Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси БОШ МИЯНИНГ МЕТАСТАТИК ЎСМАЛАРИ

БОШ МИЯНИНГ МЕТАСТАТИК ЎСМАЛАРИ


Бош миянинг метастатик ўсмалари, одатда, ўсма ҳужайраларининг бошқа аъзолардан артериал қон томирлар орқали бош мияга етиб келиши сабабли ривожланади. Шу боис бош миянинг метастатик ўсмалари васкуляризация кучли бўлган соҳалар, яъни бош мия катта ярим шарларида кўп учрайди. Метастатик ўсмалар жуда кўп ҳолларда супратенториал жойлашади. Бош миянинг метастатик ўсмалари, кўпинча, ўпка раки сабабли ривожланади. Кам ҳолларда кўкрак бези раки, меланома, бўйрак ва тўғри ичак раклари бош мияга метастаз беради.
       
Калла суягида жойлашган метастатик ўсмалар жуда кам ҳолларда мия тўқимасига ўсиб киради. Чунки бунга бош миянинг қаттиқ пардаси тўсқинлик қилади. Dura mater калла суягида жойлашган ўта хавфли ўсмаларнинг бош мия томон инфилтратив йўл билан ўсишига тўсқинлик қилади. Агарда калла суягининг метастатик ўсмаси бош мия тўқимасига ўта олса ёки краниал нервларни зарарласа, неврологик симптомлар вужудга келади. Шунингдек, бу ўсмалар қаттиқ парда синуси окклюзиясига сабабчи бўлиб, оғир ҳолатни юзага келтириши мумкин.
       
Метастатик ўсмалар клиникаси кўпинча инсультга ўхшаб бошланади. Локал неврологик симптомларнинг инсультсимон тарзда ўткир пайдо бўлиши, кўп ҳолларда ўсмага қон қуйилиш билан боғлиқ. Чунки ўсманинг томирлари мўрт бўлади. Ўсмага қон қуйилиши, асосан, АҚБ кўтарилганда рўй беради. Бундай пайтларда беморга “Мия инсульти” ташхиси қўйилади. Агарда чуқур текширувлар ўтказилмаса, ўсма касаллиги эътибордан четда қолади.
       
Метастатик ўсмалар бош миянинг турли соҳаларида пайдо бўлиши мумкин. Уларнинг баъзилари ўчоқли неврологик симптомлар билан намоён бўлса, бошқа бирлари неврологик симптомларсиз кечади. Метастатик ўсмаларнинг клиник белгилари ўткир вирусли респиратор инфекциялардан сўнг ҳам вужудга келади ва неврологик симптомлар аста-секин зўрая боради. Бундай пайтларда касаллик менингоэнцефалитга ўхшаб кечади ва бу ҳолат ҳам диагностик хатоларга сабабчи бўлади.
       
Метастатик ўсмаларнинг деярли барчасида кучли интоксикация ривожланади. Бунинг асосий сабаби – ўсманинг парчаланиб туриши ва ўсма тўқималаридаги дисметаболизм. Токсик энцефалопатия кучли бош оғриғи, қусиш, бош айланиши, уйқу бузилиши, руҳий бузилишлар, хотира пасайиши ва умумий ҳолсизлик каби белгилар билан намоён бўлади. Уларни вақтинча бўлса-да, дорилар билан коррекция қилиш мумкин. Даволаш муолажаларидан сўнг беморнинг аҳволида ижобий ўзгаришлар пайдо бўлади.
       
Баъзида бош миянинг метастатик ўсмалари токсик миелопатия билан намоён бўлади. Бундай пайтларда церебрал симптомлардан спинал симптомлар устунлик қилади. Бу ҳолат, кўпинча, мия қоринчалари ва субарахноидал цистерналарда жойлашган ўсмаларда кузатилади.
       
Метастаз кўп ҳолларда бош мия паренхимасида ривожланганлиги боис, ИКГ ва кўрув нерви диски димланиши кам учрайди ёки улар пайдо бўлгунга қадар ташхис аниқланади. Бош миянинг метастатик ўсмасида перифокал шиш яққол ифодаланган бўлади. Аксарият ҳолларда, даволаш муолажаларидан сўнг локал симптомлар йўқолади. Бу эса перифокал шиш йўқолиши билан боғлиқ.
       
Бош миянинг метастатик ўсмаларида интракраниал геморрагия, церебрал ишемия, мия веналари тромбози, мия томирлари эмболияси каби патологик ҳолатлар ҳам кузатилади. Беморнинг умумий аҳволи жуда оғир бўлиб, у озиб кетади. Калла суягининг асосида жойлашган мия пардаларининг метастатик ўсмалари ясси ҳолда ўсади ва бир қанча краниал нервларни зарарлайди. Бунга Гарсен синдроми деб айтилади. Бу синдром, кўпинча, калла суяги асосида пайдо бўлган карцинома ва саркомаларда ривожланади. Бош миянинг метастатик ўсмаси аниқланган ҳолатларда бошқа аъзоларни (ўпка, кўкрак бези, ошқозон-ичак системаси ва ҳ.к.) ҳам чуқур текшириш зарур.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © asab.cc

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича