ДИАБЕТИК ПОЛИНЕВРОПАТИЯ
Қандли диабетда периферик нервлар зарарланиши жуда кўп учрайди. Диабетик полиневропатиялар патогенезининг асосини сурункали давом этувчи метаболик ва микроциркулятор бузилишлар ташкил этади. Шу боис йил ўтган сайин периферик полиневропатиялар билан касалланганлар сони ошиб боради ва 80–100% га етади. Аммо тез-тез кузатилиб турувчи гипо- ва гипергликемик ҳолатлар диабетик полиневропатиялар ривожланишини жадаллаштиради.
Клиникаси. Диабетик полиневропатия клиникаси, одатда, симметрик тарзда юзага келади ва, асосан, сенсор, вегетатив ва ҳаракат бузилишларидан иборат бўлади. Ҳаракат бузилишлари кам кузатилади. Оёқларда полиневропатиялар кўп учрайди ва кўпинча периферик нервларнинг дистал қисми зарарланади. Демак, дистал симметрик полиневропатия диабет учун жуда хосдир.
Оёқларнинг дистал қисмида дизестезия, парестезия ва кам ҳолларда оғриқлар пайдо бўлади. Неврологик текширувлар пайпоқ типида юзаки сезги бузилишларини кўрсатади. Чуқур сезги бузилишлари кейинроқ вужудга келади ва улар кучайган сайин сенситив атаксия ривожлана бошлайди. Пай рефлекслари, айниқса, ахилл рефлекс эрта сўнади. Бу пайтга келиб вегетатив-трофик бузилишлар ҳам кучаяди, оёқ панжаларида трофик яралар пайдо бўлади. Ҳаракат бузилишлари дистал мускуллар атрофияси ва гипотонияси билан намоён бўлади. Чуқур сезги бузилиши ва дистал амиотрофиялар оёқ бўғимлари деформациясига сабаб бўлади, яъни диабетик артропатиялар ривожланади. Ушбу бузилишлар “диабетик оёқ панжаси” синдромини юзага келтиради. Артропатия ривожланишида бўғимнинг ўзида кузатиладиган метаболик бузилишларнинг ҳам ўрни катта.
Давоси. Даволаш муолажалари метаболик ва микроциркулятор бузилишларни коррекция қилишдан бошланади. Бунинг учун деярли барча турдаги витаминлар (В1, В6, В12, Е, никотин кислотаси), тиоктасид, антиагрегантлар (пентоксифиллин) тавсия қилинади. Диабетик оғриқларни бартараф қилишда карбамазепин ва тебантин кўп қўлланилади. Трофик яралар ривожланмаслиги учун терини тоза тутиш ва улар ривожланган тақдирда, албатта, хирургик муолажалар ўтказиб туриш зарур. Чунки трофик яраларнинг катталашиб кетиши хавфлидир.
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
© Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. Toshkent, 2021., 312 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича