МАТОНАТЛИ ДИЛДОРА


Ҳар гал ўз касаллиги сабабли тушкунликка тушган беморларга далда бермоқчи бўлсам Дилдора исмли матонатли қизни эслайман. Агар унда бу хислатлар бўлмаганида эди иккала оёғи умрбод шол бўлиб қоларди.
       Бу воқеа 1995 йили рўй берган. 18 яшар Дилдора исмли келин оилада юз берган фалокатдан сўнг ўзига-ўзи пичоқ уради. Қориннинг иккита жойига урилган зарбадан бемор кўп қон йўқотиб, жарроҳлик бўлимига тушади. Зудлик билан кўрсатилган ёрдамдан сўнг ёш келиннинг ҳаёти сақлаб қолинади. Бемор тузалиб чиқади, бироқ унинг иккала оёғида оғриқ пайдо бўлиб, бу оғриқ борган сайин кучайиб боради ва иккала оёғи фалаж бўлиб қолади. 
       Беморни невропатологга кўрсатишади. У “Пичоқ орқа миядаги нерв толаларини ҳам шикастлаган” деб хулоса чиқаради ва даволаш чораларини тавсия этади. Беморнинг танасида оғриқ пайдо қилиш учун унинг танасига қўл теккизиш шарт эмас эди, чунки оғриқлар усиз ҳам, айниқса, тунда ўз-ўзидан пайдо бўлар ва бемор оғриқ кучидан чинқириб йиғларди. Бемор баданини ҳатто чойшаб билан ҳам ёпишга қўймасди. Чунки чойшаб бирор жойига тегиб турса, оғриқ кучаярди. У қўрққанидан танасига қўл теккизолмас эди. 
      Бемор танасида тез-тез ва тўсатдан пайдо бўладиган оғриқларни кутиб, иккала қўли билан тўшакнинг чеккасидан маҳкам ушлаб ётарди. Иккала оёғи шол бўлиб қолган қизининг дод-вой солиб қичқиришидан бутун оила аъзолари қаттиқ эзилишарди. 
      Беморни тиббий кўрикдан ўтказиш мобайнида шунга эътибор қаратдимки, агар унга бирор ёрдам керак бўлса, фақат катта акасига мурожаат қиларди, бошқаларни (ота-онасини, укаларини) ёнига йўлатмасди. Бу ҳолатни психоген оғриқларга қиёсий ташхис қўйганда эътиборга олиш зарур. Беморни синаш учун “Нега бундай қиласиз?” деб савол берсам, у: “Акам ҳеч жойимни оғритмасдан ёрдам беради” деб жавоб берган эди. У уйга келган врачларни ҳам ёнига йўлатмасди. 
       Икки кун мобайнида унинг неврологик ва психологик ҳолатини чуқур ўрганиб чиқдим. Бемор суҳбат чоғида ҳар гал: “Мени даволасангиз ҳеч жойимга тегмасдан даволайсизми?”, “Орқа миям ҳақиқатан ҳам жароҳатланмаганми?” деб сўрайверарди. Орадан бир неча ой ўтганига қарамасдан беморнинг оёғи озмаган ва сезги бузилишлари йўқ, пай рефлекслари ҳам сақланган эди. Демак, аввалги ташхис нотўғри қўйилган. Чунки пичоқ орқа мияни зарарлаганда эди, беморнинг оёғи аллақачон қуриб қолган бўлар эди. Эндиги энг асосий вазифа беморда ятропатия белгиларини, яъни аввалги ташхис асоратларини йўқотиш ва орқа мияда ҳеч қандай жароҳатланиш йўқлигига ишонтириш. 
      Бу вазифанинг уддасидан чиққанимдан сўнг бемор даволанишга катта ишонч билан қараб, тавсия қилинган барча муолажаларни ола бошлади. Беморни, асосан, психотерапевтик муолажалар билан даволадим. У бутунлай соғайиб кетди. Чунки орқа мия жароҳатланмаган эди.
       Шунга ўхшаш яна бир воқеа ҳақида сўзлаб берсам. Бу воқеа ҳам ятропатияга яққол мисол бўла олади. Яна бир бор эслатиб ўтаман: “ятропатия” – бу тиббиёт ходимининг нотўғри хулосаси оқибатида аслида йўқ бўлган касаллик аломатларининг пайдо бўлиши дегани. 
       Бу воқеа вилоят шифохоналарининг бирида содир бўлган. Узоқ йиллардан буён асаб касалликлари врачи бўлиб ишлаб келаётган доктор ўзининг умр йўлдошига “Диск чурраси” деб ташхис қўяди. Оғир жисмоний ҳаракат қилган 40 ёшдан ошиб қолган бу аёлнинг белида кучли оғриқ пайдо бўлиб, икки кундан сўнг иккала оёғи ишламай қолади. Шу боис унга диск чурраси деб ташхис қўйилади. Диск чурраси, асосан, операция йўли билан даволанилади деб ўйлаган беморда руҳий эзилиш янада авж олади. У 5 ой мобайнида укол-дорилар билан даволанади. Ниҳоят, беморнинг турмуш ўртоғи уни операция қилишга розилигини олиб, Тошкентга олиб келади. Бемор нейрохирургия клиникасига ётқизилади ва ўша кечаси беморга орқа мия атрофига оғриқсизлантириш учун кучли дорилар билан блокада қилинади (чунки оддий новокаинли блокадалар ёрдам бермасди). 
      Эртаси куни беморнинг орқа мия ва умуртқа поғонаси КТ ёрдамида текширилиб, диск чурраси йўқлиги аниқланади ва унга невропатологга мурожаат қилиш тавсия этилади. Мен беморда ҳар томонлама неврологик ва психологик текширувлар ўтказдим ва унда диск чурраси йўқлигига амин бўлдим. Буни КТ текшируви ҳам тасдиқлаб турарди. Бемор махсус даволаш муолажаларидан сўнг тузалиб кетди. Бу ерда врачларнинг хатоси – беморга неврологик ёрдам билан чегараланиб қолганида. Унга психологик ёрдам ҳам зарур эди.
       Савол туғилади: ятропатиялар узоқ муддат, яъни ойлаб, йиллаб давом этиши мумкинми? Ҳа, албатта, давом этиши мумкин. Даволаш усуллари муваффақиятсиз тугайверса, психоген бузилишлар нафақат узоқ вақт давом этади, балки зўрайиб боради. Психоген синдромлар қанча узоқ давом этса, даволаш ҳам шунча чўзилади дегани эмас. Ташхис тўғри аниқлангандан сўнг беморнинг психологиясига мослаб тузилган даво чоралари шу заҳоти ёки бир-икки кун ичида фойда беради.


Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
                 © asab.cc


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича