ГИПЕРАКТИВ СИНДРОМ


Бола хулқ-атвори бузилиши билан намоён бўладиган бир қанча нейропсихологик ва психоэмоционал бузилишлар мажмуасига гиперактив синдром деб айтилади. Гиперактив синдром, айниқса, эрта  мактаб ёшидаги болаларда кўп учрайди. Ота-оналар боласининг бебош бўлиб қолгани, бир жойда ўтира олмаслиги, гапга қулоқ солмаслиги, қўлидаги нарсаларни ҳадеб тушириб юбориши, сергаплиги ва уни ҳеч тарбиялаб бўлмаётганлигидан шикоят қилишади. Улар аксарият ҳолларда болани психологга кўрсатмасдан тарбиянинг қаттиқ усулларини ишга солиб «майиб» қилиб қўйишади.

Этиологияси. Ҳомиладорлик давридаги турли касалликлар, яъни ўтказилган кучли стресслар, анемия, авитаминоз, вирусли инфекциялар ҳомила ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Шунингдек, туғиш пайтидаги асоратлар, илк болалик давридан бошлаб нотўғри тарбия ва, албатта, эр-хотин орасидаги доимий келишмовчиликлар гиперактив синдромнинг асосий сабаблари ҳисобланади.

Клиникаси. Гиперактив синдромнинг асосий белгилари бола иродаси, ҳис-туйғулари ва хулқ-атвори бузилишларидан иборат: 1) импулсив ҳаракатлар; 2) бир жойда тинч ўтира олмаслик; 3) бошлаган ўйинни охирига етказмаслик; 4) бировнинг гапига қулоқ солмаслик; 5) ўз билганидан қолмаслик, қайсарлик; 6) диққатнинг пасайиши, уқувсизлик; 7) атрофдагилар ишига ва бошқа болалар ўйинига аралашиш, уларга халақит бериш; 8) тез-тез жанжал чиқариш, укаларига азоб бериш ёки уларга бутунлай бефарқлик; 9) ўзининг нарсаларини боғчада, мактабда ёки бошқа жойда унутиб қолдириш; 10) берилган саволга шошиб жавоб бериш; 11) тез хафа бўлиш, йиғлоқилик; 12) энурез; 13) боши оғриб туриши; 14) фикрининг тез чалғиши; 15) сергаплик.

Гиперактив болаларнинг аксарияти ўз тенгқурларидан илми бўйича устунлиги билан ажралиб туради. Шундай бўлса-да, улар дарсларда яхши нутққа эга бўлмасликлари, нозик ҳаракатлар талаб қилувчи ишларни бажара олмасликлари, янги машғулотларни ўзлаштира олмасликлари мумкин. Уларнинг баъзилари, умуман, расм солишга нўноқ бўлса, бошқа бирлари (айниқса, чапақайлари) жуда кучли рассом бўлишади. Юқорида санаб ўтилган симптомларнинг 70 фоизи аниқланган болаларга гиперактив синдром ташхиси қўйилади.

Оила аъзоларининг бундай болалар билан тўғри муносабатда бўлиши жуда катта аҳамиятга эга. Гиперактив боладаги ортиқча импулсив ҳаракатларни пасайтириш ва уларни бир маромга келтириш ота-онадан сабр-тоқатни талаб қилади. Уларнинг тарбиясида бир томондан кераксиз қаттиққўлликни, иккинчи томондан эса ортиқча раҳмдилликни камайтириш лозим. Чунки ўта қаттиққўллик болани баттар қайсар ва ўжар қилиб қўйса, ўта раҳмдиллик ундаги йиғлоқилик ва эркаликни кучайтиради. Болага қўйилган талаб унинг ёшига мос бўлиши керак. Ундан ўзи бажара олмайдиган ишларни талаб қилмаслик лозим. Болани қандай тарбиялаш кераклиги тўғрисидаги баҳслар унинг ёнида олиб борилмайди. Тарбия фақат танбеҳдан иборат бўлмаслиги ва боладаги ҳар бир камчилик унга ётиғи билан тушунтирилиши зарур.
Тиббий психолог ота-онага гиперактив болани даволаш узоқ вақт давом этишини тушунтириши ва аниқ кўрсатмалар бериши зарур. Боланинг хулқ-атворидаги ўзгаришларни фақат сўзлар билан эмас, балки унинг фикрини чалғитувчи юмушлар, топшириқлар билан даволаш ўта муҳим. Бунинг учун бола турли тўгараклар ва спортнинг ўзи хоҳлаган турига (сузиш, гимнастика, теннис, футбол ва ҳ.к) қатнаши лозим. Спорт боланинг хулқ-атворига кескин ижобий таъсир кўрсатади. Болани спортга беришдан олдин уни тиббий кўрикдан ўтказиш ва аниқланган касалликларни ўз вақтида даволаш зарур. Чунки кўп ҳолларда гиперактив синдром боладаги бош мия касалликлари ва турли сурункали инфекциялар (тонзиллит, гайморит, отит ва ҳ.к) асорати ҳам бўлади. 

Невролог олимлар боладаги гиперактив синдромнинг асл сабаби бош мия  баъзи тўқималарининг туғма етишмовчилиги ва нотекис ривожланиши сабабли деб ҳам қарамоқдалар. Бундай пайтларда, одатда, миянинг минимал дисфункцияси ташхиси қўйилади. Аммо психологлар бу фикрни инкор қилмаган ҳолда гиперактив синдромнинг асл сабабларидан яна  бири, нотўғри тарбия деб ҳисоблашади. Психологлар оғир неврологик ва соматик касалликлар билан хасталанган, лекин гиперактив синдром аниқланмаган болаларни бунга мисол қилиб кўрсатишади. Демак, тиббий томондан соғлом бўлган болаларда  ҳам гиперактив синдромни кузатиш мумкин. 

Тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш. Гиперактив болаларни даволашда  ота-оналар фаол иштирок  этишлари ва қуйидаги маслаҳатларга амал қилишлари зарур. Биринчидан, ота-она боланинг «ёмон қилиғидан» сўнг жаҳлига эрк бермай ва болани уришиб ташламай, нима бўлганини аниқлаб, болани қўллаб-қувватлаб, унинг хатосини тушунтириб беради. Баъзан бу шарт ҳам эмас, чунки ҳар гал унинг хатосини тушунтиравериш тескари натижа беради. Хатони тузатишдан кўра, унинг олдини олиш осон. Чунки бирор нарсага интилган бола хато қилади. Шунинг учун ҳам унинг интилишларини рағбатлантириш керак. Иккинчидан, ота-она болага нисбатан қаттиқ ва кескин иборалар, қўрқитишлардан ўзини тийиши, болага зарда қилмаслиги ва ғазаб билан гапирмаслиги керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам уни камситмаслик керак. «Йўқ!», «Мумкин эмас!», «Ҳали мендан кўрасан!», «Бас қил!» каби ибораларни кўп ишлатмаслик лозим. Болага бу сўзлар таъсир қилмай, уни ўжар қилиб қўяди. Баъзи ҳолларда бола депрессияга тушиб, гапирмай қўяди. 

Бу ҳолат, айниқса 3-5 ёш болаларда кўп кузатилади. Учинчидан, иложи борича болага алоҳида хона қилиб бериш ва уни турли нарсалар (ўйинчоқлар, қизиқарли китоблар, «лего» ва шунга ўхшаш мосламалар) билан бойитиш зарур. Боланинг хонасидаги нарсалар ялтироқ ва қизил рангли бўлмагани маъқул. Болани узоқ давом этувчи мултфилмлар ва катталар кўрувчи кинофилмлардан асраш керак. Телевизор олдида кўп ўтириш ва ва компютер билан кўп қолиб кетиш асаб системаси ва руҳиятига ёмон таъсир кўрсатади. Болани спорт ва мусиқа тўгаракларига бериш ва унинг муваффақиятларини рағбатлантириб бориш зарур. 

Профилактикаси. Шу ерда мутафаккирлар томонидан ёзиб қолдирилган ўгитларни келтириб ўтамиз.

Болалар яшашни ҳаётдан ўрганадилар. Агар бола танқид қилинаверса, у нафратланишни ўрганади, бола адоватда яшаса,  тажовузкор, масхара қилинса, индамас, одамови бўлиб қолади,  ҳадеб танқид қилинаверса, ўзини гуноҳкор ҳис қилиб ўсади. Агар бола сабр-тоқат, хотиржамлик билан ўстирилса, у бошқаларни тушунишни ўрганади, қўллаб-қувватланса, у ўз кучига ишона бошлайди, мақталса, у миннатдор бўлмоқликни ўрганади. Агар бола виждонийлик ва ҳалолликда улғайса, у адолатли инсон бўлиб етишади, агар хавфсизликда яшаса, у инсонларга ишонишни ўрганади. 

Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
             ©asab.cc

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича