Рефлектор ёй
Шартсиз рефлекснинг рефлектор ёйи рецептор, афферент йўл, марказ (оралиқ нейрон), эфферент йўл ва бажарувчи аъзодан ташкил топган. Мия устунида ҳосил бўлувчи рефлектор ёйнинг афферент қисмини краниал нервнинг сезги ядроси, эфферент қисмини уларнинг ҳаракат ядроси ташкил қилади. Масалан, ютқин рефлексининг афферент қисмини IX ва X нервларнинг сезги ядролари ва йўллари ҳосил қилса, эфферент қисмини ушбу нервларнинг ҳаракат ядролари ва йўллари ҳосил қилади.
Орқа мия ёки мия устунида туташадиган рефлектор ёй 2 ёки 3 нейронли бўлиши мумкин. Икки нейронли рефлектор ёй афферент (марказга интилувчи, сезги) ва эфферент (марказдан қочувчи, ҳаракат) нейронлардан иборат. Афферент нейрон рецептор нейрон деб ҳам аталади. Уч нейронли рефлектор ёйда эса оралиқ нейрон ҳам мавжуд.
Оралиқ нейрон – афферент нейронни эфферент нейрон билан боғловчи нейрон. Демак, афферент нейрон сезги импульсини перифериядан марказга узатувчи, эфферент нейрон эса ҳаракат импульсини марказдан периферияга узатувчи нейрондир. Уч нейронли рефлектор ёй схемаси 1.1 расмда келтирилган.
Орқа мияда боғланувчи оддий рефлектор ёйни тизза рефлекси мисолида кўриб чиқамиз. Неврологик болғача билан lig. patellae га урилса, ушбу пайда ва тўрт бошли мускулда жойлашган рецепторлар қўзғалади. Қўзғалиш натижасида пайдо бўлган сенсор импульслар сон нервининг (n. femoralis) афферент толалари бўйлаб орқа миянинг сегментар аппарати томон йўналади, яъни спинал тугун ва орқа илдизча орқали орқа шохга тушади (1.2-расм).
Орқа шохга тушган ушбу импульс оралиқ нейрон орқали олдинги шохга узатилади. Бу пайтда сенсор импульс ҳаракат импульсига айланади. Олдинги шохда жойлашган ҳаракат нейрони толалари орқали ҳаракат импульслари орқа миядан чиқиб кетади ва сон нервининг эфферент толалари бўйлаб тўрт бошли мускулга етиб боради. Бунинг натижасида ушбу мускул қисқаради ва оёқ тизза бўғимида ёзилади.
Манба: © З. Ибодуллаев. Умумий нeврология. Дарслик. Тошкeнт, 2021.,312б
© Ибодуллаев энциклопeдияси
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича