Намойишкор шахс
Бу тоифага мансуб шахсларнинг хулқ-атворида намойишкорлик доимо сезилиб туради, улар барча хатти-ҳаракатларини намойишкорона бажаришни ҳуш кўришади. Атрофдагилар билан тез ва осонликча мулоқотга киришади, ишчан ва ҳаракатчан бўлишади. Ҳийла ва найрангга уста, ёлғон гапиришга мойил, олифта, маккор, хаёлпараст, ўз шахсини бўрттириб кўрсатувчи ва шу билан бирга бошқа бировларни бир-бирига тўқнаштириб, жанжалли вазиятларни юзага келтиришни хуш кўришади. Мақтовталаб, манман бўлишади. Ҳар қандай ишга таваккал қилиб қўл уриб кўришади, раҳбарликка интилишади, атрофдагиларнинг эътиборида бўлишни ёқтиришади. Ҳар қандай вазиятга тез мослашиб олишади, агар уларнинг хатти-ҳаракатлари атрофдагилар томонидан тан олинмаса ёки эътибор қилинмаса, уларнинг кайфияти тез бузилади ва суҳбатни бошқа йўналишга ўзгартириб юборишади.
Мана шундай пайтларда улар ўз фойдасига жанжалли вазиятларни юзага келтиришга уриниб кўришади ва бунга эришишади ҳам. Улар жудаям эгоист бўлишади, доимо диққат-эътиборда бўлишни хоҳлашади, мақтовга чанқоқ бўлишади, агар атрофдагилар уни мақтамаса, у ўзини мақтайди, ёнидаги суҳбатдошини ҳайратда қолдирадиган уйдирмалар ўйлаб топади, ўзининг сўзамоллигидан фахрланишади. Унинг олдида бировни мақташнинг фойдаси йўқ, чунки бу уларнинг кайфиятини тушириб юборади, бундай пайтларда у суҳбатни яна ўз фойдасига буришга интилиб кўради ёки диалогни тўхтатиб қўя қолади. Мабодо у билан аввал зиддиятли вазиятлар рўй берган бўлса, суҳбат чоғида бу воқеани бўрттириб сўзлаб беради, атрофдагиларда унга нисбатан ҳамдардлик ва ачиниш ҳиссини пайдо қилишни хуш кўради. Агар унинг сўзларига эътибор қилинмаса, тез жаҳли чиқади, бироқ буни сездирмасликка ҳаракат қилади. Улар доимо атрофида одамларни тўплаб, ваъзхонлик қилишни, жамоага етакчи бўлишни ёқтиришади ва ўзи алоҳида кўзга ташланиб туришни истайди. Улар ёлғизликни ёқтиришмайди.
Шунинг учун ҳам улар доимо мансабга интилишади, уларнинг ички туйғуларини рўёбга чиқарувчи, ўзини кўз-кўз қилишга катта имконият яратиб берувчи ягона вазият – бу мансабдир. Шунинг учун ҳам улар қандай бўлмасин, бирор бир мансабни эгаллашни орзу қилиб яшашади. Аслида унинг хатти-ҳаракати доимо ҳам ҳақиқатга мос келавермайди, агар кичикроқ бир фавқулотда вазият юзага келса, жамоани йиғиб жуда катта шов-шув кўтаради, йиғин пайтида атайлаб зиддиятли вазият яратади, жамоа аъзолари ичидан айбдорни излайди, топа олмаса бировни-бировга тўқнаштириб, айбдорни топиб олади ва унинг обрўсини ҳамманинг олдида ерга уриб ташлайди, ўзини эса фаол ҳимоя қилишга интилади. Жанжални ҳам ўз фойдасига ҳал қилиб, вазиятдан “қаҳрамон” бўлиб чиқишга уринади ва аксарият ҳолларда бунга эришади ҳам. Унда сиқиб чиқариш хусусияти (психоанализда Фрейд томонидан таклиф этилган “сиқиб чиқариш” атамаси бор) кучли бўлади, яъни ўзига ёқмаган воқеа ва ҳодисалар тафсилотини хотирасидан ўчириб ташлаш қобилиятига эга бўлади.
Ёлғон гапириш унинг учун одатий ҳолдир, унинг ҳаёт тарзида ёлғон ва ҳақиқатлар шу даражада чалкашиб кетадики, кейинчалик гапирган гапларининг қайси бири ёлғону, қайси бири ҳақиқатлигини ўзи ҳам англай олмай қолади. Шунинг учун ҳам бундай одамга кейинчалик бўлиб ўтган воқеалар айтиб берилса, эслай олмайди, бироқ ҳақиқатдан ҳам эслай олмаяптими ёки эслашни хоҳламаяптими, билиб олиш ўта мушкул. Бундай одамларни псевдолог, яъни ёлғончи деб ҳам аташади. Шу аснода уларнинг фикрлаш доираси кенглигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим, баъзан инсон ҳайратда қоладиган ишларга таваккал қилиб қўл уришади ва ишчанлик қобилияти юқорилиги учун анчагина ютуқларга эришишади ҳам.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича