Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси МУСКУЛИ КУЧЛИ БЎЛСА, РУҲИЯТИ ҲАМ КУЧЛИ БЎЛАДИМИ?

МУСКУЛИ КУЧЛИ БЎЛСА, РУҲИЯТИ ҲАМ КУЧЛИ БЎЛАДИМИ?


Афсуски, йўқ! Ҳар доим ҳам эмас. Шунинг учун ҳам доно халқимиз “Билаги зўр бирни йиқар, билими зўр мингни” деб бежиз айтмаган. 1000 билан 1 орасидаги фарқ – нақ минг баробар! 
       Менга бир танишим ўз ўғлидан шикоят қилиб қолди: “Ўғлимни бақувват бўлсин деб бир неча йил олдин спортга берувдим. Жисмонан бақувват йигит бўлди. Чиройли гавдасига қарасанг ҳавасинг келади, мускуллари бўртиб-бўртиб туради. Бироқ... Бироқ асаби жуда таранг, руҳияти ожиз, дунёқараши тор, муомала маданияти йўқ. Анави куни қаттиқ койиган эдим, ёш болага ўхшаб йиғлаб юборди. Нега? Мен унга ҳазиломуз шундай жавоб бердим: Спорт мускулни чиниқтириб гавдани кенгайтирса, китоб руҳиятни чиниқтириб фикрлаш доирасини кенгайтиради ва асабни мустаҳкам қилади. Агар ўғлингизни болалигидан бадиий китоблар мутоала қилишга ўргатганингизга эди, у ҳам руҳан, ҳам жисмонан бақувват бўлур эди.
        Баъзи спортчиларимиз шаҳар, Республика ва ҳатто дунё миқёсида билагининг кучи билан катта совринларга эга бўлиб юртига қайтиб келади-ю, ёшларга ўрнак бўлиш ўрнига турли жанжал ва пичоқбозликка қўшилиб қолиб бутун мамлакатга шарманда бўлади ёки тунги клубдан боши чиқмайди. Чунки руҳият ожиз, мияда ақл-фаросат йўқ. 
       Биз спортнинг руҳиятга аъло даражада ижобий таъсир қилиши ҳақида ушбу китобда ҳам ёзганмиз. Доимий спорт билан шуғулланадиганлар невроз ва депрессияга кам чалинишади, юраги соғлом бўлади. Етти ёшдан етмиш ёшгача спорт билан мунтазам шуғулланса, шифохоналарда беморлар сони кескин камайган бўлар эди. Бироқ профессионал спорт билан шуғулланадиганлар нафақат мускулини чиниқтириш, балки асабини ҳам чиниқтириш, руҳиятини мустаҳкам қилиш ва ақл-фаросатли бўлиш борасида ҳам ёшлигидан ўйлаб кўришса, нур устига аъло нур бўлур эди. Баъзи чемпионлар орасида қўлига умуман китоб ушлаб кўрмаган, таржимаи ҳолини ҳам ёза олмайдиган анчагина бўлса керак. Мен уларга аввал асаб ва руҳиятни чиниқтиринг, сўнгра мускулларни чиниқтирасиз деган бўлар эдим. Босиқлик, босиқлик ва яна бир бор босиқлик – ҳар қандай спортчи учун гўзал ҳулқдир.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
                 © asab.cc



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича