КЎЗНИ ҲАРАКАТЛАНТИРУВЧИ НЕРВ НЕВРОПАТИЯСИ
Кўзни ҳаракатлантирувчи нерв (n. oculomotorius) fissure orbitalis superior орқали кўз косасига кириб, унинг ҳаракатлантирувчи толалари юқори қовоқни кўтарувчи ва кўзни ҳаракатлантирувчи бир қанча мускулларни иннервация қилади. Унинг зарарланиши учун птоз, қочувчи ғилайлик, кўз ҳаракатининг ичкари ва юқорига қийинлиги, диплопия, мидриаз, қорачиқ фотореакцияси бузилиши, аккомадация ва конвергенция қийинлиги, экзофтальм хос. Бироқ III нерв зарарланганда бу симптомларнинг барчаси ҳам пайдо бўлавермайди. Масалан, ушбу нервнинг диабетик невропатияси птоз, қочувчи ғилайлик ва диплопия билан намоён бўлади, мидриаз эса кузатилмаслиги мумкин. Чунки қандли диабетда III нервнинг миелин билан қопланган толалари (мускулларга борувчи толалари) кўпроқ зарарланади, миелин билан қопланмаган парасимпатик толалар эса деярли зарарланмайди. Миелинли нерв толалари ишемия ва гипоксияга жуда сезгир бўлади. Шунинг учун улар кўпроқ зарарланади. III нервнинг диабетик невропатиясида кўз соққасида кучли оғриқлар ҳам кузатилади.
III нерв невропатиясида мидриаз бор-йўқлиги катта дифференциал-диагностик аҳамиятга эга. Маълумки, m. sphincter pupillae га борувчи парасимпатик толалар III нервнинг чекка қисмида жойлашган. Агарда III нервни ўсма эза бошласа, дастлаб мидриаз пайдо бўлади, кейинчалик кўзни ҳаракатлантирувчи толалар зарарланади. Шунингдек, бир томонлама мидриаз бош мия ўсмасида кузатиладиган тенториал силжиш, ички уйқу артерияси, орқа бириктирувчи артерия ва миячанинг юқори артерияси аневризмаси учун хос. Мидриаз қайси томонда бўлса, патологик жараён ҳам ўша томонда жойлашган бўлади. Бош мия ўсмаси аниқланган беморда бир томонлама мидриаз пайдо бўлса, зудлик билан операция масаласини ҳал қилиш лозим.
Кўзни ҳаракатлантирувчи нерв невропатияси сабаблари
- Интракраниал ўсмалар ва бошқа ҳажмли жараёнлар (глиома, менингиома, гемангиома, нейрофиброма, липома, эпидермоид киста, меланома, карцинаматоз, саркоидоз, гипофиз аденомаси, туберкулема, сифилома).
- Бактериал ва вирусли яллиғланиш касалликлари (менингит, менингоэнцефалит, герпетик энцефалитлар, Гийен-Барре синдроми, инфекцион мононуклеаз, полиомиелит, мононевропатия).
- Дегенератив касалликлар (тарқоқ склероз ва бошқа демиелинизациялар).
- Цереброваскуляр касалликлар (субарахноидал геморрагиялар, ички уйқу артерияси аневризмаси, орқа бириктирувчи артерия аневризмаси, қаттиқ парданинг артериовеноз малформасиялари);
- Каверноз синус тромбози, Толос-Хант синдроми.
- Қандли диабет, уремия, гестоз, ботулизм, дифтерия ва бошқа метаболик-токсик бузилишлар.
- Офталмоплегик мигрен.
- Кўзни ҳаракатлантирувчи нерв зарарланишини эслатувчи патологик ҳолатлар (тиреотоксикоз, миастения, сурункали чарчаш синдроми) ва бошқа сабаблар.
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
© Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. Toshkent, 2021., 312 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича