БОШ МИЯ КАТТА ЯРИМ ШАРЛАРИ ПЎСТЛОҒИ
Бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи (кейинчалик пўстлоқ) ҳам филогенетик, ҳам онтогенетик жиҳатдан кейин пайдо бўлган тузилмадир.
Пўстлоқнинг асосий вазифаларидан бири – инсоннинг руҳий фаолиятини бошқариш. Бир сўз билан айтганда, пўстлоқ онгли фаолиятга масъул. Пўстлоқ кулранг тусга эга бўлиб, ўртача 14 млрд. нерв хужайраси, яъни нейронлардан ташкил топган. Пўстлоқ қалинлиги – 3-4 мм.
Пўстлоқ ғадир-будур тузилишга эга бўлиб, унда пушталар ва эгатчалар фарқ қилинади. Пўстлоқ 6 қаватдан иборат: 1 – молекуляр қават; 2 – ташқи донадор қават; 3 – кичик пирамидал хужайралар қавати; 4 – ички донадор қават; 5 – катта пирамидал хужайралар қавати; 6 – полиморф хужайралар қавати.
Пўстлоқ нейронлараро алоқаларнинг жуда кўплиги билан ажралиб туради. Бола дунёга келгандан то 18 ёшга тўлгунга қадар ушбу алоқалар сони кўпайиб боради.
Бирламчи, иккиламчи ва учламчи майдонлар. Пўстлоқда бирламчи, иккиламчи ва учламчи майдонлар фарқ қилинади (1-расм).
1-расм (а, б, в). Пўстлоқда жойлашган проекцион, проекцион-ассоциатив ва ассоциатив майдонлар: a – бирламчи майдонлар; б – иккиламчи майдонлар; в – учламчи майдонлар
Бирламчи майдонлар проекцион типдаги хужайралардан иборат бўлиб, пўстлоқ марказларини периферия билан боғлайди. Масалан, олдинги ва орқа марказий пушта нейронлари, энса соҳасида жойлашган кўрув маркази, чакка соҳасида жойлашган эшитув маркази бирламчи майдонларга киради (1-жадвал).
1-жадвал
Пўстлоқ майдонлари | Бродманн майдонлари |
Бирламчи майдонлар (проекцион соҳалар) | 3 – орқа марказий пушта 4 – олдинги марказий пушта 17 – бирламчи кўрув соҳаси 41 – бирламчи эшитув соҳаси |
Иккиламчи майдонлар (проекцион-ассоциатив соҳалар) | 1, 2 ва 5-майдонлар – тери-кинестетик анализатори; 18 ва 19 – кўрув гностик марказлари 22 ва 42 – эшитув анализатори; 6 ва 8-майдонлар (премотор соҳа) – ҳаракат анализатори |
Учламчи майдонлар (ассоциатив марказлар) | Пешона соҳасида – 9, 10, 11, 45, 46, 47; Чакка соҳасида – 21 ва 31 майдонлар; Пастки париетал пушта – 39 ва 40 майдонлар |
Барча бирламчи майдонларни топик принцип асосида тавсифлаш мумкин. Чунки ушбу марказлар аниқ бир функцияни бажаришга ихтисослашган ва периферия билан боғланган. Масалан, кўрув аппаратидан келувчи сигналлар 17-майдонга, эшитув аппаратидан 41-майдонга, умумий сезгидан келувчи сигналлар 3-майдонга келади. Ҳаракат билан боғлиқ йўллар эса 4-майдондан бошланади. Умуман олганда, бирламчи майдонлар зарарланиши нейропсихологик симптомлар эмас, балки неврологик симптомлар билан намоён бўлади. Бундай бузилишлар неврологик текширувлар ёрдамида дарров аниқланади. Бунга мисол қилиб гемипарез, гемианестезия, кортикал кўрликларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
Иккиламчи майдонлар бирламчи майдонлар ёнида жойлашган бўлиб, проекцион-ассоциатив ҳужайралардан иборат. Бирламчи майдонларга келиб тушган сигналлар иккиламчи майдонларга узатилади ва бу ерда улар мураккаб анализ ва синтез қилинади. Масалан, 17-майдон предметни кўради, бироқ унинг нималигини танимайди, 18 ва 19-майдонлар эса предметни танийди. Шунинг учун ҳам 17-майдон зарарланса, кортикал кўрлик пайдо бўлади. 18 ва 19-майдонлар зарарланса, кўрув агнозияси ривожланади. Демак, 17-майдон объектни кўриш учун жавобгар бўлса, 18-майдон объектни таниш (билиш) учун жавобгар.
Учламчи майдонлар фақат ассоциатив нейронлардан иборат бўлиб, пўстлоқда бир неча анализаторлар билан чегарадош соҳаларда жойлашган. Учламчи майдонлар пўстлоқнинг деярли ярмини эгаллаган бўлиб, турли функционал системаларни бир-бири билан боғлаб туради. Учламчи майдонлар жойлашган соҳаларни пўстлоқнинг ассоциатив соҳалари деб аташади. Улар калта ўсимтали юлдузсимон хужайралардан иборат. Ассоциатив соҳалар пўстлоқнинг темпорал, париетал ва окципитал бўлаклари чегарасида (ТРО – temporo-parieto-occipital) соҳаси ҳамда префронтал соҳада жойлашган. Фақат инсон учун хос бўлган ўта мураккаб интеллектуал операциялар айнан учламчи майдонлар фаолияти билан боғлиқ. Бунга нутқ ва у билан боғлиқ бўлган онгли фаолиятни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Бирламчи ва иккиламчи майдонлар ҳайвонларда ҳам бўлади. Бироқ учламчи майдон уларда йўқ.
Ўтказувчи йўллар. Аввал айтиб ўтганимиздек, бош мия катта ярим шарларининг оқ моддаси ўтказувчи йўллардан иборат. Ўтказувчи йўллар 3 турга ажратиб ўрганилади:
- Ассоциатив – битта ярим шарнинг турли соҳаларини бир-бири билан боғловчи йўллар. Уларнинг аксарияти равоқсимон калта йўллар.
- Комиссурал – иккала ярим шарни бир-бири билан боғловчи йўллар (корпус каллосум);
- Проекцион – бош мия катта ярим шарларини МНС нинг пастки тузилмалари билан боғловчи йўллар (пирамидал йўллар, сезги йўллари ва ҳ.к).
©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. Darslik., 2-nashr., T.; 2021., 960b.
©Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. T.; 2021., 312b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича