МИЯНИНГ ИЧКИ БОСИМИ ОШИШИ ХАВФЛИМИ?
Одамлар орасида “черепное давление” ибораси шу қадар кенг тарқалганки, бу ташхисни қўймаган врач қолмади, шекилли. Аслида чуқур неврологик текширувлар асосида айнан невропатолог томонидан қўйиладиган бу ташхисни нега бошқа тоифа врачлари ҳам қўймоқда? Уларнинг бунга юридик ҳуқуқи борми? Аксарият одамлар артериал қон босимидан эмас, “черепное давление” дан қўрқадиган бўлиб қолган. Нима учун? Энди туғилган чақалоққа ҳам, қари одамларга ҳам шу ташхисни қўйишяпти. Нима, бу касаллик шу қадар кўп тарқалганми ёки асоссиз ташхислар кўпайганми? Аксарият беморларни бундай саволлар қизиқтиргани боис, уларга батафсил жавоб бериб ўтишни лозим топдик.
Савол: Миянинг ички босими ошиши шу қадар кўп тарқалганми ёки бу ташхисни қўйиш кўпайганми? Ҳозир одамлар орасида удум бўлиб қолган ибора билан айтганда “черепное давление” нима ўзи?
Жавоб: Калла суяги русчасига “череп”, лотинчада “сраниум” деб юритилади. Рус тилидаги “Внутричерепное давление” ўзбекчага “Калла суяги ички босими” деб таржима қилинади. Ўзбек тиббий тилида мен “интракраниал гипертензия” иборасини кўп ишлатаман. Китобларимда ҳам шундай ёзганман. “Гипертензия” атамаси “юқори босим” деган маънони англатади. Масалан, артериал гипертензия, интракраниал гипертензия. Халқимизга тушунарли бўлиши учун бугунги суҳбатимизда “миянинг ички босими” иборасини ишлата қоламиз.
Хўш, миянинг ички босими ошиши ёки интракраниал гипертензия ҳақиқатан ҳам кўп тарқалганми? Асло йўқ! Бош оғриқлар сабаби ичида миянинг ички босими ошиши бор-йўғи 12 фоиз, холос. Менинг ҳисоб-китобларимга кўра, турли врачлар томонидан бундай ташхисларни қўйиш 70 фоиздан ошиб кетди.
Савол: Бу жуда кўп-ку!
Жавоб: Ҳа, кўп! Мен Тошкент тиббиёт академиясида 1994 йилдан буён талабаларга неврологиядан маърузалар ўқийман. Ўша пайтлари компютер томографияси юртимизга энди кириб келган йиллар эди. Ушбу аниқ ташхис қўювчи ускуна пайдо бўлгач, асоссиз неврологик ташхисларни қўйиш камаяди деб ўйловдим. Афсуски, баттар кўпайди.
Бир куни талаба қизлардан бири: “Устоз, миянинг ички босими ошиши аҳоли орасида кўп тарқалганми?” деб сўраб қолди. Мен унга: “Синглим, бугун дарсдан кейин автобус бекатига боринг-да, писта сотиб ўтирган сотувчи аёлдан: “Бошим тинмай оғрийди, нима қилсам экан-а?”, деб сўранг. Албатта, у сизга “Докторга боринг, қизим”, дейди. Сиз бир оз кутиб туринг-да, қайта яна шу саволни беринг. Шунда аёл: “Қизим, сизда “черепное давление” ошган” деб жавоб бериши табиий...
Эртаси куни навбатдаги маърузани энди бошлагандим ҳамки, ҳалиги талаба қиз кеча бўлган воқеани тўлқинланиб гапира бошлади: “Тавба! Устоз, худди сиз айтгандек бўлди. Ўша аёл менга иккинчи саволдан кейин “Қизим, сенда черепное давление ошган”, деди. Маъруза залидаги 150 дан ошиқ талаба кулиб юборди. Мен талабаларга қараб: “Институтни тугатгач, сизлар ҳам бу ташхисни бўлар-бўлмасга қўявермаслик учун яхши ўқинглар”, дедим. Мен аҳён-аҳёнда маъруза пайтида талабаларга шунақа топшириқ бериб тураман. Улар кўчада ҳар хил одамларга шу саволни бериб, деярли ҳар доим “Сизда черепное давление ошибди” деган жавобни олишади.
Савол: Балки ростдан ҳам бу касаллик кўп учрар?! Тинмай бош оғриши – “черепное давление” белгиси эмасми ахир?
Жавоб: Барча бош оғриқлар сабаблари ичида миянинг ички босими ошиши бор-йўғи 10-12% ни ташкил қилади. Боз устига, “миянинг ички босими” деган ташхис йўқ. Миянинг ички босими ҳаммада бор. Уни ликвор босими деб ҳам аташади. Ликвор (мия суюқлиги) босими горизонтал ҳолатда 100-200, ўтирган ҳолатда 200-400 мм. сув устунига тенг. Худди артериал қон босим каби. Масалан, артериал қон босим ҳаммада бор ва у нормада 120/70 мм симоб устунига тенг. Баъзи катта ёшдагиларда 140/90 мм. симоб устуни ҳам меъёр ҳисобланади. Артериал қон босим ўлчов бирлиги – мм. симоб устуни билан, ликвор босими эса мм. сув устуни деб ёзилади. Аслида ликвор босимини аниқлаш учун орқа мия суюқлиги олиб текширилади.
Савол: Шифокорлар менингит (мия пардалари яллиғланиши) билан шифохонага тушган боланинг орқа миясидан ликвор суюқлигини олиб текшириш лозимлигини айтишади. Аммо баъзи ота-оналар бунга розилик беришмайди. Чунки боладан мия суюқлиги олинса, кейинчалик у ақли заиф бўлиб қолади деб ўйлашади. Шу тўғрими?
Жавоб: Мутлақо нотўғри! Аксинча, менингит бўлган боладан шифохонада орқа мия суюқлиги (ликвор) олиб турилмаса, у кейинчалик ақли заиф бўлиб қолиши мумкин. Нафақат ақли заиф, балки бундай бола жисмоний ривожланишдан ортда қолади ва турли асоратлар билан тузалади.
Айниқса, йирингли менингитни люмбал пункция (орқа миядан суюқлик олиб текшириш амалиёти) қилмасдан даволаш ўта хавфли. Бу касаллик, одатда, 2 ёшгача бўлган болаларда учрайди. Мазкур касалликка чалинган болаларда ҳар 2-3 кунда белдан пунксия қилиб, орқа мия суюқлигини олиб туриш керак. Натижада мия пардалари орасидаги йирингли ликвор тозаланиб, унинг ўрнига булоқ сувидек тоза ликвор ишлаб чиқарилади.
Мия қоринчаларининг махсус ўсиқчаларида бир кунда 350-450 мл. ликвор ишлаб чиқарилади ва шунчаси қайта сўрилади. Кўрдингизми, қанча кўп! Бу эса миянинг соғлом фаолият кўрсатиши учун жуда зарур.
Мана, ҳозир суҳбатимиз “мия ички босими” ҳақида кетяпти. Айнан йирингли менингит – болада мия ички босимини кескин оширадиган касалликлар ичида биринчи ўринда туради. Бу босимни фақат белдан ликвор олиб пасайтириш мумкин. Акс ҳолда миянинг ички босими ошавериб, мия тўқимасини эза бошлайди ва бола комага тушади. Биласизми, менингит сабабли комага тушган болага 2-3 соат ичида белдан пункция қилиб, ортиқча ликвор олинса, у ўша куниёқ ҳушига келади.
Савол: Нега унда баъзи инфекционист-врачлар “Болангизнинг белидан пункция қилиб, мия суюқлигини олишимиз керак. Шунга розимисиз?” деб сўрашади. Ота-она, табиийки, қўрқади... Ушбу тиббий муолажа шу қадар муҳим экан, уни ота-онадан сўрамай қилса бўлади-ку?
Жавоб: Менингит бўлган болада орқа мия суюқлигини олиб текшириш учун врачнинг ота-онадан рухсат олиши бу бўлмаган гап! Мен бунақа қоидани эшитмаганман. Ундай бўлиши мумкин ҳам эмас. Люмбал пункция – тиббий кўрсатмалар асосида врачнинг ўзи ҳал қиладиган муолажа. Уни ўтказиш ёки ўтказмасликни фақат врачнинг ўзи ҳал қилади. Менингитни люмбал пункция қилмасдан даволаш – бу ўлим ва оғир асоратлар сабаби деяверинг. Агар баъзи шифохоналарда шундай қоидалар ҳалиям ҳукм сураётган бўлса, бунга зудлик билан чек қўйиш керак. Бундан ташқари, мия лойқали ликвордан тозаланиб турса, унинг ўрнига тоза ликвор ишлаб чиқарилиб туради. Ликвор таҳлили орқали менингитни қайси микроб чақиргани аниқланади ва энг зарур антибиотик танланади ва ҳоказо. Умуман олганда, реаниматологлар ишига ота-оналар аралашмагани маъқул.
Савол: Қачон миянинг ички босими ошади?
Жавоб: Ҳали айтиб ўтганимдек, бу патологик ҳолатнинг асосий сабабларидан бири – мия пардаларининг ўткир яллиғланиши, яъни менингитлар. Кейин энцефалитлар (мия тўқимаси яллиғланиши), бош мия жароҳатлари, лептоменингит ва хориоэпендиматитлар.
Лептоменингит – бу мия пардаларининг сурункали яллиғланиши бўлиб, унинг ҳам асосий белгилари бош оғриқлардир. Лептоменингит менингитга ўхшаган оғир касаллик эмас. Менингит юқумли касаллик ва уни инфекционист даволаши керак, лептоменингит эса умуман юқмайди ва уни невропатолог даволайди. Лептоменингитда миянинг ички босими ҳар доим ҳам ошавермайди. Хориоэпендиматит – бу мия қоринчаларининг ички девори яллиғланиши. Айнан мана шу ички девор (эпендима) ликвор ишлаб чиқарувчи ва ортиқча ликворни қайта сўрувчи ўсиқчалардан иборат.
Бу касаллик деярли ҳар доим миянинг ички босими ошиши билан бошланади. Афсуски, ҳозирги невропатологлар бу ташхисни деярли қўйишмаяпти. Бу яхши эмас. Ваҳоланки, “лептоменингит ва хориоэпендиматит” атамаларини Ўзбекистон фахри, ХХ асрнинг буюк неврологи, жаҳон неврологияси ривожига улкан ҳисса қўшган юртдошимиз Наби Мажидов 1972 йили таклиф қилган. Бу иккала касаллик номи “Катта тиббий энциклопедия” да ҳам ўрин олган. Керак бўлса, хориоэпендиматит – “Мажидов касаллиги” деб аталиши керак.
Мен бу масалани халқаро анжуманлардан бирида кўтарганман. Мажидов улкан мерос қолдириб кетди. Унинг барча асарларини инглиз, немис, француз тилларига таржима қилиш вақти келди. Акс ҳолда, ўзбек олими яратган бу ташхисни биздан ўғирлаб қўйишади ва ўзиники қилиб олишади. Илм-фанда бундай воқеалар ҳар доим учраб турган. Илм-фанда нафақат плагиатлик, балки ғоя ўғрилари ҳам анчагина. Хорижда ҳар қандай кашфиёт, ҳатто оддий симптомга ҳам олимлар номини беришади.
Биласизми, мавзудан четлашаётгандек кўринсам-да, илм кишиси сифатида ўтган олимларни эслаш бурчим. Қолаверса, миянинг ички босимини Наби Мажидов даражасида ўрганган олим йўқ. Боз устига, “Миянинг ички босими ошиши” ташхис эмас. 1972 йилгача дунё неврологиясида “Мия ички босими ошиши” ибораси ўз нозологиясига (яъни, касаллик номига) эга бўлмаган. “Хориоепендиматит” ушбу атамага жуда мос келади.
Савол: Миянинг ички босими ошишига хос белгилар ҳақида маълумот берсангиз. Бу ҳолат қандай намоён бўлади?
Жавоб: Миянинг ички босими ошиши қуйидаги белгилар билан кўзга ташланади:
- Бош оғриғи. Эрталаб уйғонганда кузатилади, бошни пастга энгаштирганда кучаяди, зинадан кўтарилаётганда чакка ва энса соҳаси лўқиллай бошлайди.
- Бош айланиши. Чунки тана мувозанати ва коордиация учун жавоб берувчи тузилмалар фаолияти ҳам сустлашади. Шунингдек, миядан қонни олиб чиқиб кетувчи веналарда турғунлик рўй беради. Бунинг натижасида нафақат бош оғрийди, балки бош айланиши ҳам кузатилади.
- Кўнгил айниши ва баъзида қайт қилиш. Бу белгиларнинг овқатланишга алоқаси бўлмайди ва бош оғриқ зўрайганда пайдо бўлади ёки кучаяди. Бунинг ҳам сабаблари юқорида кўрсатилган омиллар билан боғлиқ. Шунингдек, мия устунида вегетатив марказлар бор. Мия ички босими ошганда ушбу марказлар қўзғалади ва кўнгил айнийди, қайт қилиш кузатилади.
- Диққат тарқоқлиги ва хотира пасайиши, фикрлаш карахтлиги. Бу симптомлар нега пайдо бўлади? Чунки миянинг ички босими ошганда халқ тили билан айтганда “мия димиқади” ва бунинг натижасида миянинг нормал фаолияти сустлашади. Худди кислород кам хонада бош димиққандек ҳолат юзага келади.
- Юрак уришлари тезлашуви ёки сустлашуви. Қон босим “ўйнаб” туриши, кўп терлаш ва ҳоказо. Бу белгилар ҳам мия устунида жойлашган юрак-қон томир фаолиятини бошқарувчи марказлар ишининг сустлашуви билан боғлиқ.
- Кўришнинг пасайиб бориши. Бу белги йиллар ўтиб пайдо бўлади.
Жавоб: Мен ушбу белгиларнинг ҳар бирига изоҳ бериб ўтмоқчи эдим. Турли илмий-оммабоп адабиётларни (айниқса, интернетдан) ўқийвериб, кўпчиликка тиббий иборалар, атама ва касалликлар номи ёд бўлиб кетган. Бу жуда яхши. Яъни ўқувчиларга тушунтириб беришни осонлаштиради.
Келинг, ишни ҳамма қўрқадиган бош оғриғини таҳлил қилишдан бошлаймиз. Бу белгига олиб келувчи касалликлар ҳақида бирмунча хабардорсиз. Агар мен қандай хасталиклар бош оғриғига сабаб бўлади деб сиздан сўрасам, сиз: мигрен, невроз, зўриқиш бош оғриғи, қон босими, уч шохли нерв невралгияси, гайморит, депрессия, бўйин остеохондрози ва шамоллаш касалликлари деб жавоб беришингиз мумкин.
Аммо аслида бош оғриққа олиб келувчи касалликларнинг сони 200 дан ошиқ. Хусусан, бош миянинг аксарият касалликлари бош оғриқ билан намоён бўлади. Керак бўлса, баъзи жигар ва буйрак касалликлари, доимий сигарет чекиш, ичкилик ичиш, компютер олдида тинмай ўтириб ишлаш, турли муаммолар ҳақида хаёл суравериш, оддий уйқусизлик ҳам бош оғриққа олиб келиши аниқ.
Шундай экан, нима учун бош оғриқ симптомини фақат миянинг ички босими ошиши билан боғлаш керак?! Шу ерда мен невроз, депрессия ва зўриқиш билан боғлиқ бош оғриқларини алоҳида кўрсатмоқчи эдим.
Юқорида айтганимдек, барча бош оғриқларнинг бор-йўғи 10-12 фоизи мия ички босими ошиши билан боғлиқ бўлса, қолган бош оғриқларнинг 60-70 фоизи невроз ва депрессия туфайли пайдо бўлган бош оғриқлари.
Зўриқиш бош оғриғи аҳоли орасида шу қадар кўп тарқалганки, ҳатто бу ташхисни “Касалликларнинг халқаро таснифи”га алоҳида касаллик сифатида киритишган. Балки бу касаллик ҳақида кейинроқ маълумот берармиз.
Савол: Мия ичи босими ошишини англатадиган, аслида эса бошқа касаллик белгиси бўлган симптомларни ҳам санаб ўтсангиз.
Жавоб: Булар:
- бош айланиши – камқонликда, қон босим ошганда ёки тушиб кетганда, мияда қон айланиши сустлашганда;
- кўнгил айниш ва қусиш эса кўпроқ ошқозон-ичак касалликларида;
- хотира ва тафаккур бузилишлари – бош мия жароҳатлари, турли этиологияли деменциялар;
- кўриш пасайиши – кўз касалликларида кузатилади ва ҳоказо.
Савол: Мия ичи гипертензияси, яъни мия ички босими ошиши ташхиси қандай қўйилади? Ташхисни хато қўймаслик учун нима қилиш керак?
Жавоб: Биринчи галда касаллик этиологиясини тўғри аниқлаш зарур. Қачонлардир рўй берган бош мия жароҳати ёки болалик пайтида ўтказилган мия пардалари шамоллашлари – ҳозирги пайтдаги бош оғриққа алоқаси бўлмаслиги мумкин. Албатта, субьектив аломатлар (беморнинг шикоятлари) билан обьектив симптомлар (невропатолог текшириб топган симптомлар) бир-бири билан солиштирилади. Улар бир-бирига мос келиши керак.
Бемор “Дод, бошим ёрилиб кетяпти”, дейди. Неврологик текширув пайтида эса “бош ёрилиб кетишига” хос белги топилмайди. Беморнинг шикоятларига муккасидан берилиб кетиш – бу тиббиётдаги хато ташхислар манбасидан биридир. Албатта, шикоятларни ўрганиш керак. Бироқ танқидий нуқтаи назардан. Мен шогирдларимга: “Ҳар бир касалликка хос белгининг хронологиясини ўрганинг” деб уқтираман.
Масалан, 7 йил олдин пайдо бўлган бош оғриғи сабаби нима, бу оғриқ қандай пайтларда кучаяди, камаяди ёки йўқолади, қайси дорилар ёрдам беради? Мисол учун, баъзи китобларда “Миянинг ички босими ошса, пастга энгашганда бош оғриғи зўраяди” деб ёзилган. Тўғри! Бироқ веноз энцефалопатия, зўриқиш бош оғриғи, гайморит, ҳомиладорлик даври ёки артериал қон босими баланд юрадиган одамларда ҳам бошни пастга энгаштирганда мавжуд бош оғриғи кучаяди. Бундай касалликлар сони 50 дан ошиқ.
Керак бўлса, мактабда зўрға ўқиётган инжиқ, асаби тор, артериал қон босими 80/50 мм. симоб устунидан ошмайдиган нимжон йигит-қизларда ҳам бошни пастга энгаштирганда бош оғриғи кучайиши мумкин. Ҳатто улар юраётганда тентираб ҳам кетади. Бу нима? Бу “черепное давление” эмас. Бу – қон томирлар тонусини бошқарадиган вегетатив марказларнинг сустлиги аломати. Агар спорт билан шуғулланса, бу белгилар бир ой ичида ўтиб кетади, ҳеч бўлмаганда эрталаб туриб югуриш, сузишга бориб туриши керак.
Яна бир нарса! Зинадан чиқаётганда ёки юриб бораётганда иккала чаккада лўқилловчи оғриқлар ҳам миянинг ички босими ошиши учун хос. Бироқ худди шу ҳолат вегетатив дистония синдромида, қон босим ошганда, чакка артерияси касаллигида ва ҳатто гайморитда ҳам бўлади. Бундай белгилар билан намоён бўладиган касалликлар анчагина! Шунинг учун ҳам тиббиётда шифокорлар учун аталган олтин қоида бор: “Беморда аниқланган ҳар бир симптомни танқидий баҳола!”. Акс ҳолда, кимдир бошим қаттиқ оғрияпти, деса, дарров “миянинг ички босими ошган” ташхисини қўйиб ташлайверасиз.
Мен барчага тушунарли бўлсин деб турли ўхшатишлар, халқона иборалардан фойдаландим. Тиббиёт – ўта мураккаб фан. Гиппократ: “Барча санъатлар ичида энг буюги – бу тиббиётдир” деб бежиз айтмаган.
Савол: Зўриқиш бош оғриғи нима?
Жавоб: Юқорида мен бош оғриқларнинг асосий сабаби – бу зўриқиш бош оғриғи деб айтдим. Бундай оғриқлар бошқа турдаги бош оғриқлардан 4-5 баробар кўп учрайди. Халқаро таснифдан ўрин олган “Зўриқиш бош оғриғи” Ўзбекистонда қай даражада тарқалганлигини биз билмаймиз. Бу ҳақда аниқ статистик маълумотлар йўқ. Докторларимиз бу ташхисни жуда кам қўйишади. Аҳоли орасида қайсидир касалликнинг тарқалиш даражасини (эпидемиологияси) билиш учун қуйидаги 2 та қоидага амал қилиш керак: биринчиси – ҳар бир докторнинг қўлида касалликнинг асосий симптомлари акс этган “Регистр” бўлиши керак, иккинчиси – ташхисни фақат мутахассис қўйиши керак. Афсуски, бу қоидага амал қилинмаяпти.
Мен зўриқиш бош оғриғи аҳоли орасида кўп тарқалган деб айта оламан. Чунки ҳозир ҳамма боши оғриса, бош оғриқни тўхтатадиган дори ичади. Хўш! Сиз-чи, бошингиз оғриса, цитрамон ичасизми ёки аналгинми? Тўғрисини айтсам, кўпчилик боши оғриганда цитрамон ичади. Уни ичишдан олдин ҳеч ким шифокордан сўрамайди. Цитрамон ичгандан кейин 10 дақиқа ўтгач, оғриқ қолади-да!
Савол: Одам сиқилса, миянинг ички босими ошадими?
Жавоб: Йўқ, ошмайди. Бош оғриғи пайдо бўлиши мумкин, холос. Бунга дарров миянинг ички босими деб қараманг. Эсда тутинг: одам сиқилса, қон босими ошади, миянинг ички босими эмас. Миянинг ички босими – ўта турғун ҳолат. Агар ҳар сиқилганда миянинг ички босими ошаверса, унда биласизми нима бўларди? Тиббиётда “психоэмоционал зўриқиш” деган ибора бор. Оддий қилиб айтганда, олим куни билан илмий иш устида ўтирди, ёзувчи тинмай мақола ёзяпти, ўқитувчи репетирорлик қилди, амалдор оғир мажлис ўтказди. Мана шундай пайтларда психоэмоционал зўриқиш пайдо бўлади ва бош оғрийди.
Савол: Умумлаштириб айтадиган бўлсак, беморларга қандай маслаҳатларингиз бор?
Жавоб:
- Ҳеч қачон ўзингизга ўзингиз ташхис қўйманг. Интернетда ёки бошқа манбаларда “Врачлар учун” деган рукнни ўқиманг ва унга амал қилманг.
- Агар неврологияга алоқаси йўқ доктор: “Миянинг ички босими ошибди” деб ташхис қўйса, албатта, невропатологга мурожаат қилинг. Бу ташхисни фақат невропатолог қўйишга ҳақли.
- Бош мия жароҳатлари ва мия пардалари шамоллашларини ўз вақтида даволатиб туринг. Акс ҳолда кейинчалик миянинг ички босими меъёрдан ошиши мумкин.
- Агар сизни доимий бош оғриқлар безовта қилаётган бўлса, албатта, диспансер кўрикларидан ўтиб туринг.
- Агар сизда доимий бош оғриқлар бўлса, спиртли ичимликлар асло ичманг, ҳатто пиво ҳам. Чунки улар миядаги вена қон томирларида қон туриб қолишига сабабчи бўлади ва мия қоринчаларида ортиқча ликвор ишлаб чиқарилади. Шунинг учун ҳам кўп ароқ ёки пиво ичган одамнинг боши ўша куни ёрилиб кетай деб оғрийди.
- Мева-сабзавотларни кўп истеъмол қилинг. Гиёҳли дамламалар ичиб туринг.
- Сизни сурункали бош оғриқлар безовта қилса, мияни зўриқтириб ишламанг, тоза ҳавода сайр қилинг, спортнинг енгил турлари билан шуғулланинг.
- Соғлом турмуш тарзига амал қилинг. Булар: тоза ҳаво, асабни асраш, тўғри овқатланиш ва жисмоний ҳаракатлар.
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича