ОЛИЙ НЕРВ ФАОЛИЯТИ


Физиологик тадқиқотлар психология фани ривожланишига катта туртки бўлди. Тиббий психология ҳам фан сифатида шакллана бошлади, олий нерв фаолиятига оид тадқиқотлар жадал бошлаб юборилди. Бу давр ХХ асрнинг бошларига тўғри келади. Олий нерв фаолиятининг психологик жараёнлар билан узвий боғлиқлигини И.М. Сеченов, И.П. Павлов, У. Пенфилд, Г. Жаспер, К. Примрам, Ж. Экллз, О. Фохт, П.К. Анохин каби олимлар чуқур ўрганишди. Улар руҳий жараёнлар рефлектор тарзда бошқарилиши мумкинлигини исбот қилишди. Рефлекс – организмнинг ташқи муҳит билан бўлган ўзаро муносабатининг бир кўринишидир. 
Нобел мукофоти совриндори  И.П. Павлов (1849–1936) рефлекс ҳақидаги таълимотни илгари сурди. Биринчиси, доимий туғма рефлекслар бўлиб, асаб тизимининг қуйи тузилмалари орқали амалга оширилади ва уни олим «соф рефлекслар» деб атаган. Иккинчиси, бош мия пўстлоқ марказлари билан боғлиқ рефлекслар бўлиб, улар ўзгарувчан бўлади ва индивидуал ривожланиш мобайнида шаклланиб боради, деган. И.П. Павлов олий нерв фаолияти ҳақида таълимот яратди ва фанга «шартли рефлекс» деган иборани киритди. Шартли рефлектор фаолият учун нафақат янги шартли рефлекслар пайдо бўлиши, балки пўстлоқдаги эски алоқаларнинг йиғилиб, мураккаб боғланишлар ҳосил қилиши ҳам ўта муҳимдир. 
Бош мия организмнинг барча  ташқи ва  ички фаолиятини рефлектор тамойилга асосланган ҳолда бошқариб, бир­бири билан боғлаб туради. Шартли ва шартсиз рефлексларнинг асосий тамойиллари нервизм, руҳ ва тана ягоналиги, нейронал тизим ва  функциялар яхлитлиги, организм фаолиятини бошқариш мумкинлиги ва бунга ташқи муҳит таъсири ҳақидаги қарашлар номи юқорида зикр қилинган олимлар томонидан илгари сурилди. Шундай қилиб, шартли рефлекслар организмнинг индивидуал ривожланиши натижасида шартсиз рефлекслар негизида бош мия пўстлоғида ҳосил бўлган вақтинча боғланишдир. 
Ташқи ва ички муҳит ўзгаришига қараб, шартли рефлекслар йўқолиб ёки бошқа турга ўтиб туради. Мабодо бу вақтинчалик боғланишлар мустаҳкамланиб турилмаса, уларнинг ўрнига янгилари пайдо бўлади. Масалан, итга ҳар гал овқат беришдан олдин у жойлашган хонада чироқни ўчириб­ёқиш унда сўлак ажралишини келтириб чиқарган, кейинчалик эса чироқ ўчириб­ёққандан кейин итга овқат берилмай қўйилган. Бу ҳолат бир неча кун давом этгандан сўнг чироқни ўчириб­ёқилганда итда сўлак ажралиб чиқмаган. Бу тажриба шартли рефлексга яққол мисолдир. Чироқни ўчириб­ёқиш ўрнига бошқа сигналларни (масалан, қўнғироқ чалиниши) қўллаш ҳам худди шундай вазиятни юзага келтирган. 
Шартли рефлекслар ҳайвон ва инсон фаолиятини кескин бойитади ва улар нинг хулқи ҳамда хатти­ҳаракати шаклланишига катта таъсир кўрсатади. Шартли рефлекс лардан фарқли ўлароқ, шартсиз рефлекслар туғма рефлекслардир. Шартсиз рефлекслар фақат махсус фаолиятга тааллуқли бўлган таъсирлар сабабли пайдо бўлувчи рефлекслардир. Масалан, оғриқ, ҳарорат, тактил ва бошқа таъсирларга жавоб реакциялари. Шартсиз рефлекслар ҳаётий муҳим биологик эҳтиёжлар билан боғлиқ бўлиб, доимий рефлектор йўллар орқали амалга оширилади. 
Бундай рефлекслар ташқи муҳитнинг организмга бўлган таъсир механизмларини мувофиқлаштириб туради. Олий нерв фаолияти бош мия катта ярим шарларининг шартли рефлектор фаолияти билан боғлиқ бўлиб, организмнинг ташқи муҳитга бўлган муносабатини белгилаб беради ва хулқ­атворнинг асосини ташкил қилади. Оддий (қуйи) нерв фаолияти мия устуни ва орқа мия фаолияти билан боғлиқ бўлиб, шартсиз рефлектор фаолиятга асосланган. Идрок, диққат, хотира, тафаккур каби жараёнлар руҳий жараёнлар бўлиб, улар бош мия катта ярим шарлари фаолияти билан чамбарчас боғлиқ. 
Руҳий жараён марказий асаб тизимининг барча аъзолари воситасида амалга оширилади. Бу жараён ички ва ташқи таъсирларни қабул қилиш, таъсиротларни сигналларга айлантириш, сигналларни анализ қилиш ва жавоб реакциясини тайёрлашдан иборат. И.П. Павлов экспериментал йўл билан бош мияда қўзғалиш ва тормозланиш жараёнлари орасидаги номутаносиблик неврозларга олиб келишини исботлади. Бу психология фани учун ўта муҳим бўлган таълимот эди. Ваҳоланки, ҳиссий зўриқишларда пайдо бўладиган миядаги кучли қўзғалишлар ёки керагидан ортиқча тормозланиш жараёнлари неврозга олиб келиши кейинчалик ҳам олимлар ишида ўз аксини топди. 
П.К. Анохин (1898–1974) олий нерв фаолиятида шартли рефлектор фаолиятнинг бирин­кетин келадиган 4 босқичдан иборатлигини кўрсатиб берди. Буни у тескари афферентация деб атади, яъни рефлекс бажарилганидан сўнг марказ га унинг бажарилганлиги ёки ушлаб қолинганлиги ҳақида маълумот келиб тушади ва у хотирада сақланади. Бу механизм қуйидаги босқичларда амалга оширилади: 1-босқич – рецептор таъсирлантирилади, нерв толаларида қўзғалиш пайдо бўлади ва бу сигнал МНС нинг махсус тузилмаларига узатилади; 2-босқич – қўзғалиш сенсор нейронлардан мотор нейронларга ўтказилади; 3-босқич – марказдан қочувчи импулс бажарувчи аъзога (мушакка, безга) ўтказилади; 4-босқич – марказга топшириқ бажарилганлиги ҳақида сигнал юборилади. Шундай қилиб, шартли рефлектор ёй тизимида қайтувчи боғланиш мавжудлиги исботланди. Қайтувчи боғланиш онг шаклла нишида муҳим аҳамиятга эга. 
Энди шу назарияларга асосланган ҳолда бош мия ярим шарлари пўстлоғига келиб тушган сигналларнинг қайта ишланиш жараёнини кўриб чиқамиз. Анализаторлар орқали қабул қилинган маълумотлар (сигналлар) бош мия пўстлоғининг бирламчи майдонига келиб тушади. Бу ерда ҳодиса ва объектларнинг тасвири шаклланади. Аммо у ёки бу тасвир шаклланиши учун анализаторлар орасидаги ўзаро боғлиқлик сақланган бўлиши керак. Анализатор деб, ташқи ва ички муҳитдан келувчи сигналларни анализ ва синтез қилувчи нейронлар гуруҳига айтилади. анализ – мияга келиб тушган сигналларни бўлакларга бўлиш бўлса, синтез – бўлаклардан ягона бир тасвир яратиш демакдир. Нарса ва ҳодисаларни идрок этиш асосида турли анализаторларнинг ўзаро алоқаси ва хотира механизмлари ётади.
Анализаторлар системаси иерархик тузилишга эга.  Шундай қилиб, бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи турли анализаторлар орқали (кўрув, эшитув ва ҳ.к) қабул қилинадиган таъсирларни анализ ва синтез қилади. Пўстлоқ қабул қилинган маълумотларни хотирасида сақлаб, бошқа сигналлар билан таққослаб, хатоларини тузатиб, қайта ишлаб турувчи ҳужайралар тизимидан таркиб топган. Бош мияга келиб тушаётган маълумотларнинг анализ ва синтези натижасида аниқ шартларга жавоб берувчи ҳаракат дастури ишлаб чиқилади. 
Мабодо ушбу дастур ёрдамида «топшириқ» бажарилмаса, мияда кетма­кет янги дастурлар яратилаверади. Бунинг натижасида тушаётган сигналларга бош мия, албатта, жавоб қайтаради. Шундай қилиб, бош мияда мураккаб қарорнинг пайдо бўлиш жараёнига қўзғалишнинг занжирли реакцияси сифатида қараш керак. Бу айлана бош мия ва унинг турли бўлимлари фаолиятининг асосини ташкил қилади. Бош мияда ассоциатив йўлларнинг катта имкониятлари борлиги ва пўстлоқ нейронларининг ихтисослашганлиги нейронлараро алоқалар юзага келиши ва турли вазифаларни бажарувчи мураккаб нейронлар тўпламининг шаклланишига имкон яратади. Танадаги аъзоларнинг бажарадиган функцияси қанчалик мураккаб ва такомиллашган бўлса, уларнинг мия пўстлоғида эгаллаган соҳаси шунчалик катта бўлади. Бу жараёнларни янада тўлароқ тушуниш учун нерв системасининг филогенези ва онтогенези билан қисқача танишиб чиқамиз.
Нерв системаси филогенези. Эволюция жараёнида нерв системаси ривожланиб, мураккаблашиб ва такомиллашиб борди. Оддий бир ҳужайрали организмдаги (амёбалар) ёлғиз ҳужайранинг ўзи сезги, ҳаракат, ҳазм қилиш ва ҳимоя функцияларини бажаради. Тирик тўқима қўзғалиш, яъни ташқи таъсирларга жавоб бериш хусусиятига эгадир. Филогенезда нерв ҳужайрала рининг пайдо бўлиши организм учун ташқи таъсирларни қабул қилиш, тўплаш ва тарқатиш имконини яратиб берди. Нерв ҳужайралари орасидаги боғланишларнинг пайдо бўлиши ва оддий нерв системаси шаклланиши организмни интеграциянинг янги босқичига кўтарди. 
Оддий (примитив) нерв системасига эга жонзотларда қўзғалиш ҳужайралардан барча йўналишларда тарқалиши мумкин, гўё бу импулс барча ҳужайраларга тааллуқли бўлиб, маълум бир манзилга эга эмасдек. Шундай бўлса­да, ушбу импулслар организмдаги у ёки бу жараёнлар кечишида фаол иштирок этади. Лекин анализ ва синтез қилиш қобилияти ҳали уларда бўлмайди. Қабул қилувчи (афферент) ва узатувчи (эфферент) системалар пайдо бўлиши нерв системасининг мураккаблашиб, такомиллашиб боришига мезон яратди. Нерв тармоқлари чеккасида махсус рецепторлар пайдо бўлиб, ҳар бири фақат ўзига тегишли таъсирларни фарқлаб қабул қила бошлади. 
Нерв ҳужайраларининг ихтисослашиб ва такомиллашиб бориши натижасида импулсларнинг фақат бир томонга йўналишини таъминлайдиган синапслар пайдо бўлди. Худди шу босқичда баъзи вазифаларни бажарувчи оддий «айлана» тузилмалар шаклланди. Кейинчалик эволюция мобайнида нерв тугунлари, яъни ганглиялар пайдо бўлиб, улар бир ёки бир нечта вазифани амалга ошира бошлади. Ганглияларнинг ишлаш услуби шундан иборатки, уларнинг ҳар бири танадаги маълум сегмент (соҳа) учун жавоб беради. 
Нерв системасида мавжуд бўлган ганглиялар мажмуаси сезишнинг мураккаб турларини амалга ошира олади. Ганглияда ҳар қандай жараён гўёки аниқ бир дастурга эга. Эволюциянинг сўнгги даврларида нерв системаси ривожланиши бош мия фаоллашишининг устуворлиги билан кечди, сўнгра бош мия ярим шарлари пўстлоғи пайдо бўлди. Нерв системаси филогенезининг бу даври цефализация даври деб ҳам аталади. Сут эмизувчиларда нерв системаси янада такомиллашиб, бош мия катта ярим шарлар пўстлоғи ва уларни ўзаро боғловчи йўллар пайдо бўлди. Ички аъзолар ва системаларни нерв системаси марказлари билан боғлаб турувчи афферент ва эфферент йўллар шаклланди. Одамда катта ярим шарлар пўстлоғи, айниқса, пешона ва чакка бўлаклари ривожланиши юксак даражага етди. Ҳозирги кунда бош миянинг 78 % ини пўстлоқ ташкил қилиб, унинг 30  % пешона бўлагига тўғри келади.
Эволюцион ривожланишнинг цефализация даврида бош мияда пайдо бўлган марказлар қуйи жойлашган тузилмаларни ўзига бўйсундира бошлади. Натижада бош мияда ҳаётий муҳим марказлар пайдо бўлиб, улар организмнинг турли­туман фаолиятини автоматик тарзда бошқара бошлади. Ушбу марказлараро алоқалар иерархик тарзда фаолият кўрсатади. Интегратив жараён ва бошқариш функциясининг вертикал услубда фаолият кўрсатиши муҳим аҳамиятга эга. Физиология фани ривожланишининг дастлабки даврида олий марказ қуйи марказга доимо тормозловчи таъсир кўрсатади, деган фикр мавжуд эди. Шунинг учун олий марказ зарарланганда қуйи марказ қўзғалади, гўёки улар фаоллашади, дейилган. Лекин ҳар доим ҳам бундай бўлавермайди. 
Эволюцион жиҳатдан ёш марказ зарарланганда, кекса марказ фаоллашади, гўёки эволюцион жараён тескарисига давом этади. Бу назария диссоляция назарияси, деб ном олган. Дарҳақиқат, юқори поғонада жойлашган марказлар зарарланганда, қуйи марказлар фаоллашганини кўрамиз. Бунга марказий ҳаракат нейрони зарарланганда, орқа миянинг олдинги шохида жойлашган периферик ҳаракат нейронларининг фаоллашувини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Аммо бу бузилишларнинг асл сабаби диссоляция ёки қуйи марказнинг юқори марказ “тутқунлигидан” озод бўлишида эмас. 
Чунки олий марказ қуйи марказ фаолиятини фақат тормоз лабгина қолмасдан, балки фаоллаштиради ҳам. Қуйи марказ фаоллашуви компенсатор жараён нинг бир кўриниши сифатида қабул қилиниши ҳам керак. Нерв марказлари иерархиясида бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи асосий ўринни эгаллайди. Бутун организм ва функционал системалардан маълумотларнинг пўстлоққа оқиб келиши, уларнинг мураккаб анализ ва синтез қилиниши, ассоциатив йўлларнинг пайдо бўлиши олий нерв фаолиятининг асосий механизмларидан биридир. Хўш, нерв системасининг онтогенезда ривожланиши қандай кечади ва бу жараёндаги бузилишлар руҳият шаклланишига қанчалик таъсир кўрсатади? 
Нерв системаси онтогенези. Янги туғилган чақалоқ бош миясининг оғирлиги 400 г атрофида бўлиб, тана оғирлигининг 1/8 қисмини ташкил қилади. Гўдакда пўстлоқ эгатчалари яхши ривожланган, пушталари йирик­йирик. Лекин чуқурлиги ва баландлиги унча ривожланмаган бўлади. Тўққиз ойларга бориб, миянинг дастлабки оғирлиги икки баробар ошади. 2 ёшга бориб, бош миянинг оғирлиги бола туғилган давридагига қараганда бир неча баробар катталашади. Бош мия катталашуви, асосан, нерв толалари миелинлашуви ва туғилган заҳотиёқ бош мияда мавжуд бўлган 20 млрд. ҳужайранинг катталашуви ҳисобига кечади.
        Гўдакнинг мия тўқимаси ҳали такомиллашмаган бўлади. Пўстлоқ ҳужайралари, пўстлоғости тугунлари, пирамидал йўллар яхши ривожланмаган, кулранг ва оқ модда орасидаги алоқалар мукаммал бўлмайди. Гўдакнинг нерв ҳужайралари бош мия катта ярим шарлари юзасида ва оқ модда асосида тўпланиб жойлашади. Бош мия катталашган сайин нерв ҳужайралари пўстлоқ томонга силжийди. Бош мия қон томирлари ҳам ривожланиб, такомиллашиб боради. Гўдакда катта ярим шарлар пўстлоғининг энса қисми катта ёшдагиларникига қараганда йирикроқ бўлади. Бола ўсган сайин ярим шарлар пушталари, уларнинг шакли ва топографик жойлашуви ўзгариб боради. Айниқса, бу ўзгариш дастлабки беш йил мобайнида кузатилиб, 15­16 ёшларга бориб, пўстлоқ тузилиши катта ёшдагиларникидан деярли фарқ қилмайди. Ён қоринчалар болаларда нисбатан кенг ва катта бўлади. Гўдакларда иккала ярим шарни бирлаштириб турувчи қадоқсимон тана нозик ва қисқа бўлади. 
Бола беш ёшга тўлгунга қадар қадоқсимон тана йўғонлашиб, узайиб боради. Йигирма ёшларда эса қадоқсимон тана тўла шаклланади. Янги туғилган чақалоқда мияча суст ривожланган бўлиб, узунчоқ шаклга эга, пушталари ва эгатчалари саёз, узунчоқ мия горизонтал жойлашган бўлади. Краниал нервлар мия асосида симметрик тарзда жойлашади. Чақалоқда орқа мия бош мияга қараганда морфологик жиҳатдан тугалланган тузилишга эга. Шунинг учун ҳам орқа мия гўдакда нисбатан яхши ривожланган. Гўдакнинг орқа мияси катта ёшдагиларга қараганда узунроқ бўлади. Кейинчалик орқа мия умуртқанинг ўсишига қараганда орқада қолади.
Орқа миянинг ўсиши 20 ёшгача давом этади. Бу давр ичида унинг оғирлиги ҳам ошади. Чақалоқнинг периферик нерв системаси етарлича миелинлашмаган, нерв толалари сийрак бўлиб, нотекис тақсимланган. Миелинланиш жараёни турли нерв толаларида турлича кечади. Краниал нервлар миелинлашуви бир ёшга етиб тугалланади. Орқа миянинг нерв толалари миелинлашуви 2­3 ёшгача давом этади. Вегетатив нерв системаси чақалоқ туғилгандан бошлаб фаолият кўрсата бошлайди. 
Эмбриогенезнинг дастлабки босқичларида нерв системасининг турли қисмларида аниқ такомиллашган мустаҳкам алоқалар пайдо бўладики, улар туғма ҳаётий муҳим функцияларнинг асосини ташкил қилади. Бу функциялар туғилгандан сўнг ҳаётга дастлабки мослашувни таъминлаб беради (масалан, нафас олиш, эмиш, юрак уриши ва ҳ.к.). Онтогенетик ривожланиш жараёнида одамнинг мияси кучли ўзгаришларга учрайди. Анатомик жиҳатдан олганда, янги туғилган чақалоқ мияси билан катта ёшдаги одам мияси бир­биридан анчагина фарқ қилади. Чунки индивидуал ривожланиш жараёнида ёш ўтган сайин мия тузилмалари етилиб боради. Ҳатто морфологик жиҳатдан етилган нерв системасида ҳали ривожланиши ёки қайта пайдо бўлиши зарур бўлган функционал системалар мавжуд. Бош мия эволюциясида иккита муҳим стратегик йўналиш бор. 
Буларнинг биринчиси – келгусида яшаш шароитларига тайёр туриш. Бу йўналиш туғма, инстинктив реакцияларнинг катта тўпламидан иборат бўлиб, организм ҳаёт кечириши мобайнида ҳар қандай ҳодисаларга шай бўлиб туради. Булар – овқат, ҳимоя, кўпайиш механизмлари ва бошқалар. Организмни ҳамма нарсага ўргатиш шарт эмас. Зеро, у баъзи қобилиятларга туғилганидан эгадир. Агар биз хулқ­атвори гўёки автоматлашиб кетган ҳашаротлар дунёсидан сут эмизувчилар дунёсига бир назар ташласак, бошқача манзарага кўзимиз тушади, яъни хулқ­атворнинг туғма, инстинктив турлари мақсадга йўналтирилган, шахсий тажрибага асосланган хатти­ҳаракатларга қўшилиб кетганини кўрамиз. Сут эмизувчилар хатти­ҳаракатида изланиш, ўзи турган муҳитини топиш каби хусусиятларнинг шоҳиди бўламиз. 
Ҳаёт кечиришнинг бундай тури учун такомиллашган мия кераклиги ўз­ўзидан аён, албатта. Аммо асосий гап бош мия ҳажмидагина эмас, балки унинг функциясида ҳамдир. Эволюциянинг иккинчи йўналиши – индивиднинг хатти­ҳаракатларига катта имкониятлар яратиб бериш. Бу эса бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи ҳажмининг тўхтовсиз катталашуви билан параллел ҳолда кузатилди. Дунёни англаб бориш, ўрганиш жараёни, пўстлоқнинг маълумотлар билан тўлиб бориши болалик даврида яққол кўзга ташланади. Гўдаклик давридан етук ёшга етгунга қадар бўлган давр ҳар бир индивид учун узоқ бир масофадир. 
Ҳеч нарсага эга бўлмаган гўдак кейинчалик кўп нарсаларни эгаллаб, ҳаётга мослашиб олади. Хўш, бу жараён қандай кечади? Нима қилса, хатоларга йўл қўйилмайди? Баъзи олимлар фикрича, ҳаммаси тарбияга боғлиқ. Гўдакнинг мияси гўёки ёзилмаган дафтарга ўхшайди. Дафтарнинг ташқи кўриниши бошқаларидан фарқ қилмаса­да, ҳар бир нусхаси ва саҳифасининг ўзига хос хусусиятлари бор. Битта варағига ёзилган матн иккинчисида ёзилганини мазмунан такрорламаслиги мумкин. Дафтарни қандай ёзув билан тўлдирсангиз, кейинчалик ўша ёзувни ўқийсиз, бошқасини эмас. Демак, оппоқ варақларни қандай тўлдириш, нима билан тўлдириш ўзимизга боғлиқ. Бола миясини тўғри маълумотлар билан бойитиб бориш ҳам физиологик жиҳатдан, ҳам психологик жиҳатдан жуда муҳимдир. Инсон мияси маълумотларни фақат «ўлик», «жонсиз» ҳолатда ўзида сақлайдиган дафтар эмас, балки уларни фаол қайта ишлаб, хулоса қиладиган мураккаб системадир.
Боланинг баркамол ўсишига таъсир қилувчи сабаблар уни ўраб турган муҳитга, албатта, боғлиқ. Боланинг олдида турган муаммолар ечимини тўғри топишга кўмаклашиш, унинг хулқ­атворини тўғри шакллантириб бориш катта аҳамиятга эгадир.
Миянинг функционал системаси
Бош миянинг ҳужайралар тўплами фақатгина содда вазифани бажариб қолмасдан, балки бошқа мукаммал функцияларни бажаришда ҳам иштирок этади (П.К.Анохин, 1973). Функционал система фаолиятини таъминлашда нерв системасининг (айниқса, бош миянинг) барча тузилмалари иштирок этади. Бу жараён нейронлараро алоқаларнинг кўплиги сабабли амалга оширилади. Функционал система – бирон бир функцияни бажаришда иштирок этувчи нейронал тузилмалар тўплами. У миянинг муҳим, ўз­ўзини бошқарувчи механизми ҳисобланади. Нерв системасининг индивидуал ривожланишини тўғри баҳолаш учун унинг анатомик жиҳатдан етуклиги билан бирга бирон бир функцияни бошқариши ва бажара билиши ҳам катта аҳамиятга эга. Демак, онтогенез жараёни, яъни нерв тўқималарининг якка ҳолда эмас, систематик тарзда ривожланишини системогенез нуқтаи назаридан тушунмоқ керак. Функционал система тушунчаси индивидуал ривожланиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган асабий­руҳий бузилишларнинг моҳиятини очиб беришга ёрдам беради. Шуни таъкидлаш лозимки, эмбрионал ривожланиш жараёнида турли нейронал тузилмаларнинг бирин­кетин пайдо бўлиши билан бирга, ушбу кетма­кет ривожланишнинг бузилиши ҳам рўй бериб туради. 
Дастлаб ҳаётий муҳим аҳамияти бўлган функционал системалар шаклланади. Функционал системага эволюцион ривожланишнинг турли босқичларида хилма­хил тузилмалар қўшилиб боради. Шунинг учун бир босқич даражасида функционал системага кирувчи баъзи тузилмаларнинг турли даражада такомиллашувини кузатамиз. Айни вақтда, бир маромда ривожланмаслик, яъни гетерохронликнинг кўринишларига кўп мисоллар келтириш мумкин. Маса лан, гўдакда эмиш жараёнида қатнашадиган юз нервининг пастки толалари миелин парда билан олдинроқ ва яхшироқ қопланган бўлади. Ушбу нервнинг устки толалари эса миелин парда билан тўлиқ қопланмайди, гўёки бу толаларга ҳозирча зарурат йўқдек. Системогенезга яққол мисол бўла оладиган гўдакда кузатиладиган ушлаб олиш рефлекси ҳам эътиборга молик. 
Эмбрионал ривожланишнинг IV­VI ойларида қўлнинг барча нерв толалари ичида энг яхши етилгани бармоқлар букилишини таъминловчи нерв толаларидир. Бундан ташқари, бу даврга келиб саккизинчи бўйин сегментининг олдинги шохи мотор ҳужайралари ҳам такомиллашган бўлади. Ушбу мотор нейронлар бармоқларни букувчи мушакларни иннервация қилади. Бундан ташқари, ушбу ҳужайраларни бошқарувчи асаб тизимининг юқорида жойлашган тузилмалари ҳам шаклланган бўлади. 
Системогенезнинг бир нечта муҳим жиҳатлари ўрганилган. Биринчиси шундан иборатки, функционал системалар бир вақтда шаклланмайди. Организм учун ҳаётий муҳим бўлган системалар аввал шаклланиб боради. Масалан, янги туғилган чақалоқ учун ҳаётий муҳим бўлган жараёнлар – эмиш, ютиш, нафас олиш туғилган заҳоти фаолият кўрсата бошлайди. Баъзи жонзотларда эса функционал система туғилган заҳоти мукаммаллашган бўлади. Кенгурунинг боласи туғилган заҳоти онасининг қорнидаги халтачага сакраб чиқа олади ёки эндигина тухумдан чиққан ғознинг боласи онасининг изидан юра бошлайди ва ҳоказо. Янги туғилган чақалоқда туғма механизмлар гўё камдек туюлса­да, баъзи бошқарувчи вазифаларнинг жуда нозик иши киши эътиборини ўзига тортади. Масалан, гўдакда ютиш ва нафас олиш бир вақтнинг ўзида амалга оширилади, кейинчалик бу қобилият йўқолиб боради. Бироқ кўрув, эшитув ва ҳаракат реакциялари яхши ривожланмаган бўлади. 
Нерв системаси баъзи тузилмаларининг бир маромда ривожланмаслиги ва етилмаслигига гетерохронлик принсипи дейилади. Системогенезнинг иккинчи тамойили системалараро ва системалар ичра гетерохронлик тамойили ҳисобланади. Системалараро гетерохронлик – бу турли функционал системаларнинг турли даврларда пайдо бўлиши ва шаклланишидир. Системалар ичра гетерохронлик – бу шаклланган функциянинг аста­секин мураккаблашиб боришидир. Даставвал минимал функцияни бажара олувчи нерв тўқималари етилиб боради, кейинчалик ташқи ва ички таъсирларга жавоб берувчи шу системанинг бошқа бўлимлари ҳам сафга туради. Масалан, гўдакда 3 ойгача сўриш рефлекси жуда осон чақирилади, лунжи ёки иягига қўл теккизилса бас, у дарров лабини чўччайтиради. Шу билан бирга, гўдакда қалқиб кетиш ёки ҳаво ютиб юбориш ҳолатлари ҳам тез­тез учраб туради. Уч ойликдан сўнг сўрғич ҳаракатлари фақат лабига текканда пайдо бўлади ва қалқиб кетишлар камаяди. Худди шундай манзарани ушлаб олиш рефлексига нисбатан ҳам кузатишимиз мумкин. 
Гўдаклик даврининг дастлабки ойларида унинг кафтига сал тегилса, қўлини мушт қилиб олади, кейинчалик ушлаб олиш бироз пасаяди. Системалар ичра гетерохронлик бирор функционал системанинг нафақат етилиши, балки системалараро алоқанинг ўрнатилиши билан ҳам параллел тарзда кечади. Масалан, автоматик тарзда ушлаб олиш ҳаракати устидан кўз назорати кучая бошлайди. Системогенез ҳақидаги таълимот болада нерв системаси функциялари шаклла нишининг узвий ва кетма­кет ривожланиш қонуниятларини очиб беради. Масалан, бошни ушлаб туришдан сўнг ўтириш, ўтиришдан сўнг тик туриш, тик туришдан сўнг юриш функциялари ривожланиб ва такомиллашиб боради. Бошни ушлаб туриш қобилияти тана ҳолатини назорат қилишга замин яратиб беради. 
Бу мувозанат аъзоси (мияча) ва кўрув назоратининг такомиллашуви натижасида амалга оширилади. Шуни таъкидлаш лозимки, жуда кўп функционал системаларнинг ўзи бир қанча кичик системалардан таркиб топган. Булар бир вақтнинг ўзида пайдо бўлмайди, балки ўзаро боғланишлар негизида секин­аста такомиллашиб боради. Масалан, ҳаракатни бошқариш комплексига мускул тонуси, тана мувозанати ва координациясини бошқарувчи функционал системалар киради. Бундан ташқари ҳар қандай ҳаракатни амалга ошириш учун бирон бир ҳаракатни бошқа ҳаракат билан алмаштирувчи, унинг устидан назорат қилувчи дастур зарур бўлади. Масалан, олдинга бир қадам ташлаш учун гавда оғирлигини иккинчи оёққа ўтказиш, шу вақтда умумий мувозанатни сақлаб қолиш, бир гуруҳ мускулларнинг қисқариши ва шу пайтда бошқаларининг ёзилишини амалга ошириш керак. Биз юриб бораётганимизда оёқни қандай ташлаш керак, гавда ва қўллар қай ҳолатда ҳаракат қилиши зарурлиги ҳисоб­китобини қилмасдан ҳаммасини беихтиёр тарзда амалга оширамиз. 
Тўғри, биз онгли равишда тезликни оширамиз ёки пасайтирамиз, қадамни катта ёки кичик ташлаймиз, аммо қайси мускулни қисқартириб, қайси бирини бўшаштириш лозимлиги ҳақида ўйламаймиз. Ваҳоланки, булар автоматик тарзда амалга оширилади. Ҳаракатни бошқарувчи системаларнинг ўзаро мувофиқлашган тарзда ишлаши болалик давридан ривожлана бошлайди. Турли ёшдаги болаларнинг ҳаракат фаолиятини кузатиб, уларнинг ҳаракат функциялари такомиллашиб бораётганлиги ва кичик системалардан йирик интегратив системалар пайдо бўлишига амин бўламиз. Системогенез нуқтаи назаридан қараганда, ҳар бир ёш учун хос бўлган нормал функцияларнинг ривожланиш механизмлари ва функциялар такомиллашувининг кам­кўстлигини тушуниб олиш мумкин. 
Баъзи функционал системалар ёки уларнинг бўлимлари ривожланиши суст кечса, бошқа функционал системалар эса нормал ривожланиб, жадал равишда такомиллашиб боради. Масалан, чаққон, ўйинқароқ болалар диққат­эътиборни талаб қилувчи нозик ҳаракатларни бажара олмайди. Бунинг сабаби, ҳаракатни бошқарувчи пўстлоқ марказлари такомиллашмаганидир. Баъзан кундалик ҳаётда бесўнақай болаларда сурат чизиш, мусиқий асбобларни чиройли чалиш каби маҳоратни кузатамиз. Болаларда нутқ бузилишлари сабаби ҳам кўпинча системалараро ва системалар ичра алоқаларнинг етилмай қолиши оқибатидир. Болаларда ҳаракатдаги бесўнақайлик дудуқланиб сўзлаш билан бирга учрашини кўп гувоҳи бўламиз. Баъзан оғзаки нутқ жуда яхши ривожланса­да, ҳуснихати хунук болалар бўлади. 
Айниқса, ёшлар орасида қоғозга қўл билан ёзиш йўқолиб, электрон алоқа воситаларида ёзишга оммавий тарзда ўтилиши нафақат ҳуснихатнинг бузилишига, балки имловий хатолар кўпайиб кетишига сабаб бўлмоқда. Ёшлар орасида оғзаки нутқдаги нуқсонлар ҳам ушбу муаммо билан боғлиқ. Системогенез нерв системасининг эволюцион ривожланиш жараёнида кузатиладиган морфофункционал ўзгаришларни такомиллаштиришга ёрдам беради, ривожла наётган системалар кам­кўстлигининг олдини олиш йўлларини кўрсатади. 
Бу етиш мовчиликларни тузатишнинг принтсипларини бир неча  гуруҳларга  бўлиш мумкин: 1) ўсиш кўрсаткичларидан орқада қолаётган функцияларни рағбатлантириш; 2) бузилиб қайта ривожланаётган алоқаларни тўхтатиш ёки пасайтириш; 3) системалараро ва системалар ичра алоқаларнинг янги комплекслари шаклланишига ёрдам бериш ва ҳоказо. Демак, мавжуд нуқсон турини ўз вақтида аниқлаб, тиббий­профилактик чора ларни белгилаб олиш зарур бўлади. Лекин бунда индивидуал ривожланишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Кўрув ва эшитув системалари ҳам бош миянинг мураккаб функционал системалари гуруҳига киради. 
Ҳар қайси функционал система ёки унинг турли бўлимлари ўзининг ривожланиш дастурига эга бўлишига қарамасдан, бош мия доимо ягона, яхлит аъзо сифатида фаолият кўрсатади. Бош миянинг ушбу интегратив функцияси турли системаларнинг ўзаро муносабатини мустаҳкамлайди ва ривожлантиради. Бу ҳолда ривожланаётган бош мияда системалараро алоқаларни ўрнатиш механизми қандай кечади, деган саволга дуч келамиз. Бош мия ўз фаолиятида ягона бўлиб қолишига қарамасдан, ривожланишнинг ҳар бир босқичида у бошқача мия ва ўзига хос системадир. 
Шунинг учун баъзи функционал системалар ривожланишининг хронологиясини мукаммал ўрганиб, ушбу жараённи тўғри баҳолаб бориш албатта муҳим. Болада функционал системаларнинг ривожланиш тезлигини велосипедчилар пойгасига таққослаш мумкин. Масалан, битта велосипедчи пойга давомида доимо олдинда боравермайди, бунга унинг кучи ҳам етмаган бўлар эди. У гоҳ олдинда, гоҳ орқада қолиб кетади ва ниҳоят, маррани биринчи бўлиб эгаллайди. Ривожланаётган мияни ўрганганимизда боланинг дастлабки ёшида шунга ўхшаш манзарани кўрамиз. Ривожланишнинг янги шакллари пайдо бўлиши гўдакдаги бирламчи автоматизмлар редукцияси (йўқолиши) билан кечади. Бунда иккита, яъни янгиланиш ва йўқолиш жараёни бир маромда кечиши катта аҳамиятга эга. 
Бирламчи автоматизмларнинг эрта сўниши нерв системаси ривожланишидаги узвийликни бузиб юбориши мумкин. Шу билан бирга эскириб қолган функцияларнинг жуда кеч йўқолиши ҳам яхши эмас, чунки у янги ва янада мураккаб функционал системалар пайдо бўлишига халақит беради. Редукция ва янгиланиш жараёнларининг бир маромда кечишига бир ёшгача бўлган болаларда ҳаракатнинг ривожланишини мисол қилиб кўрсатса бўлади. Гўдакда бошнинг фазодаги ҳолатини назорат қилувчи бирламчи тоник автоматизмлар мавжуд. Бу автоматизмлар 2­3 ойларга бориб сўниб, ўрнига бошни аниқ ушлаб туришини таъминловчи ва мускул тонусини бошқарувчи системалар ривожланади. Агар ушбу сўниш ўз муддатидан кечикса, бирламчи тоник автоматизмлар аномал ҳодиса деб қабул қилинади. Чунки у бошни ушлаб турувчи механизмлар ривожланишига халақит беради. Кейинчалик занжирли патологик ҳолатлар ривожланиб бораверади: бошни ушлаб тура олмаслик кўрув назорати ва вестибуляр аппаратнинг ишини бузади. 
Вестибуляр аппарат ривожланмай қолиши натижасида ўтиришни таъминлаб берувчи мускуллар тонуси ишдан чиқади ва ҳоказо. Охир­оқибат яхлит бир функционал механизмлар ривожланмай, иккинчи функционал система ривожланишига тўсқинлик қилади. Нутқ ва у билан боғлиқ бўлган олий руҳий функциялар  бузилишининг болалик даврида олдини олиш учун дастлабки шаклланаётган патологик жараённи ўз вақтида тўхтатиш муҳим аҳамиятга эга. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, редукция ва янгиланиш жараёнларининг бир маромда кечиши деганда, фақат бир функциянинг иккинчи функцияга йўл очиб бериши тушунилмайди. Ваҳоланки, редукция фақат автоматизмларнинг бутунлай йўқолиши дегани ҳам эмас, балки мураккаб функционал системаларга қўшилиб кетиши дегани ҳамдир. Шунинг учун бирламчи автоматизм тўла редукцияга учрамаса­да, ривожланишнинг умумий режасига халақит бермаслиги керак. 
Агар редукция жараёни кечикиб бораверса, янги механизмлар шаклланиши сустлашади ва интеллектуал функциялар учун масъул нейронал тизимлар  ривожланишдан орқада қолади. Ушбу бобда нейрофизиологик ва психофизиологик жараёнлар, тиббий психо лог билиши зарур бўлган функционал системалар ривожланишининг турли босқичлари билан танишиб чиқдик.


Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b. 
              ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. Darslik., 2-nashr., T.; 2021., 960b. 
              ©Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. T.; 2021., 312b. 
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©asab.cc
 





Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича