Хиссиёт ва унинг патологияси
Ҳиссиёт деб бизни ўраб турган борлиқдаги барча мавжудотлар, нарса ва ҳодисаларга бўлган муносабатлар натижасида пайдо бўладиган туйғуларга айтилади. Ҳис-туйғуларсиз бирорта руҳий жараён кечмайди. Ҳиссий қўзғалишлар юракда ҳам акс этади. Ҳаяжонланганда юрак уриб кетишининг кучайишига қараб қадимда ҳиссиёт марказини юракда деб ҳисоблашган.
Сезги ва идрокдан тортиб то тафаккургача бўлган барча операциялар турли даражадаги ҳиссий ўзгаришлар билан намоён бўлади. Инсон табиати шундай яралганки, у ҳиссий воқеаларга кўпроқ аҳамият беради. Тиббиётда ҳис-туйғулар муаммосига, айниқса, катта эътибор берилади. Бемор билан врач, врач билан ҳамшира, ҳамшира билан бемор орасидаги муносабатларга бағишлаб жуда кўп асарлар ёзилган. Бу асарларда ҳис-туйғулар муаммосига катта эътибор қаратилган.
Ҳис-туйғу бизнинг теварак-атрофга бўлган муносабатимизни акс эттиради, дедик. Албатта, биз содир бўлаётган воқеаларни фақат идрок этмасдан, балки унга муайян тарзда ўз муносабатимизни ҳам билдирамиз. Одамнинг турли ва кўп қиррали ҳис-туйғулари маълум даражада ижобий ва салбий хилларга ажратилади. Масалан, ишқ-муҳаббатдаги ижобий ҳиссиётга рашкнинг салбий ҳис-туйғуси қўшилиб қолиши ва ҳ.к.
Ҳис-туйғу кишининг феъл-атворида турли даражада акс этиб туради ва зарур пайтда у қудратли кучга айланади. Ҳис-туйғу одам фаолиятининг турли жиҳатлари бўлмиш – меҳнат, илм-фан ва санъатга рағбатлантирувчи куч ҳам ҳисобланади. Лекин шуни назарда тутиш лозимки, ҳиссиёт инсон фаолиятини фақатгина уйғунлаштирмасдан, балки уни издан чиқариб қўйиши ҳам мумкин. Масалан, муҳаббат одамни қаҳрамонликка, шижоатга, қатъийликка, қунт билан ишлашга даъват этади. Лекин айнан шу муҳаббат инсоннинг ҳаёт тарзини барбод этиши, олдига қўйган мақсадларидан чалғитиб қўйиши ҳам мумкин. Айниқса, ўспиринларда фанатизм билан ифодаланган салбий ҳиссий реакциялар уларнинг нормал ҳаётини издан чиқариб юборади, керак бўлса, ақлий фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Бундай ёшлар аффект ҳолатларига тез-тез тушиб туради. Ҳозирда ёшлар орасида ҳиссий тўмтоқлик ҳам тез-тез кўзга ташланмоқда. Бунга асосий сабаб уларнинг мияси ҳазм қила олмайдиган ахборотларнинг кўпайиб кетишидир. Масалан, мултфилмлардан тортиб, катталар кўрадиган филмларда реал ҳаётда инсон бажара олмайдиган ғайритабиий кадрлар жуда кўп.
Ҳиссиёт ҳайвонларда ҳам бор. Айниқса, сут эмизувчиларда ҳиссиёт бирмунча яхши ифодаланган. Масалан, кучук хурсанд бўлса, думини ликиллатиб эркаланади, сакрайди, жаҳли чиқса, тишини ғижирлатади ва ҳ.к. Бироқ юқори даражада ифодаланган ҳис-туйғу фақат инсон учун хос. Одамзод ҳис-туйғулари турли-туман бўлиб, уларга қуйидагилар киради: қувонч, ғазаб, ғам-ғусса, ваҳима ва, шунингдек, организмда кучли вегетатив ўзгаришлар билан кечадиган – очлик, чанқаш, оғриқ ва жинсий ҳис-туйғулар.
Ҳис-туйғулар орасида ҳам катта тафовутлар мавжуд. Турли одамларда ҳиссий қўзғалувчанлик даражаси ва уларнинг чуқурлиги, жадаллиги турли хил. Баъзиларнинг ўзини тутишида ҳис-туйғулар акс этиб турса, бошқа бировларда кўпроқ ақл-идрок устунлик қилади. Гоҳида улар баробар ифодаланган бўлади.
Ҳис-туйғулар ичида кайфият деб аталувчи умумий ҳис-туйғу ҳам мавжуд. Соғлик ёки бирор бир касаллик ҳақида дарак берувчи кўп сонли интерорецептив импулслар йиғиндиси кайфият даражасини белгилаб беради. Инсон кайфиятига қараб тетик, дадил, жиззаки, маъюс бўлади. Жиззакилик ва маъюслик бирор бир касаллик бошланганининг илк аломати бўлиши мумкин.
Ҳиссиётнинг физиологик механизмлари. Бугунги кунда ҳиссий реакциялар янгича талқин қилинмоқда. ХХ асрда ҳиссиёт учун масъул тузилмаларни асосан Папетс айланасига кирувчи тузилмалар билан боғлашган бўлса, ҳозирда бу жараёнда префронтал соҳа иштирокига оид янги материаллар қўлга киритилган (Баарс Б., Гейдж Н., 2016). Демак, фақат мураккаб тафаккур операцияларига масъул деб ҳисобланган префронтал соҳа ҳиссий реакцияларга ҳам бевосита алоқадор бўлиб чиқмоқда.
Нанотиббиёнинг жадал ривожланиб бориши ва нейрофизиологлар, нейробиологлар, нейропсихологлар ҳамда биофизикларнинг ҳамкорликда олиб бораётган тадқиқотлари қайси нейрокимёвий реакциялар қайси ҳиссий реакцияларни амалга оширишда иштирок этишига оид ўта қимматли маълумотлар тўпланмоқда. Яқин йилларда бундай нейронал тузилмаларга махсус микрочиплар ўрнатиб, инсон ҳиссиёти билан боғлиқ характерли ўзгаришларни бошқариш механизмлари ишлаб чиқарилиши эҳтимолдан йироқ эмас.
Маълумки, одам қўрқиб кетганида ёки ғазабланганида қонда адреналин миқдори ошиб кетади. Юзага келган гиперадреналинемия натижасида жигар ва мушакларда гликоген жадаллик билан парчаланади. Бунда қонда қанд миқдори ҳам ошади ва организмни ёнилғи материали билан таъминлайди. Ҳиссий қўзғалишларда гипофиз ва қалқонсимон безнинг инкретор фаолияти кучаяди. Ҳис-туйғулар, айниқса, юрак-қон томир системасига ва АҚБ га кескин таъсир кўрсатади. Бу ҳолат турли даражада ифодаланган вегетатив ўзгаришлар билан намоён бўлади.
Вегетатив нерв системаси ҳар қандай ҳиссий реакцияларда бевосита иштирок этади. ВНС симпатик ва парасимпатик нерв системаларидан иборат. Симпатик нерв системасининг фаолияти кучайганда, қонда адреналин ва норадреналин миқдори ошса, парасимпатик нерв системаси фаолияти кучайиши қонга кўпроқ холинергик моддалар ажралиб чиқишини фаоллаштиради.
Ҳиссий қўзғалишларда, шунингдек, бош миянинг биоелектрик фаоллиги ҳам ўзгаради. ЭЭГ да α-тўлқинлар фаоллиги пасайиб, β-тўлқинлар фаоллиги ошади, билатерал-синхрон тўлқинлар пайдо бўлади. Алфа-тўлқинлар миянинг тинч фаолиятини ифодаласа, β-тўлқинлар эса кўпроқ хавотирли-фобик бузилишларда намоён бўлади (1-расм).
а) б)
1-расм. Турли функционал ҳолатларда ЭЭГ. а – асаби тинч одамнинг электроэнцефалограммаси. ЭЭГ да бир маромли α-тўлқинлар; б – асабийлашган одамнинг электроэнцефалограммаси. Унда α-тўлқинлар йўқ, миянинг барча нуқталари бўйлаб юқори частотали, паст амплитудали тўлқинлар рўйхатга олинган (Ибодулаев З.Р. кузатуви, 2004).
Ҳиссиётнинг нейрогуморал механизмини гипоталамо-гипофизар система таъминлайди. Ички аъзоларга ушбу тизим билан боғлиқ сигналлар симпатик ва парасимпатик нерв толалари орқали узатилади ва қабул қилиб олинади. Ҳиссиётга ҳар хил функционал системаларнинг ўзаро мураккаб таъсир кўрсатишининг интегратив маҳсули сифатида қарамоқ керак. Инсоннинг ҳис-туйғулари шаклланишига таълим-тарбия, ижтимоий омиллар, атроф-муҳит, ҳаёт тажрибаси, жисмоний ва руҳий саломатлик даражаси ҳам таъсир кўрсатишини эсда тутиш лозим.
Ҳиссиёт патологияси
1. Эйфория – сабабсиз кўтаринки кайфият. Демак, эйфория – бу патология. Эйфория ҳолатидаги одамга атрофдаги барча нарсалар қувончли ва жозибали бўлиб кўринади. Ҳеч қандай асос бўлмаса-да, улар ўзларини дунёда энг бахтиёр одам деб ҳис қилишади.
2. Дисфория – тушкун кайфият бўлиб, ортиқча жиззакилик, баджаҳллик, арзимаган нарсага хафа бўлиш ва атрофдагиларни ёқтирмаслик билан намоён бўладиган патологик ҳолат. Дисфорияда сал нарсага ҳиссий портлаш ва агрессив хатти-ҳаракатлар кўп кузатилади. Бундай шахс бадқовоқ бўлиб, ота-онаси ёки ака-укаларига “Сизлар мени ёмон кўрасизлар, ёқтирмайсизлар”, деб улардан бир неча кунлаб аразлаб юради. Агар яхши бир вазиятда унинг кайфияти кўтарилиб қолса, бу ҳам бир-икки кундан ошмайди, у яна нимадандир аразлаб, дисфория ҳолатига тушади, ҳафталаб уйдагилар билан гаплашмай юради. Гипотимиядан фарқли ўлароқ, дисфорияда жисмоний фаоллик сустлашмаган бўлади.
3. Ҳиссий амбивалентлик – бир-бирига қарама-қарши бўлган икки хил ҳис-туйғу, яъни меҳр ва ғазабнинг бир хил пайтда намоён бўлиши. Масалан, онасини жонидан ортиқ севадиган ўспирин, унга кўп меҳрибонлик ва ғамхўрлик қила туриб, бегоналар олдида уни қаттиқ ҳақорат ҳам қилиб ташлайди ёки айбини айтиб, устидан хахолаб кулади. Бундай ҳолатлар руҳий касалликларда кўп кузатилади. Шизофренияга чалинган бир бемор ерда ётган папирос қолдиғига кўзи тушиб, йиғлаб юборган ва шундай деган: «Бечорагинам, ёлғизгинам, бир ўзинг ётибсан-а, ҳеч ким сенга қарамайди ҳам, ҳеч ким сенга ачинмайди ҳам, юр кетдик».
4. Аффект – тўсатдан пайдо бўлиб, қисқа муддат давом этадиган ҳиссий портлаш. Аффектнинг физиологик ва патологик турлари фарқ қилади. Физиологик аффект пайтида одам ўз аҳволини англаб туради ёки қисман назоратни йўқотади. Масалан, чинқириб йиғлаган, сочини юлган, фарзандидан маҳрум бўлган онаизорда физиологик аффект аломатларини кўрамиз. Патологик аффект пайтида одам ўзини бошқара олмай қолади ва бемалол бировнинг (ўзининг ҳам) жонига қасд қилиб қўяди. Қаҳр, ғазаб, рашк, ажабланиш ва хурсандчилик аффектлари ҳам фарқ қилади. Патологик аффектда онгнинг торайиши сабабли қисман ёки тўла амнезия ҳам кузатилади. Шу боис ҳам аффект пайтида одам нима қилганини эслай олмайди.
5. Апатия – атрофдаги барча воқеа ва ҳодисалар ҳамда бирон бир фаолиятга қизиқишнинг йўқолиши билан намоён бўлувчи тушкун кайфият. Апатия депрессияга ўхшаб кетади. Бироқ депрессия бир нечта симптомлардан иборат сурункали давом этувчи жиддий касаллик бўлса, апатия асосан тушкун кайфият билан намоён бўладиган синдром. Агар апатия ирода сўниши билан биргаликда намоён бўлса, у ҳолда апато-абулик синдром ҳақида сўз боради.
6. Маниакал ҳолат – ўта хурсандчилик ва кучли энергия билан намоён бўладиган руҳий ҳолат. Маниакал ҳолатдаги одам жуда шўх, хушчақчақ, бўлар-бўлмасга ҳазиллашиб кулади, рақсга тушгиси келади, ўта ишчан бўлиб қолади. У қўшиқ хиргойи қилиб, бир ҳафтада қилинмай ётган ишларни бир кечани ўзида бажариши мумкин. Бироқ бундай ҳолат узоққа бормайди ва бемор яна депрессияга тушиб, ўчади-қолади. Айниқса, бундай ҳолат маниакал-депрессив психозларда учрайди.
7. Депрессия – узоқ давом этувчи тушкун кайфият, фикрлар инертлиги ва ҳар қандай ҳаракатга бўлган мотивациянинг сўниши билан намоён бўладиган руҳий бузилиш.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича