Қотма шахс
Мулоқотга ҳадеб киришиб кетмайдиган, камгап, такаббур одам. Кам гапирса-да, насиҳат қилишни хуш кўради. Унга нисбатан аслида мавжуд бўлмаган адолатсизликдан азият чекиб юради. Шу сабабли уларнинг хатти-ҳаракатида одамларга нисбатан ишончсизлик ва эҳтиёткорлик устун туради. Гина ва хафагарчиликка берилувчан, тез ранжийдиган, воқеа ва ҳодисаларга шубҳа билан қарайдиган шахс. У билан юз берган воқеалардан узоқ вақт сиқилиб юради, хафагарчиликдан осон чиқа олмайди, қасоскор бўлади. Бундай одамлар жанжал ва келишмовчиликларни юзага келишида ташаббускор ҳам бўладилар. Иззатталаб, ўзига қаттиқ ишонадиган ва ўз билганидан қолмайдиган собитқадам бу шахслар бирор бир ишни қатъиятлилик билан бошлаб охирига етказишади ҳам. Улар ўта ишчан бўлиб, ҳар қандай шароитда ҳам юқори қўрсаткичларга эришишга интилишади, бошлаган ишини биров билан баҳам қўрмай, ёлғиз ўзи бажаришни хуш қўришади. Қайсар, ўжар ва тез-тез аффект ҳолатларига тушиб турадиган бу шахсларнинг хулқ-атворида ҳақиқатгўйлик, ранжиш, тез хафа бўлиш, гумонсираш, рашк каби турли салбий ва ижобий хислатлар биргаликда намоён бўлади. Улар аффект ҳолатига тушишса ҳам, буни дарров юзага чиқараверишмайди, ичида сақлаб қўйишади ва бу борада уларнинг фикрини тез билиб олиш қийин.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича