Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ЭПИДЕМИК ПАРОТИТ ВИРУСИ ЧАҚИРГАН МЕНИНГИТ ВА МЕНИНГОЭНЦЕФАЛИТ

ЭПИДЕМИК ПАРОТИТ ВИРУСИ ЧАҚИРГАН МЕНИНГИТ ВА МЕНИНГОЭНЦЕФАЛИТ


Паротит вируси билан боғлиқ инфекцион касалликлар болалик даврида кўп учрайди ва асосан, сўлак безларини зарарлайди. Паротит халқ орасида «тепки» деб аталади.
Этиологияси ва эпидемиологияси. Эпидемик паротит вируси – паромик­совируслар гуруҳига кирувчи РНК сақловчи вирус (Pneumophila parotiditis) бўлиб, одамлар ва маймунлар учун патоген ҳисобланади. Ушбу вирус нейротроп хусусиятга эга. Эпидемик паротит вируси билан, асосан, боғча ва мактаб ёшидаги болалар касалланишади. Бу касаллик ўғил болаларда қизларга қараганда 2 баробар кўп учрайди. У 2 ёшгача бўлган болаларда деярли учрамайди. Шунингдек, 20 ёшдан ошганларда ҳам касалланиш жуда кам.
Касаллик тарқатувчиси – эпидемик паротит билан касалланган бемор. Инфекциянинг атрофдагиларга юқиш хавфи касалликнинг дастлабки кунидан бошлаб 9 кунгача сақланиб туради. Инфекция ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Вируснинг ташқарига энг кўп чиқа бошлаши касалликнинг дастлабки 3-5-кунларига тўғри келади. Вирус организмдан сўлак ва сийдик орқали чиқади. Инкубация даври 11-23 кунга тенг. Эпидемик паротитга қарши эмлашлар бу касалликнинг эпидемия кўринишида учрашини камайтириб юборди. “Тепки”нинг клиник симптомлари ўтгандан сўнг касаллик бошқаларга юқмайди. Касалланган одамда умрбод давом этувчи иммунитет пайдо бўлади, яъни у иккинчи бор “тепки” билан касалланмайди.
Патогенези. Эпидемик паротит вируси организмга тушгач, юқори нафас йўлларининг шиллиқ қаватига жойлашиб олади ва унинг эпителиал ҳужайраларида кўпая бошлайди. Агар вирус кўзга тушса, конъюктивит ҳам ривожланади. Вирус қонга ўтгач, бутун организм бўйлаб тарқалади. Паротит вируслари барча аъзоларга тарқалсада, улар, асосан, сўлак безлари, жинсий безлар, ошқозон ости бези ва МНС ни зарарлайди. Айниқса, уруғдон зарарланиши (орхит) хавфлидир. Чунки орхит ривожланиши кейинчалик сперматозоидлар ишлаб чиқарилишини кескин камайтиради. Нерв системаси зарарланиши сероз менингит, менингоэнцефалит, полирадикулоневропатия ва краниал невропатиялар кўринишида намоён бўлади. Вирусларнинг мия пардаларига ўтиб, сероз менингитни юзага келтириши кўп учрайди. Мия пардаларида барча вирусли менингитлар учун хос бўлган патологик ўзгаришлар ривожлана бошлайди. Юмшоқ ва арахноидал пардалар шишади, капилляропатия, пердиапедик геморрагиялар ва веноз стаз ривожланади. Юмшоқ пардада диффуз инфилтрация кузатилади, яъни периваскуляр бўшлиқларга лимфоцитлар ва плазматик ҳужайралар тўпланади. Мия қоринчаларининг хориоидал чигаллари таъсирланиши ҳисобига ликвор ишлаб чиқарилиши кучаяди ва ИКГ ривожланади. Бунинг оқибатида мия қоринчалари ва субарахноидал систерналар кенгаяди. Аммо бу патологик ўзгаришлар, одатда, бир-икки ҳафта ичида тўла регрессга учрайди. Паротит инфекциялардан сўнг гидроцефалия ёки мия пардаларида фиброзли-чандиқли асоратлар деярли қолмайди.
Клиникаси. Сероз менингит “тепки” пайдо бўлганидан сўнг 3-7 кун ўтгач ривожланади. Баъзида менингит тепки белги­лари бутунлай ўтиб бўлгач, яъни 3-4 ҳафтадан сўнг ривожланади. Гоҳида менингит паротит белгиларисиз намоён бўлади ёки паротит билан бирга ривожланади. Паротит пайдо бўлмасдан туриб ривожланган сероз менингит диагностик қийинчиликлар туғдиради.
Касаллик тана ҳароратининг 38-39°С га кўтарилиши, кучли бош оғриғи, кетма-кет қусиш ва умумий гиперестезия билан бошланади. Шу куниёқ менингеал симптомлар пайдо бўлади ва улар бироз йенгил ифодаланади. Боланинг ҳуши туманлашиб, делирия ва галлюцинациялар кузатилиши мумкин. Лекин у комага тушмайди. Бу ўзгаришлар адинамия билан намоён бўлади. Эпилептик хуружлар деярли кузатилмайди.
Менингеал симптомлар, одатда, тез кунда, яъни 2-3 кун ичида орқага қайтади. Уларнинг узоқ вақт сақланиши ва церебрал симптомларнинг пайдо бўлиши менингоэнцефалит ривожланганлигидан далолат беради. Менингоэнцефалит, одатда, касалликнинг 5-7 кунлари ривожланади. Менингоэнцефалитда кўз ҳаракатлари чегараланиши, нистагм, VII ва ХII нервларнинг марказий фалажлиги, орал автоматизми рефлекслари, пай рефлексларининг асимметрик тарзда ошиши, мушаклар кучи пасайиши ва тонуси ошиши, пирамидал патологик рефлекслар, статик ва локомотор атаксиялар, хореоатетоз ва тремор, церебрал типда сезги бузилишлари пайдо бўлади. Вегетатив бузилишлар ва ИКГ белгилари кучаяди. Эпилептик хуружлар яна такрорланиши мумкин.
Менингоэнцефалит симптомлари беморнинг ёшига ҳам боғлиқ. Кичик ёшдаги болаларда ривожланган менингоэнцефалит, асосан, мияча симптомлари билан намоён бўлади, каттароқ ёшдаги болаларда эса пирамидал ва экстрапирамидал бузилишлар устунлик қилади. Сероз менингоэнцефалит йирингли менингоэнцефалитга ўхшаб оғир кечмайди ва неврологик симптомлар узоқ давом этмайди. Орадан 7-10 кун ўтгач, бузилган неврологик функциялар яна қайта тиклана бошлайди. Агар тикланиш рўй бермаса ва беморнинг аҳволи оғирлашаверса, демак, бактериал инфекция қўшилган бўлиши мумкин. Чунки вирусли инфекциялар учун симптомларнинг тўсатдан пайдо бўлиши ва тез кунларда орқага қайтиши хос. Вирусли менингоэнцефалитнинг бактериал менингоэнцефалитга ўтиши кўпинча организмдаги сурункали инфекция ўчоқлари қўзғалиши билан боғлиқ. Агар бемор гайморит, отит, тонзиллит ёки сурункали бронхит билан касалланиб юрган бўлса, ўткир пайдо бўлган вирусли инфекция ушбу ўчоқларни қўзғаб юборади. Бундай пайтда кўпинча иккиламчи йирингли менингит (менингоэнцефалит) ривожланади.
Паротит инфекция баъзида краниал нервларнинг алоҳида зарарланиши билан кечади. Кўпинча вестибуло-кохлеар нерв зарарланади. Унинг белгилари – кучли бош айланиши, қулоқда шовқин, қусиш, кучли нистагм, вестибуляр атаксия ва эшитиш пасайишидир.
Паротит инфекция мия пардаларини зарарласа-да, баъзида менингеал симптомларсиз ёки фақат менингизм билан намоён бўлади. Шунинг учун ҳам паротит инфекциялар аниқланган беморда ликворни текшириш катта диагностик аҳамиятга эга.
Ликворологик текширувларда турли патологик ўзгаришлар аниқланади. Ликвор босими 300-500 мм сув уст. га ошган, ранги тиниқ ёки бироз ўчиқ бўлади. Эҳтиёткорлик билан олинган 5-8 мл ликвор беморнинг аҳволини бироз йенгиллаштиради: бош оғриғи ва қусиш камаяди, менингеал симптомлар сустлашади, ҳуш ойдинлашади. Ликворда ҳужайралар сони лимфоцитлар ҳисобига жуда ошади: 1 мкл ликворда ҳужайралар сони 500 тага йетади ва ундан ҳам кўпаяди. Касалликнинг биринчи куни плеоцитоз, асосан, нейтрофиллар ҳисобига бўлса, кейинги кунлари лимфоцитлар ҳисобига бўлади. Оқсил миқдори 0,3-0,6 г/л миқдорда сақланиб туради, баъзида 1 г/л га йетади. Қанд миқдори ўзгармай қолади ёки бироз пасаяди. Ликвор 2 ҳафтадан сўнг тозалана бошлайди.
Ташхис ва қиёсий ташхис. Эпидемик паротит ташхиси касаллик анамнези, клиник симптомлари, вирусологик ва серологик текширувларга асосланиб қўйилади. Сўлак, қон ва ликвордан вирусни ажратиб олиш ҳам ташхисни тўғри аниқлашда ёрдам беради. Аммо вирусни аниқлаш учун ҳозирда серологик методлардан (ПЗР, ИФА ва ҳ.к.) кўп фойдаланилади. Қиёсий ташхис, авваламбор, энтеровирус этиологияли бошқа сероз менингитлар, ўткир лимфоцитар хориоменингит ва кам ҳолларда бактериал менингитлар билан ўтказилади.
Даволаш. Бемор зудлик билан юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилади ва бошқа беморлардан изолясия қилинади. Изоляция, одатда, 9 кунга белгиланади. Паротит инфекцияни махсус этиотроп даволаш усуллари йўқ. Антибиотиклар қўлланилмайди. Даволаш муолажалари, асосан, дезинтоксикация, дегидратация ва десенсибилизациядан иборат. Беморга кўп суюқлик берилади. Агар менингоэнцефалит белгилари пайдо бўлса, даволаш муолажалари кенгайтирилади ва кортикостероидлар қилинади. Симптоматик даволаш усуллари қандай симптомлар пайдо бўлишига қараб белгиланади.
Паротит аниқланса, сўлак безлари соҳасига галма-гал спиртли компресс қўйилади ва соллюкс нурлари берилади. Орхит аниқланса, 5 кун мобайнида 1 кг тана вазнига 2-3 мг дан преднизолон қилинади, кейин дорининг дозаси камайтирилади ва ҳар куни 5 мг дан берилади.
Прогнози. Аксарият ҳолларда касаллик беморнинг тўла тузалиши билан тугалланади. Менингоэнцефалит ривожланган тақдирда ҳам тўғри ва режали тарзда олиб борилган даволаш муолажалари беморнинг асоратсиз тузалиб кетишига замин яратади. Паротит инфекциянинг бошқа бир асорати, яъни уруғдон атрофияси сабабли азоспермия ривожланиши хавфлидир. Кам ҳолларда карлик ва панкреатит каби асоратлар қолади.
Профилактикаси. Болаларга 12 ойлигидан бошлаб эпидемик паротитга қарши махсус эмлашлар ўтказилади. Бола 6 ёшга тўлгач, эмлаш яна такрорланади. Касаллик бошқа болаларга юқмаслиги учун бемор 9 кунга изоляция қилинади ва врач назоратига олинади.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © asab.cc




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича