Гинекологик операциялардан сўнг кузатиладиган психоэмоционал бузилишлар
Турли хил гинекологик касалликларда даволаш операция йўли орқали амалга оширилади. Бачадонни олиб ташлаш, гистерэктомия, кучли қон кетишларни тўхтатиш, туғиш пайтида кузатиладиган хавфли вазиятларда ўтказиладиган операциялар турли хил руҳий зарбалар сабабчисидир. Масалан, бачадон олиб ташланиши ёш аёллар учун стресс манбаи ҳисобланади. Айниқса, фарзандсиз аёл ёки яна фарзанд кўришни хоҳлаган аёлда бачадоннинг олиб ташланиши оғир руҳий асоратлар қолдиради.
Бачадонга эга бўлиш ва регуляр тарзда ҳайз кўриш аксарият аёллар учун аёллик рамзидир. Бачадон олиб ташланиши деярли барча аёллар учун энди ёшликнинг орқада қолгани, ҳаёт маъносиз бўлиб қолганини англатади. Бундай операциядан кейин аёл бир неча ойлаб одатий ҳаёт тарзига қайта олмайди, депрессия ва апатияга тушади, ўзини худди яқин бир кишисидан жудо бўлгандек ҳис қилади. Бундай аёлларнинг соматик шикоятлари ҳам кўпаяди, қорнида ҳар хил оғриқлар, оёқ-қўлларида увишишлар пайдо бўлади, бел оғриқлари, тез-тез сийиш, умумий ҳолсизлик, чарчаб қолиш, ўз-ўзидан йиғи келиш каби белгилар кузатилади.
Тиббий психолог психотерапевтик муолажаларни эрта бошласа, аёлдаги мавжуд психоэмоционал бузилишлар вақтли орқага чекинади ва у нормал ҳаётга қайтади. Мутахассислар фикрича, бачадони олиб ташланган аёлларнинг одатий ҳаётга қайтиши 2 йилга қадар чўзилиши мумкин. Бу ҳолат, айниқса, депрессиядан азият чекиб юрган ёки меланхолик аёлларда кузатилади. Албатта, тиббий психологнинг аралашуви бу даврни бир неча ойга қисқартиради. Баъзан гинекологик операциядан сўнг турли даражада ифодаланган вегетатив-эндокрин бузилишлар кузатилади ва улар дори воситалари билан фаол даволашни талаб қилади.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича