни ташкил қилган. Эътибор қилинадиган бўлса, даражаси юқори бўлган давлатларда суицид содир этилиши ҳам юқори бўлиб қолмоқда.
Мусулмон давлатларида суицид даражаси анча паст (Қозиғистон бундан истисно). Масалан, 100 000 аҳолига Қирғизистонда 9,1; Ўзбекистонда 7,4; Туркияда 7,2; Туркманистонда 7,2; Бахрейнда 5,7; Саудия Арабистонида 3,4; Тожикистонда 3,3; Бирлашган Араб Амирликларида 2,7; Озарбайжонда 2,6; Қувейтда 2,2 суицид рўй беради (ЖССТ, 2016 йил). Йиллаб уруш гирдобида қолган давлатларда суицид кам учраши эътиборни тортади. Масалан, Афғонистонда бу кўрсаткич 6,4; Ироқда 4,1; Ливанда 3,2; Сурияда 2,4 га тенг. Кариб денгизи давлатлари ва Багам оролларида суицид жуда кам учрайди.
Суицидологлар фикрича, ушбу кўрсаткичлар турли давлатларда расмий статистикада кўрсатилган маълумотлардан анча юқори бўлиши мумкин. Чунки бахтсиз ҳодиса билан суицидни ҳар доим ҳам фарқлаш осон эмас ва баъзи давлатларда суициднинг ҳақиқий кўрсаткичи яширилади.
Суициднинг ёшга боғлиқлиги. Болалик даврида суицид жуда кам учрайди. Суицидологлар фикрича, ўз жонига қасд қилиш 10 ёшдан кейин бошланади. Бу давр аввал юқори бўлган, яъни 14-15 ёш. Суициднинг “ёшариши” авваламбор ахборот технологияси жуда юқори суръатларда ривожланиши, инсон ҳаётига интернет кириб келиши билан боғлиқ. Айниқса, суицидга ундовчи турли хил сайтлар кўпайиб бораётгани ва ота-оналар ўз фарзандларини назоратсиз қолдириши 10 ёшгача бўлган болалар орасида ҳам суицидлар сони кўпайишига туртки бўлмоқда. Ҳатто бир пайтнинг ўзида гуруҳ-гуруҳ бўлиб ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Болалар орасида рўй берадиган бундай ҳолатлар англанмаган суицид ҳисобланади.
Инсон ҳаётида суицид кўп учрайдиган даврларни шартли равишда 3 га бўлиш мумкин: 1-давр – 14–24 ёш; 2-давр – 35–55 ёш; 3-давр – 70–80 ёш оралиғи. Биринчи даврда “Мен” онги шаклланиши билан боғлиқ муаммолар суицидга асосий сабаб бўлса, иккинчи даврда иш билан боғлиқ муваффақиятсизлик ва оилавий можаролар, учинчи даврда эса ёлғизлик ва касаллик билан боғлиқ ташвишлар асосий омил сифатида кўрсатилади. Суицид ўрта ёшга қараганда ўсмирлик ва кексалик даврларида кўп учрайди.
Ўсмирлик даврида, яъни 14-19 ёш оралиғида суицид содир этиш эҳтимоли юқори бўлади. Бунда “Мен” онги шаклланиши билан боғлиқ кризис ҳолатларни алоҳида кўрсатиб ўтиш лозим. Хулқ-атвордаги тажовузкорлик, ҳиссий портлашлар, ота-она билан келишмаслик ва севги-муҳаббатда муваффақиятсизликлар суицидга туртки бўлувчи асосий омиллардир. Буларнинг негизида, албатта, нейрогуморал ҳолатлар, дисгормонал ўзгаришлар ва эрта намоён бўлувчи психопатизация ётади. Бу даврда гиёҳвандликка ружу қўйишни ҳам алоҳида кўрсатиб ўтиш лозим. Ўсмирлик даврида фанатизмнинг ҳар қандай кўриниши ҳам суицидга ундовчи хатарли омил бўлиб хизмат қилиши мумкин. Масалан, футбол жамоасининг ютқазиб қўйиши баъзан фанат ўсмирнинг суицид содир этишига сабаб бўлади.
Кекса ёшдагиларда турмуш ўртоғи вафот этиб ёлғизланиб қолиши, фарзандлар эътиборсизлиги, яъни қаровсиз қолиш ёки фарзандларига юк бўлишни ўзи хоҳламаслиги ва оғир касалликлар (деменция, депрессия, апатия, атеросклероз, саратон, юрак касалликлари) суицидга туртки бўлади.
Суициднинг жинсга боғлиқлиги. Суицид аёлларга қараганда эркакларда деярли 3 баробар кўп учрайди. Бу давр кўпинча ўрта ёшга тўғри келади. Ишсизлик, оилани боқиш ва фарзандлар тарбиясидаги иқтисодий қийинчиликлар, кредит узиш билан боғлиқ муаммолар, чорасизлик, умидсизлик сабабли эртанги кунга ишонч йўқолади ва суицидга ундайди. Аксарият давлатларда эркак киши асосий оила боқувчиси бўлганлиги боис, суицидлар сони ушбу жинс вакилларида кўп. Ўсмирлик даврида бу статистика тескари тарзда ўзгаради, яъни қизларда суицид ўғил болаларга қараганда 3 баробар кўп учрайди. Бироқ кексалик даврига келиб, суицидлар сони бўйича эркаклар яна олдинга чиқиб олади.
Суицидга уринишлар. Дунё бўйича 20 млн одам ўз жонига қасд қилишга уринади. Суицидга уриниш аёлларда эркакларга қараганда 3-4 баробар кўп кузатилади. Демак, эркаклар суицидни аёлларга қараганда тезроқ амалга оширишади. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, ўз жонига қасд қилишга уриниб, тирик қолган ҳолатларда “суицидга уриниш” хулосаси қўлланилади. Бу расмий хулоса бўлиб, бундай шахслар зудлик билан суицидолог кузатувига олинади. Уларга махсус дастур асосида психиатрик, тиббий-психологик ва сотсиологик реабилитация ўтказилади. Одатда, суицидга уриниш дастлабки 3 ой ичида яна такрорланади ва фалокатли тугаш хавфи жуда юқори. Чунки суицидга кейинги уринишлар, биринчи уринишга қараганда кўпинча ўлим билан якун топади. Бироқ суицидга ҳадеб уринавериш негизида ўз мақсадига эришиш нияти ётиши мумкин, масалан истерияда. Уларда суицид симуляция кўринишида намоён бўлади. Агар истерик шахс ўз мақсадига эришса, суицидга уринишлар барҳам топади. Бироқ суицидал
уринишлар истерия туфайли рўй беряптими ёки ҳақиқатданми, уни тўғри аниқлаш имкони анча мушкул. Чунки истерия ҳам, суицид ҳам ўсмирларда кўп учрайди. Шундай экан, ўсмирни текшираётган тиббий психолог ёки бошқа бир мутахассис эҳтиёткорликни унутмаслиги керак. Шу ерда суицидга уринишлар барҳам топадиган баъзи ҳолатларни мисол тариқасида келтириб ўтамиз. Булар – қамоқхонадан озодликка чиқиш, қарздан қутулиш, оила барбод бўлишини сақлаб қолиш, узоқ давом этаётган оғир касалликдан соғайиб кетиш, унга азоб берувчи одамнинг вафот этиши, севгисига эришиш ва ҳ.к.
Суициднинг наслга боғлиқлиги. Суицид наслга боғлиқ эмас, деб ҳисоблайди кўпчилик мутахассислар. Бироқ яқин оила аъзоларида суициднинг бирмунча кўпроқ учраши, бу ҳолатга наслий мойилликни инкор қилмайди, дегувчи гипотезалар ҳам мавжуд. Шу билан бирга яқин қариндошларда суициднинг кетма-кет рўй бериши тақлид кўринишида намоён бўлаётган фалокатли ҳолат деб ҳам қаралади. Ҳар ҳолда суицид билан насл орасидаги боғлиқликни янада мукаммал ўрганиш лозим.
Суициднинг таълим даражаси ва касбга боғлиқлиги. Олий ва ўрта маълумотга, шунингдек, касбий таълимга эга бўлмаган шахслар орасида суицид кўп кузатилади. Таълим ва касбий малака қанчалик юқори бўлса, суицид даражаси шунчалик паст бўлади, деган қарашлар кўп. Бироқ индивидиумга салбий таъсир кўрсатувчи ижтимоий омиллар бу кўрсаткичга салбий таъсир кўрсатишига ҳам алоҳида урғу берилади. Бунга мисол ривожланган давлатларда суициднинг кўп учрашидир. Шу билан бирга таълимдан маҳрум бўлган Африка, Ҳиндистон, Бразилия ва баъзи Осиё давлатлари аборигенлари, папуаслари ва эскимослари орасида суицид кўп кузатилади. Сотсиумдан ажралиб қолган ушбу аҳоли қатламларида суицидга бағишланган тантанали тадбирлар пайтида ўз жонига қасд қилишлар ритуал кўринишида ҳанузгача намоён бўлмоқда.
Ўз касбининг мутахассиси бўлган баъзи касб эгаларида суицид намоён бўлишида “Ходимнинг руҳий-ҳиссий сўниши синдроми” алоҳида ўрин тутади. Соғлиқни сақлаш тизимида суицид хирурглар, реаниматологлар ва психиатрлар орасида кўп учрайди. Бошқа касб эгалари, яъни авиадиспетчерлар, учувчилар, шахтёрлар, рок мусиқачилари, банкирлар, мененжерлар, суғуртачилар, судялар, фермерлар, ҳарбийлар ва полициячилар ҳам суицид бўйича ҳавфли гуруҳга киришади. Суицид энг кам учрайдиган касб эгалари – кутубхоначилар, боғча тарбиячилари, музей ходимлари ва ўқитувчилар.
Суициднинг касалликларга боғлиқлиги. Суицидга олиб келувчи касалликлар ичида депрессия олдинги ўринда келмоқда. Унинг кетидан шизофрения, алкоголизм, наркомания ва бошқа руҳий бузилишлар етакчилик қилади. Шунингдек, саратон, сил, ОИТС ва узоқ давом этувчи бошқа оғир касалликлар ҳам ўз жонига қасд қилиш сабабчиларидан биридир. Бу кўрсаткичларга, албатта, шахс типи, оилавий шароити, диний эътиқоди, яқин инсонлар муносабати ва ижтимоий-психологик муҳит ҳам ўз таъсирини кўрсатади.
Давлат, дин ва жамиятнинг суицидга таъсири. Юқоридаги статистик маълумотлардан кўриниб турибдики, суицид даражаси ривожланган давлатларда ҳам, баъзи давлатларнинг ўта қолоқ ҳудудларида ҳам юқори бўлиб қолмоқда. Кучли иқтисодий ўсиш кузатилиб, турмуш даражаси ошиб бораётган давлатларда суицид кўп учрайди.
Дин ўз жонига қасд қилишни қоралайди. Айниқса, ҳар қандай давлат аҳолисининг ислом динига қатъиян эътиқод қилувчи қатламида ўз жонига қасд қилиш деярли кузатилмайди. Ислом дини ўз жонига қасд қилганларга ҳатто жаноза ўқишни тақиқлайди. Шу боис ҳам ислом динига эътиқод қилувчи давлатларда суицид даражаси жуда паст.
Демократик жамият ва ижтимоий адолат қонунларига амал қилинадиган, инсон ҳуқуқлари эътироф этиладиган, инсон манфаати устун бўлган ва қонун устуворлиги таъминланган давлат ва жамиятда ўз жонига қасд қилишлар ўта паст бўлади.
Суициднинг мавсумийлиги. Статистик таҳлилларга кўра, суицид баҳор ва ёз ойларида кўп, қишда эса кам кузатилади.
Суицидга мойил шахсларнинг ўзаро мулоқоти. Суицидга мойил шахслар бир-бири билан ўзаро мулоқотда бўлишса, суицидга уринишлар сони ошади. Бу ҳолат айниқса ёшлар орасида кўп. Никоҳ тўйи ўтказилганига кўп бўлмасдан ўз жонига биргаликда қасд қилган келин-куёв ҳақида маълумотимиз бор. Улар ўзларини осишган. Йигитнинг онаси билан суҳбатлашганимизда уларда ўзларини осишга ҳеч қандай важ бўлмаганини айтди. Кейинчалик маълум бўлишича, қиз ҳам, йигит ҳам авваллари ўз жонига қасд қилишга уриниб кўришган экан.
Суицидни амалга ошириш учун қўлланиладиган воситалар. Ўз жонига қасд қиладиганлар кўпинча кўп миқдорда дори ичиш, ўзини осиш, венасини кесиш, транспортлар тагига ўзини отиш, қурол-яроқлардан фойдаланиш (айниқса, полициячи ва ҳарбийлар орасида), баланд бинодан сакраш, заҳарли воситалардан фойдаланиш каби усуллардан фойдаланишади. Қандай восита ёки усулни танлаш, албатта, яшаб турган муҳитга ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ. Йирик шаҳарларда баланд бинодан сакраш кўп учраса, қишлоқ ҳудудларида ўзини осиш, дори ёки заҳарли воситалардан фойдаланиш кўп учрайди. Масалан, бир пайтлар Ҳиндистоннинг йирик плантацияси ишчилари ўз жонига қасд қилишда пестицидлардан кўп фойдаланишган. Бундай ҳолатлар кўпайиб кетганлиги боис, ҳукумат томонидан махсус қарор қабул қилиниб, қишлоқ хўжалиги соҳасида заҳарли пестицидларни қўллашга чекловлар қўйилган, махсус ҳимоя механизмлари ишлаб чиқилган ва назорат кучайтирилган. Бу яхши натижа бериб, ушбу соҳа ходимлари орасида суицидлар сони кескин камайган.
Суициднинг оиладаги муҳитга боғлиқлиги. Ўсмирлар орасида суицид кўп учраши аксарият ҳолларда оилада истерик типдаги шахс вояга етаётгани билан боғлиқ. Нима учун тўқ оила фарзандлари суицидга кўпроқ қўл уришади? Унинг негизида қандай омиллар ётади? Болалик давриданоқ фарзандни меҳрга буркаб ўстириш яхши. Бироқ уни параллел тарзда меҳнат ва масъулиятга ўргатиб бормаслик оқибатида бола улғайган сайин ота-онадан меҳрни яна ва яна истайверади. Бироқ 3-5 ёшлигидан меҳнатга ўргатилмаган бола 12-15 ёшдан сўнг унинг учун ёт бўлган фаолият турига, яъни меҳнатга қўл ургиси келмай қолади. Бунинг оқибатида, табиийки, ота-она билан фарзанд ўртасида низо пайдо бўлади. Меҳнат нималигини билмай улғайган бола, унга меҳр нимага берилаётганини ҳам англаб етмайди. У фарзандлик бурчини унутиб қўяди. Бундай бола ота-онага худди шу тарзда жавоб қайтара олмайди. Фарзанднинг онг остига ота-онага нисбатан “Фақат улар менга эътибор қаратиши керак, мен эмас” деган ақида ўтириб қолади. Натижада ота-она ўзи билмаган ва хоҳламаган ҳолда истерик ва эгоист шахсни тарбиялаб қўяди. Истерия эса суициднинг асосий сабабларидан бири. Демак, болага ортиқча меҳр ва уни меҳнатга ўргатмаслик охир-оқибат суюкли фарзандидан жудо бўлиш билан тугалланиши мумкин. Таълим ва тарбия биргаликда олиб борилиши ҳар доим таъкидланади. Бироқ бу ерга меҳнатни ҳам қўшиш керак. “Таълим, тарбия ва меҳнат” учлиги боланинг тўғри камол топишида энг кучли шиор бўлиб қолмоғи керак. Китоб болани илмли қилса, меҳнат уни тарбиялайди, ота-онага оқибатли қилади ва уни ҳаёт машаққатларига тайёрлайди. Табиийки, бундай ўсмирнинг хаёлига ўз жонига қасд қилиш келмайди, аксинча, у ҳаётдан завқланиб яшайди.
Суицидга қарши омиллар. Ҳомиладорлик суицидга қарши энг кучли омилдир. Эмизикли аёлларда ҳам суицид деярли учрамайди. Шунингдек, динга кучли эътиқод қилиш ҳам суцидни йўққа чиқаради. Бу тоифага олимлар, ихтирочилар, йирик лойиҳа устида ишлаётган мутахассислар ва катта ижодий режалар билан яшаётган касб эгалари ҳам киради. Хавотирли-фобик синдромнинг ўлимдан қўрқиш билан кечувчи тури ҳам ўз жонига қасд қилишдан сақловчи омилдир.
Иқтисодий томондан яхши таъминланган, ижтимоий ҳимояга эга мустаҳкам оилаларда ҳам суицид учрамайди. Агар ҳар бир ота-она фарзандларига кунига бир соат вақт ажратиб, уларни тингласа ва муаммоларига шерик бўлиб, ечимини топишга кўмаклашса, ўсмирлар орасида суицид даражаси кескин пасаяди ёки кузатилмайди. Албатта, бунинг учун бола ишончини қозонш керак. Акс ҳолда кўзланган натижага эришиб бўлмайди.
Шунингдек, қадимий қўл меҳнати вакиллари, яъни дурадгорлар, ўймакор усталар ва косиблар орасида ҳам суицид кам учрайди. Чунки улар илк болаликдан меҳнатга ва ҳаёт машаққатларига ўрганиб боришади. Бундай касб эгаларининг устахоналари кўпинча ўз уйида бўлади ва табиийки уларнинг фарзандлари ҳам 3-5 ёшлигидан оғир меҳнатни ўз кўзи билан кўриб боради ва ўзи ҳам иштирок этади. Оғир болалик даврини бошидан кечириб, ҳаётда ўз ўрнини топганларда ҳам суицид кам кузатилади. Масалан, Иккинчи жаҳон уруши даврида фронт ортида оғир шароитларда яшаган ва меҳнат қилганлар орасида суицид жуда кам бўлган ёки учрамаган.
Суицид турлари. Суициднинг яшириш ва тантанавор турлари фарқланади. Ҳеч кимга билдирмай ўз жонига қасд қилишга яширин суицид деб айтилади. Бундай шахс ниятини қаттиқ сир тутади. Керак бўлса, ўша куни оила аъзолари билан “дилдан” суҳбатлашиб ўтиради, театр ва киноларга бориб келади, дўстининг туғилган кунига совға-салом билан ташриф буюради ёки курсдошининг никоҳ тўйида иштирок этади, ҳатто рақсга тушади ва уйга қайтгач, ҳаммани аросатда қолдириб, шу кечасиёқ қабиҳ ниятини амалга оширади.
Ўз жонига қасд қилишни ошкор айтиб юриб, сўнгра уни амалга оширса, бунга тантанавор суицид дейилади. Бундай суицид, одатда, ўсмирлар учун хос. Ўсмир нимадандир қониқмаса, севгисига етолмаса, қайсидир талаби бажарилмаса ёки унга нисбатан зуғум ўтказилса, суицидал хаёлларга боради ва тантанавор суицидга қўл уриши мумкин. Уларнинг аксарияти хат ёзиб қолдиришади. Тантанавор суицидни амалга оширмоқчи бўлган шахс ўз мақсадини яқинларига билдиради, уларга қаттиқ талаб қўяди, ҳаётдан норозилиги унинг хатти-ҳаракатларидан, нутқидан билиниб туради. Унинг нега шу фикрга келгани аниқланиб, талаблари қондирилса, суицидни бартараф этиш мумкин. Баъзида ота-оналар унинг гапига эътибор қилишмайди, бундай бемаъни гапларингни йиғиштир, деб койиб беришади, уни бафуржа тинглашмайди. Натижада суициднинг олди олинмай қолади.
Истерик типдаги ўсмирларда ёлғондакам суицид ҳам учраб туради. Бундайлар бир нечта дорини ичиб юбориб, реанимацияга тушади, яъни дорини кўп миқдорда қабул қилмайди. Баъзилари қўлини кесади ва бироздан сўнг қон кетаётган жойни боғлаб қўяди ёки унча баланд бўлмаган бинодан сакрайди ва оёғи синиб шифохонага тушади. Яна бири узоқдан келаётган машина тагига ўзини отади (шофёр тормозни босишга улгуриши керак) ва ҳ.к. Бунинг негизида ўзига эътиборни қаратиш ва ўз мақсадига эришиш ётади. Албатта, бу ҳолат яна такрорланмаслиги учун унинг талабларини қондириш керак.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, яширин тарзда ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган шахснинг нияти атрофдагиларга аён бўлиб қолса, аксарият ҳолларда у суициддан воз кечади. Чунки бундайларнинг асосий мақсади – суицидни ҳеч кимга билдирмай амалга ошириш. Улар шу тарзда ҳаётдан кўз юмишни хуш кўришади. Бу сир уларнинг ичида қолиши керак. Агар унинг сири ўзининг эҳтиётсизлиги туфайли ёки психоаналитик билан суҳбат чоғида ошкор бўлиб қолса, у суициддан воз кечади. Аммо бу одамда кейинги суицидал уринишларни тўхтатиб қолиб бўладими ёки йўқми, бу ҳолат шахс типига ва унинг асл ниятига боғлиқ. Шахс психопатизацияси, фанатизм ва суицидга бўлган обсессия мавжуд одамларда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш анча мушкул.
Қарияларда учрайдиган суицидал ҳаракатларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида тўхталиб ўтсак. Агар ўсмирларда суициднинг асосий сабаби истерия бўлса, ўрта ёшдагиларда ишсизлик, қарияларда эса ёлғизликдир. Аксарият қарияларда ўз жонига қасд қилиш фикри турмуш ўртоғи вафотидан сўнг келади. Баъзилари тўсатдан шу ишга қўл урса, бошқа бирлари бунга узоқ муддат тайёргарлик кўради. Масалан, қарзини узади, фарзандларини ёнига чақириб “мен ўлсам отангнинг (онангнинг) ёнига қўйинглар, бир-бирингга аҳил бўлинглар” қабилида маслаҳатлар беради, яқин дўстларидан хабар олгани боради, қабристонга қатнашни одат қилади, ҳатто ўзига қабр тайёрлатиб қўяди (тўсатдан ўлиб қолса, фарзандлари шошиб қолмаслиги учун), камгап бўлиб қолади, ҳаётдан нолиш одатини чиқаради, шунча фарзанд тарбиялаб нимага эришдим, ҳаммаси ўзи билан ўзи овора, турмуш ўртоғим ҳам ўтиб кетди, деб қўшнилар ёки яқинларига нолиб юради. Агар зийрак фарзандлар бунга эътибор қаратса, ота-онасига иззат-ҳурмат кўрсатса, ҳолидан хабар олиб турса, набиралардан бирини унинг ёнига қўйса, дам олиш сиҳатгоҳларига юборса, албатта, суициднинг олдини олиш мумкин. Қарияга зарур шарт-шароит яратилмас экан, суицидолог ёки психолог суҳбатлари бефойда. Қариялар фарзандларидан кўра, набиралар билан яхши чиқишади. Ақлли набира буваси ёки бувисининг ҳаёт мазмунига айланиши табиий.
Суицид профилактикаси. Суицид глобал ижтимоий-психологик муаммо бўлганлиги боис, у билан жамоатчилик, умумий ва социал психологлар, тиббий психолог ва психотерапевтлар, психиатрлар ва суицидологлар шуғулланишади. Суицид ўта индивидуал ҳолатдир. Шунинг учун ҳам ишлаб чиқилган профилактика чоралари ҳар доим ҳам кўзланган натижани беравермайди. Бунинг исботини ривожланган давлатлардаги суицид даражасидан ҳам билиб олса бўлади. Шундай бўлса-да, ҳеч бир давлат суицид муаммоси билан шуғулланишни бир муддатга ҳам тўхтаган эмас. Ўзбекистоннинг барча шаҳарларида суицид профилактикаси бўйича туну кун фаолият кўрсатадиган “Кризис марказлари” ташкил этилган. Бу масалада энг катта юк тиббий психолог ва психотерапевтлар, психиатрлар ва суицидологларга зиммасига тушади. Фикримизча, суицид профилактикаси пирамидасини қуйидагича кўринишга эга бўлиши лозим.
Суицид профилактикаси пирамидаси (Ибодуллаев пирамидаси, 2019 й)
Ушбу пирамидадан кўриниб турибдики, суициднинг олдини олувчи илк мутахассислар – педагоглар ва умумий психологлардир. Чунки улар суицидга олиб келувчи дастлабки омилларни бартараф этувчи мутахассислардир. Педагог тўғри тарбия билан суициднинг олдини олса, умумий психолог, айниқса мактабларда фаолият кўрсатувчи психологлар хулқ-атвори бузилган болалар билан ишлаб суицидга туртки бўлувчи омилларни олдини олади. Сотсиал психолог эса суицидга туртки бўлувчи ижтимоий муаммолар ечимини излаб топади ва шахснинг ижтимоий муҳитга мослашуви билан шуғулланади.
Тиббий психолог суицидга туртки бўлувчи патологик ҳолатлар, яъни истерия, депрессия, апатия, агрессия, психосоматик ва соматопсихик бузилишлар психогигиенаси ва психопрофилактикаси билан шуғулланса, психиатрлар шизофрения, наркомания, алкоголизм, реактив психозларни самарали даволаб, суициднинг олдини олади. Суицидолог эса суицидал уриниш рўй берган шахслар билан индивидуал тарзда махсус дастурлар асосида шуғулланади. Ушбу пирамидадан кўриниб турибдики, суицид профилактикаси билан боғлиқ асосий юк суицидологга эмас, балки бошқа соҳа мутахассисларига юкланади.
Суицид рўй бериши хавфини аниқлаш ва уларни бартараф этиш. Авваламбор психиатр ҳам, суицидолог ҳам кучли психолог бўлишлари керак. Суицидга биринчи бор уриниб тирик қолган шахс кейинги уринишда, албатта, ниятига эришиши мумкин. Улар билан суҳбат олиб боришда ўта эҳтиёткор бўлиш лозим. Чунки бундай шахслар орасида суицид муваффақиятсиз чиққанидан, у юз ўгирган ҳаётга яна қайтганидан афсус чекадиганлар ва ҳаммага шарманда бўлдим, ундан кўра ўлиб кетсам бўлмасмиди, дейдиганлар ҳам бўлади. Бу ҳам ўзига яраша руҳий зарба. Шу боис ҳам суицидга кейинги уринишлар кўп ҳолатларда ўлим билан тугайди. Яшашдан кўра, ўлишни афзал кўрдими, демак, унинг фикру хаёли кейинги суицидни амалга оширишда бўлади. Бундайларни руҳий ногиронлар деб аташ мумкин. Улар жуда катта тиббий-психологик ва ижтимоий реабилитацияга муҳтож бўлиб, улар билан суицидолог мукаммал шуғулланиши керак.
Бемор албатта суицидологга боради, унинг суҳбатларига қулоқ тутади. Одамларни ўз жонига қасд қилишдан сақлаб қолувчи ушбу мутахассиснинг нималар дейиши ва қандай усулларни қўллаши унинг учун қизиқарли туюлади. Бундай пайтларда ноўрин айтилган бир оғиз сўз ёки суицидни аниқлаш учун қўлланилган саволномадаги бирор жумла ушбу шахс томонидан нотўғри талқин қилиниши мумкин. Шу боис улар билан савол-жавоб нега суицидга қўл ургани ҳақида эмас, балки мутлақ бошқа нарсалар, масалан, унинг касбига оид саволлар билан бошланиши керак. Масалан, у мусиқашунос бўлса, “Сизни жуда талантли инсон дейишади, агар мумкин бўлса битта куй чалиб беринг” , агар у соат устаси бўлса, “Қўл соатимни бир кўриб берасизми, анчадан буён ишламаяпти”, рассом бўлса, “Агар мумкин бўлса менинг портретимни чизиб берасизми”, у компютер устаси бўлса, “Мана шу ноутбукни бир кўриб берасизми, антивирус яхши ишламаяпти” қабилидаги саволлар билан унга мурожаат қилиб, руҳий карахт ҳолатга тушиб қолган инсонни секин-аста ҳаётга қайтариш мумкин. Бунинг учун аввало бир-икки психологик суҳбат орқали беморнинг ишончига кириб олиш ва уни мулоқотга жуда эҳтиёткорлик билан чорлаш керак. Чунки суицидга уриниб тирик қолганлар анча муддат ҳеч ким билан суҳбатлашгиси келмай юради.
“Соғлом шахс”да рўй берган суицидал уринишлар ва давом этаётган суицидал фикрлар сабабини аниқлашда психоаналитик услуб жуда қўл келади. Психоанализ ҳар доим бундай шахслар билан ишлашда юқори натижа берган. Шу боис “Кризис марказлар”да фаолият кўрсатадиган тиббий психологлар, психотерапевтлар, психиатрлар ва суицидологлар психоанализ ва психодинамик терапия бўйича малака ошириб туришади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, суицид муаммоси билан нафақат тиббиёт ходимлари ва психологлар, балки кенг жамоатчилик ҳам шуғулланиши керак. Бу борада ҳар бир секторнинг ўзига яраша қиладиган ишлари мавжуд. Бироқ жамоатчилик “Кризис марказлари” томонидан ишлаб чиқилган кенг оммага мўлжалланган адабиётлар, методик кўрсатмалар асосида ишлаши талаб этилади. Масалан, болалар ва ўсмирлар орасидаги суицидал уринишларга нафақат оиладаги муҳит, балки мактаб ва лицейларда ўқувчи шахсиятига тегадиган нотўғри хатти-ҳаракатлар ҳам сабаб бўлади. Бу ёшдагиларда суицидга ундовчи асосий омиллар истерия ва аутоагрессиядир. Унинг келиб чиқишига йўл қўймаслик учун мактаб психологлари фаол ишлашлари керак.
Невроз, истерия, депрессия, агрессия, апатия, психопатия каби психоген касалликлар ва шахс бузилишлари аҳоли орасида жуда кенг тарқалган ва айнан мана шу ҳолатлар бориб-бориб суицид рўй беришига сабаб бўлиши мумкин. Демак, тиббий психолог ва психотерапевтлар томонидан ишлаб чиқиладиган психогигиена ва психопрофилактика хизмати кенг йўлга қўйилиши керак.
Ислом дини суицидни қаттиқ қоралайди. Шундай экан, суицид профилактикаси билан шуғулланадиган мутахассислар ўз жонига қасд қилишни қоралайдиган оят ва суралардан воқиф бўлишлари ва улардан мунтазам фойдаланишлари зарур.
Шунингдек, давлат, жамият ва маҳаллий ҳокимият органларининг аҳоли турмуш тарзини яхшилаш ва ишсизликни бартараф этиш борасида олиб бораётган ишлари ҳам суицидни олдини олишида муҳим аҳамиятга эга.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494
© З. Ибодуллаев. Асаб ва руҳият. 4-нашр. Тошкент., 312 б
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича