ЭПИЛЕПТИК СТАТУС


Эпилептик статус – эпилептик хуружларнинг 30 дақиқа мобайнида кетма-кет кузатилиши билан кечувчи ўткир ҳолат.
Эпилептик статус ривожланишига сабаб бўлувчи асосий омиллар:
  • Антиэпилептик дориларни қабул қилишни тўсатдан тўхтатиш.
  • Бир доридан иккинчи дорига ўтишда йўл қўйилган хатоликлар.
  • Эпилептик хуружларни кучайтирувчи дориларни қабул қилиш.
  • Бош мия жароҳатлари, субарахноидал геморрагия, интракраниал ўсма ва абсцесслар.
  • Ўткир инфекциялар ва инфекцион касалликлар (ЎРВИ, зотилжам, менингит, энцефалит).
  • Ўткир интоксикация (шу жумладан, ўткир спиртли ичимликдан)
  • Ўткир метаболик бузилишлар (гипергликемия, гипогликемия, гипонатриемия, гипокалциемия).
  • Миянинг ўткир гипоксияси.
Эпилептик хуружлар типига қараб эпилептик статуснинг қуйидаги 2 тури фарқланади:
  1. Тутқаноқли эпилептик статус – тарқалган тоник-клоник хуружлар статуси.
  2. Тутқаноқсиз эпилептик статус – абсанслар ва мураккаб фокал хуружлар статуси.

Тутқаноқли эпилептик статус
Тутқаноқли эпилептик статус – тарқалган тоник-клоник хуружлар билан намоён бўлувчи эпилептик статус. Ўта оғир кечади ва баъзида ўлим билан тугайди. Хуруж бир бошланганда 30 дақиқа мобайнида тўхтовсиз давом этади ёки ушбу вақт ичида тўхтаб-тўхтаб намоён бўлади. Хуружлараро даврда бемор ҳушига келмайди. Эпилептик статус пайтида бош мия ва организмда оғир патофизиологик жараёнлар рўй беради. Эпилептик хуружлар давом этаётганда интракраниал босим ошади, мия шиши ва бўкиши, ўткир церебрал гипоксия ва гемодинамик бузилишлар ривожланади. Катта миқдорда ажралиб чиққан қўзғовчи аминокислоталар нейронларга фалокатли таъсир кўрсатади, яъни уларнинг ҳалок бўлишига сабабчи бўлади. Айниқса, гипоксияга жуда сезгир бўлган пўстлоқ нейронлари кўп миқдорда ҳалок бўлади. Статус пайтида ривожланган ўткир церебрал ишемия, гипоксия ва метаболик бузилишлар ҳам нейронларга фалокатли таъсир кўрсатади.
Шунингдек, бошқа аъзо ва системаларнинг нормал фаолияти издан чиқади. Айниқса, ўпка шиши, апноэ, артериал гипертензия, юрак уришининг тўхтаб қолиши, тана ҳарорати ошиши ва турли нейроэндокрин бузилишлар вужудга келади. Албатта, бу бузилишлар бош мияда кечаётган ҳолатлар билан узвий боғлиқ. Ушбу оғир ҳолатлар эпилептик кома ривожланиши ёки беморнинг тўсатдан ўлиб қолиши билан тугалланади. Эпилептик статус пайтида кўп кузатиладиган тана жароҳатлари ҳам беморнинг аҳволини оғирлаштиради. Айниқса, калла суяги жароҳатлари бемор учун ўта хавфли вазиятни юзага келтиради. Краниоцеребрал жароҳатлар оқибатида пайдо бўлган интракраниал гематомалар ҳам эпилептик статус узоқ давом этишининг асосий сабабларидан биридир.
Эпилептик статус пайтида мавжуд касалликлар (қандли диабет, артериал гипертония, юрак касалликлари) ҳам қўзғалади ва бемор аҳволининг янада оғирлашувига сабаб бўлади. Эпилептик статус чўзилган сайин беморнинг ҳаёти хавф остида қолади. Бир соатгача давом этган эпилептик статус мияда қайтмас жараёнларни юзага келтиради, кома ривожланади ва статус ўлим билан якунланади. Шу боис эпилептик статус зудлик билан ёрдам кўрсатишни талаб қиладиган ҳолат ҳисобланади.
Тутқаноқсиз эпилептик статус 
Тутқаноқсиз эпилептик статус – абсанслар ва мураккаб фокал хуружлар статуси билан кечадиган эпилептик статус. Бироз енгил кечади. Тутқаноқсиз эпилептик хуружлар статуси ҳам ўз навбатида 2 турга ажратилади: 1) абсанслар статуси; 2) мураккаб фокал хуружлар статуси. Маълумки, абсанслар узоғи билан 30 сония давом этади. Абсанслар пайтида бемор бир неча сонияга ҳушини йўқотса-да, у ўзига келгач, яна ишини давом эттириб кетади. Агар абсанслар 20–30 дақиқа мобайнида кетма-кет кузатилаверса, бемор карахт ҳолатга тушиб қолади, яъни абсанслар статуси рўй беради. Абсанслар статуси пайтида, кўпинча сопор ва сомноленсия, кам ҳолларда кома ривожланади.
Абсанслар турига (типик ва атипик) қараб абсанслар статуси турли психик ва вегетатив автоматизмлар билан намоён бўлади. Бу пайтда мутизм, психик инактивасия, вегетатив автоматизмлар ва узоқ давом этувчи миоклониялар вужудга келади. Абсанслар статуси пайтида ЭЭГ да тарқалган пик-тўлқинли комплекслар аниқланади.
Мураккаб фокал хуружлар статуси, кўпинча префронтал ва чакка эпилепсияларида кузатилади. Маълумки, мураккаб фокал хуружлар оддий фокал хуружлардан фарқли ўлароқ, ҳушнинг йўқолиши билан намоён бўлади. Айтиш жоизки, психик ва вегетатив бузилишлар билан кечувчи мураккаб фокал хуружлар статусини абсанслар статусидан ажратиш ўта мушкул. Уларни фарқлаш учун, кўпинча, ЭЭГ текширувини ўтказишга тўғри келади. Психик феноменлар (галлюцинация, аутизм, мутизм, иллюзия, кататония) билан намоён бўлувчи мураккаб фокал хуружлар шизофренияда кузатиладиган ўткир психик бузилишларни эслатади. Вегетатив бузилишлар статуси эса вегетатив пароксизмлар билан кечувчи бошқа касалликларни ёдга солади. Бу бузилишларни ЭЭГ текшируви ёрдамида ажратиб олиш мумкин. Бошқа этиологияли вегетатив пароксизмларда ЭЭГ да эпилептик фаоллик (спайк, полиспайк) аниқланмайди.
Эпилептик статусда тез ёрдам. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, тоник-клоник хуружлар билан кечувчи эпилептик статус зудлик билан тез тиббий ёрдам кўрсатишни талаб қилади.
Бунда тез тиббий ёрдам кўрсатиш босқичлари қуйидагилардан иборат.
  • Даставвал беморни хавфсиз жойга олиш, ёқаларини очиш ва унга тоза ҳаво келишини таъминлаш зарур. Атрофда тан жароҳати етказиши мумкин бўлган қаттиқ нарсаларни чеккага олиш ўта муҳим. Силкиниб ётган қўл ва оёқларни ушлаш мумкин эмас. Бу пайтда беморнинг қўли ёки оёғи врачга қаттиқ тегиб кетиб, уларнинг иккаласи ҳам тан жароҳати олиши мумкин.
  • Беморнинг боши қай томонга қайрилиб хуружлар кузатилаётган бўлса, врач уни иккала кафти орасига олиб, шу ҳолатда оҳиста ушлаши зарур. Агар врач ушбу амални тўғри бажарса, бош орқага қайрилиб, тил ҳалқумга тиқилиб қолиши, сўлакнинг нафас йўлларига кетиб қолиши ва бошнинг ерга урилавериб жароҳат олишини бартараф этган бўлади. Бироқ бу амалларни бажараётганда куч ишлатиш қатъиян ман этилади.
  • Бемор тез ёрдам машинасида яқин орада жойлашган шифохонага етказилиши ва реанимация бўлимига ётқизилиши керак. Агар тез ёрдам машинаси зарур тиббий анжомлар билан жиҳозланган бўлса, барча зарур реанимация муолажалари йўлнинг ўзидаёқ амалга оширилиши лозим.
  • Хуружлар пайтида, кўпинча, беморнинг оғзидан кўпикли сўлак ажралиб чиқади. Бу сўлак бемор чуқур нафас олиб юборганида унинг нафас йўлларига кетиб қолиши мумкин. Бу ўта хавфли! Шунинг учун сўлакни, албатта, тоза мато ёки дока билан артиб туриш керак. Агар иложи бўлса нафас йўлларига ҳаво ўтказгич қўйиш лозим. Чунки хуруж пайтида ларингоспазм ҳам кузатилади.
  • Натрий хлориднинг физиологик эритмасида 2 мл (10 мг) диазепам в/и га қилинади. Диазепам 40% 20 мл глюкоза таркибида ҳам юборилиши мумкин. Болалар ва катталарга юбориш тезлиги бир дақиқага 2–5 мг дан ошмаслиги керак. Акс ҳолда юрак уриши ёки нафас олиш тўхтаб қолади ёки АҚБ тушиб кетади. Болаларга диазепам 1 кг тана вазнига 0,25 мг миқдорда қилинади. Агар боланинг тана вазни 20 кг бўлса унга 5 мг, яъни 1 мл диазепам қилинади. Агар 10–15 дақиқа ичида хуружлар тўхтамаса, диазепам яна шу миқдорда венадан юборилади. Диазепамни мушак ичига қилиш бефойда.
  • Агар юборилган дорилар таъсири тўхтагач хуружлар яна пайдо бўлаверса, натрий хлорид ёки глюкозанинг 250–500 мл физиологик эритмаси­га 50 мг (10 мл) диазепам қўшиб бир неча соатга венадан томчилатиб қўйилади.
Хуружлар тўхтамаса, баъзида наркотик воситаларни қўллаш талаб этилади. Бу мақсадда, кўпинча, оксибутират натрий ёки тиопентал натрий (гексенал) қўлланилади. Оксибутират натрийнинг 20% ли 10 мл эритмаси жуда секинлик билан, яъни 10 дақиқа мобайнида венадан юборилади. Баъзида бу дорини 5 мл миқдорда юборишнинг ўзи кифоя. Оксибутират натрий ўрнига тиопентал натрий (гексенал)нинг 1% ли 10 мл эритмаси венадан секинлик билан юборилиши мумкин. Кейин ушбу дори 50–70 мл миқдорда венадан томчилатиб қуйилади. Наркотик дори воситалар кўпинча АҚБ нинг кескин тушиб кетиши юрак ва нафас олишнинг тўхтаб қолишига сабабчи бўлади. Шунинг учун беморнинг артериал қон босими, юрак ва нафас олиш фаолияти мониторинги таъминланиши керак.
Ушбу даволаш муолажалари бошланаётган даврдаёқ барча зарур лаборатор анализлар қилинади. Бунинг учун қон ва сийдикда глюкоза ва электролитлар (натрий, калий, хлор, кальций) миқдори, қоннинг кислота-ишқор ҳолати текширилади.
Агар бемор чуқур эпилептик комага тушса, у комадан чиққунча умумий муолажалар давом эттирилади. Бунинг учун беморга маннитол, диуретиклар, дексаметазон, тана ҳароратини туширувчи дорилар, антибиотиклар қилинади. Узоқ давом этган эпилептик статусда, кўпинча, метаболик ацидоз ривожланади. Уни бартараф этиш учун бикарбонат натрий ёки шу каби бошқа дорилар венадан қилинади.
Эпилептик статус ёки комадан чиқарилган бемор реанимация бўлимидан неврология бўлимига ўтказилади ва даволаш муолажалари у ерда давом эттирилади. Агарда эпилептик статус тез ва асоратсиз бартараф этилса, бемор 1–2 кундан сўнг уйига юборилиши мумкин. Бу вақт мобайнида беморда барча зарур текширувлар ўтказилиши, эпилептик статус сабаби тўла аниқланиши ва антиконвулсантларни қабул қилиш тартиби қайта кўриб чиқилиши зарур.


Manba:  ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
              ©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
              ©Z. Ibodullayev. Epilepsiya. Qo`llanma., Toshkent, 2018., 128 b.
              © Ibodullayev ensiklopediyasi
              ©asab.cc



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича