Инсомния
Инсомния – уйқу йўқолиши ёки қочиши дегани. Инсомния белгилари уйқуга кетишнинг қийинлиги, тез уйғониб кетавериш, эрта уйғониш ва узоқ ухласа-да уйқуга тўймаслик ҳисси билан намоён бўлади. Бундай ҳолатни бемор оддий сўз билан “уйқусизлик” деб баҳолайди. Тунда ухлай олмаган беморни кундуз куни уйқу босади, ўзини лоҳас сезади ва натижада унинг иш фаолияти сустлашади. У иложи борича бирор жой топиб, ухлаб олишга ҳаракат қилади. Агар бунинг имкони топилса, бемор яна тетиклашади. Кундуз куни ухлайдиган баъзи одамлар тунда ухлай олмайди. Шу боис улар кундузи ухламасликка ҳаракат қилишади. Албатта, тунги уйқу кундузги уйқуга қараганда кишига кўпроқ ором беради. Шу боис тунда ухлай олмайдиганлар эртаси куни безовта бўлиб юришади. Уйқунинг бу тарзда бузилишига психофизиологик инсомния деб аталади. Бундай ҳолат ҳар қандай соғлом одамда учраши мумкин.
Психофизиологик инсомниянинг сабаблари бир нечта. Улар – неврастения, психастения, стресс, узоқ жойга бориш, тунда ишлаш ва ҳ.к. Психофизиологик инсомния, одатда, узоқ давом этмайди ва бир неча кундан сўнг тунги уйқу қайта тикланади. Агар бу ҳолат узоқ давом этаверса, инсомниянинг бошқа сабабларини излаш керак. Ҳеч қандай сабабсиз узоқ йиллар (баъзида умрининг охиригача) давом этадиган уйқусизлик идиопатик инсомния деб номланади. Бундай одамларни ҳалқ тилида “ухламайдиган одамлар” деб аташади. Улар болалик давридан буён уйқу нималигини билишмайди, кундуз куни ҳам тетик юришади ва иш қобилиятини йўқотишмайди. Улар ҳақида ҳалқ орасида турли афсоналар юради. Буюк хоқонлар сира ухламайдиган одамларни излаб топишга фармонлар чиқаришган ва уларни ўзларига тансоқчи қилиб қўйишган экан. Сомнологлар фикрича, сира ухламайдиган одамлар бўлмайди, улар қисқа муддат бўлса-да, мизғиб олишади.
Узоқ муддат, яъни бир неча ҳафта ёки ойлаб уйқунинг йўқолиши сурункали давом этувчи жиддий касалликларда кузатилади. Бундай беморлар ухлашни хоҳлашади, бироқ мавжуд касаллик бунга йўл қўймайди. Танадаги доимий оғриқлар билан кечувчи касалликларни бунга мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Улар оғриқ қолдирувчи ва ухлатувчи дорилар ичгандагина ухлайди. Яна бир қатор патологик ҳолатлар ва касалликлар сурункали уйқусизликка сабаб бўлади. Булар – маниакал-депрессив психознинг маниакал босқичи, хавотирли-фобик синдром, тунда қўзғайдиган “безовта оёқлар” синдроми, невроген қичима, астма, йўтал, буйрак ва жинсий аъзолар касалликлари ва ҳ.к. Тунги уйқусизлик беморни жуда ҳолсиз қилиб қўяди, у паришонхотир, жиззаки ва ўта лоҳас бўлиб қолади. Бу ҳолат, албатта, асосий касалликнинг кечишига салбий таъсир кўрсатади. Сурункали тарзда уйқуни қочирувчи дориларни (психостимуляторлар, кофеин) истеъмол қилганларда ҳам инсомния кузатилишини эсда тутиш лозим. Тамаки чекадиганлар ҳам доимо уйқу бузилишидан азият чекишади. Айниқса, сигаретни кечқурунлари чекиш тунги уйқуни йўқотади. Чунки тамаки таркибидаги никотин тунги уйқуга салбий таъсир этади.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича