Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ҚЎШИЛУВЧИ НЕРВ НЕВРОПАТИЯСИ

ҚЎШИЛУВЧИ НЕРВ НЕВРОПАТИЯСИ


Қўшилувчи нерв (n. accessorius) фақат ҳаракат толаларидан иборат бўлиб, бўйинтириқ тешик (foramen jugulare) орқали калла бўшлиғидан ташқарига чиқади ва тўш-ўмров-сўрғичсимон мускул (m. sternocleidomastoideius) билан трапесиясимон (m. trapezius) мускулни иннервация қилади. Қўшилувчи нерв ядросининг краниал қисми пўстлоқдан икки томонлама иннервация олади ва унинг аксонлари бошни ён томонларга бурувчи m. sternocleidomastoideiusga га боради. Ядронинг спинал қисми (С1–С5) пўстлоқдан бир томонлама (қарама-қарши томондан) иннервация олади ва унинг аксонлари елка камарини (курак ва ўмров суякларини) кўтаришда иштирок этувчи m. trapezius боради.
      
Қўшилувчи нерв, асосан, кана энцефалити, краниоспинал ўсмалар, ён амиотрофик склероз, сирингомиелобульбия, мотонейрон касалликлари, краниовертебрал аномалиялар, яллиғланиш касалликлари, бўйин-энса соҳаси жароҳатлари ва ушбу соҳада лимфа тугунларидан биопсия олганда зарарланади. Қўшилувчи нерв иннервация қилувчи мускуллар миастения, дистрофик миотония, полимиозитларда ҳам зарарланади. Баъзида невропатия сабаби аниқланмай қолади ва бундай ҳолатлар идиопатик невропатия деб юритилади.
       
Зарарланиш симптомлари. Қўшилувчи нерв бир томонда зарарланса, бош ўша томонга оғади ва пастга букилади, беморнинг елкаси ҳам осилиб қолади. Бемор бошини соғлом томонга буриш ва тепага кўтаришда жуда қийналади, елкасини юқорига кўтара олмайди. Бироз вақт ўтгач, m. sternocleidomastoideius ва m. trapezius да атрофия ривожланади. Қўшилувчи нерв ядроси иккала томонда ҳам зарарланса, беморнинг боши пастга букилиб осилиб қолади, у бошини ён томонларга бура олмайди. Бу ҳолат кана энцефалити учун жуда хос.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. Toshkent, 2021., 312 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © asab.cc

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича