КЎРУВ АГНОЗИЯСИ
Кўрув агнозиялари. Объектларни ёки уларнинг тасвирини танишнинг (билишнинг) бузилишига кўрув агнозияси деб аталади. Кўрув агнозияси пўстлоқнинг энса соҳаси зарарланганда кузатилади. Бунда кўрув ўткирлиги ва кўрув майдони каби оддий функциялар сақланиб қолади. Кўрув агнозиясининг барча турларида бемор атрофдаги нарсаларни бемалол кўради, яъни кўрув аппаратининг периферик тизимлари функцияси сақланган бўлади, лекин уларни танимайди, номини айтиб бера олмайди.
Кўрув агнозиясининг 6 тури фарқланади:
- Нарсалар агнозияси – нарсалар ёки нарсалар тасвирини танимайди, лекин бу нарсалар нима учун ишлатилишини билади.
- Юз (бет) агнозияси – аввал таниш бўлган одамларни танимайди.
- Оптик-фазовий агнозия – объектларнинг фазовий тузилиши ва жойлашувини билмайди.
- Ҳарф агнозияси – ҳарфларни танимайди.
- Ранглар агнозияси – рангларни танимайди.
- Симультан агнозия – объектнинг баъзи қисмларини танийди холос, бироқ уни бус-бутунлигича танимайди, нималигини айтиб бера олмайди.
Нарсага агнозия оптик агнозиянинг кенг тарқалган тури. Бунда бемор объектни кўради, ҳатто унинг баъзи белгиларини ифодалаб ҳам беради, лекин номини айта олмайди, танимайди. Масалан, беморга қалам кўрсатилса, у ёзиш ва чизиш учун ишлатилишини билади, бироқ «бу қалам» деб айта олмайди, чунки танимайди. Шуниси эътиборлики, бемор нарсаларга қараб уларни чизиб беради, лекин ўша ўзи чизган нарсаларнинг номини айтиб бера олмайди, яъни танимайди. Агар нарсалар қалаштириб ташланса, уларнинг номини айтиш янада қийинлашади. Масалан, қайчи, пичоқ, болғача, қошиқларни (ёки уларнинг расмини) бир-бирига қалаштириб ташлаб, уларни бирин-кетин топиш сўралса, бемор бу ишни бажара олмайди. У фақат турли томонга кетган чизиқларни кўради, холос. Бу усулни Поппелрейтер 1917 йили таклиф қилган.
Юз агнозияси (прозопагнозия). Айтиб ўтганимиздек, агнозиянинг бу турида бемор аввал ўзига таниш бўлган чеҳраларни танимайди. Бемор юзда жойлашган бурун, қош, кўз ва қулоқларнинг номини айтиб беради, бироқ ушбу одам кимлигини айтиб бера олмайди. Улар ҳатто рафиқаси, бола-чақалари, даволовчи врачни, шу билан бирга аввал таниш бўлган одамлар, яқинлари, машҳур кишиларнинг суратларини ҳам танишмайди. Оғир ҳолатларда бемор ҳатто ойнадаги ўз аксини ёки суратини ҳам танимайди. Шунингдек, бемор аёл ва эркак юз-бетининг фарқига бормайди, уларнинг тахминий ёшини чалкаштириб юборади. Бемор одамларни овози, кийими ёки юришидан таниб олади, холос Баъзан таниб олишда таниш-билишларининг соч тузилиши, юзидаги ҳоли, кўзойнак тақиши каби қўшимча белгилар ёрдам беради. Агар доимо кўзойнак тақиб юрадиган таниши кўзойнагини тақмай кўринса, бемор уни танимай қолади. Баъзан бундай беморга сочи калта аёл эркак кишидек кўринади.
Юз агнозияси нисбатан кам учрайди ва кўпинча агнозиянинг бошқа турлари билан бирга намоён бўлади. Юз агнозияси бош миянинг орқа-энса соҳалари зарарланганда кузатилади.
Оптик-фазовий агнозия. Агнозиянинг бу тури кўпинча бош миянинг ўнг ярим шари (парието-оксипитал соҳалар) ёки иккала ярим шар биратўла зарарланганда кузатилади. Бунда бемор нарсанинг фазовий белгиларини тасвирлаб бера олмайди. Бу ерда нарсалар ёки атроф-муҳитдаги объектлар катта-кичиклигининг аҳамияти йўқ. Бемор геометрик фигураларнинг (учбурчак, ромб, квадрат) расмини тўғри чиза олмайди. Агнозиянинг бу турида чап ва ўнг томонларни фарқлаш ҳам бузилади ва бемор объектларнинг бир томонини тан олмайди (1-расм, а, б).
Бу ҳолат «фазо ёки объектнинг бир томонини инкор қилиш» синдроми деб аталади. Бу синдром асосан, бош мия ўсмаси ёки оғир краниоцеребрал жароҳатларда кузатилади. Бу синдромни биз бош мия ўнг ярим шарининг а.cerebri posterior қон билан таъминлайдиган соҳанинг ўткир ишемик инсультида ҳам кузатганмиз. Оптик-фазовий агнозия бош миянинг ўнг ярим шари зарарланганда кўп кузатилгани учун бемор объектларнинг чап томони борлигини гўёки инкор қилади. Бемор ҳатто ўзининг чап томонини ҳам тан олмайди, қўл-оёқлар ҳаракати сақланган бўлса-да, кўйлаги ва шимини кияётганда чап томонини киймайди, чап қўлини ишлатмайди. Бу синдром бир томонлама фазовий агнозия деб ҳам аталади. Бу симптомлар бош миянинг ўнг ярим шари зарарланиши учун жуда хос.
Шунингдек, анозогнозия – танадаги дефект (масалан, гемиплегияни) англамаслик ва аутотопогнозия – ўз танаси қисмларини билмаслик ёки уларни нотўғри (катта, кичик ёки бошқа буюмдек) идрок қилиш ҳам ўнг ярим шар зарарланганида учровчи белгилар.
Оғир ҳолатларда беморда нафақат ўнг-чап томонларни, балки юқори-қуйи координатларни ҳам фарқлаш бузилади. Бемор расмларда объектларнинг фазовий белгиларини таърифлаб бера олмайди (узоқ-яқин, катта-кичик, чап-ўнг, тепа-паст). Масалан, бемордан бирор жонзот ёки одамнинг суратини чизиб бериш талаб қилинса, унинг баъзи қисмларини (қўли, оёғи, кўз ва қулоқларини) чизади-ю, уларни танада жойлаштира олмайди (2-расм, а, б, в).
2-расм (а, б, в). Кўрув агнозияси кузатилган беморнинг чизган расмлари (А.Р. Лурия, 1973): а – фил расмидан нусха кўчириш; б – туянинг бошини чизишга уриниш; в – одамни ёддан чизиш.
Оптик-фазовий бузилишлар баъзан ўқиш жараёни бузилиши билан ҳам намоён бўлади. Бундай ҳолатларда бемор ҳарфлардаги чизиқларнинг қайси томонга қараб йўналганини англамайди. Айниқса Е, Ш, П, Я каби босма ҳарфларни ўқий олмайди. Бемор «Д» ва «Л» каби ҳарфларни фарқига бормайди. Клиник амалиётда оптик-фазовий агнозияларни аниқлаш учун ҳарфларни билишни текширишдан кўп фойдаланилади.
Ҳарфга агнозияда бемор ҳарфларни тўғри кўчирса-да, уларнинг номини айтиб бера олмайди, чунки уларни танимайди. Шунинг учун ҳам беморда ўқиш қобилияти бузилади (бирламчи алексия). Бемор нарсаларни тўғри танийди, уларнинг тасвирига тўғри баҳо бера олади ва ҳатто мураккаб фазовий тасвирларни тўғри фарқлай олади-ю, ҳарфларни танимайди, уларни ўқий олмайди. Агнозиянинг бу тури бош мия чап ярим шарининг (ўнақайларда) чакка-энса соҳалари зарарланганда кузатилади.
Рангга агнозия икки хил турга бўлиб ўрганилади. Рангларга агнозиянинг ҳақиқий тури ва рангларни таниб олишнинг бузилишлари (рангларга кўрлик) фарқланади. Рангларга кўрлик ва рангларни танишнинг бузилиши кўрув йўлларининг ҳам периферик, ҳам марказий қисмлари зарарланганда, яъни ҳам тўр парда, ҳам кўрув системасининг пўстлоғости ва пўстлоқ тузилмалари (17-майдон) зарарланганда кузатилади. Маълумки, рангларни қабул қилишнинг бузилиши ретина дегенерацияси ва колбачалар патологияси билан ҳам боғлиқ.
Вилбранд 1887 йили рангларни танимасликни биринчи бўлиб беморда аниқлаган ва ташхисни рангларга амнестик афазия деб атаган. 1908 йили И. Левандовский қайси нарсалар қандай рангга эга бўлишини айтиб бера олмаган беморни кузатиб, рангларга агнозияни рангларни ажрата олмасликдан фарқини кўрсатиб берган.
Рангларга агнозияда бемор нарса (олма, помидор, апелсин)нинг рангини айтиб бера олмайди. Агар беморда рангни айтишда қийинчиликлар туғилса, буни рангларга амнестик афазия, рангларнинг номи бўйича ўша рангни ажрата олмаса – рангларга сенсор афазия дейилади.
Кўпинча, рангларга агнозия нарсалар агнозияси билан биргаликда учрайди. Баъзан эса бирламчи алексия билан ҳам кузатилади. Рангларга агнозия кузатилган беморда кўрув майдони қисқариши баъзан учраса-да, у агнозияга хос белги эмас.
Агнозиянинг яна бир мураккаб тури бу – симультан агнозия. Бунда бемор нарсаларни бутунлигича эмас, балки уларнинг бўлагини, бир қисмини кўради, холос. Симультан агнозия Балинт синдроми деб ҳам аталади.
Агар беморга айлана ичига чизилган квадрат кўрсатилса, бемор ё квадратни ёки айланани кўради, уларнинг иккаласини биргаликда кўрмайди. Бемор учун битта сўзни ўқиб, иккинчисига ўтиш ҳам қийин. Шунинг учун Балинт (1909) кўрув агнозиясининг бу турини «нигоҳнинг руҳий фалажи» деб атаган. Баъзи муаллифлар бу ҳолатни «окуломотор атаксия» деб ҳам аташади. Симультан агнозияни аниқлаш учун бемордан геометрик фигуралар билан ишлашни, матнни кўчириш ёки ёзишни талаб қилиб кўриш кифоя (3-расм, а, б, в).
Нима учун бемор иккита тасвирдан бирини кўради ёки битта тасвирнинг бир қисмини кўради, холос? Беморда кўз олмасининг тўла ҳаракати сақланса-да, у нарсаларни бус-бутунлигича қабул қила олмайди. Мутахассислар фикрича, бунинг сабаби нигоҳ бошқарилиши бузилиши билан боғлиқ. Беморнинг нигоҳи бошқарилмайдиган бўлиб қолади, унинг кўз олмаси беихтиёр ҳаракатлар қилаверади ва оқибатда кўз орқали объектни излаш, унинг контурларини яратиш бузилади.
Симультан агнозия келиб чиқишининг сабаби бош мия пўстлоғида жойлашган кўрув ҳужайралари фаолиятининг пасайишидир, дейди тадқиқотчилар. Бу ҳужайралар фақат локал қўзғалишларгагина қобилиятли, деб тахмин қилинади. Симультан агнозия энса-тепа бўлагининг икки томонлама зарарланишида учрайди. Кўрув агнозияларини текшириш усуллари “Нейропсихологик альбом” ёрдамида амалга оширилади.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
©Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiyasi. Darslik., T.; 2021., 312b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc)
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича