Ваготониклар


Сайёр нерв (n.vagus) мия устунида жойлашган парасимпатик нерв системаси ядроларининг энг муҳим қисмидир. N.vagus  тармоқлари аксарият ички аъзолар ва системаларни иннервация қилади, уларнинг фаолиятини бошқаришда бевосита иштирок этади. Шунинг учун ҳам “парасимпатикотония” атамаси ўрнига “ваготония” атамаси кўп қўлланилади. Ваготоникларда симпатикотоникларга хос хулқ-атворнинг аксини кўриш мумкин. Уларда апатия, астения ва меланхолия устуворлик қилади. Ортиқча ҳиссий ва жисмоний зўриқишлар ваготониклар иш фаолиятини сусайтириб юборади.
      
Ваготониклар иштаҳаси суст бўлса-да, семиришга мойил одамлар ҳисобланади. Бунинг асосий сабаби моддалар алмашинуви сустлигидир. Улар “сув ичсам ҳам семираман” деб шикоят қилувчилар тоифасига киради.  Ваготоникларнинг жаҳли чиқса, қорачиқлари тораяди, юрак уриши секинлашади, АҚБ тушиб кетади, боши айланади, кўнгли айнийди ва қулоқлари шанғиллай бошлайди. Бундай пайтларда синкопе ривожланиши ҳам мумкин. Стресс пайтида ҳаво етишмай қолиши, бўғилиш, томоқда бирор нарса тургандек каби ҳолатлари ҳам кузатилади. 
     
Ваготоникларда чуқур хўрсиниб қўйишлар кўп учрайди. Одамлар гавжум ва ҳавоси димиққан жойлар уларга ёмон таъсир қилади, совуққа ҳам чидамсиз бўлишади. Шу боис ваготониклар радикулалгия ва артралгияларга мойил кишилардир. Тунда кузатиладиган “безовта оёқлар” ҳамда сурункали чарчаш синдромлари, акроцианоз, терининг мармар тусда бўлиши, кучли қизил дермографизм, кўп терлаш, терининг ёғли ва нам бўлиши ҳам ваготониклар учун жуда хос.  Эрталаб уйғонганда уларнинг юз-кўзлари бироз шишган ва кўзлар таги салқиган бўлади. Чунки бу одамларда суюқликнинг организмда ушланиб қолишига мойиллик бўлади. Баъзида аёллар “шишиб кетяпман” деб диуретиклар ичишни хуш кўришади ва нефролог ёки эндокринолог қабулига кўп қатнашади. Ваготоникларни гиперсаливация (айниқса, тунда), спастик колит, баъзида диарея, овқатнинг қийин ҳазм бўлиши ва абдоминалгиялар ҳам безовта қилади. Бундай шикоятлар билан улар терапевтларга тез-тез мурожаат қилишади. 
      
Ваготоникларда юрак мускуллари тонуси пасайган ва юрак тони бўғиқ бўлади. ЭКГ да синусли брадикардия (баъзида, брадиаритмия ёки экстрасистолия) аниқланади, R-Q  интервали чўзилган, ST сегменти изометрик чизиқдан юқорига силжиган ва Т тиш ампитудаси катталашгани аниқланади.


Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b. 
              ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. Darslik., 2-nashr., T.; 2021., 960b. 
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; ©asab.cc

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича