Краниоцеребрал жароҳатларда беморлар психологияси
Краниоцеребрал жароҳатлар (КЦЖ ) нафақат турли даражада ифодаланган неврологик, балки психоэмоционал бузилишлар билан ҳам намоён бўлади. Психоэмоционал бузилишлар клиникаси ва кечиши жароҳат тури ва оғирлиги, беморнинг темпераменти ва шахс хусусиятларига кўп жиҳатдан боғлиқ.
Краниоцеребрал жароҳатлар ичида бош миянинг чайқалиши кўп учрайди. Айнан мана шундай беморларда неврологик бузилишларга қараганда, нейропсихологик ва психоэмоционал бузилишлар кўп кузатилади ва улар тиббий-психологик ёрдамга муҳтож. Оилавий можаролар сабабли бош миясига бир неча маротаба жароҳат (масалан, аёлларда) олганлар ҳам шулар тоифасига киради.
Посттравматик церебрастения. Церебрастения КЦЖ сабабли ривожланадиган энг кўп тарқалган синдромдир. Унинг учраш даражаси ҳақида аниқ бир статистик маълумот йўқ. Чунки церебрастения билан аксарият беморлар врачга мурожаат қилишмайди ва бемордаги церебрастения ҳолатлари айнан у ўтказган бош мия жароҳати билан боғлиқлигини кўрсатиб бериш ҳам мушкул. Церебрастения турли хил субъектив симптомлардан иборат. Булар жиззакилик, жаҳлдорлик, сабрсизлик, руҳан тез чарчаб қолиш, паришонхотирлик, уйқу бузилишлари, бош оғриқлари ва шу кабилар.
Кўп ҳолларда КЦЖ дан сўнг кучли хавотир ва фобия ривожланади. Масалан, автоҳалокат сабабли жароҳатланган бемор кўчага чиқишдан, пиёдалар учун мўлжалланган жойдан ўтишдан ва ҳаттоки автотранспортда бирор жойга боришдан қўрқади ёки унда ўлим қўрқуви ривожланади.
Краниоцеребрал жароҳатлардан сўнг апатия ҳолатлари ҳам кўп учрайди. Клиник белгилари жиҳатидан депрессияга яқин бу ҳолатни баъзан тўғри аниқлаш қийин. Посттравматик апатия умумий карахтлик, бўшашиш, атрофдаги воқеаларга қизиқиш йўқолиши, баъзида хоҳиш-ироданинг сўниши каби белгилар билан намоён бўлади. Бемор бирор бир ишни бошлаб қўйиб, охирига етказмайди ёки ўша иши зарур бўлса-да, у билан шуғулланмайди. Посттравматик апатияда диққат тарқоқлиги, эслаб қолишнинг енгил бузилишлари ҳам кузатилади.
Посттравматик психозлар. КЦЖ сабабли ривожланадиган психозлар ўткир ва сурункали бўлиши мумкин. Ўткир психоз, одатда, КЦЖ рўй бергандан сўнг 2-5 кун ўтгач бошланади ва асосан, миянинг лат ейиши туфайли кузатилади. Айниқса, бош миянинг пешона бўлаги жароҳатларида психомотор қўзғалишлар кучли ифодаланган бўлади. КТ ёки МРТ текширувларида бош миянинг пешона соҳасида лат ейиш белгилари ёки гематома аниқланади. Бундай вазиятда нейрохирургик амалиёт бажарилиши керак. Бош миянинг бирор қисми жароҳатланиши ҳисобига кузатиладиган ўткир психозлар, одатда, неврологик симптомлар билан биргаликда намоён бўлади, яъни фалажликлар, координатор бузилишлар, бош мия нервлари зарарланиши симптомлари ва ҳ.к. Шунингдек, олий руҳий функциялар бузилиши, яъни афазия, апраксия ва агнозиялар ҳам кузатилиши мумкин. Бундай беморларнинг аҳволи оғир бўлиб, улар доимо назоратда бўлиши керак.
Ўткир психозларда турли даражада ифодаланган ҳушнинг бузилишлари кузатилади, яъни ҳушнинг хиралашишидан тортиб, то сопор ҳолатигача. Ҳуш хиралашувида бемор билан мулоқот бузилади, у саволларга аниқ жавоб бера олмайди, нутқи узуқ-юлуқ ва тартибсиз бўлади, баъзан тинмай гапираверади (логоррея). Логоррея, асосан, бош миянинг чакка соҳаси зарарланиши учун хос. Бизнинг тажрибада бош мия жароҳатининг ўткир даврида 24 соат тинмай гапирган бемор бўлган ва даволанган. Унга кучли ухлатувчи дорилар юборилгач, ухлаб, уйқудан уйғонгандан сўнг яна бир неча соат тинмай гапираверган. Ушбу беморда логоррея касалликнинг 5-куни камайган. Миянинг зарарланиш белгилари камайган сайин, логоррея ҳолати ҳам ўтиб кетади. Шунинг учун ҳам бундай пайтларда тинчлантирувчи дорилар билан чегараланиб қолмасдан, касалликнинг ўткир даврида даволаш стандартида кўрсатилган барча муолажалар қилиниши керак.
Баъзан КЦЖ ўтказган бемор дарров узоқ вақт уйқуга кетади. Бу, албатта, кома эмас. Узоқ вақт уйқуга кетиш бош миянинг ҳимоя функциясидир. Бу феномен тўла ўрганилмаган. Баъзи мутахассислар бош миянинг оғир жароҳатларини ўтказган беморларни узоқ вақтгача ухлатиб (30-40 кунлаб) даволашни тавсия қилишади. Уларнинг фикрича, бундай усул жароҳатдан сўнг кузатиладиган оғир руҳий ўзгаришлар, айниқса, хотира бузилишини олдини олади. Одатда, оилавий бўлиб автоҳалокатга учраган ва оила аъзолари ҳалок бўлган беморларга ушбу усулни қўллашади. Бунинг учун шифохонада барча шароит яратилган бўлиши, организмнинг ҳаётий муҳим функциялари фаолияти ва яхши парвариш таъминланиши ҳамда этика тамойилларига тўла риоя қилиниши керак.
Посттравматик психозлар кўпинча галлюцинация, иллюзия, делирия ва агрессив ҳолатлар билан ҳам намоён бўлади. Агрессив холатларда бемор жаҳл устида ўзига ва атрофдагиларга қаттиқ тан жароҳати етказиб қўйиши мумкин. Психознинг бундай клиник кўринишларини кузатган врач беморни албатта психиатр ёки психоневрологга кўрсатиши зарур. Баъзан посттравматик психозларда пуэрилизм кузатилади, яъни катталар ўз ёшига мос келмайдиган ва болалик даври учун хос бўлган қилиқлар қилади. Пуэрилизм, айниқса, ўсмирлик ёшида КЦЖ ўтказганларда аниқланади. КЦЖ сабабли истерик хулқ-атвор шаклланади, баъзида эса гиперсексуализм кузатилади. Гиперсексуализм пешона бўлаги зарарланиши учун хос.
Маст кишиларда ривожланган КЦЖ рўй берса, психозлар даражаси ва сабабини аниқлаш бироз қийин бўлади. Ушбу беморда психоз КЦЖ туфайлими ёки ўта мастлик сабаблими, бу саволга жавоб топиб бўлмай қолади. Бундай ҳолатларда “Тез ёрдам” шифокорлари зудлик билан КЦЖ ва бўйин умуртқалари жароҳатини инкор қилиши керак.
Корсаков синдроми оғир КЦЖ сабабли ривожланадиган ўткир психоз бўлиб, унинг клиник белгилари, одатда, бемор ҳушига келгандан сўнг намоён бўлади. Бу синдромнинг асосий белгиси – эслаб қолишнинг бузилишидир. Бемор бўлиб ўтаётган воқеаларни эсида сақлаб қола олмайди. Бемор кун, ҳафта, ой кунлари ва ўзи ётган жойни эслай олмайди. Бемор ҳушида бўлиб, атрофдагилар билан мулоқоти сақланган бўлади, бироқ ўз аҳволига нисбатан танқидий қараши кескин пасаяди. Корсаков синдроми бир неча кундан бир неча ойгача давом этиши мумкин. Бу синдром, айниқса, спиртли ичимликларни суиистеъмол қилувчиларда оғир кечади. Корсаков синдромида хотиранинг барча турлари, айниқса, эслаб қолиш босқичи бузилганлиги учун ҳам уни хотиранинг бирламчи бузилиши деб аташади.
КЦЖ сабабли хотира йўқолса, у бир неча ойлаб, ҳатто йиллаб тикланмаслиги мумкин. Тикланиш даври баъзида бемор умрининг охиригача давом этади. Ҳаттоки, хотира тикланиши кузатилса-да, у тўла бўлмаслиги мумкин.
Посттравматик психознинг баъзи турларида ҳиссиёт бузилиши руҳий бузилишдан устунлик қилади. Масалан, асоссиз кўтаринки кайфият, яъни эйфория турли кўринишда намоён бўлади: бемор кўп сўзлайди, бўлиб ўтган жароҳатларни батафсил гапириб юради, қандай омон қолганини баён қилишни хуш кўради. Одатда, эйфория сурункали психоз учун хос. Баъзан аввал сахий ва бетакаллуф бўлган одам бош мия жароҳатидан сўнг зиқна ва яқинларига эътиборсиз бўлиб қолади.
Оғир краниотцеребрал жароҳатларда, айниқса, очиқ жароҳатларда тутқаноқ хуружлари ёки кучли вегетатив пароксизмлар кузатилади. Посттравматик эпилепсия, одатда, КЦЖ дан сўнг бир неча ой ёки йиллар ўтгач ривожланади. Айниқса, Жексон типидаги хуружлар кўп учрайди. Тез-тез ҳушдан кетиш билан кечувчи тутқаноқ хуружлари бориб-бориб, бемор хулқ-авторини патологик тарзда ўзгартириб юборади.
КЦЖ ўтказган беморларда “аввал кўрган” ёки “ҳеч қачон кўрмаган” феномен ривожланади. Бемор ўзи аввал бормаган ва кўрмаган жойда пайдо бўлиб қолса, бу ерга худди илгари келгандек, барча нарсалар танишдек кўринади. Баъзида эса аввал борган ва бир неча бор кўрган жойига борса, бу ерда ҳеч қачон бўлмагандек, барча нарса ва воқеалар нотаниш туюлади. Бу феномен механизми тўла ўрганилмаган. КЦЖ ўтказганларда, айниқса, пешона ва чакка бўлакларининг кетма-кет рўй берган жароҳатларида кейинчалик деменция ривожланиши ҳам мумкин.
КЦЖ дан сўнг кузатиладиган руҳий бузилишларнинг олдини олиш учун авваламбор беморга касалликнинг ўткир давридаёқ нейропсихологик ёрдам тўғри ташкил этилиши зарур. Бундай беморлар улар учун ишлаб чиқилган махсус нейропсихореабилитация дастурлари асосида нейропсихолог (тиббий психолог) назорати остида туриб даволанишлари зарур.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича