Экстрамедулляр ўсмалар клиникаси
Экстрамедулляр ўсмалар ичида энг кўп учрайдигани – булар менингиома (арахноидэндотелиома) ва невриномалар. Менингиомалар экстрамедулляр ўсмаларнинг деярли ярмини (50%) ташкил қилади ва одатда, субдурал жойлашади. Менингиомалар орқа мия пардаси ёки унинг томирларида ўсувчи ўсмалар бўлиб, қаттиқ пардага бириккан ҳолда ўсади. Невринома орқа мия илдизчаларининг Шванн ҳужайраларидан ўсувчи ўсма бўлиб, барча экстрамедулляр ўсмаларнинг 40% ини ташкил қилади. Невринома парчаланиб, унда киста ҳосил бўлиб туради.
Орқа мия ўсмалари 80% ҳолатларда экстрамедулляр, 20% - интрамедулляр жойлашади. Демак, интрамедулляр ўсмалар кам учрайди. Интрамедулляр ўсмалардан эпендимомалар кўп, глиомалар (астроцитомалар) эса кам учрайди. Шунингдек, кам учрайдиган ўсмалар сирасига гемангиома, саркома ва гранулемалар киради. Кекса ёшда эса орқа мия раки метастази кўп учрайди. Глиомалар (эпендимома, астроцитома, олигодендроглиома, мультиформ глиобластома, медуллобластома) барча интрамедулляр ўсмаларнинг 80% ини ташкил қилади. Бундай ўсмалар кўпинча орқа миянинг кулранг моддасида пайдо бўлади ва вертикал йўналишда ўсади. Ўсма ўсган жойда орқа мия воронкага ўхшаб кенгаяди.
Экстрамедулляр ўсмалар орқа мияга нисбатан қуйидагича жойлашади:
- вентрал – орқа миянинг олд қисмида, яъни иккала олдинги спинал илдизчалар орасида;
- вентролатерал – орқа миянинг ён томонида, яъни тишсимон боғлам билан олдинги илдизча орасида;
- дорсолатерал – орқа миянинг орқа томонига яқин, яъни орқа спинал илдизча ва тишсимон боғлам орасида;
- дорсал – орқа миянинг орқа қисмида, яъни иккала орқа спинал илдизчалар орасида.
- илдизча синдроми – радикуляр оғриқлар билан намоён бўлади (1-босқич);
- орқа мия кўндалангининг ярми зарарланиши – Броун-Секар синдроми ривожланиши билан намоён бўлади (2-босқич);
- орқа мия кўндалангининг тўла зарарланиши – зарарланган жойдан пастда тўла фалажликлар ва сезги бузилишлари пайдо бўлади (3-босқич).
Экстрамедулляр ўсманинг дастлабки клиник белгиси – бу радикуляр оғриқлар (1-босқич). Улар иррадиация қилиш хусусиятига эга. Шунингдек, зарарланган соҳада илдизча (сегментар) типида сезги бузилишлари, пай, периостал ва тери рефлексларининг пасайиши ёки йўқолиши кузатилади. Ўсма катталашган сайин орқа миянинг эзилиш симптомлари пайдо бўла бошлайди. Кейинчалик бунга ўтказувчи типда сезги бузилишлари қўшилади, яъни қарама-қарши томонда юзаки, зарарланган томонда чуқур сезги бузилади. Шу билан бирга ён устундан ўтувчи пирамидал йўллар зарарланиши ҳисобига ўчоқ томонда марказий фалажлик ривожланади. Симптомларнинг бу тарзда намоён бўлиши Броун-Секар синдроми деб юритилади (2-босқич). Кейинчалик орқа мия кўндалангига тўла зарарланади, яъни зарарланган жойдан пастда тўла фалажлик ва сезги бузилишлари пайдо бўлади, тос аъзолари функцияси бузилади (3-босқич).
Manba: ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича