ЭПИЛЕПСИЯДА РУҲИЙ БУЗИЛИШЛАР
Эпилепсияда бемор хулқ-атвори турли даражада ўзгаради. Ушбу касалликда шахс ўзгаришлари ўзига хослиги билан ажралиб турадики, бунинг натижасида тиббий амалиётда эпилептик характер деган ибора пайдо бўлди. Бундай беморлар жуда эзма, қайсар, бесабр, тез хафа бўладиган, кайфияти тез ўзгариб турадиган, арзимаган майда ишларга ўралашиб юрадиган, ўта жиззаки ва жанжалкаш бўлишади. Албатта, бу белгилар турли даражада ифодаланган бўлиши мумкин. Уларнинг қай даражада намоён бўлиши эпилептик хуружлар тури, унинг сабаблари, хуружларнинг қанчалик кўп кузатилиши ва беморнинг даволаниш тарзига боғлиқ.
Эпилепсия билан касалланган аксарият беморлар характери беқарор бўлади. Яхши кайфиятда юрган бемор бирдан ўзгариб қолади ва қўпол сўзлар билан яқинларини ҳақорат қила бошлайди. Бундай ҳолат ҳар қандай вазиятда рўй бериши мумкин. Масалан, у бирор нарсасини топа олмаса, қилаётган ишига кимдир аралашиб хатосини кўрсатса, унга зид фикр билдирса, тезда жанжал кўтаради. Баъзан арзимаган нарсадан кўтарилган жанжал аффект даражасигача етади ва бемор ўзига ёки атрофдагиларга тан жароҳатини етказиб қўяди. Шу боис бундай беморни даволаётган врач уни психиатрга албатта кўрсатиши керак.
Беморда хулқ-атвор ўзгаришлари яққол намоён бўлиб аффектив бузилишлар тез-тез рўй бераверса, бу беморни даволашни психиатр давом эттиради. Эпилепсия билан касалланган “мулойим” беморнинг ҳам жаҳлини чиқариш жуда осон. Агар унинг кўнглига ёқмайдиган бир сўз айтилса ёки танбеҳ берилса, бемор яна ўзгариб қайсар ва ўжар бўлиб қолади. Бемор бирор одамдан қаттиқ ранжиса, у билан мутлоқо гаплашмай қўйиши мумкин.
Хулқ-атвор ўзгаришлари баъзида “ижобий” тус олади. Масалан, бемор бегона одамларга ўта меҳрибон, бош ёрдамчи, мулойим ва ҳар қандай ишга бел боғлаб киришиб кетадиган шахсга айланади. Шундай бўлса-да, бундай меҳрибонлик ўз яқинларига кўрсатилмайди, яъни бемор ўз яқинлари билан доимо жанжаллашиб, ота-онасининг айтганини қилмай юради. Шундай ҳолат шизофренияда ҳам учрайди. Шизофренияда беморнинг бутун қаҳр-ғазаби оила аъзоларига қаратилган бўлади, бегоналар билан эса улар ҳатто дўст тутинишади.
Фикрлар карахтлиги беморнинг нутқида ҳам акс этади. Бемор берилган саволларга лўнда қилиб жавоб бера олмайди, бир айтган гапини сўнгра яна бир неча бор такрорлайверади ёки суҳбат бошида тушунарли бўлиб қолган воқеани яна сўзлаб беради. Улар, одатда, ҳиссиётга берилиб сўзлашади, гоҳ камгап, гоҳ сергап бўлиб қолишади. Баъзида асоссиз кўтаринки кайфият, яъни эйфория кузатилади. Бемор бегона одам билан ҳам бўлар-бўлмасга ҳазиллашаверади, масхарабозлик қилади, кулгили воқеа, уятсиз латифалар ўйлаб топади, гап орасида ҳадеб кечирим сўрайверади. Бемор таниш одамини учратиб қолса, унга дардини айтиб йиғлаб ҳам олади. Баъзи беморларда, айниқса, префронтал эпилепсияда жинсий фаоллик ошиб кетади, яъни гиперсексуал ҳолат вужудга келади.
Баъзи беморлар ёлғонга жуда ўч бўлишади. Бундай беморларни псевдолог деб аташади. Бошқа бирлари эса жуда ҳақиқатпарвар бўлиб, адолатсизликка чидай олмайди. Унинг учун бегона бўлган одам ноҳақликдан азият чекса, узоқ вақт у ҳақида гапириб юради, қўлидан келса ёрдамга шошади. Баъзи беморлар уйи ва ишхонасини жуда саранжом ва саришта тутишади, озода юришади, чиройли кийинишади, яъни улар тартибга қаттиқ риоя қилишади.
Эпилепсияда клептомания ҳам учраб туради, яъни бундай беморлар кераксиз нарсаларни ўғирлаб яшириб юришади. Масалан, бемор унга керак бўлмаса-да, докторнинг болғачасини унга билдирмасдан уйига олиб кетиши мумкин. Ўша кечаси бу қилган ишидан “виждони қийналиб” эртаси куни врачга олиб келиб беради ҳам. Француз қироли Людовик ХIV ҳам клептомания билан касалланган. Қирол сарой мулозимлари ва ўзига тегишли нарсаларни олиб бошқа жойларга яшириб қўяр ва уларни излаб юрганларга қараб лаззатланар эди.
Эпилепсияда кузатиладиган шахс бузилишлари даражаси касалликнинг қайси ёшда бошлангани, бош миянинг қайси соҳаси зарарланганлиги, хуружлар сони ва тури, ўтказилаётган даволаш муолажалари қандай олиб борилаётганига узвий боғлиқ. Касаллик қанчалик эрта ёшда бошланса ва хуружлар кўп такрорланаверса (айниқса, ҳушнинг йўқолиши билан), бемор шахсидаги патологик ўзгаришлар шунчалик тез ривожланади ва оғир кечади.
Эслатма. Бош миянинг пешона ва чакка соҳалари зарарланиши билан боғлиқ эпилепсияларида хулқ-атвор бузилишлари яққол ифодаланган бўлади ва шахс ўзгаради.
Баъзи ёши катта беморларда, айниқса, аёлларда пуэрилизм, яъни болаларга хос хулқ-атвор кузатилади. Уларнинг нафақат хатти-ҳаракатлари, балки фикрлаш доираси ҳам ёшига мос келмайди. Баъзан эса 5-7 яшар болада катталарга хос ақл-заковат хислатларини кўриш мумкин. Улар худди катталардек фикр юргизишади, фойдали маслаҳатлар беришади. Боланинг ота-онаси бундай «қобилият»дан қўрқиб кетиб, уни психиатрга кўрсатишади. Баъзилари эса боласидаги бу «ноёб қобилият» билан фахрланиб юришади. Шунга оид битта воқеани келтириб ўтамиз. Мен эпилепсия билан касалланган 3 ёшга тўлган болани кўрикдан ўтказиб, унинг отасига зарур дорини ёзиб бердим. Бола дори ёзилган қоғозни қўлига олиб, унга тикилиб қаради-да, мендан сўради: «Доктор, бу дориларни овқатдан олдин ичайми ёки кейинми?»
Албатта, 3 яшар боланинг бу сўзлари мени ҳайратда қолдирди. Мен унга: “Болам, ўқишни биласанми?” дедим. У “Йўқ”, деб жавоб берди. “Ахир ҳозир ўзинг қараган қоғозда дорини қачон ичиш ёзилган-ку”, дедим. Шунда у “Мен ўқишни билмасам ҳам, дорини қачон ичишни биламан”, деб жавоб берди. Кейинчалик мен боланинг тафаккур даражасини баҳоловчи бир қатор нейропсихологик тестлар ўтказиб кўрдим. Унинг фикрлаш қобилияти камида 7 яшар боланикидек эди.
Эпилепсия билан касалланган беморнинг тафаккур доираси йиллар ўтиб торайиб боради ва фикрлаш карахтлиги ривожланади. Бемор диққатини бир жойга жамлай олмайди, фикрлар теранлиги бузилади ва бунинг оқибатида диққат-эътибор талаб қилувчи ишларни бажара олмайди. Бемор бир ишни бошласа, уни охирига етказмай ташлаб қўяди. Фикрлар карахтлиги ва хулқ-атвор беқарорлиги сабабли бемор биринчи ва иккинчли даражали ишларни ажрата олмайди. Улар кераксиз ишлар билан ўралашиб юришади.
Эпилепсияда тафаккур бузилишлари баъзида оғир даражага етади ва эпилептик деменция ривожланади. Айниқса, органик этиологияли ва кичик ёшда бошланган тоник-клоник хуружларда ақлий заифлик тез шаклланади. Узоқ йиллар мобайнида бензонал ичиб юришлар ҳам боланинг ақлий ривожланишдан орқада қолишига сабаб бўлади. Болаларда эпилептик хуружларнинг ақлий ривожланишга таъсир қилиши, ҳали уларда олий руҳий функсияларнинг тўла шаклланмаганлиги билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам болалик даврида ривожланган бош миянинг ҳар қандай оғир касаллиги олий руҳий функсияларнинг у ёки бу даражада бузилишлари билан кечади. Кейинчалик бош миянинг турли касалликлари (бош мия жароҳати, менингит, қон томир касалликлари, алкоголизм) ривожланса, тутқаноқ хуружлари қайта қўзғаб, руҳий бузилишлар янада кучаяди. Идиопатик эпилепсияларда когнитив бузилишлар кузатилмайди.
Эпилепсияда руҳият бузилишлари яққол ифодаланган синдромлар билан намоён бўлади. Булар дисфория, делирия, онейроид, галлюцинация, эпилептик ступор, амнезия, патологик уйқу ва ҳ.к. Буларнинг ичида энг кўп учрайдигани дисфория бўлиб, у беморда арзимаган бир сабаб туфайли пайдо бўлади. Дисфория нафақат кайфият бузилиши, балки сабабсиз хавотир, сиқилиш, қўрқув, гумонсираш, мияга турли фикрларнинг ёғилиб келиши, суисидал фикрлар, бировни ўлдириш, ўғриликка интилиш каби аломатлар билан ҳам намоён бўлади.
Эпилепсияда ступор ҳам кузатилади. У турли даражада ифодаланади: оддий кам ҳаракатликдан тортиб, то қотиб қолишгача. Қотиб қолган беморда мутизм пайдо бўлади, бироқ у бировнинг сўзи ва ҳаракатини такрорлайверади. Одатда, ступор бир неча дақиқадан бир неча соатгача давом этади. Ступор тўсатдан тўхтаб фаол ҳаракатлар яна пайдо бўлиши ва бемор атрофдаги нарсаларни отиб юбориб, ёнидагилар билан уришиб кетиши мумкин. Ступор, одатда, баъзи эпилептик хуружлардан сўнг вужудга келади. Бунда тўла ва қисман амнезия кузатилади.
Эпилепсияда тўсатдан пайдо бўлувчи деперсонализация, дереализация, катаплексия ва анозогнозиялар ҳам кузатилиб туради. Алаҳсираш билан кечувчи руҳий бузилишлар, одатда, ўткир ва сурункали кўринишда намоён бўлади. Ўткир психотик бузилишларда беморни биров таъқиб қилаётгандек, заҳарламоқчидек, оғир тан жароҳати етказмоқчидек туюлади. Бу ҳолат эпилептик паранойя деб аталади. Эпилептик паранойя бир неча кундан бир неча ойгача чўзилади. Одатда, дисфория билан пайдо бўлган ўткир руҳий бузилишлар қисқа вақт давом этади. Бу бузилишлар тўсатдан рўй бериши, йўқолиб кетиши, пасайиши ва бир неча кунлардан сўнг яна пайдо бўлиши мумкин.
Сурункали психотик бузилишлар, кўпинча, параноид ва парафреник белгилар билан намоён бўлади ва улар, эпилептик онейроид, делирий ёки бошқа психопатологик ҳолатлардан сўнг ривожланади. Сурункали психотик бузилишлар клиникасида алаҳсираш асосий белгилардан биридир ва у тез-тез такрорланиб туради.
Эпилептик хуружлар бутунлай тўхтаган тақдирда ҳам юқорида кўрсатилган барча аломатлардан иборат эпилептик характер бемор ҳаётининг охиригача сақланиб қолиши мумкин. Эпилептик деменция ривожланган беморда хуружлар сони кескин камаяди ёки бутунлай тўхтайди. Бунинг асосий сабаби пўстлоқнинг кучли атрофиясидир. Бундай беморни тиббий психолог ёки психиатр назоратга олиши керак.
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
©Z. Ibodullayev. Epilepsiya. Qo`llanma., Toshkent, 2018., 128 b.
© Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. 3-nashr. Darslik, Toshkent, 2019 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi; © asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича