ФИКРЛАШНИ ТЕКШИРИШ
Фикрлаш – онтогенетик ривожланиш даврида билиш жараёнлари негизида шаклланадиган ва фақат инсон учун хос бўлган мураккаб жараён. Фикрлашни текширишнинг оддий усулларини келтириб ўтамиз.
“Ортиқчасини чиқариб ташлаш” усули
Мақсад: Фикрлаш доирасини аниқлаш.
Ўтказилиш тартиби: Синалувчига ҳар хил нарсалар, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг номлари ёзилган қатор кўрсатилади. Номлар қатори шундай тузилиши керакки, синалувчи уларнинг ичидан маъно бўйича тўғри келмайдиган номларни чиқариб ташлаши керак.
Кўрсатма: “Қуйидаги сўзларни ўқиб чиқинг. Маъно ва мазмуни жиҳатдан ушбу қаторга тўғри келмайдиган битта сўзни (номни) чиқариб ташланг. Сиз чиқариб ташлаган сўз (ном) нима учун ушбу қаторга тўғри келмаслигини тушунтириб беринг”.
1. Ўрдак, балиқ, товуқ, курка, хўроз.
2. Карам, сабзи, турп, олма, шолғом.
3. Китоб, дафтар, қалам, блокнот, қоғоз.
4. Телевизор, радио, компютер, пулт, ноутбук.
5. Арра, болға, мих, болта, бешик, теша.
6. Олтин, кумуш, мис, алюминий, темир.
7. Париж, Лондон, Самарқанд, Рим, Токио, Копенгаген.
8. Австрия, Франция, Италия, Норвегия, Хива.
9. Қўй, ит, эчки, от, товуқ, хўроз, бўри.
10. Каҳва, чой, вино, сут, шарбат, бўтқа.
Хулоса. Агар қисқа муддат ичида ҳаммасига тўғри жавоб бериб изоҳлаб берса, фикрлаш доираси яхши (3 балл), топшириқни бажаришда бирмунча хатоликларга йўл қўйса, фикрлаш доираси қониқарли (2 балл), топшириқнинг маъно-мазмунига тушунмай уни бажара олмаса, фикрлаш доираси паст (1 балл).
“Танлаб кўрсатиш” усули
Мақсад: Фикрлаш доирасини текшириш.
Ўтказилиш тартиби: Синалувчига турли нарсалар (объектлар) номи ёзилган қатор кўрсатилади. Синалувчи уларни диққат билан кузатиб объектларнинг турли хусусиятлари бўйича кетма-кет жойлаб чиқиш керак.
Кўрсатма:
1. Учиш тезлиги бўйича кетма-кет жойлаштиринг: ракета, дрон, ўқ, вертолёт, самолёт.
2. Ёруғлик даражаси бўйича кетма-кет жойлаштиринг: прожектор, фонар, ой, қуёш, лампа, шам.
3. Секин юриши бўйича кетма-кет жойлаштиринг: қуён, тошбақа, типратикан, тимсоҳ, қоплон.
4. Думининг узунлиги бўйича кетма-кет жойлаштиринг: туя, қуён, олмахон, типратикан.
5. Танани иссиқ тутиши бўйича жойлаштиринг: майка, палто, кўйлак, костюм.
6. Узунлиги бўйича жойлаштиринг: Тошкент телеминораси, Эйфел минораси, Рио-де Жанейро телеминораси, Останкино телеминораси.
7. Ушбу вилоятларни ер майдонининг катталиги бўйича жойлаштиринг: Навоий, Қашқадарё, Хоразм, Фарғона, Тошкент.
8. Қайси аллома олдин туғилганлиги бўйича жойлаштиринг. Алишер Навоий, Амир Темур, Ибн Сино, Гиппократ, Платон.
9. Иссиқликни тез ўтказиши бўйича жойлаштиринг: мис, алюминий, олтин, темир.
Хулоса чиқариш: Агар қисқа муддат ичида ҳаммасига тўғри жавоб бериб изоҳлаб берса, фикрлаш доираси яхши (3 балл), топшириқни бажаришда бирмунча хатоликларга йўл қўйса, фикрлаш доираси қониқарли (2 балл), топшириқнинг маъно-мазмунига тушунмай уни бажара олмаса, фикрлаш доираси паст (1 балл) деб хулоса чиқарилади. Албатта, бу ерда қўйилган савол бўйича билим даражаси ҳам аҳамиятга эга. Масалан, қайси мутафаккир қачон туғилганлигини синалувчи билмаслиги мумкин ва ҳ.к.
Фикрлаш фаоллигини аниқлаш
Бунинг учун талабаларга турли хил топшириқлар берилади ва вақт белгилаб олинади. Ҳар бир топшириқ бир дақиқа мобайнида бажарилиши керак.
Биринчи топшириқ. “Мен вақтни белгилайман. Сизлар 1 дақиқа мобайнида дафтарга А ҳарфи билан бошланувчи шаҳарлар номини ёзасиз. Қанча кўп ёзсангиз шунча яхши”. Белгиланган вақт ўтиши билан кейин дафтарлар йиғиштириб олинади. Кўрсатилган муддат ичида ким кўп ном ёзган бўлса ва уларнинг номи тўғри бўлса, ўша талабанинг фикрлаш фаоллиги яхши сақланган ҳисобланади.
Иккинчи топшириқ. “Бир дақиқа мобайнида ўз вилоятингизда мавжуд бўлган йирик объектлар номини ёзиб чиқинг. Ким кўп ном ёзса, ўша ғолиб ҳисобланади. Бироқ орфографик ва стилистик хатоларга йўл қўйманг. Қисқартиришлар бўлмасин”.
Худди шу тартибда мева ва сабзавотлар, уй ҳайвонлари, ёввойи ҳайвонлар номини ёзиб ҳам фикрлаш фаоллиги ва доирасини текшириш мумкин. Бундай топшириқлар эсда сақлаш даражасини ҳам кўрсатиб деради.
Учунчи топшириқ. «Бир дақиқа мобайнида М, Ў, В, С ҳарфлардан фойдаланиб жумла тузинг. Масалан: «Мен Ўз Ватанимни Севаман». Жумлалар маъно ва мазмун жиҳатдан тўғри тузилган бўлиши керак. Топшириқ бажарилгандан сўнг тўғри тузилган жумлалар сони ҳисоблаб чиқилади.
Тўртинчи топшириқ. Ўқитувчи доскага айлана, квадрат, узун чизиқлар, цилиндр, спирал, тўлқинли чизиқ, доира ва бирор бир нарсанинг шаклини (масалан, уй, кема, поезд) яратса бўладиган турли геометрик шаклларни чизади. Сўнг ўқитувчи талабаларга кўрсатма беради: Бир дақиқа мобайнида ушбу геометрик шакллардан иложи борича кўпроқ тугалланган расмлар яратишингиз керак. Фақат доскада кўрсатилган шакллардан фойдаланинг”.
Топшириқ бажариб бўлингандан сўнг тўғри тузилган расмлар санаб чиқилади. Бу топшириқ диққат ва хотира ўткирлиги, фикрлаш қобилиятини текшириш учун қўлланилади.
Барча топшириқлар бажариб чиқилгандан сўнг тўғри бажарилган топшириқлар сони ҳисоблаб чиқилади. Шу йўл билан нафақат талабаларнинг фикрлаш қобилияти, балки уларнинг билимини баҳолашда ҳам фойдаланиш мумкин. Топшириқни биринчи бўлиб бажарган талабага 5 балл, ундан кейинги талабаларга эса 4, 3, 2 ва 1 балл қўйилади.
Аналогия яратиш
Синалувчига ҳар хил сўзлар ёзилган материал кўрсатилади. Синалувчи уларнинг рўпарасига маъно ва мазмун жиҳатидан мос келувчи сўзларни ёзиб чиқиши керак. Сўзларнинг кам ёки кўплигига қараб вақт белгиланади (1, 3, 5 дақиқа). Масалан, ўн – сон, кучук – ҳайвон, арча – дарахт, қиш – совуқ, сўз – гап, жигар – аъзо, психология – фан, душанба – ҳафта куни, телефон – алоқа воситаси, Тошкент – пойтахт ёки Тошкент – шаҳар ва ҳ.к. Бу синамани оғзаки тарзда ўтказиш ҳам мумкин.
Мақоллар ва афоризмлар маъносини тушунтириб бериш
Синалувчига бир нечта мақол ва афоризмлар айтилади. Синалувчи уларнинг маъносини тушунтириб бериши керак. Вақт белгиланиши шарт эмас. Масалан, “Темирни қизиганда бос”, “Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди”, “Кўрпангга қараб оёқ узат”, “Балиқ бошидан сасийди”, “Дарахтни чопса, унинг шохлари учади”, “Ҳамма ялтираган нарса ҳам олтин бўлавермайди”, “Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди”, “Нима эксанг, шуни ўрасан”, “Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас”, “Бўридан қўрққан ўрмонга бормас”, “Етти ўлчаб, бир кес”, “Тилим менинг, душманим менинг”, “Букрини гўр тўғрилайди”, “Бир болага етти маҳалла ота-она”, “Жўжани кузда санашади”, “Кийимга қараб кутиб олишади, ақлига қараб кузатиб қўйишади”, “Томдан тараша тушгандек”, “Эр-хотиннинг уриши, дока рўмолнинг қуриши” ва ҳ.к.
Интеллект даражасини текшириш учун Векслер тести (шкаласи)
Векслер тести (шкаласи) интеллект даражасини текшириш учун қўлланилади. Девид Векслер томонидан 1939 йили ишлаб чиқилган. Ушбу тест турли ёшда интеллект даражасини, аниқроғи, ақлий ривожланиш даражасини аниқлаш ва баҳолаш учун қўлланилади.
Векслер бўйича IQ-кўрсаткичлари:
- Жуда юқори – 130 балл.
- Юқори – 120-129 балл.
- Яхши – 110-119 балл.
- Ўртача – 90-109 балл.
- Паст – 80-89 балл.
- Ёмон – 70-79 балл.
- Ақлий дефект – у 2,2%
Мутахассислар фикрича, ер шари аҳолисининг 2,2 % жуда юқори, 6,7 % юқори, 16,1 % яхши, 50 % ўртача, 16,1 % паст, 6,7 % ёмон интеллектга эга бўлса, аҳолининг 2,2 % ақлий нуқсон билан туғилган. Бироқ бу тадқиқот иши барча давлатларни ўз ичига қамраб олмаган.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича