Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси Мия қоринчалари ўсмалари

Мия қоринчалари ўсмалари


Мия қоринчалари ўсмасида ИКГ тез ривожланганлиги учун дастлаб миянинг умумий симптомлари пайдо бўлади. Бу симптомлар, асосан, кучли ва зўрайиб борувчи бош оғриқ, церебрал қусиш, бош айланиши, кўришнинг пасайиши билан намоён бўлади.
       Уларнинг ичида узоқ давом этувчи бош оғриқлар асосий ўрин касб этади. Айниқса, бош оғриқларнинг гоҳида хуружсимон бўлиб зўрайиб кетиши ва қайт қилишлар билан намоён бўлиши вентрикуляр ўсмалар учун жуда хос. Шунингдек, кўрув нерви диски димланиши ҳам эрта ривожланади. Кейинчалик умумий интоксикасия ҳисобига руҳий бузилишлар вужудга келади.
       Мия қоринчаларининг бирламчи ва иккиламчи ўсмалари фарқланади. Бирламчи ўсмалар қоринчаларнинг хориоидал чигалларида ёки эпендимал қаватда ўсади, иккиламчи ўсмалар аввал мия паренхимасида пайдо бўлиб, кейинчалик мия қоринчалари ичига ўсиб киради. Булар, асосан, мултиформ глиобластомалардир.
       Бирламчи ўсмалар узоқ вақт клиник симптомларсиз кечади ва жуда катта ҳажмга етади. Ўчоқли неврологик симптомлар бўлмаслиги ёки касаллик фақат бош оғриқ билан намоён бўлиши сабабли вентрикуляр ўсмалар узоқ вақт аниқланмай қолади. Бундай беморлар бош оғриқларни босиш учун, одатда, аналгетиклар ичиб юришади. Баъзи беморлар бош оғриқлар кучайиб қусиш ва кўриш пасайиши қўшилгандан сўнг врачга мурожаат қилишади. Умуман олганда, барча субьектив неврологик симптомлар ичида энг кўп учрайдигани ҳам бош оғриқ, врачга энг кам мурожаат қилувчилар ҳам бош оғриқдан азият чекувчи беморлардир. Чунки сурункали бош оғриқдан азият чекувчи беморлар буни одатий ҳол ёки чарчаш аломати деб врачга мурожат қилишмайди. Шу боис ўсма билан боғлиқ бош оғриқлар сабаби кеч аниқланади. Кўриш фаолияти пасая бошлаган бемор, албатта, окулистга мурожаат қилади. Кўрув нерви диски димланишини аниқлаган окулист беморни невропатолог кўригига юборади.
        Ликвор, асосан, ён қоринчаларнинг хориоидал чигалларида ишлаб чиқарилади. Соғлом одамда бир кунда 400 мл дан ортиқ ликвор ишлаб чиқарилади ва параллел тарзда реабсорбция бўлиб туради. Бу тўқималардан ўсувчи ўсмалар хориоидал чигалларни қўзғайди ва ликвор гиперсекрециясини юзага келтиради. Бунинг натижасида ИКГ тез ривожланади. Агарда ўсма ён қоринчани III қоринча билан боғловчи Монро тешиги ёнида ўсса, окклюзион гидроцефалия тез ривожланади. Ликвор гиперсекрецияси ва унинг қайта сўрилиши бузилганлиги сабабли ён қоринча ўсмаларида гипертензион-гидроцефал синдром тез ривожланади. Мия қоринчалари, айниқса, ён қоринчалар жуда кенгайиб кетади.
       III қоринча ўсмаси. Бу соҳа ўсмасида ҳам гипертензион-гидроцефал синдром, яъни окклюзион гидроцефалия эрта ривожланади. Бунинг асосий сабаби III қоринчанинг тепа-олдинги қисмида жойлашган ўсмада Монро тешиги, пастки-орқа қисмида жойлашган ўсмада Силвий сув йўлига кириш қисмининг бекилиб қолишидир. Бироқ ён қоринча ўсмаларидан фарқли ўлароқ, III қоринча ўсмаларида ўчоқли неврологик симптомлар эрта пайдо бўлади. Шунингдек, III қоринчанинг тубида жойлашган вегетатив марказлар қўзғалиши ёки зарарланиши ҳисобига пароксизмал диэнцефал синдромлар ҳам пайдо бўлади.
      Таламуснинг пастки қисмида жойлашган ўсмада гипоталамус зарарланиши ҳисобига организмда моддалар алмашинуви кескин бузилади. Гипоталамик соҳа зарарланиши барча вегетатив функцияларнинг чуқур бузилишлари билан кечади. Улар диэнцефал эпилептик хуружлар, патологик уйқучанлик, кардиоваскуляр, терморегуляция ва моддалар алмашинуви бузилишлари билан намоён бўлади.

Manba:  ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
              ©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
              © Ibodullayev ensiklopediyasi 
              ©asab.cc



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича