Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ЭКОНОМО ЛЕТАРГИК ЭНЦЕФАЛИТИ

ЭКОНОМО ЛЕТАРГИК ЭНЦЕФАЛИТИ


Тарихи. Касаллик эпидемияси 1915-йили Варден қалъасини ҳимоя қилаётган француз аскарлари орасида тарқалган. Жанг майдонидаги аскарлар хандақларда ухлаб қолишаверган. Аскарлар орасида бу ҳолат оммавий тарзда кузатилганлиги учун «Душманлар кимёвий қурол ишлатишган бўлса керак» деган хаёлга боришган. 1917-йили венгриялик невролог Экономо бу касалликни чуқур ўргана бошлайди. Экономо ушбу касалликда бош миянинг зарарланиши, летаргия кузатилиши ва унинг эпидемик тарзда учрашига эътибор қаратади. У шундай деб ёзади: «Аскарлардаги бу ҳолат кимёвий восита туфайли эмас, балки қандайдир инфекция сабабли ривожланган». Ўша даврдан буён бу касаллик Экономо летаргик энцефалити деб атаб келинмоқда. 1915-йили бошланган эпидемия Европа давлатлари, Украина ва Россиянинг ғарбий чегараларини қамраб олади. Касаллик эпидемияси АҚШ да ҳам кузатилади. Бир қанча давлатларни эгаллаган ушбу летаргик энцефалитнинг эпидемик тарзда учраши 1927-йилгача давом этади. Кейинчалик касаллик спорадик тарзда учрай бошлайди. Ҳозирда бу касаллик классик кўринишда деярли учрамайди.
       Этиологияси. Касалликни чақирувчи вирус аниқланмай қолган. Касалланиш, асосан, кеч куз ва қиш ойларига тўғри келади. Касаллик ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Касалликнинг яширин даври 14 кунгача давом этади.
       Патоморфологияси. Асосан, экстрапирамидал ядролар, таламус, гипоталамик соҳа ва мия устуни зарарланади. Ушбу тўқималарда турли даражадаги дегенератив ўзгаришлар ривожланади.
       Клиникаси. Касаллик ўткир бошланади. Тана ҳарорати 39–40°С га кўтарилади. Юқори нафас йўлларида ўткир респиратор инфекцияга хос симптомлар, яъни бош оғриқ, ҳолсизлик, уйқучанлик, кўнгил айниш ва қусиш пайдо бўлади. Мушаклар тортишиб, оғрий бошлайди. Тана ҳарорати 2 ҳафта мобайнида юқори даражада сақланиб туради.
       Касалликнинг ўткир давридаёқ бу касаллик учун жуда хос бўлган чуқур ва узоқ давом этувчи уйқучанлик бошланади. Бу ҳолат летаргия деб аталади. Беморни туртиб уйғотишса, у тез уйғонади. Аммо орадан бир дақиқа ўтмасдан у яна ухлаб қолади. Бемор уйғонган тақдирда ҳам кўзини тўла очмай карахт ҳолатда бўлади. Беморни ёнбош ётқизса ҳам, ўтқизиб қўйса ҳам, ҳатто тик ушлаб турса ҳам ухлаб қолаверади. Беморни уйғотмаса, у ҳафталаб ухлайди. Шу боис “летаргия” атамаси касаллик номида ҳам акс этган. Летаргия касалликнинг ўткир даври учун хос. Баъзида, аксинча, бедорлик кузатилади, яъни бемор кундузи ҳам, кечаси ҳам ухлай олмайди.
       Касалликнинг ўткир даври учун хос бўлган яна бир симптом – бу диплопия. Диплопия кўзни ҳаракатлантирувчи нерв ядролари зарарланиши натижасида пайдо бўлади. Диплопия билан биргаликда, иккала кўзда ҳам ярим птоз ҳолати, кўз ҳаракатларининг чегараланиши, конвергенция ва аккомадациянинг бузилиши кузатилади.
       Қорачиқларнинг аккомадация ва конвергенцияга реакциясининг йўқолиб, ёругликка эса сақланиб қолиши эпидемик энцефалит учун жуда хосдир. Бу симптомлар мажмуаси Аржил-Робертсоннинг тескари симптоми деб аталади. Экономо энцефалити учун летаргия нақадар хос бўлса, ушбу симптом ҳам шу қадар хосдир.
       Вегетатив бузилишлар ҳам касалликнинг ўткир даври учун ажралмас симптомлардан биридир. Гиперсаливация, кучли даражада терлаш ва теридан ёғнинг кўп ажралиб чиқиши деярли доимо кузатиладиган вегетатив бузилишлардан ҳисобланади. Оғиздан сўлак шу даражада кўп ажралиб чиқадики, бемор кечаю кундуз оғзига сочиқ тутиб ўтиради. Ҳатто ёстиқ ҳам оғиздан тинмай оқаётган сўлакка бўкиб кетади.
       Энцефалитнинг ўткир давридаёқ мушаклар тонуси пластик тарзда ошади, олигокинезия ва брадикинезия белгилари пайдо бўлади. Бироқ фалажликлар кузатилмайди. Бемор биров ёрдамида ёки ўзи мустақил равишда хонада юриши мумкин. Психомотор қўзғалишлар хос эмас. Руҳий бузилишлар енгил астеновегетатив бузилишлар кўринишида намоён бўлади.
       Касалликнинг ўткир даври ўтгач, унинг сурункали даври бошланади. Экономо энцефалитининг сурункали даври учун классик тарзда намоён бўлувчи паркинсонизм синдроми хос. Амимия, олигокинезия, брадикинезия, мушакларда пластик гипертонус, пропульсия, латеропульсия ва ретропульсия каби бир қатор симптомлар вужудга келади. Касалликнинг бу даври йиллаб давом этади.
       Бугунги кунда эпидемик энцефалит енгилроқ ва атипик тарзда кечади. Аввалига беморда ЎРВИ белгилари кузатилади. ЎРВИ фонида ортиқча уйқучанлик, диплопия, вегетатив-вестибуляр бузилишлар пайдо бўлади. Летаргия, кучли гиперсаливация, паркинсонизм каби оғир неврологик бузилишлар кузатилмайди.
        Кечиши ва прогноз. Касаллик, одатда, бир неча ойдан бир неча йилгача давом этади. Ўткир даври 1 ҳафтадан 4 ойгача чўзилади ва бу даврда 30% бемор вафот этади. Асоратлари – оғир паркинсонизм ва руҳий бузилишлар. Энцефалитнинг сурункали даврида бемор қўшимча равишда пайдо бўлган инфекциялардан вафот этади.
       Даволаш. Махсус даволаш усуллари йўқ. Асосан, симптоматик даволаш муолажалари ўтказилади. Касалликнинг сурункали даврида даволаш худди паркинсонизмни даволаш усуллари каби олиб борилади.


Manba:  ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
              ©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
              © Ibodullayev ensiklopediyasi 
              ©asab.cc





Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича