ГЕРПЕТИК МЕНИНГИТ
Этиологияси. Герпетик инфекцияларда кузатиладиган менингит чақирувчилари 2-типга кирувчи оддий герпес вируси (ОГВ-2), сувчечак ва белбоғ герпес вирусларидир. Асосан, жинсий аъзоларнинг шиллиқ қаватини зарарловчи ОГВ-2 сероз менингит ривожланишига сабабчи бўлади. Сероз менингит ривожланиши учун герпетик инфекция авж олиши керак. Бу инфекциянинг қўзғалганлигини жинсий аъзолар соҳасида пуфакчали тошмалар ва ярачалар тошганидан, бел-думғаза соҳасида радикуляр оғриқлар пайдо бўлганидан билиб олиш мумкин. ОГВ-1 кўпинча уч шохли нерв ганглиясини зарарлайди ёки энцефалит сабабчиси бўлади, ОГВ-2 эса орқа миянинг бел-думғаза соҳаси ганглияларини зарарлайди.
Клиникаси. Касаллик клиникаси барча ўткир сероз менингитларга ўхшаб тез ривожланади. Тана ҳарорати 39-40°C гача кўтарилади. Кучли бош оғриғи, кетма-кет қусиш ва менингеал симптомлар пайдо бўлади. Бемор ҳушини йўқота бошлайди ва комага тушади. Ликворда лимфоцитар плеоцитоз аниқланади. Кучли оғриқлар фонида асептик менингит белгилари ўткир тарзда пайдо бўлади. Генитал тошмалар бел-думғаза соҳасида радикуляр оғриқлар ва менингеал симптомлар билан биргаликда пайдо бўлса, герпетик менингит ривожланганлик эҳтимоли жуда юқори.
Сувчечак ва белбоғ герпес вируслари чақирган сероз менингитлар клиникаси ҳам ОГВ-2 чақирган менингит клиникасига ўхшаб кечади. Ташхис қўйиш учун менингитни қайси вирус чақирганлигини ликворда ПЗР усули орқали текшириб аниқлаш мумкин. Асосий даволаш воситаси антивирус дориларни тавсия этишдан иборат. Бу мақсадда ацикловирни 250 мг дан кунига 4 маҳал бир ҳафта мобайнида ичиш буюрилади. Шунингдек, симптоматик даволаш муолажалари ҳам ўтказилади.
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
© Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. Toshkent, 2021., 312 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича