ДЕПРЕССИВ ЭПИЗОДЛАР
КХТ-10 бўйича ҳар бир депрессив эпизоднинг ташхис қўйиш алгоритми билан танишиб чиқамиз. “Депрессив эпизод” ташхиси қачон қўйилади? Беморда депрессия аввал умуман кузатилмаган ва энди аниқланаётган бўлса, “депрессив эпизод” ташхиси қўйилади.
F32 Депрессив эпизод. КХТ-10 бўйича депрессив эпизоднинг енгил, ўрта ва оғир даражалари фарқ қилинади. Унинг ҳар бирида тушкун кайфият, қизиқишлар сўниши, қониқиш ҳисси йўқлиги, умумий қувват сўниб, тез толиқиб қолиш кузатилади. Бемор ўзини ҳеч кимга керак эмасдек ва айбдордек ҳис қилади. Кайфият кун бўйи ўзгариб туради, гоҳида кўтарилади, гоҳида пасаяди. Эрталаб уйғонганда тушкун кайфият, кучли хавотир, иштаҳа йўқ, фикрлар карахт бўлса, кечга яқин кайфият кўтарилиб, бу белгилар бироз барҳам топиши мумкин. Ақлий ва жисмоний меҳнат унумдорлиги пасаяди. Бемор диққатини бир жойга жамлаб ишлай олмайди. Оддий жисмоний фаолликдан ҳам тез чарчаб қолади, толиқади. Уйқу бузилади (инсомния ёки гиперсомния), иштаҳа йўқолади. Ўзига ишонч касалликнинг енгил турида ҳам кескин пасаяди, ўзини камситаверади. Кайфият тушиб кетган пайтларда соматик симптомлар пайдо бўлади ёки кучаяди. Юқорида зикр этилган барча белгилар депрессия даражасига боғлиқ бўлиб, енгил, ўрта ёки оғир даражада намоён бўлади.
Энди КХТ-10 талабларига биноан депрессия даражалари, турлари ва аффектив бузилишлар билан танишиб чиқамиз.
F32.0 Енгил даражали депрессив эпизод. Юқорида қайд этилган асосий симптомлардан 2 та, қўшимча симптомлардан 2-3 та белги кузатилади ва улар беморнинг кундалик турмуш тарзи ҳамда касбий фаолиятига таъсир этмайди. Бунда депрессия белгилари 2 ҳафтадан ошмаслиги лозим. Қисқа муддат давом этганлиги боис буни реактив депрессия дейишади.
F32.1 Ўрта даражадаги депрессив эпизод. Юқорида кўрсатилган асосий симптомлардан 2 та, қўшимча симптомлардан 3 таси аниқланади. Улар ўрта даражада ифодаланган бўлиб, беморнинг кундалик турмуш тарзида қийинчиликларни юзага келтиради ва социал адаптацияни анча мураккаблаштиради.
F32.2 Оғир даражадаги депрессив эпизод (психотик бузилишларсиз). Юқорида зикр этилган асосий симптомлардан 3 та, қўшимча симптомлардан 4 ёки ундан кўп белгилар аниқланади ва яққол ифодаланган бўлади. Ушбу симптомлар беморнинг турмуш тарзига жиддий таъсир кўрсатади ва социал адаптацияни издан чиқаради. Психотик бузилишлар кузатилмайди.
F32.3 Оғир даражадаги депрессив эпизод психотик бузилишлар билан. Ушбу депрессив эпизод F32.2 да кўрсатилган барча симптомлар ҳамда галлюцинация, алаҳсираш, психомотор қўзғалишлар, ступор ва ўз жонига қасд қилишга уринишлар билан кечади. Бемор ўзгалар парваришига муҳтож бўлиб қолади ва социал адаптация буткул издан чиқади.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича