ИХЛОС ИЛМИЙ ТОМОНДАН ИСБОТЛАНГАНМИ?
Савол: Зарифбой Ражабович! Врачлар ҳар доим беморларга “Докторга ихлос қилсангиз тузаласиз” дейишни хуш кўришади.
Жавоб: Албатта! Бироқ ихлос икки томонлама бўлиши керак. Ихлос бир томонлама бўлса, беморнинг тузалиб кетиши даргумон.
Савол: Шу феномен исботланганми?!
Жавоб: Ҳа, исботланган. Биофизиклар онкологик касалликлар билан оғриган беморларда жуда қизиқ бир ҳолатни кузатишган. Бу воқеа Россияда рўй берган. Саратон касаллиги аниқланган беморни узоқ вақт самарасиз даволашади. Врачлар унинг яқинларига “Биз қўлимиздан келганини қилдик, бу касалликнинг давоси йўқ”, дейишади. Кўчада ўта тушкун ҳолатда келаётган бу беморни кўрган бир монах бу хомушликнинг сабабини сўрайди. Бемор унга дардини тўкиб-сочади ва “Менинг яшашдан умидим жуда катта” деб йиғлаб юборади. Монах уни тинчлантириб, бир черков ҳақида гапириб, ўша черковда қандайдир илоҳий куч борлигини, бориб Худога илтижо қилишини, дардига шифо сўрашини айтади. Бемор ҳалиги монахнинг сўзларига ва ўша черковга жуда қаттиқ ихлос қўяди. Бемор ҳар гал у ерга борганида дарддан енгиллашиб бораверади ва тузалиб кетади. Бундан ҳайратга тушган бемор (у ўқиган илмли одам эди) қайтадан ўша шифохонага боради. Докторлар барча текширувларни ўтказиб, унда саратоннинг ҳеч қандай белгиларини топишмайди. Бемор бутунлай тузалган эди. Докторлар бу феноменга жавоб тополмай қолишади. Чунки рак ташхиси гистологик ва лаборатор текширувлар асосида аниқ қўйилган эди. Бу вазиятни яшашга бўлган катта умид ва кучли ихлос билан изоҳлаш мумкин.
Савол: Балки бу черковда ростдан ҳам қандайдир илоҳий куч бордир. Ўша жойни олимлар текширишганми?
Жавоб: Айнан биофизиклар бу жойни бориб текширишган ва жуда қизиқ фактга гувоҳ бўлишган. Ҳалиги беморнинг тузалганини кўрган баъзи беморлар “Мен ҳам шу черковга борсам тузаларканман” деб, бу ерга қатнайверишган. Уларнинг баъзилари тузалган, баъзиларида ҳеч қандай натижа бўлмаган.
Биофизиклар ўзларининг сезгир аппаратларида ўша черковда ва унинг атрофида баъзан кучли биомайдон аниқлашган, баъзида ҳеч қандай биомайдон бўлмаган. Бу ерда биомайдоннинг бир куни кучли, бир куни кучсиз бўлиб туриши сабабини аниқ исботлаб бериша олмаган.
Савол: Нима учун биомайдон ўзгариб турган? Нега баъзилар тузалган-у, бошқа бировлар тузалмаган?
Жавоб: Бу мақола ўн йиллар олдин илмий журналлардан бирида босилиб чиқувди. Олимлар ушбу феноменни кузатишда давом этмоқда деб, сўнгра бу ҳақда ҳеч қандай хабар бермай қўйишди. Менимча, тузалишга қаттиқ ихлос қўйган беморлар борган куни ўша черковда кучли биомайдон юзага келган, “Қани мен ҳам бориб кўрай-чи, зора тузалсам” дегувчилар борганда биомайдон ўта суст бўлган.
Савол: Балким биомайдон пайдо бўлган куни бориш керакдир?!
Жавоб: Мен жиддий гапираяпман. Номи билан “биомайдон”. “Био” – тирик мавжудотларга нисбатан ишлатиладиган ибора. Тирик мавжудот бўлмаган жойда биомайдон ҳам юзага келмайди. Ижобий ва салбий биомайдонлар бўлади.
Менинг фикримча, ихлос қўйган одамлар борган куни ҳалиги черковда кучли ижобий биомайдон пайдо бўлган ва рак ҳужайраларини йўқ қилиб, соғлом ҳужайралар ривожланишига йўл очиб берган. Ихлоси йўқлар борган куни салбий хусусиятга эга бўлган биомайдон юзага келган ва ҳеч қандай натижа бўлмаган.
Мен бу феноменни бошқача тушунтириб бера олмайман. Сиз “Зумрад ва Қиммат” мултфилмини эсланг. Зумрад ўрмондаги ўша яхши кампирнинг ёнига ихлос билан борди ва кўп нарсага эга бўлди, Қиммат ҳам яхши кампирнинг олдига бошқа ният билан борди-ю, у билан ёмон воқеалар рўй берди.
Савол. Фикрингизни тушундим. Сиз ихлос икки томонлама бўлиши керак деганда нимани назарда тутдингиз?
Жавоб: Мен ўзим билан боғлиқ воқеаларни айтиб бера қолай. Жуда чарчаган пайтларда бемор билан юракдан гаплашишга вақт бўлмайди, унга эътиборим пасайиб қолади, шогирдларга ҳам оддий кўрсатмалар бераман. Шундай пайтларда натижа жуда суст бўлган. Бўлмаса, ташхис тўғри қўйилган ва зарур дорилар тўғри ёзилган. Шу ҳолатни беморга бўлган ихлоснинг камайганидан деб билаверинг. Демак, беморда ҳам, врачда ҳам ихлос бўлгандагина касалликни енгувчи кучли биомайдон юзага келади. Врач ўта кучли бўлса-ю, унда беморни тузатишга нисбатан ихлос бўлмаса, самарасиз ҳолатни кутаверинг.
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича