ЭББИНГАУЗ УСУЛИ
Мақсад: Эббингауз усули, яни 10 та сўзни эслаб қолиш усули хотирани текшириш мақсадида кенг қўлланилади. Эслаб қолиш даражасини текшириш. Бу усул қисқа муддатли хотирани текшириш учун мўлжалланган.
Зарур анжомлар: Бунинг учун маъно жиҳатдан бир-бирига яқин бўлмаган 10 та сўз ёзилган жадвал керак бўлади. Масалан, уй, олма, қалам, осмон, темир, от, гул, қоғоз, дарё, ром (2-жадвал). Бу жадвал психологнинг қўлида бўлиб, у беморга текшириш мақсади ва қоидаларини тушунтиради.
Кўрсатма: “Ҳозир 10 та сўзни ўқийман. Сиз мени диққат билан эшитиб, ўша сўзларни эслаб қолишингиз керак. Ўқишни тугатгач, сиз уларни хоҳлаган кетма-кетликда айтиб берасиз”.
Албатта, биринчи уринишда 10 та сўзнинг барчасини эслаб қолиш қийин. Шу боис беморга яна қуйидаги кўрсатма берилади: “Ҳозир ўша 10 та сўзни қайтадан ўқиб чиқаман. Сиз эса уларнинг барчасини яна эслаб қолиб, менга айтиб беришингиз керак. Бир бошдан айтиш шарт эмас”. Бемор барча сўзларни тўғри айтиб бўлмагунча, текшириш давом эттирилаверади.
Натижаларни акс эттириб бориш: Ҳар бир уриниш натижаси синов бланкида акс эттириб борилади. Бемор қайси сўзни айтган бўлса, ўша сўзнинг тагига “+” белгиси қўйиб борилади. Масалан, 1-уринишда 5 та сўзни эслаб айтиб берди, 2-уринишда 7 та сўзни эслаб айтиб берди ва ҳ.к. Агар бемор бошқа сўзни айтиб юборса, ушбу сўз четга ёзиб қўйилади. Орадан 30 дақиқа ўтгач, беморни огоҳлантирмасдан ўша ёдлаб қолган 10 та сўзни қайта эсга тушириб айтиб бериш сўралади.
Синов бланки
Исм шарифи________________________ ёши_______ сана________
№ | 1 | 2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 | 8 | 9 | 10 | Ортиқча айтган сўзи |
уй | олма | калам | oсмон | темир | oт | гул | қоғоз | дарё | ром | ||
1 | |||||||||||
2 | |||||||||||
3 | |||||||||||
4 | |||||||||||
5 | |||||||||||
6 | |||||||||||
7 | |||||||||||
30 дақ. сўнг |
Эслаб қолиш даражалари, балл:
1. Эслаб қолиш жуда юқори – 4 балл (2-3 уринишдан сўнг 10 сўзни тўла эслаб такрорлади);
2. Эслаб қолиши яхши – 3 балл (5-6 уринишдан сўнг 10 сўзни тўла эслаб такрорлади);
3. Эслаб қолиши суст – 2 балл (7-8 уринишдан кейин 10 та сўзни тўла эслаб такрорлади);
4. Эслаб қолиш ўта суст – 1 балл (9-10 уринишдан кейин ҳам эслаб қола олмаяпти, бир жойда қотиб қоляпти).
Натижалар ушбу графикда акс эттириб борилади:
Эслаб қолишни белгилаб бориш графиги. Абцисс ўқи бўйича – қайта эсга туширилган сўзлар; Ордината ўқи бўйича – беморга тақдим этилган уринишларнинг тартиб рақами.
Хулоса чиқариш. Олинган натижалари бўйича график тузилади ва унда маълумотлар акс эттириб борилади. Соғлом одамда 10 та сўз ҳар гал айтиб берилганда шунча кўп сўзларни ёдлаб қолаверади, хотираси паст одам эса сўзларни қайта айтиб бера олмай, уларни унутаверади. Баъзиларнинг хотираси 4-5 уринишдан кейин бор-йўғи 5-6 та сўзни такроран айтиб, тўхтаб қолади. Бундай ҳолат диққат чарчаши ва эслаб қолиш сустлигидан далолат беради. Ортиқча сўзларни айтиб юбориш, аввал айтган сўзларини унутиб қолдиравериш нафақат диққат тарқоқлиги ва эслаб қолиш сустлиги, балки ҳиссий тўмтоқлик ва фикрлар карахтлиги аломати ҳамдир. Ёдлаб қолинган сўзларни 30 ёки 60 дақиқадан сўнг бемордан яна айтиб бериш сўралиши мумкин. Агар аввал эслаб қолинган барча сўзлар қайта ёдга туширилса, демак унинг узоқ муддатли хотираси ҳам яхши. Бироқ хотира турлари кўп бўлганлиги боис, битта текширув асосида инсонда хотира кучли ёки сустлиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин эмас.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича