Олдинги марказий пушта ўсмалари
Бу соҳа ўсмалари учун Жексон типидаги фокал мотор эпилептик хуружлар ва марказий типдаги фалажликлар хос. Агарда ўсма олдинги марказий пуштанинг юқори қисмида жойлашса, фокал эпилептик хуружлар ва фалажлик белгилари қарама-қарши томондаги оёқда кузатилади. Хуружлар, асосан миоклоник типда бўлиб, кўпинча, оёқ панжасидан бошланади. Бу ердан бошланган клоник титрашлар қўл ва мимик мускулларга тарқайди. Чунки олдинги марказий пуштанинг оёқ проекцион соҳасида жойлашган қўзғалиш ўша заҳоти олдинги марказий пуштанинг бошқа проекцион соҳаларига узатилади.
Жексон типидаги мотор хуружлар тананинг қайси қисмидан бошланишига қараб, ўсма олдинги марказий пуштанинг қайси соҳасида жойлашганини аниқлаб олиш мумкин. Агарда ўсма олдинги марказий пуштанинг пастки қисмида жойлашса, фокал эпилептик хуружлар мимик мускуллардан бошланиб, қўлга ва кейинчалик тананинг бошқа қисмларига тарқайди. Хуружлар гемитипда, яъни тананинг бир томонида кузатилади ва хуруж пайтида бемор ҳушини йўқотмайди.
Жексон типидаги эпилептик хуружлар оғиз атрофи, чайнов ва ютқум мускулларида кузатилса, бунда ўсма олдинги марказий пуштанинг энг пастки қисмида ва оперкуляр соҳада жойлашган бўлади. Бунда бемор тўсатдан оғзини чапиллатиб, лабларини ялаб ва оғзининг ичида тилини айлантира бошлайди. Буни оперкуляр эпилептик хуруж деб аташади. Баъзида Жексон типидаги фокал хуружлар катта хуружларга ўтади ва бемор ҳушини йўқотади. Бундай пайтда тоник-клоник типдаги хуружлар кузатилади.
Олдинги марказий пушта ўсмаларида кузатиладиган марказий фалажликлар монопарез ва гемипарез кўринишида намоён бўлади. Қарама-қарши томонда VII ва ХII нервларнинг марказий фалажлиги ҳам кузатилади. Дастлаб парезлар йенгил кўринишда намоён бўлади ва вақт ўтган сайин оғирлаша боради. Демак, секин ривожланувчи (бир неча ой ичида) ва зўрайиб борувчи фалажлик бош мия ўсмалари учун жуда хос.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
©Z. Ibodullayev. Insult va koma, Toshkent, 2013., 193 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича