Хортон синдроми (чакка артериити)
Чакка артерияси – ташқи уйқу артерияси (а. carotis externa) тармоқларидан биридир. Чакка артериити аутоиммун касаллик бўлиб, асосан, 50 ёшдан ошганларда учрайди. Чакка артериити клиникаси уч шохли нерв невралгиясига ўхшаб кетсада, унинг фарқ қилувчи клиник ва параклиник белгилари бир қанча. Чакка артериитининг асосий белгиси ҳам чакка-пешона соҳасида учрайдиган кучли оғриқлар ҳисобланади. Лекин бу оғриқлар кам ҳолларда бир томонда, кўп ҳолларда иккала томонда учрайди. Сурункали кечувчи оғриқлар баъзида кучайиб, чидаб бўлмайдиган даражага етади. Улар кўпинча овқат чайнаганда кучаяди.
Объектив текширувлар чакка артерияси қалинлашгани ва қотишганини кўрсатади. Артерия жуда қотишган ҳолатларда унинг уриши ҳам сезилмайди. Касаллик нафақат локал оғриқлар билан намоён бўлади, баъзида оғриқлар бошнинг ҳамма жойида аниқланади. Шунингдек, тана ҳарорати субфебрил даражагача ошади, кўп терлаш ва умумий ҳолсизлик кузатилади. Бемор тез чарчайдиган бўлиб қолади.
Чакка артериити умумий аутоиммун касалликнинг клиник бир кўриниши бўлганлиги сабабли бошқа томирларнинг зарарланиши ҳам аниқланади. Аксарият ҳолларда ички уйқу артерияси, аорта ва коронар артериялар зарарланиши кузатилади. Ретинал артериянинг зарарланиши кўришнинг сусайиши билан намоён бўлади. Шунингдек, кўрув нерви ва кўзни ҳаракатлантирувчи нервлар зарарланишини ҳам кузатиш мумкин. Қонда яллиғланиш реакциялари, яъни лейкоцитоз, ЭЧТ ва С-реактив оқсил миқдорининг ошиши кузатилади. Чакка артериити ташхисини қўйишда дуплексли сканирлаш усули ва чакка артерияси биопсияси ўрни жуда катта.
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича