Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси Невроз ва реактив бузилишлар

Невроз ва реактив бузилишлар


Руҳий жароҳат етказувчи омиллар натижасида ривожланадиган асаб системасининг функционал касаллигига невроз дейилади. Демак, невроз – психоген касаллик. Неврозда органик симптомлар кузатилмайди, бироқ вегетатив симптомлар аниқланади. Нерв тўқималарида морфологик бузилишлар билан кечувчи касалликларга органик, функционал бузилишлар билан кечувчи ҳолатларга функционал касалликлар дейилади. 
        Таснифи. КХТ-10 да “Невроз” деган алоҳида бўлим йўқ. Невротик бузилишлар, яъни хавотир, фобия, обсессия, компульсия, истерия, соматоневроз ва стрессга бўлган реакциялар КХТ-10 нинг F40-F48 коди остида бир нечта рукнларда келтирилган  (1-жадвал). 
     1-жадвал. КХТ-10 бўйича невротик, стресс билан боғлиқ ва соматоформ бузилишлар таснифи (F40-48)


Koд:
F40-48
Невротик, стресс билан боғлиқ ва соматоформ бузилишлар турлари

1
F40
Фобик хавотирли бузилишлар

Рубрикалар
F40.0 – Агорафобия
F40.1 – Социал фобиялар
F40.2 – Специфик (изоляцияланган) фобиялар
F40.8 – Бошқа фобик хавотирли бузилишлар
F40.9 – Аниқлаштирилмаган фобик хавотирли бузилишлар

2
F41
Бошқа хавотирли бузилишлар

     Рубрикалар
Паник бузилишлар (эпизодик пароксизмал хавотир)
F41.1 – Тарқалган хавотирли бузилишлар
F41.2 – Аралашган хавотирли ва депрессив бузилишлар
F41.3 – Бошқа аралашган хавотирли бузилишлар
F41.8 – Бошқа аниқлаштирилган хавотирли бузилишлар
F41.9 – Аниқлаштирилмаган хавотирли бузилишлар

3
F42
  Обсессив-компульсив бузилишлар

   Рубрикалар
F43.0 – Стрессга ўткир реакция
F43.1 – Посттравматик стресс бузилишлари
F43.2 – Мослашув реакцияларининг бузилиши
F43.8 – Оғир стрессга бошқа реакциялар
F43.9 – Аниқлаштирилмаган оғир стрессга реакция
4
F43
Оғир стрессга реакция ва мослашувнинг бузилиши

Рубрикалар
F43.0 – Стрессга ўткир реакция
F43.1 – Посттравматик стресс бузилишлари
F43.2 – Мослашув реакцияларининг бузилиши
F43.8 – Оғир стрессга бошқа реакциялар
F43.9 – Аниқлаштирилмаган оғир стрессга реакция
5
F44
Диссоциатив (конверцион) бузилишлар

Рубрикалар
F44.0 – Диссоциатив амнезия
F44.1 – Диссоциатив фуга
F44.2 – Диссоциатив ступор
F44.3 – Транс ва чидам
F44.4 – Диссоциатив ҳаракат бузилишлари
F44.5 – Диссоциатив конвульсиялар
F44.6 – Диссоциатив анестезия ёки сезишни қабул қилишнинг бузилишлари
F44.7 – Аралашган диссоциатив (конверцион) бузилишлар
F44.8 – Бошқа диссоциатив (конверцион) бузилишлар
F44.9 – Аниқлаштирилмаган диссоциатив (конверцион) бузилишлар
6
F45
Соматоформ бузилишлар

Рубрикалар
F45.0 – Соматизациялашган бузилишлар
F45.1 – Дифференцияланмаган соматоформ бузилишлар
F45.2 – Ипохондрик бузилишлар
F45.3 – Вегетатив нерв системасининг соматоформ дисфункцияси
F45.4 – Турғун соматоформ оғриқли синдром
F45.8 – Бошқа соматоформ бузилишлар
F45.9 – Аниқлаштирилмаган соматоформ бузилишлар
7
F48
Бошқа невротик бузилишлар

Рубрикалар
F48.0 – Неврастения
F48.1 – Деперсонализация-дереализация синдроми
F48.8 – Бошқа аниқлаштирилган невротик бузилишлар
F48.9 – Аниқлаштирилмаган невротик бузилишлар


   Изоҳ: Эслатиб ўтамиз, КХТ-10 асосан тиббий статистика мақсадида қўлланилади. Тиббий амалиётда эса ушбу тасниф асосида яратилган клиник таснифлардан фойдаланилади.

    Неврознинг 3 тури фарқланади: неврастения (астеник невроз), истерия, мияга ўрнашган фикрлар неврози.
        Неврастения (астеник невроз)
         Неврастения (yun. neuron – нерв, astenia – заифлик) асаб заифлиги деган маънони англатади. Доимий ҳиссий зўриқишлар, дам олмай ишлаш, ақлий зўриқишлар, доимий стресс ҳолатлари неврастения сабабчисидир.     Неврастениянинг бир неча оила аъзоларида учраши унинг этиологиясида наслий омиллар аҳамиятини кўрсатади. Ёш болаларда неврастения ривожланишига уни ўраб турган муҳит, айниқса, ота-она орасидаги жанжаллар сабаб бўлади. Болалик даврида олинган руҳий  жароҳатлар ҳам бундан мустасно эмас.
       Неврастения нафақат жаҳлдор, балки ўта андишали одамларда ҳам ривожланади. Андишали одам жанжал чиққанда ҳиссиётга зўр бермасликка ва ўзини бошқариб туришга ҳаракат қилади, бировнинг кўнглини оғритиб қўймай, дейди. Бу ҳолатлар ҳам невроз шаклланишига туртки бўлади. Шунингдек, витаминлар етишмовчилиги, камқонлик, сурункали ва оғир касалликлар ҳам неврастенияга олиб келиши мумкин.
       Клиникаси. Неврастения клиникаси турли-туман бўлиб, уларга ақлий ва жисмоний фаолиятдан тез чарчаб қолиш, жаҳлдорлик, уйқу бузилиши, бош оғриғи, бош айланиши, умумий ҳолсизлик, паришонхотирлик киради. Бундай одамларда иш унумдорлиги пасаяди, узоқ давом этувчи психоэмоционал зўриқишларга бардош бера олмайди. Улар шовқин-суронни, ғала-ғовурни, жиддий ақлий меҳнат талаб қилинадиган ишларни ёқтиришмайди. Жисмоний меҳнатга ҳам иштиёқ йўқолади, мускулларда оғриқлар ва танада умумий гиперестезиялар пайдо бўлади.
      Ташхис қўйиш алгоритми. КХТ-10 бўйича астеник невроз (неврастения) ташхисини қўйиш учун қуйидаги белгилар бўлиши лозим: 
  1. Одатий ақлий фаолият талаб қилинадиган ишлардан ҳам тез чарчаб қолиш, умумий холсизликнинг пайдо бўлиши.
  2. Жисмоний фаолиятга иштиёқ сўниши ва тез ҳолдан тойиш.
  3. Қуйидаги симптомлардан камида иккитаси кузатилиши керак: жаҳлдорлик, бош оғриғи, бош айланиши, уйқу бузилиши, мускулларда оғриқлар, бош, тана ва оёқ-қўлларда увишишлар.
  4. Оғир депрессия, хавотирли-фобик ва аффект ҳолатларида кузатиладиган кучли психоэмоционал бузилишлар бўлмаслиги керак. Акс ҳолда неврастения эмас, бошқа ташхис изланади.
Давоси. Даволашни бошлашдан олдин неврастенияни келтириб чиқарган сабаблар аниқланиши ва улар иложи борича бартараф қилиниши керак. Асосий сабаблар бартараф этилганда, аксарият беморларда даволашни давом эттиришга ҳожат ҳам қолмайди, улар тузалиб кетишади. Лекин баъзи ҳолларда неврастениянинг сабабини аниқлаш ва уни бартараф этиш анча мушкул. Беморнинг оилавий аҳволи ва ишлаш шароити билан танишиб, унга дам олиб ишлаш, иш соатларини қисқартириш, овқатланиш тартибига риоя қилиш, театр ва киноларга бориб туриш тавсия этилади.
        Дори-дармонлар тавсия этишга индивидуал ёндашиш керак. Бу мақсадда   психостимуляторлар, седатив дорилар ва женшен препаратларидан фойдаланилади. Рационал терапия, гешталтерапия, когнитив-бихевиориал терапия ва психодинамик терапия неврозни даволашда кенг қўлланилади. Фрейд назариясининг яратилишига ҳам неврозни даволашга уриниш туртки бўлган. Шунингдек, беморларга умумий массаж, игна билан даволаш, эрталабки бадантарбия ва спортнинг ўзига маъқул турлари билан шуғулланиш ҳам тавсия этилади. Йилда бир марта сиҳатгоҳларда дам олиб туриш ҳам ўта фойдали.
                      Истерик (диссоциатив) невроз
        «Истерия» – юн. ҳистериа – бачадон дегани. Бу касаллик белгилари ҳақида қадимги рисолаларда кўп ёзилган ва уни дастлаб бачадон функцияси билан боғлашган. Чунки истерия, асосан, аёлларда кузатилган. Кейинчалик истерик бузилишлар эркакларда ҳам аниқланган бўлса-да, унинг аввалги номи сақланиб қолган. Истерик невроз, асосан, ёшлик даврида, кўпроқ аёлларда кузатилади. Ушбу касалликнинг келиб чиқишида хулқ-атворнинг болаликдан истерик тарзда шаклланишига катта урғу берилади.
         Клиникаси. Ортиқча таъсирланиш, ҳар нарсага ҳаддан ташқари эътибор бериш, мустақил фикрлай олмаслик, ортиқча ишонувчанлик, ҳис-туйғуларга берилиш истерия учун жуда хос. Улар руҳан ва жисмонан заиф кишилардир. Кўпчилик истерик беморлар феъл-атвори болалар феъл-атворига ўхшаб кетади. Бундай беморлар учун атрофдагилар диққатини ўзига жалб этиш хос. Истерик бузилишлар фақат неврозда эмас, балки психопатияда ҳам кузатилади. Истерик невроз симптомлари аксарият ҳолларда хилма-хил касалликлар аломатларини эслатади. Шу боис ҳам истерияни «катта муғомбир» деб аташади. Истерия аниқланган беморда барча соматик касалликларга хос белгиларни кузатиш мумкин, бироқ   аслида улар мавжуд эмас.
        КХТ-10 да истерик невроз F44 коди остида “Диссоциатив (конверцион) бузилишлар” номи билан келтирилган. Унинг бир нечта турлари мавжуд (юқоридаги жадвалга қаранг). Истерик симптомлар негизида ички низони ташқарига йўналтириш ётади.  Сонверто – лотинчадан бошқа томонга йўналтириш деган маънони англатади. Истерик (конверцион) бузилишлар доимо бошқалар олдида кузатилади ва ёлғиз қолганда ҳеч қачон рўй бермайди. 
     Энди истерик бузилишлар турлари билан танишиб чиқамиз.
       Пуэрилизм – катта ёшдагиларда учрайдиган болалар хатти-ҳаракатини эслатувчи ҳолат.  Болаларга хос бўлган қилиқлар, боладек ингичка товуш чиқариб гапириш, кўзларни катта-катта қилиб очиш, киприкларни пирпиратиш, биров гапирганда, оғзини очиб туриш пуэрилизм учун жуда хос. Бемор шу қилиғи билан бошқаларнинг диққатини ўзига жалб этади. 
        Истерик бузилишларнинг яна бир тури – бу истерик депрессия. Бунда бемор ўта тушкун кайфиятда бўлади ва бу қилиғи билан атрофдагилар диққатини ўзига жалб этишга интилади, уларни ўзига раҳмдил бўлишини хоҳлайди. У нақадар оғир аҳволда эканлигини, бошқалар унга ачинишини истайди.
      Истерик алгиялар (яъни оғриқлар) энг кўп тарқалган бузилишлардан бўлиб, деярли барча истерик синдромларда турли кўринишларда намоён бўлади. Бемор танасининг турли жойлари, яъни орқа, қорин, юрак ва бош соҳаларида ҳар доим оғриқ бўлиб туришидан шикоят қилади. Оғриқ, шунингдек, бўғимларда, қўл ёки оёқда, тилда, хуллас, тананинг барча жойида пайдо бўлади. Айни пайтда, бундай оғриқдан шикоят қилувчи бемор турли хил докторларга мурожаат қилиб юришади. Баъзан бемор ўзида жарроҳлик операциясини ўтказишни талаб қилади.
       Истерияда юқорида айтиб ўтганимиздек, турли хил сезги бузилишлари ҳам кузатилади. Органик ва функционал сезги бузилишлари орасидаги фарқни фақат махсус неврологик текширувлардан сўнг аниқлаш мумкин. Ҳар бир нерв танадаги муайян соҳанинг сезгиси ва ҳаракати учун жавоб беради. Истерик анестезияда бу қоида сақланмайди, яъни пай рефлекслари патологик тарзда ўзгармайди ва сезги бузилишини изоҳлаб берадиган ҳеч қандай органик касаллик топилмайди.
       Эс-ҳушнинг кирди-чиқди бўлиб қолиши. Бирдан бошланадиган ва аксарият ҳолларда тез тугалланадиган ҳолат бўлиб, бунда бемор атрофдагиларга бефарқ бўлади, қаерда эканлигини фаҳмлай олмайди, ҳозир соат нечалиги, ўзи нима қилаётганини билмайди. Бу ҳолат бир неча дақиқадан бир неча соатгача давом этади. Бемор атрофда содир бўлаётган воқеалардан қисман воқиф бўлса-да, ҳозир бўлиб ўтган воқеаларни эслаб қола олмайди.
       Истерик амнезия. Ҳақиқий амнезиядан фарқли ўлароқ, истерик амнезияда хотира беморнинг ўзига тааллуқли воқеа ва ҳодисаларга нисбатан йўқолади, бошқа нарсаларга эса сақланиб қолади. 
       Истерик фуга (лот. fuga – қочиш). Бунда бемор жанжал ёки бошқа бир руҳий жароҳатдан сўнг тўсатдан уй, ишхона ёки бошқа жойдан қочиб чиқиб кетади, унинг хатти-ҳаракатлари мақсадсиз бўлади, вазиятни тушунмайди ва атрофда нималар содир бўлаётганини фаҳмламайди. Аммо, четдан қараганда, бошқа бировларга унинг юриш-туриши мақсадга мувофиқдек туюлади. Арзимаган уруш-жанжалдан сўнг бундай шахслар ҳатто бошқа шаҳарга ҳам анча вақтга кетиб қолишади. Кейинчалик бемор ўзи билан нималар содир бўлганини эслай олмайди ёки қисман эслайди. Аммо гипноз ҳолатида содир бўлган воқеаларнинг барчасини эслатиш мумкин.
       Ганзер синдроми – ақл бовар қилмайдиган тутуруқсиз ҳаракатлар билан намоён бўладиган белгилар мажмуаси. Руҳий жароҳатдан сўнг тўсатдан пайдо бўлади. Бемор энг оддий саволга ҳам тутуруқсиз жавоб беради. Масалан, “Икки карра икки неча бўлади”, деб сўралса, бемор олий маълумотли бўлса-да, “5” деб жавоб беради ёки қўлда нечта бармоқ бор деса, хоҳлаган сонни айтади. Унинг белгилари деменцияни эслатади. Бироқ бу ҳолат псевдодеменция бўлиб, бир-икки кун ичида ўтиб кетади.
       Истерик ступор – руҳий сиқилишдан сўнг турган жойда қотиб қолиш синдроми. Бундай пайтда бемор тамомила ҳаракациз бўлиб қолади, индамайди, бир нуқтага тикилиб тураверади, юз-кўзида азият чеккан ифода пайдо бўлади. Бу ҳолат бир неча соат ичида ўтиб кетади, баъзан бир-икки кун сақланиб туради. Даволаш муолажалари ўтказилмаса, тузалиб кетиши қийинлашади.
        Тутқаноқ хуружлари кенг тарқалган истерик симптомлар сирасига киради.      Истерик тутқаноқлар турли-туман бўлиб, уларнинг эпилептик хуружлардан фарқ қиладиган томонлари кўп. Истерик тутқаноқ ҳеч қачон бемор ёлғиз қолганда рўй бермайди, чунки унга ҳар доим томошабин керак. Истерик хуруж тутганда, бемор бирдан ерга йиқилади, мушаклари тортишади ва талпина бошлайди, лекин боши билан қаттиқ нарсаларга урилмайди. Бемор истерик хуруж пайтида ўзига қулай жой топиб, бирор жойига қаттиқ шикаст етказмасдан йиқилишга ҳаракат қилади. Хуруж  пайтида унинг гавдаси ёй цингари эгилади. Бу ҳолат истерик ёй деб аталади. Бундай феъл-атвор кўпгина инжиқ ва эрка болаларга хос. Масалан, онаси янги ўйинчоқ олиб бермаганда, бола дўконда унинг оёғи тагига йиқилиб, қўл-оёқларини тапиллатаверади, гоҳо бошини  ерга уриб қаттиқ чинқираб йиғлайди. Агар қўрқиб кетган она боласи сўраган ўйинчоқни олиб берса, у шу заҳоти тинчланади. Бу одат кейинчалик вояга етган ёшда ҳам намоён бўлиши мумкин.
        Истерик хуружда мушаклар тортишиши (буни халқ орасида томир тортишиши деб аташади) ҳар доим ҳам кузатилавермайди ва хилма-хил бўлади. Уларда сохталик ва атайинлик сезилади. Масалан, бемор гўё уни кимдир урмоқчи бўлгандек юзини қўли билан беркитади, қичқириб юборади, хўрсиниб йиғлайди ва ҳоказо. Истерик тутқаноқда беморнинг эс-ҳуши жойида ва теварак-атрофга идроки сақланган бўлади. Масалан, хуруж тутганини биров мазах ёки калака қилгудек бўлса, бемор дарҳол хуружни тўхтатиб, ўрнидан туриб кетади. Хуруж пайтида бемор эпилепсияда бўлгани каби тилини тишлаб олмайди ва бехосдан сийиб юбормайди.
         Хафақон касаллиги хуружи ёки юрак хуружини эслатувчи истерик тутқаноқлар ҳам кўп кузатилади. Юракнинг тез-тез уриши, бош айланиши, кўнгил айниши ва ҳушни йўқотиш билан кечадиган вегетатив хуружлар ана шулар жумласидан. Хуруж пайтида бемор бошдан-оёқ титрайди ва «ҳамма ерим қақшаб оғрияпти», деб нолийди. Меъда спазми билан кечувчи хуружларда қоринда кучли оғриқ пайдо бўлади, бемор тўлғаниб ётиб олади ва қайт қилади.
       Истерик фалажликлар – оёқ қўлларнинг ишламай қолиши. Бундай фалажликлар монопарез, парапарез ёки гемипарез шаклида намоён бўлиши мумкин. Мия инсультидан кейинги ҳолатни эслатадиган ушбу фалажликлар мутахассис бўлмаган кишини чалғитиши мумкин. Истерик фалажликларда рефлекслар ва мушаклар тонуси ўзгармайди, патологик рефлекслар кузатилмайди. Тананинг қоқ ўрта чизиғи бўйлаб фалажланган томонда сезги  бузилади. Мушаклар атрофияси бўлмайди, мушаклар кучи пасаймайди ёки ёлғондан пасаяди.  
       Истерик гиперкинезлар – руҳий сиқилишдан пайдо бўладиган тартибсиз ҳаракатлар. Истерик гиперкинезлар гавда силкиниши, юз, кўз, бош ва оёқлар титраши, айрим мушаклар учиши, қўллар билан ғайритабиий ҳаракат қилиш билан кечади. Ҳақиқий гиперкинезлардан фарқли ўлароқ, улар беморнинг ҳиссий ҳолатига кўп жиҳатдан боғлиқ. Бу симптомлар бир йўқолиб, бир пайдо бўлиши ва оилавий аразлашлар сабабли кучайиб кетиши мумкин.
       Истерик астазия-абазия – тик тура олмаслик ва юра олмаслик. Бош миянинг пешона бўлаги зарарланишларида кузатиладиган астазия-абазиядан фарқли ўлароқ, истерияда кузатиладиган бу синдромда бемор ерга эмас, балки уни ушлаб турган одам устига ағанайди. Уларда ҳам мушаклар гипотонияси кузатилади, лекин бошқа органик неврологик симптомлар аниқланмайди.
       Классик адабиётларда «сеҳрли шифолар» ҳақида турли маълумотларни учратиш мумкин: бемор сеҳрли туморгача эмаклаб бориб, унга қўл теккизган заҳоти бирдан шифо топган, ўрнидан туриб юриб кетган. Истерияда «сохта ўлим» ҳақида ҳам маълумотлар бор. Бундай беморга табиб «сеҳрли» қўлини тегизса ёки оғзига сеҳрли гиёҳ эритмасини томизса, у «тирилган».
       Аксарият ҳолларда истерик невроз симптомлари хилма-хил бўлиб, унинг кечиши кўп тарқалган касалликларни эслатади: инсульт, менингит, энтсефалит, тарқоқ склероз, ўсма касалликлари ва ҳоказо. Баъзи ҳолларда истерик бемордаги касаллик белгилари унинг бошқа кишиларда кузатган ёки тиббий адабиётларда ўқиб олган касалликларига ўхшаб кетади. 
       Истерия ҳақида нафақат невропатолог ва тиббий психологлар, балки тиббиётнинг турли соҳасида фаолият кўрсатувчи врачлар, ҳатто ҳамширалар ҳам воқиф бўлишлари керак. Умумий амалиёт врачлари истерик бузилишларни чин касалликлардан ажрата олишлари мақсадга мувофиқдир. Айтиб ўтилганидек, истерик неврознинг барча аломатлари сохтадир. Бемор атрофдагиларга: “Менга эътибор бермаганингиздан ана шу аҳволга тушиб қолдим. Мени ҳеч ким даволай олмаяпти. Дардим жуда оғир, врачлар айби билан бедаво дардга чалиндим», деб зорланади.
        Давоси. Агар беморнинг илтимоси бажарилса ёки унинг нияти амалга ошса, у албатта тузалиб кетади. Бироқ бу услуб кейинчалик унда истерик характер янада кучлироқ намоён бўлишига ва худбинлик шаклланишига олиб келиши мумкин. Чунки истерик бузилишлар негизида ўз мақсадига эришиш ётади. Истерик белгиларни бартараф этишни ўта қисқа муддат ичида олиб бориш керак. Даволаш муолажалари қанча чўзилса, ижобий натижага эришиш шунча қийинлашади. Бемор тўла тузалгандан сўнг ҳам оилавий ва бошқа можароларга дуч келганида касаллик белгилари яна пайдо бўлаверади. Истерик бемор врач ва табибга энг кўп қатнайдиганлар сирасига киради. Тузалиб кетгандан сўнг ҳам бироз вақт ўтгач, унда «Врач йўқлиги синдроми» қўзғаб, яна ўзи даволаган врач қабулига ташриф буюради. Бу синдром ҳақида “Асаб ва руҳият” китобида батафсил маълумот берилган. Бундай ҳолларда беморга қўлланилган аввалги даволаш усулини ўзгартиришга тўғри келади. 
                            Мияга ўрнашган фикрлар неврози
        Бу касалликнинг бошқача номи “Обсессив-компульсив бузилишлар” бўлиб, КХТ-10 да F42 код остида келтирилган. Психиатрияга оид дарсликларда бу ҳолат “Психастения” ташхиси билан ҳам берилган.
       Обсессия – инсонга азоб берувчи доимий шубҳа, қўрқув, ваҳима каби мияга ўрнашиб олган ёқимсиз фикрлар бўлиб, беморни ғайритабиий ҳаракатлар қилишга ундайдиган ҳолат. Обсессия сурункали кечувчи ва стереотип тарзда такрорланиб турувчи хусусиятга эга.
Бемор ёқимсиз фикр-хаёлларнинг барчасидан қутулишга интилади, даво чораларини излайди, лекин бу уринишлар кўпинча зое кетади.  Бу ҳолатларга бемор танқидий нуқтаи назар билан қарайди, уларнинг асоссиз ва ғалати эканлигини тушунади, уларга бардош беришга интилади. Бироқ бу “шилқим” ғоялар унинг иродаси ва хоҳишига боғлиқ бўлмаган ҳолда пайдо бўлаверади. Бемор уларни мустақил равишда енга олмайди. Натижада компульсив ҳаракатлар шаклланади. Шунинг учун ҳам бу касалликда деярли ҳар доим аввал обсессия, сўнгра компульсия ривожланади.
      Компульсия – обсессиядан қутулиш учун кетма-кет бажариладиган стереотип ҳаракатлар. Масалан, бемор қўлини ёки ўзи овқатланадиган идиш-товоқларни ҳадеб юваверади, устини қоқаверади, ваннага кирса тинмай чўмилади ва шу каби ҳаракатлар. Шу каби ҳаракатлар такрор ва такрор бўлавергани боис, ташқи томондан худди ритуал ҳаракатларга ўхшайди.  
       Бу ишлар беморнинг ўзига ёқмайди, жонига тегиб кетади, бироқ уни бундай ишларни бажаришга мажбурлайдиган мияга ўрнашиб олган ғоя – бу обсессиядир. Бундай беморлар доимо шубҳа билан яшайди. Масалан, уйидан чиқиб кетган заҳоти, унинг миясига эшикни қулфладимми, оловни ўчирдимми, сувни беркитдимми каби хаёллар келаверади. У уйига қайтиб киради, ҳаммаёқни кўздан кечиради, ҳаммаси жойида эканлигига ишонч ҳосил қилгач, тинчгина кўчага чиқиб кетади. Уйдан бироз узоқлашгандан сўнг ҳалиги фикрлар яна ёғилиб келади ва у яна уйига қайтади. Ҳаммаси жойида эканлигини кўриб, бемор сиқилиб кетганидан йиғлаб юборади ва кўчага чиқмай қўяди. Ўзида кечаётган бу аломатларга у албатта, танқидий кўз билан қарайди ва улардан қутулишни хоҳлайди, лекин  бунинг иложини топа олмайди.
       Баъзан беморни мантиқ жиҳатдан бир-бирига зид бўлган хаёллар чулғаб олади. Масалан, яқинлашиб келаётган машина тагига ўзини ташлаш истаги пайдо бўлади-ю, машина яқинлашганда бирдан қўрқиб кетиб, орқага тисарилади. Гоҳида беморнинг миясига ўзига ёки бошқа бировга пичоқ санчишдек фикрлар келади ва шу ишни қилиб қўймай деб, пичоққа яқин бормайди ёки уни беркитиб қўяди.
       Давоси. Даволашда психотерапия, физиотерапия, рефлексотерапия, тинчлантирувчи дори воситалари ва гиёҳлардан кенг  фойдаланилади. Баъзи ҳолларда яхши натижага эришиш бир неча ой ва ҳатто, бир қанча йилларгача чўзилиб кетади. Айниқса, ипохондрия билан намоён бўлувчи невроз ва психастенияни бартараф этиш анча мушкул.  Ремиссия билан кузатиладиган ҳолатлар ҳам кўп кўзга ташланади, яъни бемор бир неча ой яхши бўлиб юради ва сўнг миядан кетмайдиган фикрлар яна пайдо бўлади. Неврастения ва истерик невроздан фарқли ўлароқ, миядан кетмайдиган фикрлар сурункали кечишга мойил.   Невроз ташхиси қўйилган беморлар ўз вақтида даволанса, самарали натижа билан тузалиб кетишади. Аксарият беморлар тузалиб кетганидан сўнг ҳам хурсанд бўлиш ўрнига, яна ўша касаллик белгилари қачон пайдо бўлишини кутиб яшашади.
        Невротик бузилишларда хавотир, фобия, обсессия, компульсия, астения ва депрессия ҳолатларининг алоҳида синдром сифатида яққол намоён бўлишини кўп кузатамиз. Масалан, депрессиянинг невротик бузилишлар ичида “бўртиб” туриши клиник таснифларда “Невротик депрессия” номли ташхисни алоҳида ажратиш зарурлигини кўрсатди. Албатта, эндоген депрессияга қараганда, невротик депрессия енгил кечади. Фобия ҳам бир нечта турларга бўлинади, КХТ-10 да улар ҳатто алоҳида рукнларда кўрсатилган (агарофобия – F40.0; социал фобия – F40.1; специфик фобия – F40.2). Худди шунингдек, хавотир, обсессия ва компульсив бузилишлар ҳам бир нечта рукнларга ажратилган. Бу синдромлар негизида психоген омиллар ётсада (генетик омилларга ҳам катта урғу берилади), уларнинг ҳар бири невротик бузилишлар клиникасида яққол синдром сифатида бўртиб туради ва бундай ҳолатларда тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш услублари ҳам ўзгача. 


Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b. 
              ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. Darslik., 2-nashr., T.; 2021., 960b. 
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©asab.cc




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича