Вальпроатлар


Тарқалган эпилептик хуружларда (шу жумладан, тоник-клоник) биринчи навбатда тавсия этиладиган дорилар – булар вальпроатлар. Вальпроатлар абсанслар, миоклоник ва атоник хуружларда жуда самарали ҳисобланади. Шу боис улар турли хил “аралаш” эпилептик хуружларда ҳам тавсия этилади. Вальпроатлар психомотор феноменлар билан намоён бўлувчи эпилепсиялар, хулқ-атвор бузилишлари, фебрил хуружлар, оддий ва мураккаб фокал хуружлар, бирламчи ва иккиламчи-тарқалган эпилептик хуружларда кенг қўлланилади. Вальпроатларни болаларда учрайдиган тикоз гиперкинезларни бартараф этишда қўшимча дори сифатида қўллаш мумкин. Шунингдек, бу дорилар маниакал-депрессив психозларда ҳам қўшимча дори сифатида тавсия этилади.
        Вальпроатларнинг энг кўп қўлланиладиган турлари – депакин (вальпроат натрий), конвулекс (вальпроат кислотаси) ва конвульсофин (вальпроат калций) ҳисобланади. Вальпроатларнинг дори шакллари ва дозалари ҳақида тўхталиб ўтамиз.
        Депакин ва унинг дори шакллари
  • Депакин шарбат – 150 мл ли идишларда ишлаб чиқарилади. Дозани белгилаш      учун 2 хил ҳажмли (100 мг ва 200 мг вальпроат натрий) қошиқча ҳам бор.
  • Депакин энтерик – 300 мг ли таблеткалар.
  • Депакин хроно – 300 ва 500 мг ли узоқ таъсир этувчи таблеткалар.
  • Депакин хроносфера – узоқ таъсир этувчи гранулалар. Бу гранулалар 5 хил ҳажмдаги пакетчаларда ишлаб чиқарилади. Улар­нинг ҳар бирида 100, 250, 500, 750 ва 1000 мг вальпроат натрий бор.
  • Депакин кукун – 4 мл ли флаконларда (400 мг вальпроат натрий) кукун ҳолида ишлаб чиқарилади. Ёнидаги 4 мл ли ампулаларда инЪексия учун сув ҳам бўлиб, ушбу сувда кукун бевосита венага юборишдан олдин эритилади.
   Конвулекс 150, 300, 500 мг ли капсула ва узоқ таъсир этувчи 300 ва 500 мг ли махсус таблеткаларда ишлаб чиқарилади. Болалар учун дори суюқ ҳолатда, яъни 100 мл ли идишларда ҳам қадоқланади (1 мл суюқликда 50 мг вальпроат натрий бор).
   Вальпроатлар овқат пайтида ёки бевосита овқатдан сўнг қабул қилинади. Уларни бир кунда 2–3 маҳал ичиш тавсия этилади. Бироқ депакин хроно ва депакин хроносфера (гранулалар) кунига бир маҳал ичилади. Дорининг бу шакллари узоқ таъсир этади, чунки унинг таъсир қилувчи асосий қисми таблетка ва гранулалардан секинлик билан ажралиб чиқади. Бу эса дорининг қондаги миқдорини кун бўйи бир хил дозада сақланиб туришини таъминлайди. Аммо бунинг учун эпилептик хуружлар тўла назоратга олинган бўлиши керак.
        Депакин хроно таблеткалари фақат катталар ва тана вазни 20 кг дан ошиқ болаларга тавсия этилади. Депакин хроносферанинг (гранулалар) кичик дозалари (100 ва 250 мг) эрта ёшдаги болалар, катта дозалари (500, 750 ва 1000 мг), асосан, катта ёшдагиларни даволашда қўлланилади. Депакин гранулалари таблетка ва капсулани ютишга қийналадиган ёки дори ичишни ёмон кўрадиган беморларга суюқ овқат ва мева шарбатларига қўшиб берилади. Аммо дори қўшиладиган овқат ва суюқликлар иссиқ ёки қайноқ бўлмаслиги керак.
        Вальпроатларни тавсия этиш йўллари. Вальпроатлар болалар ва катталарга кунига 10–15 мг/кг дан бериб бошланади. Бемор дорини ушбу дозада 3 кун қабул қилади. Кейин унинг дозаси ошириб борилади ва кунига 20–30 мг/кг га етказилади. Агар беморнинг тана вазни 50 кг бўлса, дорининг бир кунлик дозаси 1000–1500 мг ни ташкил қилади. Шу йўл билан вальпроатларнинг бир кунлик терапевтик дозаси белгилаб олинади. Бунинг учун, одатда, бир ҳафта вақт кетади.
       Вальпроатларнинг бир кунлик терапевтик дозаси (болалар учун ҳам, катталар учун ҳам) тана вазнига 20–30 мг/кг ҳисобланади. Заруратга қараб ушбу доза кунига 60 мг/кг га етказилиши мумкин. Демак, тана вазни 50 кг бўлган бемор кунига 3000 мг вальпроат қабул қилади. Тана вазни қандай бўлишидан қатъи назар вальпроатларнинг бир кунлик терапевтик дозаси 4000 мг дан ошмаслиги керак. Бундай пайтларда узоқ таъсир этувчи вальпроатлар буюрилади. Масалан, депакин хроно ва ҳ.к. Вальпроатлар катта дозада буюрилганда уларнинг қондаги миқдорини аниқлаб туриш зарур. Бу дориларни турли ёшларда қай тарзда тавсия этишга оид кўрсатмалар 10.18-жадвалда келтирилган.
                                                                                                                  10.18-жадвал
                   Вальпроатларни тавсия этишга оид кўрсатмалар

Беморнинг ёши
Тана вазни, кг
Биркунлик терапевтик
                                                                     дозаси, мг

Олти ойга тўлмаган болаларга вальпроатлар берилмайди 
6-12 oй
7,5-10
200-300
1-3 ёш
10-15
300-450
3-6 ёш
15-25
450-750
7-14 ёш
25-40
750-1200
14 ёшдан ошганлар 
40-60
1000-1500
Катта ёшдагилар 
60 ва ундан юқори 
1200-2100

       Изоҳ. 3 ёшга тўлмаган болаларга вальпроатлар шарбати ёки гранулалари берилади.

Таъкидлаб ўтилганидек, вальпроатлар абсансларни бартараф этишда кенг қўлланилади (10.19-жадвал). 

                                                                                                                    10.19-жадвал
                       Абсансларда тавсия этиладиган асосий дорилар

Тавсия 
Этиш навбати    
Дори
Дори шакли
Бир кунлик дозаси
Ичиш    учун кунига

1
Этосуксимид
250 мг ли капсула, 50 мг/мл ли шарбат
20-30 мг/кг
2-3 махал
2
Вальпроатлар
150, 300, 500 мг таблетка ва капсула
20-30 мг/кг
2-3 махал
3
Клоназепам
0,5, 1 вa 2мгли таблеткалар    
Дастлаб 0,01-0,03 мг/кг. Кейинчалик 0,1-0,2 мг/кг
2-3 махал
4
Асетазоламид 
250 мгли таблетка    
10-25  мг/кг (максимал дозаси кунига 100 мг)
1-2 махал
5
Кетоген
парҳез

Кундалик овқат рационда таркибида глюкоза сақловчи моддалар кескин камайтирилади. Қовурилган гўшт маҳсулотларини эса кўпроқ тановвул қилиш буюрилади. Чунки организмда қовурилган гўшт маҳсулотлари  парчаланса, эпилептоген ўчоқни сўндирувчи кетон таначалари ҳосил бўлади.



Изоҳ. Ацетазоламид (диакарб) юқоридаги дориларга қўшимча равишда тавсия этилиши мумкин. Кетоген парҳез тавсия этилган беморга диакарб буюрилмайди.
     Вальпроатларни тавсия этишга монелик қилувчи ҳолатлар:
  • вальпроатларга аллергик реаксиялар;
  • ўткир ва оғир кечувчи сурункали гепатит, панкреатит;
  • тромбоситопения, геморрагик диатез, порфирия;
  • 6 ойга тўлмаган болалар;
  • буйрак етишмовчилиги (нисбий монелик);
  • ҳомиладорликнинг биринчи 3 ойлиги (нисбий монелик).
    Вальпроатларни қабул қилиб юрган аёл ҳомиладор бўлиб қолса, уларни ичишни дарров тўхтатмаслиги керак. Бу ерда врач хавф даражасига қараб беморни даволашга индивидуал ёндашади. Агар дорилар тўхтатилса, эпилептик хуружлар авж олиб, аёл ва боланинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Шунинг учун врач ҳомиладор аёлни назоратга олиб, вальпроатларни беришни давом эттириши лозим. Бундай пайтларда вальпроатларни кам дозада, яъни бир кунлик дозани 3–4 маҳалга тақсимлаб ичиш буюрилади. Агар бемор қўшимча равишда кунига 5 мг фолат кислотаси қабул қилиб юрса, вальпроатлар (бошқа антиконвулсантлар ҳам) нинг ҳомилага зарарли таъсири пасаяди.
      Эпилептологлар ҳомиладорликда нисбий монелик қилувчи дориларни тавсия этишга индивидуал ёндашиш ва хавф даражасини тўғри баҳолаб олишни тавсия этишади. Агар аёл бола туғишга хоҳиш билдирмаса, аборт қилинади.
       Эпилептик хуружлар бутунлай тўхтагандан сўнг вальпроатларнинг бемор учун оптимал дозаси индивидуал тарзда аниқлаб олинади ва уни қабул қилиш давом эттирилади. Агар вальпроатлар кўзланган натижани бермаса, қўшимча равишда топирамат ёки ламотрижин тавсия этилади.
       Этосуксимид (суксилеп, пикнолепсин) 1960-йилдан ишлаб чиқарила бошланган. Вальпроатлар синтез қилингунга қадар абсансларни бартараф этишда ўта самарали восита ҳисобланган. Этосуксимид оддий абсансларни деярли бутунлай тўхтата олади. Бу дори, шунингдек, мураккаб абсанслар ва миоклоник хуружларда ҳам қўлланилади. Бироқ фокал ва тоник-клоник хуружларда самарасиз ҳисобланади.
        Этосуксимид 250 мг ли капсулаларда ишлаб чиқарилади. Болалар (6 ёшдан юқори) ва катталарга ҳар куни 5–10 мг/кг дан тавсия этилади. Ҳар 4–7 кунда дорининг дозаси 5 мг/кг га ошириб борилади. Агар беморнинг тана вазни 50 кг бўлса, у бир кунда 250 мг, яъни бир капсула этосуксимид ичиши керак. Дорининг максимал дозаси 6 ёшгача бўлган болалар учун 500 мг ни ташкил қилади. Катталар учун дорининг максимал дозаси 1500 мг, яъни 6 капсулага тенг. Ушбу доза 3 га бўлиб берилади, яъни бемор дорини 2 капсуладан 3 маҳал қабул қилади. Хуружлар тўхтагач болалар дорини 500 мг дан, катталар эса 1000 мг дан қабул қилиб юришади. Ҳозирда абсансларни бартараф этишда этосуксимидга қараганда вальпроатлардан кўп фойдаланилади.
          Клоназепам (ривотрил, антелепсин, клонекс) 1975-йилдан ишлаб чиқарила бошланган. Психотик бузилишлар билан намоён бўладиган турли хил эпилептик хуружларда кенг қўлланилади. Клоназепам фокал ва тоник-клоник хуружлар ҳамда абсансларда самарали антиконвулсантдир. Бу дори 0,25, 05, 1 ва 2 мг ли таблеткаларда ишлаб чиқарилади.



Manba:  ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
              ©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
              ©Z. Ibodullayev. Epilepsiya. Qo`llanma., Toshkent, 2018., 128 b.
              © Ibodullayev ensiklopediyasi ©asab.cc

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича