Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ХАВОТИРНИ ТЕСТ ОРҚАЛИ АНИҚЛАШ МУМКИНМИ?

ХАВОТИРНИ ТЕСТ ОРҚАЛИ АНИҚЛАШ МУМКИНМИ?


Ҳа, мумкин! Худди депрессияни аниқловчи психологик тестлар каби хавотирни аниқловчи тестлар ҳам бор. Уларни “Психологик сўровномалар” деб аташади. Ундан фойдаланиш учун ёнингизда психолог ўтириши шарт эмас, бироқ олинган натижани унга кўрсатган маъқул. Нега бундай сўровномалар ўйлаб топилган? Одамлар ўз руҳий саломатлигини тест орқали назорат қилиб бориш учун шундай қилинган. Масалан, ривожланган хориж давлатларида одамлар бундай тестлардан ўтиб туришади ва ўзларининг шахсий психологлари билан маслаҳатлашиб туришади. Юрак фаолияти кардиограмма текшируви орқали назорат қилиб турилганидек, инсоннинг руҳий ҳолати психологик тестлар орқали назорат қилиб турилади. Бу жуда яхши – руҳиятимиз ҳолатини билиш учун ҳам, бундай касалликларни ўз вақтида олдини олиш учун ҳам.
           
Хавотир нималиги ҳақида мен бу китобда ёзганман. Психологлар хавотирни 2 турга бўлиб ўрганишади: биринчиси – бу реактив хавотир, иккинчиси – шахсий хавотир. Реактив хавотир – айнан шу кунларда рўй берган, рўй бераётган ва эрта-индин рўй бериши мумкин бўлган ҳолатларга нисбатан юзага келган хавотир. Шунинг учун ҳам унинг номи – реактив хавотир. Агар вазият ўз ечимини топса ёки яхши томонга ўзгарса бу хавотир ўтиб кетади. Демак, реактив хавотир – бу ўткинчи хавотир. Масалан, имтиҳондан икки баҳо олгандаги хавотир ёки имтиҳон олди хавотири, отаси операцияга кириб кетаётгандаги хавотир, никоҳ кечаси хавотири, диссертация ҳимояси пайтидаги хавотир ва ҳ.к. Шахсий хавотир эса турғун хавотир бўлиб, ҳар бир инсонда индивидуал тарзда шаклланган бўлади. Шахсий хавотир турғун бўлгани билан вазиятга қараб ўзгариб туради. 
           
Хавотирнинг иккала турини ҳам аниқлаб баҳолаш учун иккала психолог олим, яъни Спилбергер ва Ханин махсус психологик тест ишлаб чиқишган ва унга Спилбергер-Ханин сўровномаси деб ном беришган. Бу сўровнома оддий бўлганлиги боис тез орада машҳур бўлиб кетди. Мен ҳозир Сизларга ўша сўровноманинг “реактив хавотирни аниқлаш учун” мўлжалланган қисмини келтириб ўтаман. Шахсий хавотирни аниқлаш қисми эса бундан кейинги мавзуда ёритилган.

Спилбергер-Ханин сўровномаси
(реактив хавотирни аниқлаш учун)
Кўрсатма. Қуйида келтирилган ҳар бир жумлани диққат билан ўқинг ва айнан ҳозирги пайтда ўзингизни қандай ҳис қилаётган бўлсангиз шунга мос жавобларни белгиланг. Саволлар устида узоқ ўйланманг ва хаёлингизга келган биринчи жавоб катагини доирага олинг. 


     Саволлар. Вазиятлар
Асло ундай эмас
Балки шундай
дир

Тўғри     
 Жуда  тўғри      
1.
Мен тинчман




2.
Менга ҳеч нарса хавф солмайди                




3.
Менинг асабларим таранглашган




4.
Мен афсус чекяпман




5.
Мен ўзимни эркин ҳис этяпман




6.
Мен хафаман    




7.
Мени рўй бериши мумкин бўлган муваффақиятсизликлар қийнаяпти




8.
Мен руҳий хотиржамликни ҳис қиляпман




9.
Мен хавотирдаман




10.
Мен ички қониқишни ҳис қиляпман




11.
Мен ўзимга ишонаман




12.
Мен асабийлашяпман




13.
Ўзимни қўйишга жой топа олмаяпман    





14.
Менинг асабларим таранг    




15.
Мен тангликни ҳис қилмаяпман, сиқилмаяпман




16.
Мен мамнунман




17.
Мен ташвишдаман




18.
Асабларим жуда қўзғалган ва ўзимни назорат қила олмаяпман                





19.
Мен хурсандман




20.
Кайфиятим чоғ    






Маълумотларни таҳлил қилиш ва ҳисоблаш қуйидагича амалга оширилади:
 ∑1 – 3, 4, 6, 7, 9, 12, 13, 14, 17, 18 рақамлар йиғиндиси;
 ∑2 – 1, 2, 5, 8, 10, 11, 15, 16, 19, 20 рақамлар йиғиндиси. 

Ушбу формула ∑1 – ∑2 + 35 реактив хавотир даражаси аниқланади. Агар тўпланган баллар йиғиндиси 30 балдан ошмаса, демак, хавотирга ўрин йўқ. Бироқ Сиз бор йўғи 20 балл тўпласангиз, ё Сиз ўта беғамсиз ва сизни ҳеч нарса қизиқтирмайди ёки сиз ўта омадлисизки Сиз учун кимдир ишлаяпти, қайғураяпти ва ҳ.к. Бунақаси ҳаётда жуда кам учрайди ва бу ҳам яхши ҳолат эмас. Чунки ҳали айтиб ўтганимдек, ўз олдига вазифалар қўйиб фаол яшаётган инсонда албатта ўзига яраша хавотир бўлади ва бу хавотир унга рўбарў бўлаётган тўсиқларни енгиб ўтишга ва мақсадига эришишига ёрдам беради. Мабодо, баллар йиғиндиси 31-45 балл ичида бўлса, буни психологлар ўрта даражада ифодаланган хавотир дейишади. Бундай пайтларда тиббий психолог билан маслаҳатлашиш керак. Балким атрофингиздаги Сиз билан боғлиқ вазият у даражада хавотирли эмасдир ва Сиз ортиқча безовта бўлаётгандирсиз. Масалан, 30-40 атрофидаги реактив хавотир бу ҳам одатий хавотир ва муаммо ечими топгандан кейин ўтиб кетади в
а Сиз шу хавотир туфайли эришган ютуғингиздан баҳраманг бўласиз. Бироқ хавотир даражаси 46 балдан ошса, у ҳолда тиббий психолог кўригидан ва унинг суҳбатларидан ўтишингиз лозим бўлади. Чунки керагидан ортиқча хавотир соғлом турмуш тарзингизга хавотир бериши ва психосоматик касалликлар ривожланишига туртки бўлиши мумкин.
 Эслатма: Ҳеч қачон жавоб вариантларини сунъий белгиламанг ва ўзингизни-ўзингиз алдаманг! Умуман олганда, ўта паст даражадаги хавотирга эга шахсларда мотивасия ўта суст бўлади ва улар масъулиятсиз одамлардир.


Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
             © asab.cc

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича