ИНФЕКЦИОН МОНОНУКЛЕОЗДА МЕНИНГИ
Этиологияси. Ушбу менингит чақирувчиси Эпштайн-Барр вируси бўлиб, касаллик, асосан, болалар ва ўсмирларда учрайди.
Клиникаси. Касаллик тана ҳарорати кўтарилиши, ангина, умумий ҳолсизлик ва бош оғриқлари билан бошланади. Ушбу касаллик учун лимфатик тугунлар, жигар ва талоқнинг катталашуви жуда хос. Инфекцион мононуклеазда бу белгилар ҳар доим учрайди. Менингит эса бор-йўғи 5% ҳолатларда кузатилади ва, асосан, энса мушаклари ригидлиги билан намоён бўлади. Енгил ифодаланган Керниг симптоми ҳам аниқланади. Баъзи беморларда краниал невропатия, делирия, эпилептик хуружлар, атаксия, вегетатив невропатия ва полирадикулоневропатия белгилари аниқланади. Бу симптомлар менингеал симптомларсиз намоён бўлиши ҳам мумкин. Ликворда лимфоцитар плеоцитоз, қонда кучли лимфоцитоз ва мононуклеар ҳужайралар аниқланади.
Даволаш. Махсус даволаш усули ишлаб чиқилмаган. Асосан, симптоматик даволаш муолажалари ўтказилади.
Прогноз. Аксарият ҳолларда бемор тўла тузалиб кетади.
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича