“ЗАМОНАВИЙ МАУГЛИ” СИНДРОМИ
У таълим соҳасида суяги қотган зиёли инсон эди. Бир куни қўл телефоним жиринглаб қолди. Келинг, унинг исмини ўзгартириб Олим ака деб қўя қолай. Олим ака менга қўнғироқ қилиб, ўз илтимосини узоқ тушунтира кетди:
– Хориждан қизим келди, унинг ўғлини бир кўриб берсангиз, хулқ-атвори кескин ўзгарган, кўрсатмаган жойим қолмади, ҳар хил ташхислар қўйилган, докторлар аниқ фикрга келиша олмаяпти, даволаш самара бермаяпти, болани фақат нейропсихолог даволай олиши мумкин дейишди улар.
Бу оила билан бизнинг азалдан борди-келдимиз бор. Ўғли Европада, қизи АҚШда яшайди, неваралар ўша ёқларда туғилган ва тарбияланмоқда.
Уларни уйга таклиф қилдим. Ота-боболаримиз расм-русумидан узоқлашмай хонтахтага дастурхон ёздим. Эр-хотин қизи ва иккала невараси билан келишибди. Ўғил невара олти ёшлардан ошган, қиз невара эса уч ёшлар чамаси эди. Ўғил невараси эшикдан кирган заҳоти бутун диққат-эътиборимизни ўзига тортди. У бегона жойга кирган баъзи қизиққон болаларга ўхшаб, “У ким”, “Бу нима” деб саволлар ҳам бермади, бизга ҳам эътибор қилмади.
Одатда, тўполончи болалар ҳам бегона жойга борса, у ерни кўзи билан бир сидра ўрганиб чиқади, ота-онасининг пинжига кириб, тинч ўтиришга ҳаракат қилади. Бу бола эса сакраб дастурхон устига чиқиб олди-да, унинг устидаги егуликларни пала-партиш оғзига сола бошлади, сўнгра боланинг кўзи стол чеккасида турган менинг сенсорли телефонимга тушди. Бола дастурхондан қўлига олган нарсаларни турган жойига ташлади ва ундан сакраб тушиб, телефонга ёпишди. Телефонни дарров ўйнай кетди ва хонани бир айланиб чиқиб, телевизор пултига ёпишиб олди. Жажжи қизалоқ ҳам акасининг хатти-ҳаракатларига тақлид қила бошлади. Бир зумда бўлаётган бу ҳолатдан уялиб кетган (бизнинг уйга келишмаганига икки йилдан ошганди) Олим ака неварасини тартибга чақирмоқчи бўлди. Невара унинг елкасига сакраб чиқиб олди. Олим ака неварасини этагига зўрға туширди-да, телефон ва телевизор пултини қўлидан олиб, менга узатди.
Орадан бироз фурсат ўтиб, қизим меҳмонлар олиб келган товуқ гўштини тўғраб, чинни идишларга солиб, дастурхонга тортди. Сўнгра помидор шарбатини пиёлаларга қуйиб, энди узатаман деган ҳам эдики, бола биринчи ликопчадаги товуққа жон ҳолатда ташланиб, уни бир-икки тишлади-да дастурхонга ирғитди. Помидор шарбати солинган пиёла ағдарилиб, дастурхонга тўкилиб кетди. Бу ҳолатни кўриб, бувиси қаттиқ хижолат тортди ва “Болани уйдан олиб чиқа қол”, деди қизига.
Бебош болани на онаси, на бувиси, на буваси, на хотиним тартибга чақира оларди. Мен болага индамай, уни кузатишда давом этдим, ҳатто “Ўз ҳолига қўйинглар, ўйнайверсин” дедим. Ахийри Олим ака қизига қараб: “Кичкинани ташқарига олиб чиқ, ўғлингни Зарифбой аканг бир текширсинлар”, деди. Сўнгра неварасига қараб у билан гаплашмоқчи бўлди. “Бу бола жуда ақлли, қани айт-чи?” деб кичик-кичик математик саволлар бера бошлади. Бола саволларга тўғри жавоб берарди, бироқ ҳеч нарсага эътиборсиз, кўзлари кўп ўйнар ва бир жойда тек турмасдан кўп типирчилар эди. Орадан ярим соатча вақт ўтди. Бола ҳеч тиним билмас ва инсон боласига хос бўлмаган хатти-ҳаракатларни қилишдан тўхтамасди. Бундай болада нейропсихологик текширувлар ўтказиш учун бир неча ходимлари бор кичик бир лаборатория керак эди. Рафиқам “Юр ўғлим, сенга ҳовлини кўрсатаман” деб боланинг бувиси билан биргаликда ташқарига чиқишди. Биз Олим ака билан хонада ёлғиз қолдик.
– Зарифбой ука, ўзингиз кўриб турибсиз. Неварамизда мана шу ҳолат фақатгина ухлаганда тинчийди. Бундоқ қараса, ёшидан ортиқ ақли бор, бироқ хулқи нега бунақа? – деди сиқилиб Олим ака. – Бу нима? Бу ўша Сиз китобингизда ёзган “Бебош бола синдроми”ми?
– Олим ака! Неварангиздаги хулқ-атвор бузилишлари бебош бола синдромига сиғмайди, бу бошқа синдром, – дедим. – Бебош бола синдромида тафаккур сақланиб қолади, фақат хулқ-атвор ва диққат-эътибор бузилган бўлади. Сизнинг неварангизда диққат умуман йўқолган, тафаккур олами ҳам торайган.
Олим ака менга хавотир билан қаради-да:
– Ишқилиб руҳий касаллик эмасми? Нега неварамда шунча бўлмағур қилиқ, ахир улар қаердан пайдо бўлган, бизнинг наслимиз тоза-ку?
– Бу “Замонавий Маугли синдроми”, – дедим.
Шифокор бўлмаса-да, дунёқараши кенг бу инсон ажабланиб:
– Биринчи марта эшитишим, ахир бундай синдром йўқ, шекилли?
– Тўғри. Бундай ташхис йўқ, бироқ энди шундай ташхисни ўйлаб топишга тўғри келади. Биринчи бор бу ташхисни Сизнинг неварангизга қўймоқчиман.
Олим ака индамай, бир нуқтага тикилиб, хаёл суриб қолди. Олим акага айтиб, қизини, яъни боланинг онасини чақиртирдим. Қизи ҳовлидан қайтиб келиб ёнимизга ўтирди. Мен боланинг онасини аста суҳбатга тортдим. Ҳомиладорлик қанақа ўтгани, бола туғилгач, уни қандай тарбиялагани ҳақида сўраб-суриштира бошладим.
– Менинг билишимча, иккала бола ҳам АҚШда туғилган ва ўша ерда тарбияланяпти, тўғрими?
– Ҳа, – деди у.
– Бола менимча бешикдан бошлаб турли хил электрон ўйинчоқларга ўрганган шекилли?
– Ҳа, адашмасам икки ойлигидан планшетни арғимчоққа осиб қўйганман.
– Нега?
– Боланинг миясини ривожлантириш учун.
– Ўзингиз-чи, ўзингиз бола билан мулоқот қилармидингиз?
– Ҳа, бола катта бўлган сайин мен у билан мулоқот қилишга интилардим, бироқ у мен билан мулоқот қилмасди.
– Унда бола ким билан гаплашарди?
Она менинг саволимни тушунди шекилли:
– Планшет билан, – деди ва хавотир билан менга қаради.
– Ахир, онангиз тарбиялашга сизларникига бориб турардилар шекилли?
– У иккимиздан ҳам планшетни афзал кўрарди, унга планшет бўлса бўлгани эди.
– Демак, боланинг кўз очиб кўргани планшет бўлган экан-да?
– Ҳа, шундай деса ҳам бўлади, айтдим-ку, менинг ўқишим бор, адаси деярли болага қарай олмаган. Ишдан, ўқишдан чарчаб келиб ухлаб қолардик. Биласиз, Америкада яшаш ва ўқишнинг ўзи бўлмайди, – деди унинг кайфияти чўкиб.
Мен уларга ҳаммага ёд бўлиб кетган Маугли ҳақидаги мультфильмни нейропсихологик нуқтаи назардан таҳлил қилиб тушунтириб бердим. Туғилгандан фақат ҳайвонлар орасида ўсиб-улғайган Маугли ўрмондаги барча ҳайвонларнинг хатти-ҳаракатларини бемалол такрорлаган, бироқ одамга ўхшаш бирорта онгли ҳаракатларни қила олмаган, нутқ ҳам ривожланмай қолганлигини барчамиз биламиз. Маугли ер шаридаги яккаю ягона онгли мавжудот бўлмиш инсонга хос фазилатлардан маҳрум бўлганидан ҳам хабаримиз бор. Чунки у одамлар билан мулоқотда бўлмади. Мауглини олимлар одамлар орасида тарбиялаб, унда одамларга хос фазилатларни шакллантирмоқчи бўлишди. Бироқ ҳеч қандай натижага эришилмади. Адашмасам, ўша Маугли ҳам беш-олти ёшлар атрофида эди. Маугли одамлардан воз кечиб, яна йиртқич ҳайвонлар орасида яшашни маъқул топди.
Ҳа, биз ёшлигимиздан биладиган Маугли онгсиз мавжудотлар орасида катта бўлганлиги боис, унда онг ривожланмай қолди. Ҳозирги болаларни эса она қорнидан тушган заҳоти ҳам онгсиз, ҳам жонсиз нарсалар, яъни планшетлар оғушида катта қилишга ҳаракат қилаяпмиз. Натижада замонавий Мауглилар сони ортиб бормоқда. Бу воқеа, албатта, мени ҳам таажжубга солди.
Нейропсихолог сифатида миянинг баъзи функцияларини яна бир бор эслатиб ўтмоқчи эдим. Бу ҳақда мен китобларим ҳамда ОАВга берган интервьюларимда кўп бора маълумот берганман.
Инсоннинг мияси икки ярим шардан иборат. Чап ярим шар бола билан нутқ (мулоқот) орқали ривожланади, яъни бола билан суҳбатлашиб туриш, ҳикоя ва эртаклар эшитиш орқали ривожланади. Ўнг ярим шар мияга нутққа алоқаси бўлмаган маълумотлар, яъни гўзал табиат, чиройли расм ва мусиқаларни таҳлил қилиш орқали ривожланади. Демак, бола нуқсонсиз ривожланиши учун у билан албатта суҳбатлашиб туриш, эртаклар айтиб бериш ҳамда уни табиат қўйнига олиб чиқиб туриш, театр, ҳайвонот боғи ва мусиқа мактабларига олиб бориш, расм чиздириш керак бўлади. Ана шунда бош миянинг иккала ярим шари бир хил ривожланади ва кейинчалик унинг ўзи ҳам мукаммалликка интилади.
Шу билан бирга, миянинг ҳар бир ярим шарида тўртта бўлак фарқланади. Энса бўлаги – кўз орқали, чакка бўлаги – сўз орқали, тепа бўлаги – силаш орқали келаётган сигналларни таҳлил қилади, сўнгра маълумотлар ақл ва тафаккурга кўпроқ алоқадор бўлган пешона бўлагидаги олий марказларга узатилади. Демак, бола онги бир маромда ривожланиши учун бош миянинг барча тузилмаларига ташқи муҳитдан келувчи сигналлар бир маромда тушиб туриши керак. Ушбу мувозанат бузилса, мия ривожланишдан орқада қолади ёки миянинг қайсидир функцияси ортиқча ривожланади, бошқа функциялар эса ортда қолади. Инсон руҳияти ва ақл-фаросати шаклланишида асосий аҳамиятга эга бўлган восита – бу сўз, яъни мулоқот. Буни асло унутманг!
Гўзал табиатнинг бетакрор манзараси ҳам сўз ва мулоқотнинг ўрнини боса олмайди. Агар боса олганида эди арчазорларга бурканган чиройли ўрмонлар, тиниқ дарёлар ва мусаффо осмон қўйнида улғайган Маугли одамдан ақлли бўлар эди. Ваҳоланки, бундай бўлмади-ку! Демак, ҳеч нарса ўзаро мулоқотнинг ўрнини боса олмайди. Бир сўз билан айтганда, инсон сўз билан тирик!
Мен суҳбат мобайнида “Замонавий Маугли» синдромини батафсил ёритишга ҳаракат қилдим. Боланинг хатти-ҳаракатлари Маугли ҳаракатларига жуда ўхшаб турганлиги боис, бу ташхис менинг хаёлимга ҳозир келган эди. Мен фурсатдан фойдаланиб, бола билан боғлиқ барча вазиятларни ўрганишга ҳаракат қилдим. Суҳбат чоғида шу нарса маълум бўлдики, бола билан мулоқот деярли бўлмаган, бўлган тақдирда ҳам боланинг туғма инстинктлари, яъни овқатланиш ва ҳожатга чиқиш инстинктларини қондириш пайтида она боланинг ёнига келган. Бу пайтда ҳам бола билан гаплашмай, балки она телефонда гаплашиб ўтиргандир. Демак, бола билан деярли жонли мулоқот бўлмаган.
Натижада сўз орқали ривожланадиган бош миянинг чакка бўлаги ривожланмай қолган. Чакка бўлаги планшетдан чиқадиган товушларга мослашиб ривожланган. Бизнинг суҳбат шу ерга келганда, Олим ака қизига қараб: “Бор-чи, боладан бир хабар ол, ухлаб қолдимикан, ҳамма ёқ жим бўлиб қолди”, деди. Шу пайт бувиси бола билан бирга уйга кириб келди. Бола ухламаган эди. Бола иккала қўли билан берилиб планшетни ўйнаётган эди. Олим ака ва қизи менга қараб қўйишди.
– Мен ҳозир сизларга “Маугли синдроми”нинг яна бир белгисини кўрсатаман, – дедим ва ўрнимдан туриб секин болага яқинлашдим. Мен унинг ёнига борганимни бола сезмади. У ҳеч кимга эътибор қилмасди, ҳатто уни қўлидан ушлаб, уйга олиб киришганини ҳам бола сезмади. У виртуал дунёга боши билан шўнғиган эди. Мен унинг қўлидан планшетни тортиб олдим. У менга ташланиб кетди ва қўлимни тишлашга уринди. Мен орқага тисарилдим, у тишини ғижирлатиб, яна менга ташланди. Планшетни қўлига қайтариб берувдим, дарров тинчланди-қолди.
Олим ака ҳамма нарса тушунарли деб, қизига бир қараб қўйди-да ўрнидан туриб кетишга шайланди. Биз меҳмонлар билан хайрлашдик. Икки кундан кейин Олим аканинг қизи ўғли билан “замонавий Мауглилар” юртига учиб кетишди.
Орадан бир муддат ўтмай, ўзимизнинг юртда туғилиб вояга етаётган яна бир болага “Замонавий Маугли” синдроми деб ташхис қўйишимга тўғри келди. Афсус...
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича