Энса бўлаги ўсмалари
Энса бўлаги ўсмалари неврологик симптомлар энг кам учрайдиган ўсмалардан ҳисобланади. Бу соҳада ўсма жуда кам учрайди ва узоқ вақт кўрув агнозияси, квадрант гемианопсия, скотома, метаморфопсия, алексия ва кўрув галлюцинацияси (кўпинча, фотопсия) билан намоён бўлади. Бу бузилишларни махсус нейропсихологик ва офтальмологик текширувларсиз аниқлаб бўлмайди. Эпилептик хуружлар жуда кам учрайди ва кўрув ауралари билан намоён бўлади.
Ўсма бурчак пуштаси томон қараб ўса бошласа оптик-фазовий агнозия ривожланади. Оптик-фазовий агнозия энса бўлагининг иккала томонини эгаллаган ўсмада ҳам, қадоқсимон тананинг орқа қисмида жойлашган ўсмада ҳам кўп учрайди. Энса бўлагининг пастки қисмидаги ўсма мияча ва мия устунини босиб қўяди ва бу тузилмалар ўрнидан силжийди, яъни дислокацион синдром шаклланади. Бунинг натижасида ликвор йўллари бекилиб, ИКГ ривожланади. Энса соҳаси ўсмасида ИКГ эрта шаклланади ва кўрув нерви диски тез димланади. Ўсма клиникасининг бу тарзда намоён бўлиши баъзида субтенториал ўсмалар, яъни мияча ўсмалари клиникасига ўхшаб кетади. Лекин мияча ўсмасида гемианопсия ва кўрув агнозияси кузатилмайди. Бундай пайтда МРТ текширувисиз ўсма локализациясини тўғри аниқлаш анча мушкул.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича