Нейромедиаторлар ва синаптик ўтказишлар
Нейромедиаторлар (нейроаминлар, нейротрансмиттерлар) – бир нейрондан иккинчи нейронга ёки бошқа хужайраларга синапслар орқали нерв импулслари ўтказилишини таъминловчи гормонлар. Нейромедиаторлар пресинаптик мембранадаги везикулаларда тўпланади ва қўзғалиш пайтида синаптик ёриққа тушади. Сўнгра улар постсинаптик мембранада жойлашган махсус рецепторлар орқали қабул қилиб олинади. Бунинг натижасида пресинаптик нейронда жойлашган нерв импулси постсинаптик нейронга узатилади.
Нерв импулсларини ўтказишда иштирок этувчи ҳар қандай гормон ёки медиаторни нейромедиатор деб аташ мумкин. Уларнинг яққол намояндалари – булар ацетилхолин, серотонин, дофамин, норадреналин, гистамин. Шунингдек, қуйидаги аминокислоталар ҳам нейромедиатор ролини ўйнайди: ГАЁК, глутамин кислотаси, глицин, аспарагин кислотаси.
Энди нейронал ўтказишда алоҳида аҳамиятга эга бўлган нейромедиаторлар билан танишиб чиқамиз.
1. Ацетилхолин – нерв импулсларини ўтказишда иштирок этувчи ўта муҳим нейромедиатор. Ацетилхолин организмда холин-ацетилтрансфераза ферменти таъсири остида холиндан синтез бўлади. Ацетилхолин когнитив функцияларни таъминлашда жуда катта аҳамиятга эга. Унинг етишмаслиги маълумотларни қабул қилиш ва эсда сақлаб қолишга жиддий зиён етказади. Шу билан бирга ҳар доим китоб (газета ва журналлар) мутолаа қилиш нафақат ацетилхолин сарфланиши, балки унинг синтез қилинишини жадаллаштиради ва хотирани мустаҳкамлайди. Шунинг учун ҳам мутахассислар орасида “Ацетилхолин – билим медиатори” деган афоризм юради. Нейронларда ацетилхолин етишмаслиги Алсхаймер касаллиги ривожланишига олиб келади.
2. Серотонин (5-гидрокситриптамин, 5-НТ) – кайфият ва бошқа ҳиссий реакцияларни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга нейромедиатор. Бу гормон етишмаса депрессия ривожланади. Шу боис “Серотонин – кайфият медиатори” номини олган. Организмда серотонин триптофандан синтез бўлади ва бунда қуёш нурининг роли катта. Серотонин, шунингдек, когнитив функцияларни фаоллаштиради, уйқуни яхшилайди. Ошқозон-ичак системасида серотонин жуда катта миқдорда сақланади ва овқат ҳазм бўлиши жараёнига таъсир кўрсатади. Маълумки, кайфият ва иштаҳа орасида узвий боғлиқлик бор. Шу боис депрессияда деярли ҳар доим анорексия ёки булимия кузатилади ва бу ҳолат серотонин баланси бузилиши билан боғлиқ.
Серотонинни қабул қилиб олувчи рецепторларга серотонинергик рецепторлар деб айтилади. Бугунги кунда уларнинг 7 хил тури аниқланган. Серотонинергик нейронлар мия устуни, яъни узунчоқ мия, кўприк ва ўрта миянинг ўрта чизиғи бўйлаб жойлашган. Бу соҳа миянинг серотонинергик системаси деб ҳам аталади. Унинг нейронлари лимбик система билан чамбарчас боғланган.
Серотонинергик система фаолияти бошқа нейромедиаторлар фаолияти кабидир: серотонин пресинаптик мембранадан синаптик ёриққа тушади ва унинг катта қисми постсинаптик мембрана рецепторлари орқали қабул қилиб олинади (14.2-расм.).
Бироқ серотониннинг қолган қисми қайта ушланиб, орқага қайтарилади ва пресинаптик нейронга ўтказиб юборилади. Аксарият антидепрессантлар айнан мана шу жараённи таъминлаб беради, яъни серотониннинг орқага қайтишига тўсқинлик қилади. Бу серотонинни қайта ушлаб олинишини ингибиция қилувчи, яъни тўсқинлик қилувчи антидепрессантлардир. Бир сўз билан айтганда, постсинаптик нейронларга серотонин қанча кўп ўтса, депрессия шунчалик кам намоён бўлади.
3. Норадреналин (норепинефрин) – катехоламинлар гуруҳига мансуб гормон. Норадреналин буйракусти безида ишлаб чиқарилади. Норадреналин дофаминдан ҳосил бўлади ва нейромедиатор сифатида бош мияда ўта муҳим функцияларни бажаради. Мутахассислар “Норадреналин – тез қарор қабул қилиш ва тетиклик нейромедиатори” деб ҳисоблашади. Экстремал ҳолатларда, масалан, спортдаги хавфли вазиятларда норадреналин ҳам қўрқув, ҳам роҳат берувчи гормон ролини ўйнайди.
Норадренергик нейронлар нерв системасининг турли тузилмаларида тарқалиб жойлашган. Айниқса, бундай нейронлар мия устунидаги кўк доғда ((locus coeruleus) кўп тўпланган. Норадреналин симпатик нерв системасининг асосий нейромедиатори ҳисобланади.
Норадреналиннинг қуйидаги рецепторлари фарқланади: алфа-1, алфа-2 ва бета-адренорецепторлар. Демак, норадреналин ушбу рецепторлар орқали нерв импулсларини ўтказади. Қон йўқотишлар, шок, краниоцеребрал жароҳатлар, психоэмоционал зўриқишлар, ўта кучли қўрқув ва хавотирли ҳолатларда қонда норадреналин миқдори ошиб кетади. Норадреналин организмни ҳавф-хатарга тайёрлайди, диққат-эътиборни бир жойга жамлаб, хулқ-атворимизни шунга мослаштиришга ёрдам беради. Бир сўз билан айтганда, норадреналин – экстремал вазиятлар нейромедиатори.
4. ГАЁК (гамма-амин-ёғ кислотаси) – нерв системасини тормозловчи асосий нейромедиатор. ГАЁК организмда глутамин кислотасидан ҳосил бўлади. ГАЁК пресинаптик мембранадан синаптик ёриққа тушгач, ГАЁК-рецепторлари орқали қабул қилиб олинади. Ушбу нейромедиатор организмга стресс таъсирини пасайтиради, психоэмоционал ва когнитив функцияларни яхшилайди. ГАЁК норадреналин, адреналин, дофамин ва серотонин каби нейромедиаторларга таъсир ўтказиб, нерв системасининг бир маромда ишлашига мезон яратади. ГАЁК етишмаслиги бош мияда ортиқча қўзғалувчанликни юзага келтиради. Болаларда агрессив хулқ-атвор шаклланишига олиб келади, баъзи ҳолатларда эпилепсия ривожланиши мумкин. Масалан, эпилепсияда қўлланиладиган кўп антиконвулсантлар ГАЁК системаси орқали таъсир қилади.
Нейронлар ва ва синаптик узатишлар
1. Холинергик нейронлар ва рецепторлар. Холинергик нейронлар деб нерв толасининг терминал қисмида ацетилхолин ишлаб чиқарувчи нейронларга айтилади. Қўзғалишни ацетилхолин орқали узатувчи синапсларга холинергик синапслар дейилади. Пресинаптик мембранадан синаптик ёриққа тушган ацетилхолинларни постсинаптик мембранадаги махсус рецепторлар қабул қилиб олади. Бундай рецепторларга холинорецепторлар дейилади. Холинергик рецепторлар фармакологик нуқтаи назардан никотин (Н-рецепторлар) ва мускарин (М-рецепторлар) рецепторларига ажратилади. Ушбу рецепторлар МНС, ПНС, ВНС тузилмалари ҳамда нерв-мушак системасида тарқалиб жойлашган.
2. Гистамин ва гистаминергик рецепторлар. Гистамин барча аъзо ва тўқималарда бор. Нерв системасида жойлашган гистамин нейромедиатор вазифасини бажаради. Гистамин турли патологик ҳолатлар, айниқса, инфекцион касалликларда фаоллашади, микроциркуляция ва иммунитетни ушлаб туришда катта аҳамият касб этади. Гистамин таъсири остида қўзғалувчи рецепторларга гистаминергик рецепторлар деб айтилади. Бундай рецепторлар соматик хужайралардан ташқари нейронларда ҳам жойлашган. Масалан, Н3-рецепторлар нерв импулсларини ўтказишда иштирок этади. Улар қўзғалганда норадреналин, допамин, серотонин ва ацетилхолин каби нейромедиаторлар ажралиб чиқади.
3. Дофамин ва дофаминергик рецепторлар. Махсус ферментлар таъсири остида тирозиндан L-ДОФА ҳосил бўлади. Л-ДОФА эса дофаминга айланади. Бу жараён нейронлар цитоплазмасида кечади. Пресинаптик мемранадан синаптик ёриққа тушган дофамин постсинаптик мембрананинг дофаминергик рецепторлар орқали қабул қилиб олинади, бир қисми эса қайта ушланиб, пресинаптик нейронга қайтарилади. Дофаминергик рецепторлар бош мияда ёйилиб жойлашган, стриониграл системада эса уларнинг сони жуда кўп. Бундай рецепторлар соматик аъзолар, айниқса буйрак ва буйракусти безларида ҳам етарлича учрайди.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича