Мияча-кўприк бурчаги ўсмалари
Бу соҳа (кўприкнинг ён цистернаси) ўсмалари деярли 90% ҳолатларда VIII нерв невриномасидир. VIII нерв невриномаси барча интракраниал жойлашган ўсмаларнинг 6-8% ини ташкил қилади. VIII нерв невриномасининг дастлабки белгилари – булар бир қулоқда шовқин пайдо бўлиши ва эшитишнинг пасая бориши. Қулоқда шовқин гипоакузиядан олдинроқ бошланади. Эшитишнинг бир қулоқда пасайишини бемор ҳар доим ҳам сезавермайди, чунки эшитиш иккинчи қулоқ орқали таъминлаб турилади. Касалликнинг дастлабки пайтида бир қулоқда эшитиш пасайишини фақат аудиометрия ёрдамида аниқлаш мумкин. Бу босқич, одатда, 2-4 йил давом этади, чунки VIII нерв невриномаси секин ўсади.
Ички эшитув йўлининг кенгайиши VIII нерв невриномаси учун хос бўлган рентгенологик белгидир. Бу патологик ҳолат чакка суяги пирамидаси Стенверс бўйича рентген қилинганда аниқланади. Аммо VIII нерв невриномасида ҳар доим ҳам ички эшитув йўли кенгаявермайди. VIII нервнинг вестибуляр қисми зарарланиши вестибуляр нистагм, бош айланиши ва вестибуляр атаксия билан намоён бўлади.
Маълумки, ички эшитув йўлидан VIII нерв билан биргаликда VII нерв ҳам ўтади. Шу боис VIII нерв невриномасида VII нерв кўп зарарланади. Ўсма катталашган сайин VII нервни боса бошлайди ва бир томонда мимик мускулларнинг периферик фалажлиги ривожланади. Қулоғида шовқин бўлаётган бемор врачга кўринмасдан юриши мумкин. Бироқ юзнинг қийшая бошлаши уни хавотирга солади ва тезда врачга мурожаат қилишга мажбур этади.
Мабодо ўткир вирусли инфекциялар қўшилса, ўсма атрофидаги перифокал шиш кучайиб, юз нерви невропатияси ўткир ривожланади. Бу эса диагностик хатоларга олиб келиши мумкин. Яна шуни эсда тутиш лозимки, перифокал шиш сабабли юзага келган юз нерви невропатияси мимик мускулларнинг енгил фалажлиги билан намоён бўлиши ва даволаш муолажаларидан сўнг тезда тикланиши мумкин. Демак, юз нерви невропатиясида чуқур текширувлар (масалан, МРТ) ўтказиш талаб этилади.
Ўсма катталашган сайин у ички эшитув йўлидан чиқиб, кўприкнинг ён систернасини (мияча-кўприк бурчагини) эгаллаб бошлайди ва бу ерда жойлашган краниал нервларни босади. VIII, VII ва V нервларнинг периферик фалажлиги ва мияча симптомлари пайдо бўлиши мияча-кўприк бурчаги синдроми деб аталади. Бу бўшлиқда ўсма жуда катта ҳажмга етади. VIII нерв зарарланиши – эшитиш пасайиши, VII нерв зарарланиши – мимик мускулларнинг периферик фалажлиги, V нерв зарарланиши – юзнинг гомолатерал қисмида гипестезиялар пайдо бўлишига олиб келади. Ўсма секин ўсганлиги туфайли уч шохли нервга қўзғатувчи таъсир кўрсатмайди ва шу боис, тригеминал оғриқлар ҳар доим кузатилавермайди. Бироқ корнеал рефлекслар бир томонда яққол пасайган бўлади. Юзда тригеминал оғриқларсиз корнеал рефлексларнинг йўқолиши V нерв тармоқлари зарарланиши билан боғлиқ. Бундай ҳолат VIII нервнинг катта невриномасида кузатилади. Ўсма катталашган сайин дислокацион синдром шаклланиб, ИКГ ривожлана боради.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича