ҚЎЛЛАР НЕГА ТИТРАЙДИ?
Тремор “титроқ” деган маънони англатади. Тремор иккала қўл, оёқлар, бош ва танада кузатиладиган титроқлардир. Тремор, кўпинча, симметрик тарзда намоён бўлади ва иккала қўлда кўп учрайди. Ҳар ким ўзида тремор бор-йўқлигини аниқлаб олиш учун иккала қўлини олдинга чўзиб туриши керак.
Тремор неврозда, яъни асабийлашадиган ва тез ҳаяжонланадиган одамларда кўп учрайди. Бундай одамларда ортиқча ҳаяжонланиш треморни кучайтириб юборади. Бироқ тремор энг кўп учрайдиган ва йиллаб давом этадиган касаллик борки, унинг номи – эссенциал тремор. Бу касаллик кўпинча наслдан-наслга ўтади. Бундай беморларда тинч ҳолатда ҳам кичик амплитудали тремор кузатилиб туради, яъни тремор доимийлиги билан ажралиб туради. Неврозларда тремор доимий эмас, яъни бемор тинчланганда, унинг фикрини чалғитганда, психотерапия ўтказилса, физиотерапевтик муолажалар ва тинчлантирувчи дорилар қўлланилганда тремор камаяди ёки йўқолади. Бу муолажалар самараси эссенциал треморда жуда паст. Шунингдек, неврозда турли даражада ифодаланган хулқ-атвор бузилишлари аниқланади.
Бўқоқ касаллигида ҳам тремор кузатилади. Юракнинг тез-тез уриши, кўп терлаш, оёқ-қўлларнинг музлаб юриши, қўрқув ва фобиялар, қонда Т3 ва Т4 миқдорининг ошиши тиреотоксик тремор учун жуда хос. Тремор, шунингдек, паркинсонизм, мияча касалликлари, алкоголизм, мис, қўрғошин, симоб ва марганец каби металлар билан сурункали заҳарланишларда ҳам кузатилади.
Юз-кўзларда учрайдиган тикларни тремор билан чалкаштирмаслик керак. Тик дегани маълум бир мускулларда кузатилувчи ва такрорланиб турувчи кичик титроқлардир. Тиклар тез частотали бўлади, қисқа муддат давом этади ва шу тарзда такрорланиб тураверади. Қайси мускулларда жойлашганига қараб, тиклар турли-туман кўринишлар, яъни қош қоқиш, кўзни юмиб-очиш, бужмайтириш, бурунни тортиб қўйиш, лаб бурчакларини қимирлатиш, бошнинг силкиниб кетиши каби ихтиёрсиз ҳаракатлар билан намоён бўлади. Агар тиклар тананинг бошқа қисмларига тарқалса, елкани сиқиш, қўлларни қимирлатиш, нафас олиш ҳаракатларини қилиш ва қоринни ичкарига тортиш каби тиклар ҳам кузатилади.
Тил, халқум мускулларида кузатиладиган тиклар вокал ҳаракатлар билан намоён бўлади. Вокал тикларда бемор ўз-ўзидан овоз чиқариб бақириб юборади, унинг овози худди опера театрида куйлаётган қўшиқчилар овозига ўхшаб кетади. Бу ҳолат Туретт синдроми учун жуда хос. Тиклар такрорланиб турувчи йўталлар, овоз қиришлар, ҳуштак чалиб юборишлар билан ҳам намоён бўлади.
Тиклар кўп ҳолларда хулқ-атвор бузилишлари билан намоён бўлади. Тиклар томоғи кўп “шамоллайдиган” болаларда ҳам кузатилиб туради. Бундай болаларнинг диққати тарқоқ бўлади, бир жойда тинч ўтира олмайди, ота-онаси койиса, йиғлаб юборади, қўлидан нарсалар тушиб кетади, овқатни тўкиб ейди, эслаб қолиш қобилияти сустлашади.
Ташхис қўйиш ва даволаш. Беморни албатта невропатологга кўрсатиб, ташхисни аниқлаб олиш зарур. Врачнинг ўзи касаллик сабабини аниқлаб, тўғри даволаш муолажаларини белгилайди. Ҳар қандай треморни бартараф этиш, авваламбор, унинг сабабини аниқлашни талаб этади.
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича