ЖАРРОҲЛИК АМАЛИЁТИДА БЕМОРЛАР ПСИХОЛОГИЯСИ
Жарроҳ ва бемор орасидаги психологик муносабатлар
Тиббиётда жарроҳлик амалиёти алоҳида ўрин тутади. Халқ орасида «Агар бемор дори-дармон билан тузалмаса, уни операция қилиб, жарроҳлар тузатишади», деган фикр юради. Терапевтик амалиётга нисбатан, жарроҳлик амалиёти аксарият беморлар ва уларнинг яқинлари учун катта бир психологик синовдир. Демак, тиббиётнинг бошқа йўналишларидаги каби жарроҳлик амалиётида ҳам психологик ёрдамнинг аҳамияти жуда юқори. Буни жарроҳлик касбини танлаётган ҳар бир талаба англаши зарур.
Тиббий психологиядан маъруза тугашига бироз қолганда “Саволлар борми?” деб талабаларга мурожаат қилдим. Яхши ўқийдиган бир талаба қўл кўтариб, “Устоз, мен жарроҳ бўлмоқчиман, отам ҳам жарроҳ, операцияларга қатнашиб юраман, яхши жарроҳлар навбатчилигига келиб тураман, жарроҳ бўламан, деб институтга кирдим. Операцияга буюрилган бемор билан жарроҳ узоқ вақт суҳбатлашиб ўтириши шартми? Масалан, жарроҳҳ кучли бўлса, психологик суҳбатлар шартми? Шунга сиз нима дейсиз?” – деб сўради.
Савол ўринли эди. Албатта, жарроҳ ва бемор учун муваффақиятли ўтган операция ҳар қандай психологик суҳбатдан юқори. Лекин афсуски, кўпчилик врачлар психологнинг асосий вазифаси бемор билан суҳбатлашиб, уни тинчлантириш деб билишади. Суҳбат – бу психодиагностика ва психотерапиянинг асосий қуроли. Бироқ психология – инсон тасаввури доирасига ҳам сиғмайдиган беқиёс имкониятлар ва ўзининг турли услубларига эга фан. Психологиянинг имкониятлари чексиз!
Талабанинг саволига қуйидаги воқеа тафсилотлари жавоб бўлса керак. Мени жарроҳлик бўлимига «Невропатолог маслаҳати керак», деб чақириб қолишди. Бемор ётган палатага кирсам, профессор бир қанча врачлар, талабалар ва ўқитувчилар билан мен кўришим зарур бўлган беморни текшираётган экан. Мен профессор кўриги тугашини кутиб чеккароқда турдим. Беморни операция қилган ёш врач касаллик варақасини ўқиб беряпти. Врач ўз навбатчилиги пайтида беморни “ўткир аппендицит” ташхиси билан зудлик билан операция қилган. Операция маҳаллий оғриқсизлантириш усули орқали қилинган ва муваффақиятли ўтган. Операциядан сўнг бемор эрталабгача ухлаган. Эрталаб соат ўнларда “Операция бўлган жойим кучли оғрияпти”, деб палата врачини чақирган. Врач кириб қараса, бемор оёқларини букиб, ёнбошлаб ётибди. Врач операция қилинган жойни текширган ва у ерда ҳеч қандай асоратларни кўрмагач, ҳамширага тинчлантирувчи укол қилишни буюрган. Бемор уколдан сўнг ухлаб қолган, бироқ уйғонгандан сўнг «Яна оғрияпти, операция қилинган жойда тампон ёки бошқа бирор нарса қолган бўлса керак», деб йиғлайверган. Кечга яқин оғриқ кучайган, бемор ғужанак бўлиб ётиб олган, тана ҳарорати ҳам 38 С га кўтарилган. Бемор тинчлантирувчи уколдан воз кечган. «Операция қилинган жойда врач бирор нарсани унутиб қолдирган» деб, врачларни қайта операцияга ундаган. Ўша куни кечқурун беморни бошқа бир ёши катта жарроҳ, фан номзоди операция қилади. Иккинчи операцияни қилган ушбу жарроҳ ҳам беморни кўришда иштирок этаётган эди. У операция ҳақида маълумот берди. Операция жойи иккинчи бор очилганда, у ерда ҳеч қандай нарса унутилиб қолинмагани ва биринчи операция ҳақиқатан ҳам муваффақиятли ўтганини айтди. Бироқ, шундай бўлса-да, мана бугун, яъни дастлабки операциянинг 4-куни ҳам оғриқ тўхтамаётгани, аксинча, кучайгани ва шу боис невропатолог чақиришганини профессорга айтишди. Профессор иккала жарроҳни ҳам тинглаб беморга юзланди. Ғужанак бўлиб ётиб олган бемор қўрқув-хавотир тўла кўзлари билан профессорга тикилди. Кароватнинг бош қисмида беморнинг қизи ҳам суҳбатга қўшилди ва онасининг кечаси бир неча бор оғриқдан уйғонгани, оғриқ қолдирувчи уколлардан воз кечганини айтди. Профессор бемордан «Нима учун оғриқ қолдирувчи дорилардан воз кечяпсиз, ахир оғриқ қолса, ўзингизга яхши-ку», деган саволга бемор “Ахир аппендицитда оғриқ қолдирувчи дори қилса бўлмайди, у ёрилиб, йиринг қоринга ўтиб кетади дейишади-ку», деди. Талабалардан бири суҳбатга қўшилиб «Операциядан олдин оғриқсизлантирувчи уколлар қилинмайди, операциядан сўнг эса мумкин», деди. Профессор бемор билан баҳслашиб ўтирмасдан, уни текшира бошлади. Бемор ғужанак бўлиб олган, қорнини очиб, текшириш ва ҳаттоки, танасига қўл тегизишга йўл бермасди. Бемор гап билан чалғиганда, оғриққа эътибор қилмас, операция ҳақида сўз кетганда, оғриқдан инграрди. Профессор «Сиз оёқларингизни секин-аста ёзиб юборинг, шундай қилсангиз, оғриқ камаяди», деди. Бемор қўрқиб секин оёқларини узатди. «Энди кўйлакни кўтаринг», деди доктор. Бемор «Лекин қорнимга тегмайсиз», деб кўйлагини секин кўтарди ва қўрқув-хавотир билан докторга қаради. Операция қилинган жой бинт билан ёпиб қўйилган ва лейкопластир ёпиштирилган эди. Профессор «Энди бу бинтни оламиз, мен операциялар қандай ўтказилганини кўришим керак», деди. Бироз уринишлардан сўнг бемор кўнди. Профессор операция бўлган жойни кўриб, иккала операция ҳам муваффақиятли ўтганига яна бир бор ишонч ҳосил қилди. Бироқ бемор ҳамон оғриқдан шикоят қилар ва «Операция бўлган жойда худди бир нарса тугундек тиқилиб турибди», деб йиғларди. Вазиятдан чиқиш керак эди. Профессор беморни кўндириб, операция бўлган жойни текшира бошлади ва кесилган жойнинг атрофини атайлаб бирдан босиб юборди. Бемор дод-вой солиб, бақириб юборди ва яна оёқларини ғужанак қилиб олди.
Профессор «Ана холос!» деб операция қилган жарроҳларга юзланди. У «Операциялар яхши ўтган, бироқ бемор ғужанак бўлиб ётаверганидан, операция ўрнидаги нервлар тугилиб қолган, операциядан сўнг оёқларни чўзиб ётиш керак эди. Нега шуни беморга айтмадинглар, ана энди кесилган нервлар битиш ўрнига тугилиб қолибди», деб докторларни койигандек бўлди. Баъзи докторлар профессор нима демоқчи эканлигини англаб етишган бўлса, бошқа бирлари нима учун у «нервлар тугилиб қолган», деб айтаётганидан ҳайрон бўлиб қараб туришарди. Инграб ётган бемор эса бирдан зийрак тортиб, «Энди нима бўлади?», деб хавотир билан профессорга юзланди. Профессор биринчи операция қилган докторга қараб, «5 граммли шприцга новокаин тортиб келинг» деди. “Энди ўша “нервлар тугилиб” қолган жойга новокаин юборамиз ва тугунни ёзиб юборамиз», деди ва беморга қараб, «Энди чидайсиз, новокаин юбораётганимда оғриқ яна кучаяди, сўнг сиз оёқларингизни оғрисаям, букиб-оча бошлайсиз ва ана шундан сўнг тугилган нерв очилиб кетади ва оғриқ 10 дақиқага етмасдан тўхтайди», деди. Бемор бироз иккиланиб турди-да, қўрқа-писа хавотир билан оёқларини ёзди ва ўзи қорнини очди. Профессор операция қилинган жойни спирт билан тозалаб, чандиқнинг икки четига шприц тиқиб, зудлик билан новокаин юборди. Бемор додлаб юборди. Профессор «Айтдим-ку сизга, оғрийди деб, қани энди айтганимни қилинг, тез-тез оёқларингизни букиб-ёзинг, ана шунда нервлар ёзилиб, оғриқ камая бошлайди, акс ҳолда яна 3-операцияни қилиб, ўша узилган нервларни бир-бирига улашга тўғри келади, қани тез-тез бўлинг!». Бемор шошиб-пишиб профессорнинг кескин тарзда берган буйруқларини бажарди. «Энди ўтириб олинг, қани тез-тез бўлинг!” деб, беморни шоширди. Бемор “Ахир ...” деб сўзга шайланувди ҳамки, профессор “Айтганимни қилинг” деди буйруқ оҳангида. Бемор бироз қийналиб бўлса-да, ўтириб олди. «Энди ўрнингиздан туриб юринг, тез бўлинг!». Деярли 5 кундан буён туриб юрмаётган ва фақат оғриқдан шикоят қилиб ётган бемор бироз ишончсизлик билан бўлса-да ўрнидан туриб юра бошлади. Энди бемор оғриқ сезмаётган ва ўзида йўқ хурсанд эди. Бемор палатада юра бошлади, бемор кўригида иштирок этаётганлар иккига бўлиниб, унга йўл беришди. Профессорнинг кўзи менга тушди. «Ие, невропатологимиз ҳам шу ерда эканлар-ку, бу беморга энди невропатологнинг кераги йўқ. Мана, ўзимиз даволаб қўйдик», деди кулиб. Профессор операция қилган врачга боқиб, «Бу беморга бугуноқ уйга жавоб беринг, энди у соғ!» деди юмшоқ оҳангда. Деярли ярим соат олдин оғриқдан ҳатто оёғини ҳам очиб-ёза олмаётган бемор профессор томонидан жуда устомонлик билан ўтказилган психотерапия ва плацеботерапиядан сўнг дарддан халос бўлди. У энди уйга кетиши мумкинлиги ҳақидаги янгиликдан хурсанд бўлиб, ўзи ётган ўрнини тахлаб, қизига топшириқлар бериб, кетиш тараддудига тушиб қолди.
Профессор ёнидаги шогирдлари ва талабалар билан бошқа палаталардаги беморларни кўргани чиқиб кетди. Мен бемор билан суҳбатлаша бошладим. Суҳбат асносида маълум бўлдики, беморнинг ёнида парвариш қилиб ўтирган 24 яшар қизи вилоятда «ўткир аппендицит» ташхиси билан уч марта операция бўлган ва иккала ҳолатда ҳам операция муваффақиятсиз чиққан: биринчи гал врач тампонни унутиб қолдирган ва у иккинчи операцияда олиб ташланган, операция қилинган жой йиринглаб кетиб, «аппендоэктомия асорати, чегараланган перитонит» ташхиси билан учинчи бор операция қилинган. Барча воқеалар онасининг кўз олдида бўлиб ўтган. Бемор 20 кундан ортиқроқ жарроҳлик бўлимида қолиб кетган ва шу вақт мобайнида унинг ёнида доимо онаси бўлган. Учта операция 3 та врач томонидан амалга оширилган. Дастлабки операцияни қилган врач беморни 3 кунда уйга чиқариб юборишни ваъда қилган. Бироқ вазият оғир тус олган. Ушбу вазият бутун бир оилада катта руҳий жароҳат қолдирган. Онаси «Кизим энди тузалмайди, ногирон бўлиб қолади», деб қўрқиб юрган. Чунки 20 кун ичида қизи жуда озиб ҳам кетган. Лекин бемор қийналиб бўлса-да, тузалган. Орадан 2 йил ўтмай, Тошкентда ўқиб юрган талаба ўғлини қизи билан бирга кўргани келган онанинг ўзи аппендицит бўлиб қолади ва вазият юқорида кўрсатилганидек кескин тус олади.
Профессор ишлатган усулни беморни операция қилган иккала жарроҳ ҳам қўллаши мумкин эди. Бироқ уларда уқув ва тажриба етишмади. Бу оддий бир аппендицит билан бўлган воқеа. Жарроҳлик амалиётида бир қанча мураккаб ҳолатлар мавжудки, уларнинг аксарияти психологик ёндашувни талаб қилади. Демак, жарроҳлик операциялари муваффақиятли ўтиши учун ҳар бир жарроҳ нафақат ўз касбининг мутахассиси, балки етук психолог ҳам бўлиши керак.
Жарроҳлик касбида шошилинч операцияларнинг кўплиги, вақт тиғизлиги жарроҳлар билан беморлар орасида ўзгача психологик муҳитнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Яна шуни таъкидлаш лозимки, тиббиётнинг бошқа йўналишларига қараганда жарроҳликда беморлардан фаоллик эмас, аксинча, эҳтиёткорлик ва кам ҳаракат талаб қилинади. Жарроҳлик касбининг ўзига хослиги – тез қарор қабул қилиб, зудлик билан уни амалга оширишдир, режали операциялар бундан мустасно. Баъзи жарроҳлар операция сабаби ва ундан қутиладиган натижа ҳақида беморга айтиб ўтирмайди. Бу эса беморда хавотир уйғотиши мумкин. Бундай пайтларда бемор белгиланган операциядан воз кечиши ёки бўлмаса, операция тафсилотларини ёритиб берувчи бошқа жарроҳни танлаши мумкин. Бироқ шуни тан олиш лозимки, операцияни муваффақиятли бажарадиган ва катта обрў-эътиборга эга бўлган жарроҳдан бемор ҳар қандай вазиятда ҳам воз кечмайди, ҳатто у қўпол бўлса ҳам.
Жарроҳлик операциясининг ўзи ҳам бемор психологиясига, унинг ҳис-туйғуларига турлича таъсир қилади. Чунки вужуд ва тана ягона бир тизимдир. Операциядан сўнг руҳий мувозанатнинг салбий ёки ижобий томонга қараб ўзгариши, албатта, операция натижасига боғлиқ. Операция муваффақиятли бажарилса, операциядан олдинги қўрқув, хавотир ва ўзаро тушунмовчиликлар дарров барҳам топади. Агар операция натижаси муваффақиятсиз бўлса, операциядан олдинги гумон, хавотир ва шу каби тушунмовчиликлар жарроҳ учун ёмон тус олиши, баъзан эса катта жанжалга айланиб кетиши мумкин. Шунинг учун ҳам аксарият Ғарб давлатларида операциянинг барча тафсилотлари, устунликлари ва асоратлари беморнинг яқин қариндошлари ҳамда унинг ўзига тушунтириб берилади, албатта, деонтология ва этика қоидаларига амал қилган ҳолда. Сир сақланиши шарт бўлмаган ҳолатларни бемордан яширишга ҳожат йўқ. Чунки сақланиши шарт бўлмаган сир-саноатлар бемор ва унинг қариндошларида жарроҳ ва у ўтказаётган операциясига нисбатан катта гумон уйғотиши мумкин. Бу гумон операция муваффақиятсиз чиққан тақдирда, жарроҳни ёмон вазиятда қолдириши ва икки ўртада судлашувлар бошланиб кетишига сабаб бўлади.
Агар операциялар бирор бир аъзо ёки унинг бир қисмини олиб ташлаш билан якунланса, операция муваффақиятли чиққан тақдирда ҳам бемор руҳияти бузилади. Чунки у ушбу операция сабабли аввалги касбида ишлай олмаслиги ёки тўлақонли ҳаёт кечиролмаслиги мумкин. Албатта, бундай пайтларда жарроҳ ушбу операцияни қилмаса, бошқа асоратлар юзага келиши мумкинлиги, энди бундан сўнг жарроҳлик муаммоларидан халос бўлганлиги, соғлиғига эътибор қилиб юришини беморга тушунтириб, уни тинчлантириши лозим.
Мутахассислар фикрича, жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган беморларнинг 30 % да, баъзи маълумотларга кўра 70 % да у ёки бу кўринишда руҳий бузилишлар кузатилади, айниқса, ипохондрия. Улар жарроҳдан касаллигини синчковлик билан текшириш, бир нечта врачлар иштирокида консилиум ўтказилишини талаб қилишади. Баъзилари эса бошқа бир жарроҳлар билан маслаҳатлашади, «Операция шартми-йўқми?» деб, ўзи танийдиган врачлар олдига боради. Бошқа бир беморлар эса ўзини қийнаб юрган дарддан операция орқали биратўла қутулиш истагида жарроҳларга мурожаат қилишади. Кўпинча бундай ҳолатлар истерияга дучор бўлган беморларда кузатилади. Бемор ўзини қийнаб юрган буқоқни ёки бўлмаса, қорин соҳасидаги доимий оғриқдан батамом қутулиш учун операция қилдиради. Ҳақиқатан ҳам тонзиллоэктомия, струмэктомия, холецистоэктомия, аппендоэктомия каби операциялар бемор хоҳишига қараб (албатта, тиббий кўрсатмаларни эътиборга олган ҳолда) ўтказиб турилади. Масалан, соғлом одамлар «Оғир аппендицит бўлиб қолсам нима бўлади, яхшиси, соғ пайтимда кўричакдан қутулиб қўя қолай», деб ўзлари онгли равишда операция қилдиришади. Бундай ҳолатлар, айниқса, яқинлари тўсатдан аппендицит бўлиб, операция бўлган одамларда кузатилади. Ўзининг ҳам шу ҳолатга тушиб қолишидан қўрқиб, жарроҳга мурожаат қилади. Аппендоэктомия операцияси унча мураккаб бўлмаганлиги сабабли, баъзан жарроҳнинг ўзи уни беморнинг қариндошларига тавсия қилади. Бу бир томондан тўғридир ҳам. Чунки ўткир аппендицит баъзи ҳолларда перитонит асоратини беради ёки ташхис ўз вақтида аниқланмай, кўричак ёрилиб кетади. Бу эса ҳаёт учун хавфлидир.
Яқин бир танишим «флегмоноз аппендицит» ташхиси билан зудлик билан тунда операция қилдирган. Операциядан сўнг жарроҳ беморнинг яқинларига касаллик перитонитга ўтишига оз қолганлигини айтади. Унинг аҳволидан қўрққан акаси ўз хоҳиши ва врач тавсиясига кўра, аппендоэктомияга рози бўлади.
Гиёҳванд моддани бир марта бўлса-да қабул қилиш ва танасидаги кучли оғриқлардан қутулиш учун баъзи наркоманлар жарроҳлик операциясига ҳам тайёр туришади. Гиёҳванд моддаларни ва спиртли ичимликларни кўп истеъмол қилувчиларда ҳамда руҳий касаллиги бор беморларда ўткир жарроҳлик касалликлари кузатилса, бу врачлар учун катта ташвиш туғдиради. Айниқса, болаларда олигофрения, имбецил ҳолатлар ва бошқа туғма нуқсонлар, қарияларда эса инволюцион психоз ёки деменция жарроҳлар учун бир қанча қийинчиликларни юзага келтиради. Бундай беморларнинг хулқ-атворидаги патологик ўзгаришлар ташхисни тўғри аниқлашга тўсқинлик қилади, улар операциядан сўнг врач тавсияларига тўла амал қила олишмайди ва бунинг натижасида, операция қилинган жой очилиб кетиши, қон кетиши каби бемор ҳаёти учун хавфли вазиятлар пайдо бўлиши мумкин. Бундай беморлар операциядан олдин ҳам, кейин ҳам тиббий психолог ёки психиатр назоратига олиниши зарур.
Беморни операцияга тайёрлаш
Беморни операцияга тайёрлаш мураккаб жараёндир, чунки асаби ўта мустаҳкам одам ҳам операциядан ҳайиқиши мумкин. Беморни операцияга нафақат тиббий кўрсатмаларни эътиборга олган ҳолда, балки психологик нуқтаи назардан ҳам тайёрлаш зарур. «Ҳаммаси яхши бўлади, қўрқманг» деган анъанавий иборалар беморни ҳамма вақт ҳам қониқтиравермайди. Жарроҳ дастлаб бемордаги қўрқувни бартараф қилишга ҳаракат қилиши лозим, операцияга ва ўзига ишонч туғдира олиши керак. Айниқса, бу сўзлар жарроҳлик касбини эгаллаб, эндигина амалиётга кириб келаётган ёшлар учун ўта зарур. Бошқа касблардан фарқли ўлароқ, жарроҳнинг обрў-эътибори унинг муваффақиятли ўтказган операцияларига пропорционал тарзда боғлиқ. Ёш жарроҳлар ҳали унча кўп операция қилмаган бўлади ва табиийки, у танилиши ва ўз маҳоратини кўрсатиши учун бемор билан ишлаши керак. Юқори даражада профессионал жарроҳ даражасига етиш учун ёш жарроҳлар бундай операцияларни кўплаб бажаришлари лозим. Операция мувафф
ақиятли ўтиши ва ўзига ишонч уйғотиши учун жарроҳ бемор билан психологик суҳбатлар ўтказиб туришига тўғри келади. Барча машҳур жарроҳлар дастлаб шу йўлдан борган.
Операциядан олдин беморда турли хил психовегетатив ва психосоматик белгилар кузатилиши мумкин. Булар уйқу бузилиши, бош айланиши, ёмон туш кўриш, кўп терлаш, титраш, тахикардия, АҚБ ўйнаб туриши, ўлим қўрқуви, ич кетиш, тез-тез сийиш ва бошқалар. Маълумки, операцияга монелик қилувчи ҳолатларни аниқлаш учун бемор бошқа мутахассислар, масалан, терапевтларга кўрсатилади, турли хил лаборатор ва диагностик текширувлардан ўтказилади. Баъзан бемор терапевтдан қандайдир бир умид билан «Бу беморга операция мумкин эмас, уни дори-дармонлар билан даволанглар», деган сўзларни эшитгиси келади. Ҳатто операциядан олдин яқинлари билан видолашадиган, яқинларига васият қиладиган ҳолатлар ҳам учраб туради. Беморни операцияга психологик нуқтаи назардан тайёрлашда нафақат операция қилувчи жарроҳ, балки бошқа тиббий ходимлар, яъни палата врачи, ҳамшира (айниқса, операцияда иштирок этувчи) ҳам фаол иштирок этишлари зарур. Баъзи беморлар уни операция қилувчи жарроҳ сўзига эмас, балки бошқа бир врач ёки ҳамшира ва ҳаттоки ўша бўлимда даволанаётган беморнинг сўзларига қулоқ тутади ва операциядан воз кечади. Шифокорлар орасидаги ўзаро ишонч ва этика тамойиллари ҳам катта аҳамиятга эга, чунки доимо операцияларда иштирок этиб юрувчи ҳамшира беморни уни операция қилувчи жарроҳдан айнитиб қўйиши мумкин.
Операциядан воз кечиш сабаблари турли-туман бўлиб, улар асосан режали операцияларга тааллуқли. Бундай важларнинг баъзилари ҳақида тўхталиб ҳам ўтдик. Булар – яқин кишисининг худди шундай тарзда ўтказилган операциядан кейин вафот этиши ёки ногирон бўлиб қолиши, яқинларининг операция қилдирмаслик ҳақидаги талаби, наркоздан қўрқиш, жарроҳ ва бемор орасидаги носоғлом психологик вазият ёки тушунтириш ишларининг етарли даражада олиб борилмаслиги, қарилик даври, бир неча бор операция ўтказган беморлар маслаҳати, истерия ёки руҳий касалликлар.
Жарроҳликда психология фани нақадар аҳамиятли эканлиги ҳақида юқорида маълумот бердик. Баъзан руҳий жароҳатларни даволашда жарроҳлик усулларидан ҳам фойдаланиш зарурати туғилади. Ҳаттоки гипноз ёрдамида ҳам даволаб бўлмайдиган баъзи оғир руҳий жароҳатларни даволашда жарроҳлик операциясига мурожаат қилишга тўғри келади. Тошкент вилоятида бўлиб ўтган ушбу воқеа бунга яққол мисол бўла олади.
Воқеа ёз кунларининг бирида рўй берган. Бир аёл «инсомния», яъни уйқусизлик ташхиси билан невропатологда даволаниб юради. У кечалари ухлай олмасди. Уйқусизликдан азият чекиб, яна врачнинг олдига борганида, врач унга кучлироқ ухлатувчи дори буюради. Бемор дорини ичса-да, ҳеч уйқуси келавермайди. Уйқуси қочган аёл тунда тўлин ой ёғдусида пастқам уйининг деразасидан ташқарига қараб хаёл суриб ўтиради. Деразанинг тагидан кичик бир ариқча оқиб ўтарди. У ариқчада сакраб сузиб юрган бақаларга тикилиб, «Бунча кичик бўлмаса булар, ухлаб ётганимда ичимга кириб кетишса-я», деган хаёл билан чойшабни устига ёпиб ухлаб қолади. Туш кўради. Тушида кичикроқ бир бақа деразадан у ётган кароват томон сакраб-сакраб юради ва беморнинг оғзига кириб кетади. Бемор қўрқиб уйғониб кетади ва бирдан деразага қарайди. Тонг энди отаётган эди. Ёруғлик туша бошлаган дераза токчасида 2–3 та бақа сакраб юрганига кўзи тушади. Уларни кўриб, беморда қаттиқ кекирик пайдо бўлади ва у бақанинг сайраганига ўхшаб эшитилади. Кекирик тез-тез такрорланаверади. Ҳовлига чиқади ва водопровод жўмрагини очиб, оғзини чайиб ташлайди, қусишга ҳаракат қилади, қуса олмайди. Бир коса илиқ сувни тўлдириб ичади ва яна қусишга ҳаракат қилади. Кекирик кучайиб бораверади ва тез-тез такрорлана бошлайди. Бу аёлнинг эри оламдан ўтган бўлиб, вояга етган қизи билан яшарди. Қўрқиб кетиб, қизини уйғотади ва унга «Мен ухлаб ётганимда, бақа ютиб юбордим, шекилли, у ошқозонимда турибди», деб йиғлаб юборади. Қизи уни тинчлантиришга ҳаракат қилади, «Балки туш кўргандирсиз», дейди. «Йўқ, тушим бўлганида билардим, мен аниқ биламан, бақа оғзимга кириб кетганидан сўнг уйғониб кетдим, кўзимни очсам, дераза токчаларида бақалар ўйнаб юрувди, бу туш эмас!» дейди зорланиб. Қизининг «Ойижон, баъзан одамнинг тушини ўнгидан ажратиш қийин бўлади-ку, сиз туш кўргансиз», дейишига қарамасдан докторга борамиз, деб туриб олади.
Улар эрта саҳарда бир таниш докторнинг уйига боришади ва бўлган воқеани айтиб беришади. Бемор тинмай кекирарди. Доктор уни текширмасдан, кулиб шундай дейди: «Бақани ютиб бўлмайди, у томоқдан ўтмайди, бақа ҳеч қачон одамнинг оғзидан унинг ичига кира олмайди». Бемор доктордан норози бўлиб, унинг ёнидан чиқиб кетади. Бемор қизи билан бошқа врачларга қатнай бошлайди, улардан турли текширувлар ўтказишни талаб қилаверади. Уни невропатолог, психиатр, жарроҳ, терапевт, рентгенологлар текширишади. Текширувда қатнашган барча шифокорлар беморнинг ичида бақа йўқлигига уни ишонтирмоқчи бўлишади. Бироқ бу уринишлар зоя кетади. Бемор табибларга қатнай бошлайди. Уларнинг деярли ҳаммаси бир хил гапни айтишарди: «Бақа одамнинг ичига кира олмайди, сиз ёмон туш кўргансиз». Беморнинг тинчи бузилади, у нима еса, қусиб ташлайверади, кекириш сира қолмайди.
Бемор шу аҳволда бир ой қийналиб юради ва озиб кетади. Бу воқеадан хабардор одамлар: «Бақа қолган бўлса ҳам у ўлиб бўлган, организмдан чиқиб кетган», деб ишонтиришга ҳаракат қилишади. Лекин бу гаплар ҳеч наф бермайди. Бақа ичимга кириб кетди, деган фикр унинг миясига ўтириб қолган эди. У жарроҳлардан операция қилиб, бақани олиб ташлашни талаб қила бошлайди. «У менинг ошқозонимда яшаб юрибди, у ҳали ўлмаган, ичимни кемиряпти», деб йиғлайверади. Ахийри уни профессорга кўрсатишади. Профессор бўлиб ўтган барча воқеаларни батафсил ўрганиб чиқади, беморни тўла текширади ва беморга жарроҳ билан маслаҳатлашиб, унинг қорнини операция қилиб очиб кўришни ваъда қилади: «Агар ҳақиқатан ҳам бақа ичингизда яшаётган бўлса, уни олиб ташлаш керак!» дейди. Бу сўзлардан беморнинг кўнгли таскин топади. Уни жарроҳлик бўлимига ётқизиб операцияга тайёрлашади.
Профессор «ошқозондан бақани олиб ташлаш» операцияси билан боғлиқ бўлган барча муолажаларни бутунлай сир сақлашни операцияни ўтказувчи жарроҳга ва ҳамширага тайинлайди. Бемор операция хонасига олиб кирилади ва у дори таъсирида ухлатилади. Операциядан олдин кичикроқ бир бақа топиб келишади ва у ёпилиб-очиладиган идишга жойланади. Операциянинг барча қонун-қоидаларига амал қилинган ҳолда беморнинг қорин териси, тери ости ёғ қатлами кесилади ва қайта тикиб қўйилади. Операцияда бор-йўғи учта одам, яъни жарроҳ, ҳамшира ва профессор иштирок этишади. Бу ғаройиб операциянинг сирини фақат улар билишарди. Профессор ҳамширага бемор кўзини очган заҳоти бақа солинган идишни очиб юборишни буюради. Наркознинг таъсири қочгач, бемор кўзини очади. Шу пайт ҳамшира бақа солинган идишни очиб юборади. Бақа беморнинг устидан бир-икки сакраб пастга тушиб кетади. Бемор бу ҳолатни ўз кўзи билан кўради. Профессор беморга боқиб: «Сиз тўғри айтган экансиз, бақа ҳақиқатан ҳам қаттиқ ухлаб ётганингизда ичингизга кириб кетган экан, лекин у шунча вақт ичингизда ўлмай яшаганига ҳайронман!» дейди. Жарроҳ ҳам «Мен бунақа операцияни биринчи марта қилишим», дейди кулиб. «Ахийри менинг айтганим тўғри чиқди», дейди бемор юзидан нур ёғилиб. Хуллас, бемор бутунлай тузалиб кетади, кекириш йўқолади, иштаҳаси очилади, уйқуси ҳам тикланади. Қорнида фақат кесилгандан енгил чандиқ қолади, холос.
Орадан бир йил ўтади. Бир куни бозорда «бақа ютиб юборган аёл» қизи билан айланиб юриб, ҳамширани учратиб қолади. Ҳамшира уни зўрға танийди, касалликдан қийналиб, озиб кетган бу аёл энди семириб, таниб бўлмас даражада ўзгариб кетган эди. Улар қадрдон дугоналардек узоқ вақт суҳбат қуришади, уни операция қилиб оғир ва уятли дарддан халос қилган докторларга мингдан-минг қуллуқ айтади. Суҳбат орасида «Менга ўхшаб бақа ютиб юборган аёллар келишяптими?» – деб сўрайди кулиб. Ҳамшира кетишга шайланаётганида унинг калласига бемаъни бир фикр келади: «Аслида нима бўлганини айтиб берсаммикан, орадан бир йил ўтди-ку, барибир бемор тузалиб кетган-у». Бебурд ҳамшира бўлиб ўтган воқеа тафсилотини оқизмай-томизмай беморга сўзлаб боради. Ҳамшира шифокор этикасига мутлақо зид бўлган ўта қалтис ишга қўл уради. Барча ҳақиқатни ўз қулоғи билан уни операция қилишда иштирок этган ҳамширадан эшитган аёл турган жойида қотиб қолади. Унинг кўзлари бир нуқтага тикилган ва қулоғига ҳеч нарса кирмас эди. Психиатрияда бу ҳолат ступор деб аталади. Онасининг бу ҳолатини кўрган қизи ҳамширани сўзлашдан тўхтатади. Ҳамшира бу ҳолатни кўриб, қўрққанидан воқеа жойидан кетиб қолади. Аёлни руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштиришади. Бемор сув ичмай, овқат емай қўяди. Уни зонд орқали овқатлантириш ҳам жуда қийин кечади. Бемор озиб кетади. Орадан бир ой ҳам ўтмасдан аёл вафот этади. Ҳамшира эса қамалади.
Бу, албатта, аянчли воқеа. Бир томондан, оғир психопатологик синдромни бартараф этишда машҳур профессорнинг юксак даражада қўллаган жарроҳлик маҳоратини кўрсак, иккинчи томондан, ўрта тиббиёт ходимининг бир оғиз сўзи оқибатида аввалгисидан ҳам оғир психопатологик синдром, яъни ятропатия ривожланиб, ўлим билан тугаганининг гувоҳи бўламиз. Шифокор юқори даражада масъулиятли бўлиши ва ҳар бир сўзни ўйлаб гапириши керак.
Машҳур терапевт ва деонтолог олим Эркин Қосимов таъбири билан айтганда, шифокор – бу «врач» сўзининг синоними эмас, у кенг маъноли атамадир, «шифокор» деганда, беморга шифо беришда иштирок этувчи барча тиббиёт ходимлари, яъни врачлар, ҳамширалар ва кичик тиббий ходимлар (санитаркалар) тушунилади. Ҳар бир шифокор деонтология ва этика тамойилларига қатъиян амал қилишлари шарт.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича