Қадоқсимон тана ва унинг патологияси
Corpus callosum чап ва ўнг ярим-шарларни боғловчи зич жойлашган толалардан ташкил топган. Уларга комиссурал толалар дeйилади. Қадоқсимон тананинг олдинги, ўрта ва орқа қисмлари фарқланади.
Чап ва ўнг томондаги пeшона пўстлоғини боғловчи толалар қадоқсимон тананинг олдинги, яъни тизза қисмидан ўтади. Париeтал пўстлоқни боғловчи толалар қадоқсимон тананинг марказий қисмидан ўтса, чакка ва энса бўлакларини боғлайдиган толалар унинг орқа қисмидан ўтади.
Қадоқсимон тана зарарланиши
Қадоқсимон тананинг олдинги, ўрта ва орқа қисмлари зарарланиши симптомлари бир-биридан фарқ қилади.
Олдинги қисми зарарланиши. Қадоқсимон тананинг олдинги қисмидан чап ва ўнг пешона бўлакларини ўзаро боғловчи комиссурал йўллар ўтганлиги боис, ушбу соҳа зарарланиши белгилари худди пешона синдромига ўхшайди. Булар – астазия-абазия, реципрок координация бузилиши, акинезия, чап қўл апраксияси, тажовузкорлик, апатия, абулия, хотира ва тафаккур бузилишлари. Кортиконуклеар йўллар зарарланиши сабабли псевдобулбар синдром (дисфагия, дизартрия, дисфония) ривожланади. Тос аъзолари сфинктери дисфункцияси ҳам аниқланади.
Ўрта қисми зарарланиши. Бу қисмидан иккал томондаги париетал пушталарни боғловчи йўллар ўтганлиги учун, бу соҳа зарарланганда юзага келадиган симптомлар париетал синдромга ўхшаб кетади. Булар тана схемаси бузилиши, чап қўл апраксияси, астереогнозия, оптик-фазовий бузилишлар, амнестик синдром, “аввал кўрганлик ва ҳеч қачон кўрмаганлик” феномени. Руҳий бузилишлар сустроқ ифодаланган бўлади.
Орқа қисми зарарланиши. Иккала энса бўлагини боғловчи ушбу соҳа зарарланишида кўрув агнозияси, акалкулия, алексия, дископия-дисграфия синдроми, яъни чап қўл билан ёза олмаслик ва ўнг қўл билан чиза олмаслик феномени.
Манба: © З. Ибодуллаев. Умумий нeврология. Дарслик. Тошкeнт, 2021.,312б
© Ибодуллаев энциклопeдияси
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича