НЕОНАТАЛ ХУРУЖЛАР
Неонатал хуружлар янги туғилган чақалоқларда кузатилади. Уларни келтириб чиқарувчи асосий сабаблар: асфиксия, бош мия жароҳатлари, субдурал гематома, мияга қон қуйилиши, туғма аномалиялар, гипокальциемия, гипогликемия, гипернатриемия, гипонатриемия, менингит, энцефалит, цитомегаловирус, токсоплазмоз, герпетик инфекциялар, пиридоксин (В6 витамини) етишмовчилиги, аминокислоталар алмашинувининг бузилиши, тубероз склероз, факоматозлар, галактоземия, оилавий эпилепсия.
Клиникаси. Неонатал хуружлар, асосан, фокал, тоник, клоник ва миоклоник хуружлардан иборат. Миоклоник хуружлар кўз олмасининг ротатор нистагмга ўхшаб титрашлари, кўзнинг ярим юмилиб-очилиши, қошлар пирпираши, мимик мускуллар учиши, лаблар титраши, тилни чиқариб-олиш, лунжларни ўйнатиш каби ҳаракатлар билан намоён бўлади. Тоник хуружлар пайтида боланинг боши орқага қайрилиб, қўл ва оёқлари чўзилиб қотиб қолади.
Клоник хуружлар, кўпинча, бир томонда қўл ёки оёқнинг клоник титрашлари билан кечади. Оёқлардаги клоник ҳаракатлар баъзида велосипед ҳайдагандек ҳолатни эслатади. Баъзида эпилептик хуружлар фокал хуружлар билан бошланиб, сўнгра тарқалган хуружларга ўтади.
Даволаш. Неонатал хуружларни бартараф этишда, асосан, фенобарбитал, диазепам ва В6 витамини қўлланилади. Неонатал хуружлар прогнози уни келтириб чиқарган сабабга боғлиқ. Этиологик омил тўғри аниқланиб даволаш муолажалари ўтказилса, неонатал хуружлар асоратсиз ўтиб кетади.
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича